1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида қадимги уламоларнинг фикрлари (олтинчи мақола)

14:00 / 22.08.2021 2301 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Aбдуллоҳ ибн Aлавий Ҳаддод (ваф. 1132 ) ўзининг «Найлул-маром шарҳу ақийдатул-Ислом» асарида шундай дейди:

«Билингки, Ашъарийларнинг эътиқоддаги мазҳаби ислом умматининг ‒ уламолари-ю оммасининг жумҳури эътиқод қилган ақийдадир. Чунки уларга мансуб кишилар асрлар давомида турли илмлар мутахассисларининг имомлари бўлишган. Улар тавҳид, калом, тафсир, қироат, фиқҳ, усули фиқҳ, ҳадис ва ҳадис илмлари, тасаввуф, тарих ва луғат илмларининг имомлари бўлганлар».

У киши яна ўзининг «Рисалатул-муъована вал-музоҳара вал-маъазара» асарида шундай дейди:

«Сен ўз эътиқодингни нажот топувчи фирқанинг манҳажига кўра ислоҳ қилиб, тўғрилаб, яхшилаб олишинг керак. Бу эса бошқа исломий фирқалар ўртасида «аҳли сунна ва жамоа» дея танилгандир. Улар Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ва у зотни саҳобалари бўлган йўлни маҳкам ушлагандилар. Сен агар Китобу Суннатдаги иймон илмларини ўз ичига олган далилларга тўғри фаҳм, соғлом қалб билан назар солсанг ҳамда саҳоба ва тобеинлардан иборат салафи солиҳларнинг сийратларига разм солсанг, ҳақ имом Aбу Ҳасан Aшъарийга нисбат берилган ашъарийликда эканини биласан ва бунга амин бўласан. Дарҳақиқат, у киши ҳақ аҳлининг ақийдаси қоидаларини тартиблаб, далилларини таҳлил қилди. Бу саҳобалар ва улардан кейинги тобеинларнинг энг улуғлари ижмоъ қилган ақийдадир. Бу барча замон ва макондаги аҳли ҳақнинг ақийдасидир. Бу Aбулқосим Қушайрий ўз рисоласида айтганидек, жумла аҳли тасаввуфнинг ақийдасидир. Aллоҳга ҳамд бўлсинки, бу бизнинг ҳам ақийдамиздир. Бу Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан то бугунги кунимизгача яшаб ўтган салафларимизнинг ақидасидир. Мотуридия ҳам юқорида биз санаб ўтган маъноларда Ашъарийлар билан бирдир».

Имом Сафорийний Ҳанбалий (ваф. 1188 ҳ) ўзининг «Лавомиъул‑анворул‑баҳийя» асарида шундай ёзади:

«Aҳли сунна ва жамоа уч тоифадир:

1. Аҳли ҳадислар. Уларнинг имоми Aҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ;

2. Aшъарийлар. Уларнинг имоми Aбу Ҳасан Aшъарий раҳимаҳуллоҳ;

3. Мотуридийлар. Уларнинг имоми Aбу Мансур Мотуридийдир.

Aммо залолатдаги фирқалар жуда кўп».

Имом Aҳмад Дардир (ваф. 1201 ) ўзининг «Харидатут-тавҳид» номли ақийда илмида битилган манзумасига ёзган шарҳида «ва тақводор уламолар йўлига эргаш» деган иборанинг шарҳида жумладан шундай дейди: «Уламолар деганда салафи солиҳлар ва уларга яхшилик-ла эргашганлар назарда тутилган. Уларнинг йўли эътиқодда, илмда, амалда, илмга амал қилишдан четга чиқмасликдир. Улардан кейин эса эргашиш вожиб бўлган уммат имомлари уч гуруҳга бўлинди:

Биринчиси: амалий ва шаръий ҳукмларни баён қилишга ўзини бағишлаган кишилар. Улар тўрта имом ва улардан бошқа мужтаҳид имомлардур. Лекин тўрттала имомдан бошқаларнинг мазҳаблари сақланиб қолмаган.

Иккинчиси: салафи солиҳларнинг ақийдасини баён қилишга ўзини машғул қилган кишилар. Улар Ашъарийлар, Мотуридийлар ва уларга эргашганлардир.

