1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ашъарий ва Мотуридий ақийда мазҳаблари ва уларга мансуб уламолар ҳақида (биринчи мақола)

13:30 / 16.08.2021 4939 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнги пайтларда минг йилдан бери аҳли сунна ва жамоанинг ақийда мадрасаларида деб эътироф этиб келинган эътиқод мазҳабларини ўзича танқид қилиб, аҳли суннадан ташқари деб давъо қиладиганлар кўпайиб қолди. Айрим ўзини билмаганлар бутун уммат имоми деб тан олган зотларни чаласаводларча танқид қилиб, таҳлил қилиб, омманинг бошини айлантиришга тушди. Табиийки, бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган одамлар билиб-билмай нотўғри тушунчага эга бўлиб, ҳатто ўзи аҳл бўлмаган масалаларда бировлар билан тортишадиган бўлиб қолди. Ундан ҳам хатарлиси бундай ножўя ташвиқотлар кишиларнинг қалбига ўз эътиқодари, устозлари, имомларига нисбатан шубҳа тушишига олиб келмоқда. Бу жуда ҳам хатарли ҳолат бўлиб, фақат ва фақат Ислом душманларини хурсанд қилади. Бу ҳолатлар ушбу мавзуда илмий, асосли хулосаларни кўпчилик эътиборига тақдим қилиш заруратини етилтирди. Қуйидаги сатрлар шу мақсадга қаратилган бўлиб, мазкур мавзуда кўпчилигимиз учун салмоқли билим бўлади деган умиддаман.

Аввало ақийда илми билан калом илми ўртасидаги фарқни эслаб ўтсак. Ақийда илми деганда Исломдаги эътиқодга, ишончга оид масалаларни ўргатадиган илм тушунилади. Бу илмнинг манбаси Қуръон ва Суннатдир. Бошқача қилиб айтганда, Китобу Суннатдаги эътиқодга оид мавзулар ақийда илмида ўрганилади ва бунда ушбу илоҳий манбаларда келган маълумотлар билан чекланилади. Калом илмида эса айнан ушбу илмни ақлий далиллар билан қувватлаш, бу борада тарқатилган шубҳаларга ақлий қоидалар асосида мантиқий жавоблар бериш назарда тутилади. Тўғри, калом илмининг ғайримуслимлардан олинган, уларнинг манҳажларига асосланган ва ақлга ортиқча эрк берилганидан, залолатга олиб кетувчи кўриниши ҳам бор бўлиб, у номақбулдир. Калом илмини қоралаган олимлар мана шундай калом илмини, уни ёқлаганлар эса Қуръон ва Суннатдан олинган калом илмини кўзда тутишган. Зеро, умматнинг етакчи уламолари ҳеч қачон Китобу Суннатга зид илмни ёқламайди. Буни фарқлаш лозим. Бироқ, айрим кишилар ушбу ҳақиқатни тушунмасдан калом илмини бир йўла танқид қилишга тушиб кетишади ва, табиийки, хатога йўл қўйишади. Оқибатда, тўғри эътиқодни хато деб, гапни яхши уқмагай, аҳли сунна уламолари бир овоздан таъкидлаган масалаларда хилофга тушиб қолади.

Салафи солиҳлар даврида калом илмида айрим ҳаракатлар бўлган эса-да, асослари, чегаралари белгилаган мазҳаб ёки мадрасага айланмаган эди. Аҳли сунна ақийдасида калом илми икки буюк имом Абу Мансур Мотуридий ва Абу Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳим қўлида камолига етиб, мазҳаб шаклида намоён бўлди. Бу икки имом Исломга, салафлар йўлига бирор янгилик киритишгани йўқ, балки Қуръон ва Суннатдаги ақийда мавзуларини салафи солиҳлар тушунчасига кўра баён қилиб, уларни тўғри англаш учун керакли қоидалар ва асоосларни тақдим қилишди ҳамда уларни тартибга солиб таълим беришди. Бу асосларнинг илдизи Китобу Суннат ва салафи солиҳларнинг илмларига бориб тақалади.

Бу икки мазҳаб аҳли сунна ва жамоанинг энг катта ақийда мадрасалари ҳисобланади. Улар Ислом дини ва ўтган салафи солиҳларнинг ақидаларини соғлом мантиқ услублари ҳамда калом илми воситасида ҳимоя қилишган. Бу икки тоифанинг манҳажи, яъни дастурлари нақл ва ақлга суянган бўлиб, нақл бунда ақлдан устун туради. 

