1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Маърифат излаб

14:46 / 15.10.2018 2661 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ўзини бахт-саодатга элтадиган илм-маърифатга эга бўлиш учун аввало, ўзидаги илм‑маърифат ҳосил қилиш воситалари ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиши керак. Қадимда бу ҳақиқатни одамларга баён қилиб бериш ниятида уринган олимларимизнинг энг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлмиш буюк бобокалонимиз имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи «маърифат назария»сини кашф қилганлар. Ана шу назарияда жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Халойиқ учун илмнинг воситалари учтадир: соғлом ҳис қилиш аъзолари, ақл ва содиқ хабар.

Соғлом ҳис қилиш аъзолари бештадир: эшитиш, кўриш, ҳидлаш, татиш ва ушлаш. Ҳар бир ҳис қилиш аъзоси ила унга хос бўлган нарса билинади».

Аллоҳ таоло инсонга қўшиб яратган туйғулар у дунёга келиши билан инсон учун дастлабки илм олиш воситаси бўлади. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам, онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шундай воситалар жумласига киради. Бу илмий тилда туғма қобилият – инстинкт дейилади. Лекин бу тоифадаги илм инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар инсон ҳаётининг дастлабки босқичидаги баъзи бир эҳтиёжларнигина қондириши мумкин, холос.

Инсон бир оз катта бўлганидан кейин ўзининг ҳис қилиш аъзолари орқали маълум бир нарсалар ҳақида илмга эга бўлиб боради. Ушбу ҳис қилиш аъзолари орқали идрок қилинган нарсаларни инсон ўз илми ила иҳота қила бошлайди. Инсон кўрган, эшитган, ҳидлаган, татиган ва ушлаган нарсаларини таҳлил қилиб, ўрганиб, уларнинг ўзига хос хусусиятларини ажратиб, ўз илму маърифатини ошириб боради. Мазкур ҳис қилиш аъзоларидан бошқа восита орқали бирор нарсани билиши қийин.

Мисол учун, кўзи ожиз ҳолда туғилган одамга, у қанчалар заковатли ва доно бўлса ҳам, рангларни сифатлаб, тушунтириб бўлмайди.

Шунингдек, қулоғи кар ҳолда туғилган одамга, у қанчалар заковатли ва доно бўлса ҳам, овозларни сифатлаб, англатиб бўлмайди.

Ҳар қандай инсон ҳам ўзи татиб кўрмагунича, бирор таъмни тўлиқ билиши қийин иш. Лекин ҳис қилиш аъзолари ҳам тўлиқ илм олиш учун кифоя қилмайди. Уларнинг ҳаммаси ҳам маълум бир чегарада илм олиш учунгина ярайди, холос.

Мисол учун, кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги ашёларнигина кўра олади. Кўзга кўринган нарса ундан узоқлашилган сари кичиклашиб бориб, охири кўринмай қолади. Бунинг устига, бирон нарсани кўз билан кўриш учун маълум миқдорда ёруғлик ҳам керак. Агар қоронғиликда қолса, кўзнинг кўриш қобилияти ҳам ишламай қолади.

Қулоқ ҳам маълум даражадаги товушларни эшитади. Ўша товушдан узоқлашилган сари ёки овоз пасайган сари уни эшитиш сусайиб боради ва охири қулоқ уни эшитмай қолади.

Ушлаб билиш қобилияти эса яна ҳам шартлари кўп воситадир. У билан бирор маълумотга эга бўлиш учун, албатта, баданнинг маълум қисмини талаб қилинган нарсага теккизиб кўрмоқ керак.

Демак, инсоннинг барча қобилиятлари чегараланган бўлгани каби, унинг ҳис қилиш аъзолари орқали оладиган илми ҳам чегаралангандир.

Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун, сароб чанқаб турган инсонга сув бўлиб кўринади. Шунингдек, бир нарсанинг акси сувга тушиб турган бўлса, ўша нарса одамнинг кўзига синиқ бўлиб кўринади.

Кўриш аъзоси хато қилганидек, эшитиш, ҳид билиш, ушлаб кўриш ва таъм билиш аъзолари ҳам кўплаб хатоларни қилиши турган гап ва бу оддий ҳақиқатдир.

Баъзи бир ақлини пешлай олмаганлар дунёда ҳис қилиш аъзолари воситасида билинадиган ашёлардан бошқа нарса йўқлигини таъкидладилар. Уларнинг ноқис ақлига кўра, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб, қулоқ билан эшитилмаган нарса борлиқда йўқ бўлар эмиш. Ўша номавжуд нарсаларнинг рўйхатидаги аввалги сатрда Аллоҳ таоло турар эди!

