1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қиёматнинг аломатлари нималар?

17:30 / 02.07.2020 4400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СаволҲаммамиз қиёматнинг ҳақлигига иймон келтирганмиз. Аммо қиёматдаги ва ундан кейинги нималарга иймон келтирилиши ҳақида кўп нарса билмаймиз. Қиёматнинг содир бўлиши, ундан кейинги маҳшар, ҳисоб-китоб, сирот ва бошқа ишлар ҳақида маълумот берсанглар, хурсанд бўлардик.

Ҳурмат билан Айюбхон

Андижон вилояти

 

«Қиёмат» сўзи луғатда «тик туриш, қўпиш» маъноларини англатади. Истилоҳда эса ҳамма ўликлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан тирилиб, ўрнидан қўпадиган, тик турадиган кун «қиёмат» дейилади. Аллоҳ таоло иродаси билан бутун борлиқдаги ҳаёт тугайдиган, бу дунёнинг ажали етадиган, ҳамма нарса остин-устун бўладиган бу кун «охират куни» ҳам дейилади. Тирилтирилганларнинг амал дафтарларини берилиб, бу дунёдаги ишларининг ҳисобини қилиш учун ҳаммалари бир жойда – Маҳшарда (ҳашр майдонида) тўпланишидан «ҳашр куни», «маҳшар куни», «ҳисоб куни» ҳам дейилади.

Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқса, Аллоҳнинг иродаси билан қиёмат қўпади, яъни қоим бўлади. Исрофил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри ила биринчи марта сурни пуфлаганда ҳамма қулаб тушиб, ўлади, иккинчи бор сурни пуфлаганида барча махлуқот қайта жонланиб (тирилтириш ҳақ), қандай ҳолда ўлганидан қатъи назар тик туриб, бундан кейин нима бўлишини интизор бўлиб кутади. Қиёмат қоим бўлганида рўй берадиган қаттиқ ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлни бошдан учиради, инсон хаёлини паришон қилади, ҳатто аёллар эмизикли болаларини унутиб юборади, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлайди ва бошқа қўрқинчли ҳолатлар юзага чиқади (Қаранг: Ҳаж сураси, 1-2-оятлар).

Қиёмат куни даҳшати кучлигидан ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир киши фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю эр-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма бир-биридан қочади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми – назарига олмайди. Ҳамма маҳшар майдонида тўпланганида, бандаларга номаи аъмоллари – бу дунёда қилган ишларини фаришталар ёзиб юрган китоб берилади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам катта-кичикка ажратилмай, ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда барча қилмишларга жавоб бериш керак. Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Адолат тарозиси ўрнатилганида «тарозидан уриш», таниш-билиш, пора беришлар йўқ! Ҳар бир инсоннинг қилган ишлари адолат тарозисига солиб, тортилади. Яхшилик қилган одамнинг палласи оғир келиши, яхшиликларининг мукофотини олиши, жойи жаннатда бўлиши ваъда қилинган. Кимнинг палласи енгил келса, ёмонлигининг жазосини тўлиқ жаҳаннамда олиши ҳам ваъда этилган.

Зикр қилинган нарсалардан ташқари, мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига «сирот» деб аталган кўприк қурилган бўлишига, ундан барча одамларни ўтишга буюрилишига, кимдир ундан ўтиб нажот топишига, кимдир ўта олмай жаҳаннамга қулашига жазм ила иймон келтириши лозим. Оиша розияллоҳу анҳо дўзахни эслаб йиғлаганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега йиғлаяпсан?» деб сўрадилар. «Дўзахни эслаб йиғладим. Қиёмат куни аҳли-аёлларингизни эслайсизми, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар Оиша онамиз. «Уч жойда биров бировни эсламайди: тарози олдида, то тарози енгил келадими, оғир келадими, билгунича; Китоб (номаи аъмол берилиши) вақтида, то китоби ўнгдан тушадими ёки чапданми ёхуд олдинданми, билгунича; Сирот жаҳаннамнинг икки қирғоғига қўйилганида», дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Маҳшарда ҳамма тўпланганида бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, тоат-ибодат, тақводорлик билан ўтган кишининг амал дафтари ўнг томондан берилади, ҳисоби осонгина қилиниб, жаннат аҳли ҳузурига хурсанд бўлиб қайтади. Бу дунёдаги ёмонларнинг амал дафтари чапдан (ё ортдан) берилса, бадбахтликдир, дўзахийлик аломатидир. Абу Бакр Воситий бундай деган: «Давлат учта бўлади: ҳаётдаги давлат, ўлим пайтидаги давлат ва қиёматдаги давлат. Ҳаётдаги давлат – Аллоҳнинг тоат-ибодатини қилиб яшашдир, ўлим пайтидагиси эса «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан жони чиқишидир, ҳақиқий давлат эса қиёмат куни жаннат хушхабари берилишидир».

Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Келишига шубҳа бўлмаган кун – қиёмат куни Аллоҳ одамларни жамлаганда нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалига бирортани шерик қилган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин! Албатта, Аллоҳ шерикларнинг ширкидан беҳожатидир!» деб нидо қилади» (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касодга учраган (муфлис) кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнинг орамизда касодга учраган – дирҳами ҳам, мол-мулки ҳам йўқ одам», дейишди. «Менинг умматимдан касодга учрагани Қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган-у, аммо уни сўккан, буни зинода айблаган, унинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир. Бунисига унинг савобларидан берилади, унисига ҳам унинг савобларидан берилади. Агар зиммасидаги нарса тамом бўлмай туриб унинг савоблари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунинг устига юкланади. Сўнгра у дўзахга солинади», дедилар» (Муслим ривояти).

 

Ақийда китоблари асосида тайёрланди.

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга тасалли бўлсин деб, уларни иймонда собит турсин деб, уларга ҳамдард бўлиш учун ўтган қавмлардан кўп ҳикоялар айтиб давоми...

3342 09:50 / 17.11.2021
Кийимни кийишда .бисмиллаҳ, айтилади ва қуйидаги дуо ўқилади. y . ,. .Саҳл ибн Муъоз ибн Анасдан, у киши ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2086 19:30 / 27.05.2020
Жаъфар ибн Сулаймон Зубъийдан ривоят қилинади .Абу Тайёҳ Зубъий бетоб бўлган пайтда уни кўргани кирдик. У бизга қараб .Аллоҳга қасамки, бугунги кунда мусулмон киши давоми...

1580 08:43 / 10.04.2020
Ғассон айтади .Басралик дўстларимиз шундай дейишди .Бир киши Юнус ибн Убайднинг олдига келиб, ҳоли танглиги, турмуши ғамташвишли эканидан шикоят қилди. Юнус .Шу давоми...

1298 08:00 / 18.02.2021
Аудиолар

135105 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55379 14:35 / 11.08.2021