1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Рекорд ўрнатган» ҳофизи Қуръонлар

11:05 / 12.09.2020 2422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Йўқ! У (Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир ...» (Анкабут, сураси, 49-оят).

Аллоҳ таоло Қуръонни муҳофаза қилишни Ўз зиммасига олган. Муҳофаза қилиш учун эса олимларнинг кўкси – қалбини танлаган. Ҳа, Аллоҳ таоло Қуръонни олимларнинг қалбида сақлайди. Ахир, инсоннинг қалбидаги нарсани ким ҳам ўзгартира олади?! Инсон қалбидаги илмга ким ҳам зарар етказа олади?! Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръонни энг ишончли жойда сақлаган!

Оятдаги «кўкси» деган сўзга яхшилаб эътибор беринг. Бу сўз араб тилида «صدر» (садр) деб талаффуз этилади. Одатда бу сўз ўзбек тилига «қалб, кўкрак, бағир, юрак ва дил» каби сўзлар билан таржима қилинади. Биологик нуқтаи назардан «садр» сўзини «кўкрак» ва «бағир» деб таржима қилиш тўғрироқ бўлади. Чунки «садр» деганда кўкрак қафаси соҳаси назарда тутилади. Аммо бу сўзнинг маънавий тушунчаси ҳам бор бўлиб, қалб маъносидан бир оз фарқ қилади. Бу ҳам жуда қизиқ мавзу. Келгусида бу нозик тушунчаларга билан ҳам тўхталамиз, инша Аллоҳ. Лекин бугунги гулдастамиз Қуръон ҳофизлари, хусусан, жуда кам учрайдиган ноёб иқтидор эгаси бўлган ҳофизи Қуръонлар ҳақида.

Олимларимиз юқоридаги оятни далил қилиб, Қуръон ёдлаш фазилатли амал бўлиш билан бирга фарзи кифоя эканини таъкидлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ҳеч кимдан ўрганмаганлар. Балки Аллоҳ таоло ҳар бир оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига жойлаган. Қуръон шу тариқа қалбдан қалбга ўтиб, бизгача етиб келган. Қуръоннинг лафзлари ва маънолари олимлар, ҳофизлар ва қориларнинг қалбида сақланади. Қуръонни ёзиш эса қўшимча сақлаш чорасидир.

Шайх Муҳаммад Абдулҳаққ ибн Шоҳ Ҳиндий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ (в. 1333/1914 й.) юқоридаги оятни шундай изоҳлайди: «Оятларнинг маънолари очиқ-ойдин ва ожиз қолдирувчи мўъжизакор бўлиб, ҳофиз олимларнинг қалбларида сақланади. Бу икки жиҳат Қуръонга хос бўлган хусусиятлардандир. Бошқа илоҳий китобларда бундай хусусият йўқ. Яъни, улар ожиз қолдирадиган даражада мўъжизакор эмас, шунингдек, улар ёддан эмас, балки китобларга қараб ўқилади».

Шунинг учун ҳам Қуръони карим асрлар давомида ўзгаришсиз ўз ҳолича сақланиб келмоқда. Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ (в. 1014/1605 й.) мазкур оятни шарҳлаб, шундай деган: «Аллоҳ таоло Қуръон оятларини олимлар қалбида шундай сақлаганки, Қуръонга ҳеч ким ўзгартириш кирита олмайди».

Қуръоннинг мўъжизакор жиҳатлари жуда кўп. Унинг асрлар давомида мўминларнинг кўксида ёд бўлиб келиши мана шундай мўъжизаларнинг бир кўринишидир. Аслида бирор китобни ипидан игнасигача ёд олиш жуда мушкил иш. Қуръоннинг мўъжизакорлигини қарангки, Аллоҳ таоло Уни ёдлашни осон қилиб қўйган. Ҳатто тўрт-беш ёшли бола ҳам Қуръонни тўлиқ ёд олиши мумкин! Нафақат ёд олади, балки ҳаётининг сўнггига қадар Уни кўксида сақлайди!