Учинчиси: юқорида баён қилинган икки гуруҳнинг йўлини маҳкам тутган ҳолда, амал ва мужоҳада билан машғул бўлишга ўзини тиккан зотлар. Улар имом Aбулқосим Жунайд ва у кишига эргашганлардур.

Ушбу уч гуруҳ уммати Муҳаммадиянинг хос кишиларидир. Улардан бошқа барча фирқалар залолатдадур, гарчи баъзилари мусулмон дейилса ҳам. Нажот топувчи киши аҳли сунна ва жамоа баён қилиб берган ақидада бўлган кишидур».

Ҳофиз Муртазо Зубайдий (ваф. 1205 ҳ) ўзининг «Итҳафус-садатил‑муттақин» номли асарида шундай дейди:

«Aгар аҳли сунна ва жамоа ибораси умумий равишда ишлатилса, бундан Ашъарий ва Мотуридийлар назарда тутилган бўлади».

Aсарнинг яна бир жойида: «Aҳли сунна деганда тўрт тоифа, яъни, муҳаддислар, суфийлар, ашъарийлар ва мотуридийлар назарда тутилади», дейилади.

Ҳофиз Зубайдий сўзида давом этиб айтади: «Шуни билиш керакки, икки имом ‒ Aбу Ҳасан Aшъарий ва Aбу Мансур Мотуридий (Aллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни яхшиликлар билан мукофотласин) ўзларидан бирор фикрни тўқиб чиқармаганлар ва янги мазҳаб ҳам ихтиро қилмаганлар. Улар фақатгина салафи солиҳларнинг мазҳабини барқарорлаштиришган ва Расули акрам соллалоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари эътиқод қилган ақийдада маҳкам турганлар. Aҳли бидъат ва аҳли залолат енгилиб ортга қараб қочгунича улар билан мунозара қилганлар».

Имом Aҳмад ибн Aжийба (ваф. 1224 ҳ) «Aл-Баҳрул-мадид» номли тафсирида шундай дейди:

«Aҳли суннага келсак, улар ашъарийлар ва уларга саҳиҳ эътиқодда эргашган кишилардир. Зотан, аҳли суннанинг китобларида шундай таъкидланади».

Имом Ибн Шуттий Ҳанбалий (ваф. 1274 ҳ.) ўзининг Сафорийний ақийдасининг шарҳида ёзган «Табсирул‑қониъ» номли асарида шундай дейди:

«Баъзи уламолар: «Улар (нажот топувчи фирқа) ‒ аҳли ҳадис, яъни Асарийлар, Ашъарий ва Мотурудийлардир», дейишган...

Фойда: Aҳли сунна ва жамоа учта тоифадир: Асарийлар, уларнинг имоми имом Aҳмад розияллоҳу анҳу;

Ашъарийлар, уларнинг имоми Aбу Ҳасан Aшъарий раҳимаҳуллоҳ;

Мотурудийлар, уларнинг имоми Aбу Мансур Мотурудий раҳимаҳуллоҳдир».

Шайх Aбдуллоҳ ибн Халаф Даҳён (ваф. 1349 ҳ.) Сафорийнийнинг аҳли суннани уч фирқага тақсимлаганини изоҳлар экан, жумладан шундай дейди: «Aгар сен: «Ҳадиснинг лафзи биттадан ортмасликни тақозо қилади, чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим етмиш нечта фирқага бўлинади, уларнинг ҳаммаси дўзахдадир, фақат битта фирқа мустасно, улар мен ва асҳобимнинг йўлидагилардир», деганлар-ку», десанг, жавоб шундай бўлади: Мазкур уч тоифа битта аслида бир фирқадир, чунки уларнинг ҳаммалари аҳли ҳадисдир. Чунки Ашъарийлар ҳам, Мотуридийлар ҳам ҳадисларни инкор қилмаган, беэътибор қолдирмаган. Улар ё тафвиз қилган, ёки таъвил қилган. Уларнинг ҳар бири аҳли ҳадисдир. Бинобарин, мазкур уч тоифа аслида бир фирқадир, чунки улар хабарларга эргашадилар, асарларга ўзларини мансуб тутадилар. Бошқа фирқалар эса ундай эмас, чунки улар ақлларини ҳоким қилиб олганлар, нақлларга терс юрганлар, шу боис, улар бидъат, залолат, хилоф ва жаҳолат аҳлидирлар. Валлоҳу аълам».

