1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Бир ҳадисдаги бир неча илмий мўъжизалар

18:32 / 24.08.2020 4074 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуғ бир ҳадиси шариф бор, бирорта одам ўша ҳадис ўз ичида илмий мўъжизалардан баъзисини сақлаб келаётганини билмаса ҳам керак. Бир илмий тадқиқотга кўзим тушди. Унда қуйида зикр қилинадиган ҳадис шарҳ қилиб берилган. Фақат МРТ тили билан.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан, деб ёзилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда ёлғонни такрор гапиравериш охири ёлғондан ҳам каттароқ гуноҳ – фужурга олиб бориши таъкидланмоқда. Инсон бошида онда-сонда ёлғон гапиради. Бу иш бориб-бориб одатга айланади. Вақт ўтиши билан ушбу одати уни фужурга етаклайди. Бунда у бошқаларга озор бериш, азият етказишга ўта бошлайди. Олимларнинг сўнгги йилларда кашф қилган ҳақиқатлари ҳам мана шу.

2016 йилда Nature Neuroscience (Нейробиологик илмий журнал)нинг 19-сонида ноёб тадқиқот эълон қилинди. Унда олимлар ёлғон гапирувчи кимсанинг миясини МРТ орқали тасвирга олдилар ва мия ўша шахснинг ёлғон гапларига дарҳол жавоб қайтаришини ва бу ҳол охири мия унинг жиноий истакларига мойил бўладиган бўлиб қолишини аниқладилар.

Олимлар ўтказган ушбу тадқиқотда ёлғон гапирувчи кимсанинг мияси тасвирга олинди. Аввалбошда мия ёлғон гапга дарҳол реакция билдирар, инсон ёлғон гапни кўп гапираверса, миянинг дарҳол реакция билдириши пасайиб борар, охири мия ёлғон гапга реакция билдирмай қўяр, аксинча, каззоб кимсанинг жиноятларига мойил бўлиб қолар экан. Демак, бошида онда-сонда ёлғон гапирган кимса ёлғон гапларни кўпайтиргани сабабли охирида одамларга озор берадиган фожирга айланиб қолар экан.

Илмий тажриба натижалари такрорий ёлғонлар кишини одамларга азият берадиган кимсага айлантиришини аниқ кўрсатиб турибди. Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фужур дея таъбир қилган ҳолатнинг кўринишидир. Ёлғон гапирувчи кимса сизга сўзи билан озор беради, алдайди. Лекин фожир барча хатти-ҳаракатлари билан сизга озор беради.

Ушба тасвир МРТда олинган. Унда мия ёлғонга нисбатан қандай реакция билдириши ва инсон кўп ёлғон гапираверса, ушбу реакция ҳам пасайиб бориши тасвирланган. Ҳатто мия улкан жиноятларга мослашиб қолиши кўрсатилган. Инсон қанча кўп ёлғон гапираверса, мияси ёлғонга реакцияни шунча тез пасайтириб, жиноятга мослашиб қолади. Миядаги баъзи ҳудудлар бориб-бориб гуноҳни ҳис қилмай қолар экан.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

كَلَّا لَئِن لَّمْ يَنتَهِ لَنَسْفَعاً بِالنَّاصِيَةِ نَاصِيَةٍ كَاذِبَةٍ خَاطِئَةٍ

«Йўқ! Агар қайтмаса, пешонасидан шиддатла тутамиз. Ёлғончи, хатокор пешонасидан» (Алақ сураси, 15-16 оятлар).

Ушбу оятда пешона «ёлғончи», «хатокор» дея сифатланмоқда.