Мазкур оятдан руҳланган олимлар ва машҳур ҳофизлар Қуръон ёдлашда ва уни келгуси авлодга етказишда барчага ўрнак бўлганлар. Ҳатто шундай қорилар бўлганки, Қуръонни тез фурсатда ёдлаш бўйича «рекорд» ўрнатганлар. Қуйида баъзи «рекордчи» ҳофизи Қуръонлар ҳақида маълумот келтирамиз.

1. Абул Мунзир Ҳишом ибн Муҳаммад Соиб Калбий раҳимаҳуллоҳ Қуръонни уч кунда тўлиқ ёд олган.

2. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳ Қуръонни бир ҳафта – етти кунда тўлиқ ёд олган.

3. Шоҳи Муродобод мадрасаси ва Девбанд олийгоҳида бош мударрис бўлиб ишлаган Ҳазрат Мавлоно Саййид Фахруддин раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримни йигирма беш кунда тўлиқ ёд олган.

4. Ҳиндистондаги машҳур Девбанд олийгоҳининг асосчиларидан бири Ҳазрат Мавлоно Қосим Нонутий раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримни бир ойда тўлиқ ёд олган.

5. Ҳазрат Иззуддин ибн Жамоа раҳимаҳуллоҳ Қуръони азимни бир ойда тўлиқ ёд олган.

6. Мавлавий Руҳуллоҳ Лоҳурий раҳимаҳуллоҳ Маккаи мукаррамага келиб, Рамазон ойида, яъни ўттиз кунда Қуръонни тўлиқ ёд олган.

7. Убайдуллоҳ ибн Яъқуб Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ тўрт ойда Қуръонни тўлиқ ёд олган.

8. Иброҳим ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ шундай ҳикоя қилади: «Халифа Маъмун раҳимаҳуллоҳ ҳузурига тўрт ёшли бола келди. У Қуръонни тўлиқ ёд олган экан».

Мазкур уламоларнинг Қуръон ҳифзида пешқадам бўлганлари таҳсинга лойиқ, албатта. Табиийки, сизни «Бу олимлар нима сабабдан Қуръонни бу даражада тез ёд олганлар? Уларни бу ишга нима ундаган?» ва шу каби бошқа саволлар қийнаётган бўлса керак. Бундай саволларга келгусида жавоб топасиз, деган умиддамиз.

Қуръонни шунчаки ўқиманг, Уни тафаккур қилинг!

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Мавлоно Шаббир Аҳмад Усмоний. Тафсири усмоний (Нашр йили ва жойи кўрсатилмаган). – Б. 1246.

2. Муҳаммад Абдулҳаққ ибн Шоҳ Ҳиндий Ҳанафий. Ал-Иклил ъала Мадорик ат-Танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил. Ж.5. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2012.– Б. 592.

3. Нуруддин Али ибн Султон Мулла Али Қори. Анвор ал-Қуръан ва асрор ал-Фурқон (Тафсир ал-Мулла Али ал-Қори). Ж.4. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2013.– Б. 132.

4. Қаранг: Муфтий Пир Муҳаммад Аслам Нақшбандий Мужаддидий. Қуръони ҳаким пакка карнэ кэ асан тариқэ. (Шаҳар кўрсатилмаган): Мактаба жамиъа ас-солиҳат (нашр йили кўрсатилмаган). – Б. 154-157.

AlQuran.uz телеграм каналидан олинди

Мавзуга оид мақолалар
Мадиналик Милҳоннинг қизи Румайсо хоним оқила, доно, хушхулқ ва гўзал аёл эди. Уни фарзандининг исми билан кунялаб Умму Сулаймrdquo деб чақиришар эди. Расулуллоҳ давоми...

5686 19:45 / 19.03.2019
Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза Қуръони карим у зоти бобаракотнинг зикрларини бутун оламга таратди, давоми...

3779 15:10 / 25.05.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири Аллоҳга қасамки, Исломни қабул қилганингиз динга ёрдам бўлди. Амирлигингиз фатҳларга давоми...

1308 07:28 / 25.10.2019
Бир подшоҳ икки жиноятчига ўлим жазоси тайинлаб, ҳукм ўқилган кундан бир ой ўтиб ижро этилишини белгилабди. Маҳкумларнинг бири қаттиқ тушкунликка тушиб, оҳвоҳ давоми...

7679 12:11 / 28.08.2018