1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Фаҳш гапни эшитиб уни тарқатиш ҳақида

05:00 / 03.03.2017 7431 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:

«Фаҳш гапни айтган одам ҳам, уни бошқа ёққа тарқатувчи одам ҳам бир хил гуноҳкор бўлади». 

Шарҳ: Бир одам йўқ жойдаги бир фаҳш гапни айтиб, чиқариб қандай гуноҳкор бўлса, бу гапни тарқатган, мўмин-мусулмонларнинг орасида шу гапнинг тарқалишига сабаб бўлган одам ҳам худди шундай гуноҳкор бўлар экан. 

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло «Нур» сурасида марҳамат қилиб, мўминларнинг ичида фаҳш гап тарқашини истамаслигини очиқ-ойдин айтган: 

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар».

Кишилар орасида фоҳиша, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб олса бўлади. Бу иш оятда фоҳишани ёйиш билан баробар қўйилмоқда. Ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда. 

Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан. Фоҳиша гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, сабабчи бўлиш, ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ экани турган гап. 

Ислом фоҳиша ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор. Ўша гуноҳкор жазога тортилар экан, демак зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. 

Зино ва жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади. 

Агар ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, бориб керакли жойда гапириб, гувоҳ келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизматларини адо этсин, шунда мусулмонлар жамиятини поклашда ҳиссасини қўшган бўлади. 

Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўйламасин, бемаза ишларни қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.

«Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар».

Шунинг учун гапни чўзмай, Аллоҳнинг айтганини дарҳол бажо келтиринг.

Фоҳиша ва бешарм гапларни ташиб юрувчилар Аллоҳ таолонинг ушбу иродасига қарши иш қилган бўладилар ва гуноҳкори азим бўладилар. 


Шубайл ибн Авф дейди: 

«Баъзан шундай дейиларди: 

«Кимки бир фаҳш гапни эшитиб, уни тарқатса, худди ўша ишни қилган одамдек гуноҳкор бўлади». 

Шарҳ: Бу ривоят ҳам аввалги ҳадисни таъкидлаш учун келтирилган.


 Ато розияллоҳу анҳу: 

«Зино ҳақида гап тарқатганларни қаттиқ калтаклаш керак» дерди. «У фоҳишани тарқатди», дерди». 

Шарҳ: Чунки у одамлар орасида фаҳшни, фаҳш гапларни тарқатяпти. Шунинг учун бундай воқеаларнинг кўрган, билган ҳолатда ҳам айтиш мумкин эмас. 

«Фалончининг зино қилаётганини кўрдим», деган одам шариат қоидаси бўйича кўрган нарсасини тўртта гувоҳ билан тасдиқлаб бериши керак, акс ҳолда уни ётқизиб, орқасига саксон дарра урилади. 

Шундай қилинмаса, бундай гап-сўзлар кўпайиб, тўртта одам тўпланган жойда «Фалон жойда зино бўлибди, ундай-бундай бўлибди» деган гап кўтариладиган бўлиб қолади, бу нарса суҳбатлар, фикр алмашишларнинг асосий мазмунига айланиб қолади. 

Аслида фаҳшни кўрган одам бу ҳақда махсус идорага бориб хабар бериши керак. Сўнг ҳукумат ўз чораларини кўриши, айбдорлани жазолаши ва бундай ҳодисаларнинг олдини олиши керак бўлади. 

Бироқ одамлар тўпланган жойларда, ўзаро суҳбатларда ана шундай миш-мишларни тарқатиш жамиятга ниҳоятда катта зарар етказади, шарм-ҳаёсизликни тарқатади, одамларнинг обрўсини тўкади, иффат, номус, шараф деган тушунчаларнинг йўқолишига сабаб бўлади. 

Чунки бундай гаплар тарқалаверса, бу каби ҳодисаларга бефарқлик вужудга келиб қолади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланиб қолади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлиб қолади. Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун шариатимизда бундай ишларнинг йўли кесилган, ҳеч қандай ижозат берилмаган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
408. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирбирингизни ёмон кўрманг Бирбирингизга ҳасад қилманг Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар давоми...

5206 17:57 / 05.04.2017
Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган .садоқат,, .содиқлик,, .ростгўйлик, каби сўзлардан кўзланган маъно арабчада .сидқ, шаклида бўлади ва сўзда бўлсин, давоми...

2945 05:00 / 02.03.2017
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

4871 05:00 / 03.03.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар,.Бухорий ва Термизий ривоят қилишган ва Термизийнинг давоми...

6289 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

135337 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55590 14:35 / 11.08.2021