1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Ойнинг бўлиниши ҳақида

15:05 / 04.07.2020 10117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир кўрсатувда забардаст мусулмон олимлардан, асли геолог бўлган Зағлул Нажжор билан суҳбат бўлаётган эди. Бошловчи олимга “Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Соат яқинлашди ва ой бўлинди” деб марҳамат қилган. Ушбу оятда ҳам илмий эъжоз борми?” деб сўрайди. Шунда олим “Бу оят билан боғлиқ бошимдан ўтган бир қисса бор. Бир қанча муддат Британия ғарбидаги Кардиф университетида лекция ўқирдим. Лекцияга келадиганлар аралаш эди: мусулмонлар ҳам, мусулмон бўлмаганлар ҳам бор эди. “Қуръони Каримдаги илмий эъжоз” мавзусида жонли суҳбат бўлаётганди. Суҳбат асносида бир мусулмон йигит ўрнидан туриб, “Жаноб, Аллоҳ таборака ва таолонинг “Соат яқинлашди ва ой бўлинди” деган оятида илмий эъжоздан бирор нарса кўрганмисиз?” деб сўраб қолди. Мен “Йўқ, чунки илмий эъжоз илм билан тафсир қилинади, шарҳланади, тушунтирилади. Мўъжизаларга келсак, уларни илм тафсир қилиб, тушунтириб беролмайди. Чунки мўъжиза одатдан ташқари иш бўлади. Борлиқ, табиат қонунлари уларни шарҳлаб беролмайди. Ойнинг бўлиниши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бўлиб, у зоти бобаракотнинг Набий ва Расулликларига гувоҳлик беради… Биз Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари орқали баён қилинган барча мўъжизаларга иймон келтирганмиз. Чунки Аллоҳ таоло барча нарсага, жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжизалар ато қилишга қодир Зотдир” деб жавоб бердим”.

Кейин Зағлул Нажжор ўша лекцияда ҳадис китобларида келган ой бўлиниши қиссасини баён қилишга ўтиб, шундай дейди “Суннат китобларида ривоят қилинишича, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Маккадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишларидан беш йил олдин Қурайш қабиласидан бир гуруҳ кишилар келиб, “Эй Муҳаммад, агар ҳақиқатан ҳам набий ва расул бўлсанг, бизга сенинг набий ва расуллигингни тасдиқлайдиган мўъжиза кўрсат” дейишади. У зоти бобаракот улардан “Нима истайсизлар?” деб сўраганларида, улар “Ойни бўлиб мўъжиза кўрсат” дейишади. Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муддат Роббиларига дуо қилиб, ушбу вазиятда ёрдам беришини сўрайдилар. Аллоҳ таоло у кишига бармоқлари билан ойга ишора қилишни буюради. Ишора қилишлари биланоқ ой иккига бўлиниб, бир неча соат бир-биридан узоқлашиб, кейин яна бирлашади. Шунда кофирлар “Муҳаммад бизни сеҳрлади” дейишади. Ораларидаги баъзилар “Сеҳр баъзан шу жойда ҳозир бўлганларга таъсир қилиши мумкин, лекин барча одамларга таъсир ўтказа олмайди. Сизлар карвоннинг сафардан келишини кутиб туринглар” дейишди. Кофирлар Макканинг чиқиш жойига бориб, сафардан келувчиларни кутиб туришди. Илк карвон кириб келганда, кофирлар улардан “Ой билан боғлиқ ғаройиб ҳодисани кўрдингларми?” деб сўрашди. Карвондагилар “Ҳа, фалон кечада ойнинг иккига бўлиниб, бир-биридан узоқлашиб, сўнгра яна бирлашганини кўрдик” дейишди. Шу воқеадан кейин иймон келтирганлар иймон келтирди, куфр келтирганлар куфр келтирди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган:

“Соат яқинлашди ва ой бўлинди. Агар бир оят(мўъжиза)ни кўрсалар, юз ўгирарлар ва: «Бу ўткинчи сеҳр», – дерлар. Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Ҳолбуки, ҳар бир иш ўз ўрнини топувчидир” (Қамар сураси, 1-3-оятлар).

