1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғайбий эъжоз ёхуд 20 та ҳақиқат (1-6)

16:12 / 02.09.2020 1898 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларда келажакда бўладиган ишларнинг хабарини берганлар. Ўша ишларнинг кўплари бугунги кунда амалга ошмоқда. Бу эса «Ғайбий эъжоз» деб аталади. Яъни, одамлар келажакда бўладиган ишларга оид ўн тўрт аср олдин айтилган хабарларнинг бугунги кунда амалга ошаётганини кўриб, лол қоладилар ва иймонлари янада зиёда бўлади, мусулмон бўлмаганлар эса иймонга келадилар. Қуйида шундай хабарларнинг 20 таси билан танишиб чиқсак.

1. Амр ибн Тағлиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёматнинг шартларидан бири молнинг кенг тарқалиб кўпайиши ва савдонинг ёйилишидир», – дедилар. (Насоий раҳимаҳуллоҳ, 4456)

Бугунги кунда тижорат дунё иқтисодининг асосий негизига айланди. Тижоратнинг бу тарзда кенг ёйилиши ўн тўрт аср олдин бўлмаган эди. У пайтларда асосан деҳқончилик кенг тарқалганди. Молнинг кўпайгани ҳам барчамизга маълум. Бугунги кунда аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб, қўлидаги моли кўпайиб бормоқда. Охир замонда мол кўпайиб, тижорат кенг ёйилишининг хабарини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ким берган? Албатта, Аллоҳ таолодир!

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бало-офат, ер ютиши каби ишлар содир бўлишига сабаб бўладиган бир неча ишларни зикр қила туриб, уларнинг қаторида мана буларни ҳам айтганлар: «Эркак аёлига итоат қилиб, онасига оқ бўлиб, дўстига яхшилик қилиб, отасига қўполлик, жафо қилса».

Имом Термизий ривояти. 

Бугунги кунда ўғил билан она ўртасидаги кўплаб муаммолар, келишмовчиликларга ўша ўғилнинг хотини сабаб бўлаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бу каби ишлар ўтмишда деярли бўлмасди. Оилавий келишмовчиликларни кўп ўрганган, бу борада тадқиқотлар ўтказган олимлар хотиннинг айтганини қилиб, онага ҳурматсизлик қилиниши оқибатида фарзандларнинг оқ қилиниши кўплаб учрамоқда, дея таъкидламоқдалар. Ҳадисдаги оқ бўлиш шу эмасми?! Улфатлар билан дийдорлашиб, кулишиб ўтиради, отамсига табассумини қизғонади, қўполлик қилади. Хўш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга охири замонда бу каби ишлар юз бериши ҳақида ким хабар берган? Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло!

3. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Токи мол кўпайиб, тўлиб-тошмагунча, киши ўз молининг закотини олиб чиқиб, ундан қабул қилиб оладиган бирор кимсани топа олмай қолмагунча ва араб ерлари боғу анҳорларга айланмагунча қиёмат қоим бўлмас», дедилар».

Иккисини икки шайх ривоят қилганлар

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматга яқин мол кўпайиб, тўлиб-тошишининг хабарини бермоқдалар. Бугун одамларнинг қўлларида мол кўпайган. Баъзи пулдорларнинг моллари миқдори миллиардлар билан ўлчанади. Одамлар пули кўплигидан, исрофдан қўрқмаганидан миллиардлаб сўмларни ишлатиб тўй, турли базмлар ўтказмоқдалар. Буларнинг барчаси қиёмат яқинлигидан дарак. Хўш, биз охиратга тайёргарлик кўряпмизми?

4. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ «Муснад»ида, Ҳоким эса «Мустадрак»ида саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисини нақл қилдилар:

«Қиёмат қоим бўлишидан аввал хос (эътиборли) одамларгагина салом берилади ва тижорат шу даражада ёйилади-ки, хотин эрига тижоратда шерик бўлади».

(Имом Аҳмад (3870, 3982), Ҳоким (7043, 8378)).

Бугунги асримиз аёлларнинг турли соҳаларда, масалан сиёсат, иқтисод соҳаларида ҳам фаолият юритаётганлари билан ўзига хос. Кўплаб давлатларда «Тадбиркор аёллар» уюшмалари бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бу каби нарсалар жуда оз эди. Бугунги кунда эр-хотинлар хориждан мол олиб келиб, дўкону бозорларда савдо қиляптилар. Аёл эри билан бирга савдо ишлари билан банд. Булар қиёматнинг аломатларидан бўлиб, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 1400 йилдан кўпроқ вақт олдин айтганлар.

5. Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу ҳадисини нақл қилди:

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, эркак хотинга йўлда жинсий алоқа қилади. Ўша дамлардаги одамларнинг энг яхшироғи: Кошки шу (иш)ни мана бу деворнинг панасида қилсайдинг!,– дейди».

(Абу Яъло 6183)

Ғарб давлатларида фаҳш, зинонинг ёйилгани ҳеч кимга сир эмас. Одамлар йўл четларида, денгиз соҳилларида фаҳш ишлар билан машғул. Зино, фаҳш, беҳаёлик ошкора қилинадиган бўлиб кетди. Баъзи ғарб давлатларида ҳатто бир жинслилар никоҳи қонуний деб эълон қилинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замон охирлаб, қиёмат яқинлашганда шундай ишлар бўлишини қаердан билиб айтганлар? Албатта, у кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бергандир!

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар омонатлар зое қилинса, қиёматни кутавер!» деганлар.

Имом Бухорий ривоятлари. 

Бугун суд биносига кириб, келиб тушган даъво аризаларига назар солсак, жуда кўплари омонатнинг зое бўлиши билан боғлиқ эканини кўрамиз. Миллионлаб жиноятлар, болани тан олмаслик, алдовлар, хиёнатлар, сохтакорликлар, лафзсизликлар ва ҳоказолар битилган даъво аризалари мавжуд. Бу каби омонатга хиёнат қилишлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. У зот алайҳиссаломнинг омонатлар зое бўлишидан хабар беришлари у кишининг Аллоҳ таолонинг ҳақ Расули эканликларига далиллардан биридир!

(Давоми бор)

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Исломда сиҳатсаломатлик, тани соғлик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг улкан неъматларидан бири ҳисобланади.Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу давоми...

2845 08:44 / 03.01.2019
Айтиб ўтганимиздек, Дажжолнинг қадами барча шаҳар ва қишлоқларга етади. Лекин муқаддас шаҳарлар бўлмиш Макка ва Мадина бундан мустасно.Макка ndash Аллоҳнинг шаҳри, давоми...

5108 21:30 / 10.02.2019
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом Меърожга чиққанларида намоз фарз бўлди. Шундан буён мусулмонлар Каъбаи Муаззамага қараб намоз ўқиб юрган эдилар.Пайғамбаримиз давоми...

4965 19:10 / 06.06.2019
Хонадонимизга бирор меҳмон келадиган ва бу меҳмон биз учун азиз бўлса, унинг келишига алоҳида тайёргарлик кўрамиз, дастурхон тузаймиз, ўзгача ҳозирланиб, унинг давоми...

1324 11:00 / 23.05.2020