Ҳозирги замон илми дунёда одам боласи ҳис қилиш аъзолари билан била олмайдиган, жумладан, оддий кўз билан кўра олмайдиган, оддий қулоқ билан эшита олмайдиган кўпгина нарсалар борлигини кашф этмоқда.

Саодатга эришиш учун маърифат излаб юрган одам ҳис қилиш аъзолари билан саодатга элтадиган илм топиш мумкин эмаслигини тушуниб етди ҳам дейлик. «Ҳис қилиш аъзолари орқали олинадиган илм нуқсонли ва хато бўлиши мумкин экан, унинг нуқсони қандай тўлдирилади ва хатоси нима билан тўғриланади?» деган савол пайдо бўлади, албатта.

Ушбу ҳақли саволга «Инсон бу каби нуқсон ва хатоларни ақли ёрдамида топган илми ила тўлдиради ва тузатади» деган жавоб берилади. Ақл илм ҳосил бўлиши учун ишлатиладиган муҳим воситадир.

Ақлнинг илм билан алоқасини ақоид илмининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича таърифлайди:

«Ақл ҳам илмнинг воситасидир. Унда ўз-ўзидан пайдо бўлган илм зарурийдир. Ҳар бир нарса ўзининг бўлагидан катта экани ҳақидаги илм каби. Ақлнинг мушоҳадаси орқали собит бўлган илм касбийдир. Аҳли ҳақ наздида илҳом бир нарсанинг тўғрилиги ҳақидаги маърифат учун восита эмас».

Инсоннинг ақли илм ҳосил қилиш учун энг муҳим омилдир. Ақл воситаси ила ҳосил бўладиган илм иккига бўлинади.

Биринчиси – таҳлил ва мушоҳадасиз, бир кўргандаёқ ўз-ўзидан пайдо бўладиган илм. Ҳар бир нарса ўзининг бир парчасидан кўра катта экани бир кўришда ўз-ўзидан билинади. Бу «зарурий илм» деб аталади.

Иккинчиси – ақлни ишга солиб, таҳлил ва мушоҳада қилиш билан ҳосил бўладиган илм. Бу эса «ўзлаштирилган илм» деб аталади.

Ақл ила ҳосил бўладиган илм ҳис қилиш аъзолари воситасида ҳосил бўладиган илмдан кучлидир. Ақл воситаси ила ҳис қилиш аъзолари йўл қўйган хатолар ҳам тузатилади.

Масалан, сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин. Бу кўзнинг нотўғри хабаридир, лекин ақл сувда акси шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилиги ҳақида илм беради.

Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини англатади.

Ҳа, Аллоҳ таоло одам боласини Ўзи берган ақл билан азизу мукаррам қилиб қўйди. Инсон ўзидаги ақл билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. Аллоҳ берган ақл ила инсон турли тадбирлар қилади, турли ашёларни, ҳар турли махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади.

Айниқса, бугунги кунимизга келиб, инсон ўз ақлини ишлатиб, илм-маърифатнинг чўққиларини бирин-кетин забт этмоқда. Ойга чиқмоқда, фазони забт этмоқда, ўзининг бахт-саодати учун турли кашфиётларни қилмоқда. Яна сон-саноқсиз ишларни қилишни режалаштирмоқда.

Ўз-ўзидан, демак, инсон ақлини ишлатиб топган нарсалари уни тўлиқ бахт-саодат билан таъминлашга етарли экан-да, деган хулоса чиқади. Бу фикрни бир овоздан тасдиқлаганлар «Чунки бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатда», – деб қўйишади.

Аммо мусулмон уламолар бу гапга қўшилмайдилар. Уларнинг барчаси бир овоздан «Инсоннинг ақли унинг тўлиқ бахтли бўлиши учун етмайди», – дейдилар ва бу фикрларининг тасдиғи учун қуйидагиларни айтадилар:

Инсоннинг барча жиҳатлари, имкониятлари чегаралангани каби, ақли ҳам чегаралангандир. Унинг ақли кўп нарсаларга етгани билан, баъзи нарсаларга етмаслиги турган гап. Инсоннинг барча аъзолари, жумладан, ҳис қилиш аъзолари камчилик ва хатога йўл қўйгани каби, унинг ақли ҳам камчилик ва хатога йўл қўйиши турган гап. Бунга мисол келтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Чунки бугунги дунё инсон ақли йўл қўйган хатоларга тўлиб ётибди ва ўша хатолардан азоб чекмоқда.

Инсонда ақл бўлиши билан бирга, ҳавойи нафс ҳам бор. Гоҳида унинг ҳавойи нафси ақлидан устун келиши ҳеч кимга сир эмас. Ана ўшанда ақл бовар қилмайдиган хатоларга йўл қўйиши ҳам ҳаммага маълум. Ҳаво деганда нафснинг лаззат бахш этувчи ва шариат рухсат бермаган шаҳватларга мойил бўлиши тушунилади.