Сўзимни тугатганимдан кейин британиялик мусулмон йигит ўрнидан туриб, “Мен Довуд Мусо Пидкок, Британия Ислом партиясининг етакчисиман” деб ўзини таништирди. Кейин “Жаноб, қўшимча қилишимга рухсат берасизми?” деди. “Марҳамат” дедим. У “Мен мусулмон бўлишимдан олдин кўп динларни ўргандим. Мусулмон талабалардан бири менга Қуръони Карим маъноларининг (инглизча) таржимасини берди. Унга ташаккур айтиб, китобни уйга олиб кетдим. Уйга келиб, маънолар таржимасини очганимда, кўзим тушган илк сура “Қамар” бўлди. “Соат яқинлашди ва ой бўлинди” оятини ўқидим. “Ушбу гап ақлга тўғри келадими? Ой бўлиниши, сўнгра бирлашиши мумкинми? Қайси куч бу ишни қила олади?” дедим. Ушбу оят менинг қироатни давом эттиришга бўлган иштиёқимни озайтириб қўйди. Китобни бир четга қўйиб, ишларим билан машғул бўлдим. Лекин Аллоҳ ҳақиқатни излашга бўлган ихлосимни билиб турарди. У Зот мени телевизор қаршисига ўтқизиб қўйди. Унда бошловчи билан уч нафар америкалик астрономлар ўртасида суҳбат борарди. Бошловчи астрономларни ерда очлик, фақирлик, касаллик, қолоқлик каби муаммолар турганда фазовий парвозлар учун кўп пул сарфлашда айблаб, “Агар шу пуллар ер юзини обод қилишга ишлатилганда муносиброқ ва фойдалироқ бўларди” деди. Уч нафар олим фазо соҳасидаги технологиялар ҳаётда турли соҳаларда, масалан тиббиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида татбиқ этилаётганини, фазога сарфланаётган пуллар бекор кетмаётгани, парвозлар орқали янада ривожланган технологиялар ишлаб чиқаришга ўтилаётганини айтиб, ўзларининг қарашларини ҳимоя қилишди. Ушбу суҳбат асносида ойга парвозлар ҳам эслаб ўтилди ва ушбу парвозлар энг кўп пул сарфланган парвозлар экани зикр қилинди. Олимлар Америка ушбу миссия учун юз миллиард долларлаб пул ишлатганини айтишганда, бошловчи “Бу қандай аҳмоқлик. Наҳотки, Америка ойга ўз байроғини ўрнатиш учунгина юз миллиард доллар ишлатиб юборган бўлса?!” деб ҳайрон бўлди. Шунда олимлар “Йўқ, ойга парвоздан мақсад фақат Америка байроғини ўрнатиш эмас. Биз у ерда ойнинг ички тузилишин ўргандик ва бир ҳақиқатга дуч келдик. Агар бу ҳақиқатга одамларни ишонтириш учун бундан ҳам кўп пул сарф қилганимизда ҳам ҳеч ким бизга ишонмаган бўларди” дейишди. Бошловчи қизиқиб “Нима экан ўша ҳақиқат?” деб сўради. Олимлар “Бу ой қачонлардир бўлиниб, яна бирлашган” дедилар. Бошловчи дарҳол “Буни қаердан билдингиз?” деб сўради. Улар “Биз ойда сиртидан тубига қараб, тубидан сиртига қараб чўзилиб кетган тоғ жинсларини топдик. Ершунос олимлар ва геологлар билан бу ҳақида маслаҳатлашганимизда улар “Бундай ҳолат фақат ой бўлиниб, сўнгра яна бирлашгандагина юз беради. Чунки ушбу метаморфик тоғ жиснлари ой қайта бирлашаётган пайтдаги тўқнашув натижасида ҳосил бўлади” дейишди”.

Бу кўрсатувни кўриб, ўрнимдан сакраб турдим ва “Бундан бир минг тўрт юз йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан содир бўлган биргина мўъжизани мусулмонларга исботлаш учун Аллоҳ таоло Американи юз миллиард доллардан кўпроқ пул сарфлайдиган қилиб қўйди. Ҳақ дин шудир!” дедим ва Қуръон маънолари таржимасини қайта қўлимга олиб, Қамар сурасини тиловат қила бошладим. Ушбу сура Исломни қабул қилишимга сабаб бўлди”.

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Инсон ўзининг нимадан яратилганига қарасин, Ториқ сураси, 5оят.Канадада чоп қилинадиган .Тhе Gazette, ва .Тhе Globe and давоми...

5219 18:00 / 05.07.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .У Зот сизларга дин этиб, Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган ҳамда Иброҳим, давоми...

3156 12:37 / 05.02.2022
Ислом соғликнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр килиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. давоми...

3207 15:02 / 29.06.2020
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган Аллоҳ кимни ҳидоят қилмоқни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга давоми...

3438 12:10 / 22.05.2019
Аудиолар

131521 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52004 14:35 / 11.08.2021