Олимлар шунингдек, миянинг олд пешона қисмини ҳам ўргандилар. Ушбу қисм ёлғон, хато, алдов ва адаштириш каби жиноятларни бошқарадиган ҳудудлиги аниқланган. Мана шу ҳудуд ёлғон кўп гапирилгандан, унга одатланилгандан сўнг умуман реакция билдирмай қўяр экан. Бу эса каззоб кимса бошқаларни алдаш, адаштиришни одат қилиб қолишига олиб келар экан. Чунки миянинг жиноятларни бошқарувчи қисми гуноҳга нисбатан сезгирлигини йўқотади. Бунинг оқибатида фужур, турли жиноятлар мия томонидан одатий иш деб қабул қилинадиган бўлиб қолади. Жиноятларни, гуноҳларни тўхтовсиз қилган кимса, охири ҳалокатга юз тутади.

Бу эса махсус қурилмаларда ўтказилган текширишлар орқали бугунги кунда аниқланган илмий ҳақиқатни, яъни миянинг олд қисми ёлғон, хато ва бошқа жиноятларни бошқарувчи ҳудуд эканини Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср олдин айтиб қўйганини кўрсатади.

Тадқиқот яна шуни аниқладики, ёлғончилик натижасида кишидаги раҳм-шафқат туйғуси ҳам озайиб кетар экан. Киши гуноҳга одатлангач, мия ўз реакциясини йўқотгач, инсон жиноят қилаётгани, бошқаларга азият бераётганини сезмайдиган, ҳис қилмайдиган бўлиб борар экан. Фужур босқичига етган ёлғончи одамларнинг қалбларига озор бериб, уларни ранжитаётганига парво қилмас экан. Ундай кимса зулмга, бошқаларни камситиш, хўрлашга, танага жароҳат етказишга журъат қиладиган бўлиб қолар экан.

Буни қарангки, тадқиқот хулосасидан сўнг олимлар кишиларга ёлғон гапирмасликни, одамларни алдаб, адаштирмасликни, онда-сонда гапирилган ёлғон охири катта ёлғонларга ва улкан жиноятларга олиб боришини таъкидлаб, инсонларни ростгўй бўлишга, доимо рост гапиришга тарғиб қилмоқдалар. Чунки ростгўй кишининг мияси хато, бераҳмлик, жиноятга нисбатан ўта сезгир ва тез реакция билдиради, бу эса жамиятда жиноятларнинг камайишига хизмат қилади.  

Субҳаналлоҳ! Ахир бу айтилганлар бундан ўн тўрт аср олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига баён қилган ҳақиқатлар эмасми?! Энди юқоридаги ҳадиснинг тўлиқ матни билан танишайлик:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан, деб ёзилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ҳадисни ўқидик, хўш нима дейиш мумкин? Нима дердик, албатта, Пайғамбаримизга саловот ва салом айтамиз!

Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳақ Расулидирлар. Аллоҳ таоло у зотга кўплаб саловот ва саломлар юборсин!

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани Ўзига маълум ҳикматга кўра яратган. У Зотнинг яратган махлуқлари турфа хилдир. Ана шулардан бири хўроз. Хўрозларнинг ранги, шакли, давоми...

3656 13:30 / 25.05.2021
SMSS J215728.21360215.1 Жанубий Балиқ юлдуз туркумидаги z4,75 қизил силжишли ажойиб ёрқин квазар. Ушбу осмон жисми қуёшдан 12 миллиард ёруғлик йили узоқликдаги масофада давоми...

5489 16:00 / 08.05.2023
Инсон жисмидаги мўъжизавий аъзолардан бири юрак бўлиб, у ишламаса ва фаолиятдан тўхтаса, инсон ҳалок бўлади. Инсоннинг юраги бир кунда 100 000 бора уради. Бир йилда давоми...

2265 09:00 / 06.01.2023
Ғарб олимлари инсон ухлаётган вақтда танасидан ўлик ҳужайралар кўрпага тушишини, улар вақтида тозаланмаса, кўпайиб, ётган инсоннинг жисмига қайта ёпишиб, давоми...

5250 15:03 / 01.12.2018
Аудиолар

131685 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52152 14:35 / 11.08.2021