Улар Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадисларда айтилган Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг сифатларини исбот қиладилар. Қиёмат куни ва унга тегишли бўлган ҳисоб-китоб, савоб-азоб ва шунга ўхшаш масалаларни ҳам айни Китобу Суннатда келган шаклида тасдиқлайдилар. Шу билан бирга, нақлий далилларни келтиргач, ақлий далиллар ва мантиқий ҳужжатларни ишга соладилар. Шу йўл билан улар Қуръон ва Суннатда келган хабарларга ақлларни ҳам қаноатлантирганлар. Бу эса мўмин-мусулмонларнинг дин таълимотларига тараддудсиз, қалб сокинлиги билан инонишларига, амал қилишларига сабаб бўлган.

Ашъарийлар ва Мотуридийларнинг энг муҳим ютуқлари ‒ улар икки йўлнинг ўртасини танлашган: баъзи фалсафачилар ва мўътазилилар каби Аллоҳ таолони махлуқотга ўхшатишдан қочаман деб У Зотнинг сифатларини нафий (инкор) қилишдан ҳам, карромий, ҳашавий тоифалар каби Аллоҳ таолонинг сифатларини исбот қилишда ҳаддан ошиб, матнларнинг зоҳирига чуқур кетиш натижасида У Зотга жисм исбот қилиш ва У Зотни махлуқотга ташбеҳ қилишдан ҳам сақланганлар. Шу боис, бу икки мазҳаб уламоларининг йўлларини Ислом умматининг жумҳури қабул қилган.

Ашъарийлик мазҳаби имом Абу Ҳасан Ашъарийга нисбат ўлароқ номланган. Абу Ҳасан Ашъарий Китобу Суннатнинг ҳофизларидан бўлиб, насаби улуғ саҳоба Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга етиб боради. Имом Шаҳристоний ўзининг «Ал-Милал ван-ниҳал» китобида айтади: «Ашъарийлар Абу Ҳасан Алий ибн Исмоил ибн Ашъарийнинг издошлари бўлиб, у кишининг нисбаси буюк саҳоба Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга берилган». 

Абу Ҳасан Ашъарий Абу Мусо Ашъарий  розияллоҳу анҳуга нафақат насабда, балки ақийда ва манҳажда ҳам издош бўлган. 

Мотуридийлик мазҳаби эса имом Абу Мансур Мотуридийга нисбат берилган. Айрим манбаларда айтилишича, у кишининг насаби улуғ саҳоба Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга етиб боради. Абу Мансур Мотуридий ҳам Китобу Суннатнинг энг катта билимдонларидан ва ҳанафий мазҳабининг етакчи олимларидан эди. У кишининг ақлий салоҳияти дўст-у душманни лол қолдирган ва аҳли суннанинг ҳимоясида Аллоҳнинг бир мўъжизаси бўлган. 

Абу Мансур Мотуридийнинг илмдаги санади Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга бир неча тарафдан туташади. У киши Абу Бакр Аҳмад Жузжонийдан, у Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжонийдан, у Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаддан, улар Абу Ҳанифадан таълим олган. Яна бир санадга кўра, Имом Мотуридий билан имом Абу Ҳанифа ўртасида иккита одам бор: у киши Нусайр ибн Яҳё Балхийдан, у Абу Муқотил Самарқандий ва Абу Мутиъ Балхийдан, улар Абу Ҳанифадан таълим олган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ илмни Ҳаммод ибн Сулаймондан, у буюк тобеъий Иброҳим Нахаъийдан, у Алқамадан, у Ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва Умар розияллоҳу анҳум ва бошқа саҳобалардан ўрганган. Иброҳим Нахаъий буюк тобеъинлардан бўлиб, кўплаб саҳобалардан таълим олган. Саҳбои киромлар динни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар. 

Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг аҳли сунна йўналиши бўйича санади Абдурраҳмон ибн Халаф Басрий, Абу Халифа Жумаҳий, Закариё ибн Яҳё Сожий каби муҳаддислар орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташади. 

Имом Ашъарий ҳам, Имом Мотуридий ҳам адашган фирқалар, йўлдан оғган тоифаларга раддия беришга катта эътибор қаратганлар. Улар шу йўл билан аҳли сунна ақийдасини ҳимоя қилганлар ва унинг соф сақланишига эришганлар. Шу боис, уммат уламолари уларни ўзларига имом деб билиб келган.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

06.06.2020 йил




Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақоид илмида .кавниёт, деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Ўша давоми...

2874 19:00 / 25.07.2022
иккинчи мақолаАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади1. .Сизга ер юзида ва ўз жонингизда нимаики мусибат етган бўлса, уни яратишимиздан олдин китобда давоми...

4764 16:00 / 16.03.2020
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқсавол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай давоми...

49221 05:00 / 03.12.2016
Тавҳиднинг асли ва эътиқод тўғри бўлиши учун қуйидагиларни айтмоқ вожибдир .Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, ўлгандан кейин қайта давоми...

5082 14:00 / 23.07.2019