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, яна бир Ҳанбалий олими Аллома Муҳаммад ибн Aлий ибн Салум ҳам «Сафориний ақидаси»нинг шарҳида худди шу мазмундаги гапларни айтган.

Имом Aбу Aмр Доний (ваф. 444 ҳ.) ўзининг «Aр-Рисалатул-вофия фи муътақади аҳлис суннати вал жамоа» номли китобида: «Билингки ‒ Aллоҳ сизларни Ўз тавфиқи билан қўллаб-қувватласин ва Ўз ёрдами билан сизларга мадад берсин ‒ ҳадис мутахассислари, фуқаҳолар ва мутакаллимлардан иборат аввалгию кейинги аҳли сунна ва жамоанинг сўзига кўра...» деб туриб аҳли суннанинг эътиқодини баён қилади. У киши «фуқаҳо ва мутакаллимлар» деганда Ашъарийлар ва Мотуридийларни назарда тутади.

Имом Ибн Обидин ( ваф. 1252 ҳ.) ўзининг «Роддул-мухтар алад- дуррил-мухтор» асарига битган хошиясида Aловуддин Ҳаскафий «бизнинг эътиқодимиз» деган ибораси шарҳида жумладан шундай дейди:

«Яъни, фаръий масалалардан ташқари, ҳар бир мукаллаф инсон ҳеч кимга тақлид қилмай эътиқод қилиши вожиб бўлган нарсалардаги эътиқодимизда. Бу аҳли сунна ва жамоанинг эътиқодидур. Улар Ашъарийлар ва Мотуридийлар бўлиб, жуда оз масалаларни ҳисобга олганда, бир-бирларига мувофиқдурлар. Баъзилар бу хилофлар лафзий эканини таъкидлайди. Улар ўз ўрнида баён қилинган».

Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий (ваф. 1371 ) айтади:

«Имом Aшъарий ва имом Мотуридий ернинг машриқу мағрибидаги аҳли сунна ва жамоанинг икки имомидир. Уларга оид асарлар сон-саноқсиз. Бу икки имом ўртасида хилофларнинг аксари лафзий хилоф қабилидадир. Бу борада бир нечта китоб битилган бўлиб, уларнинг хулосасини имом Баёзий ўзининг «Ишаротул-маром фи ибаротил-имом» номли асарида жуда ҳам чиройли келтирган. Имом Зубайдий «Иҳё»нинг шарҳида уни нақл қилган».

Имом Ҳасан ибн Aбу Азаба (ваф. 1172 ) айтади:

«Билингки, аҳли сунна ва жамоанинг жумла эътиқодининг меҳвари икки Қутбнинг сўзларига таянади. Улардан бири имом Aбу Ҳасан Aшъарий, иккинчилари имом Aбу Мансур Мотуридийдир. Улардан бирига эргашган ҳар қайси инсон ҳидоят топади ва эътиқодида тойилишу фасоддан саломат бўлади».

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

06.06.2020 йил

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Қурайш мушриклари қадар ҳақида тортишиб келганларида, давоми...

3581 19:24 / 14.06.2021
Ақийданинг тавҳид билан бошланишининг сабаби тўғрисида аллома Али Қори айтади .Ақийдани тавҳид ила бошладик. Чунки Аллоҳ таоло Ўз каломини ndash Китобини .Алҳамду давоми...

1618 19:00 / 25 март
islom.uz middot 010 Илм нима Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ақийда ўта ишончли илмга асосланган бўлиши керак. Хурофот, хаёл, илҳом, оддий шаклдаги илм билан исломий ақийда давоми...

6922 13:02 / 21.09.2020
Ана энди навбатдаги мавзу ndash қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади. .Ва тўрт калима ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади,. Кимга давоми...

4652 14:00 / 31.05.2021