Шунинг учун ҳам бугунги ақл ўз ривожининг чўққисига чиққан бир пайтда одамлар ўзлари учун кони зарар бўлган маст қилувчи ичимликларни ўзлари ман қила олмасдан, уларни ишлаб чиқариш бўйича турли мусобақалар уюштириб, мазкур заҳарни ишлаб чиқаришда пешқадам бўлганлар бир-бирларини мукофотлаб юришибди.

Шунинг учун ҳам бугунги ақл ўз ривожининг чўққисига чиққан бир пайтда одамлар эркакнинг эркакка, аёлнинг аёлга никоҳланиши ҳақида қонунлар чиқариб, бу ишлари билан мақтаниб юришибди. Бундай ишлардан жирканганларни турли айблар ила қоралашмоқда.

Бунга ўхшаш мисолларни исталганича келтиришимиз мумкин. Аммо бугун инсон ўз ҳаётидаги шикоят қилаётган муаммоларининг барчаси ақлдаги нуқсоннинг ва хатонинг самараси эканини англаб етсак, кифоя қилади.

Қолаверса, ақлнинг асосий вазифаси ҳис қилиш аъзолари нақл қилган маълумотлардан таҳлил, қиёслаш, мушоҳада қилиш, фарқлаш, турли қоидалар ишлаб чиқариш орқали илм ҳосил қилишдир. Шунинг учун ҳам ақлнинг хизмат доираси ҳис қилиниши мумкин бўлган олам билан чегаралангандир.

Бинобарин, ғайбий – метафизик нарсаларга оид илм ақл доирасида эмас. Бу нарсаларни ақл билан аниқ билиб бўлмайди. Чунки ғайбий – метафизик нарсаларни ҳис қилиш, тажрибага бўйсундириш мутлақо мумкин эмас.

Инсоннинг ҳис қилиш доирасидан ташқарида бўлган ғайбий нарсалар ҳақида ақл юритилса, хулоса ёки натижа гумондан, хаёл ва тахминдан бошқа нарса бўлмайди. Гумон, хаёл ва тахмин зинҳор-базинҳор илмнинг ўрнини боса олмайди.

Ҳозирда инсонга бахтли ҳаёт ваъдасини бераётганлар-нинг барчаси унга фақат ақл орқали эришилади, деган даъвони қилмоқдалар. Аммо ўша ақл хато қилиши, нуқсонга йўл қўйиши, кўпгина ҳолатларда гумон, хаёл ва тахмин билан иш кўришини унутиб қўймоқдалар. Борган сари инсоннинг бахтсизлиги кўпайиб бормоқда, турли муаммолар зиёда бўлмоқда, мазкур даъвони қилувчи тузумлар ўзига бўйсунган инсонларни бахтсиз қилиб бўлганидан кейин баъзилари парчаланмоқда ва ҳоказо...

Шу ўринда ҳақли равишда «Ақл орқали олинган илм ҳам инсоннинг тўлиқ бахти учун етмас экан, ақлнинг хатосини тўғрилаб, камчилигини тўлдирадиган, у етмаган нарсаларга етадиган ва инсонни тўла-тўкис бахт билан таъминлайдиган илм борми? Агар бўлса, у қайси илм?» деган савол ўртага ташланади. Мусулмонлар ушбу саволга бир овоздан «Ақлнинг хатосини тўғрилаб, камчилигини тўлдирадиган, у етмаган нарсаларга етадиган ва инсонни тўла-тўкис бахт билан таъминлайдиган илм бор. У ДИНдир», деб жавоб берадилар.

“Мукаммал саодат йўли” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва ҳар бир киши ўзи учун осон нарсани қилади ва ўзи учун халқ қилинган нарсага юзланади. Шарҳ Ҳар бир киши ndash мўмин ҳам, кофир ҳам ўзи учун осон бўлган нарсани давоми...

4404 13:30 / 22.04.2019
Тарихчи уламоларИсмсанаИловаАбу Бакр Байҳақийҳ.458м.1066.Далаилиннубувваҳ, муаллифи.Абу Нуъайм Асбаҳонийҳ.430м.1038Қози Иёзҳ.544м.1149.АлШифа би тарихи ҳуқуқилмустафо, давоми...

3095 14:00 / 01.09.2021
Бу дунёда тўплаган барча нарсасини инсон ўзидан кейин шу дунёда қолдиради. Ҳеч кимса, хаттоки унинг оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ва бу дунёда унинг давоми...

9251 16:31 / 02.08.2017
. ,. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла .Мен сенинг умматингга давоми...

3621 16:58 / 27.09.2021
Аудиолар

134344 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54664 14:35 / 11.08.2021