1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эй уммат қиёмат яқин... (иккинчи мақола)

17:00 / 06.06.2020 2713 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон қиёмат қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқатни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадису-шарифларида ҳам қайта-қайта таъкидланган. Бунга биргина мисол келтирамиз.

Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Менга отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдики:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирар эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни биздан бирор киши танимас ҳам эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди. Икки кафтини икки сонларига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер!» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом – «Ла илаҳа иллалоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар имконинг бўлса, Байтуллоҳга ҳаж қилмоғинг», дедилар. Ҳалиги одам: «Тўғри айтдинг!» деди. Биз ундан ажабландик. Ўзи савол бериб, ўзи, тўғри айтдинг, дейди. Кейин у: «Менга иймондан хабар бер», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ва яхши-ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар. У одам: «Тўғри айтдинг. Эҳсон ҳақида хабар бер!» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди сен Уни кўраётгандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўраётгандек ибодат қилишинг», дедилар. «Менга соат (қиёмат) ҳақида хабар бер!» деди у. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас», дедилар. У одам чиқиб кетганидан сўнг, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан бу одамнинг кимлигини сўрадилар. Саҳобалар, танимаймиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил сизга динингизни ўргатгани келган эди», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди. Аммо шу билан бирга қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар асосан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадису-шарифларида зикр қилинган. Барча ҳадис китобларимизда бу ҳақда алоҳида китоблар ёки боблар бор.

Энди, Аллоҳ таолонинг ёрдами ила қиёмат аломатлари ҳақида келтирилган ҳадису-шарифларни ўрганишга киришамиз.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Мен қиёмат ила мана бундоқ ҳолда юборилдим», дедилар ва икки бармоқларини чўзиб ишора қилдилар». Бошқа бир ривоятда: Мен қиёмат ила мана бу иккиси каби юборилдим», дедилар ва кўрсаткич ва ўрта бармоқларини қўшдилар», дейилган.

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бунинг маъноси, мен билан қиёматнинг ораси жуда ҳам яқин деганларидир. Дарҳақиқат, кўҳна олам тарихига нисбатан олинадиган бўлса, Пайғамбар алайҳиссалом билан қиёмат ораси икки бармоқ орасидек яқиндир. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом охирги пайғамбардирлар. У зотдан кейин қиёматгача ҳеч пайғамбар келмайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломдан: «Қачон қиёмат қоим бўлади?» деб сўради. У зотнинг ҳузурларида ансорийлардан Муҳаммад деб аталадиган бир болача турган эди. Бас, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Агар шу бола яшаб турса, эҳтимолки унга қарилик етмай туриб қиёмат қоим бўлса!» дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бунда ҳам қиёмат қоим бўлиши жуда яқинлигига аломат бор. Яъни, ким билади, эҳтимол шу бола қаримай туриб бўлиб қолиши мумкин деган маъно бор.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Бир киши бошқа бир кишининг қабри ёнидан ўтаётиб, мен унинг ўрнида бўлсам қани эди, демагунича қиёмат қоим бўлмайди», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бундан қиёмат яқин қолганда одамлар ер юзидаги бузғунчиликлардан безиб ернинг остини устидан, ўлимни ҳаётдан афзал кўриб қолишлари келиб чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:«Токи Ҳижоз еридан бир ўт чиқиб Бусродаги туянинг бўйнини ёритмагунича қиёмат қоим бўлмас», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бусро Димашқ шаҳридан уч марҳала узоқдаги шаҳарнинг номи. Уни Ҳаврон деб ҳам аталади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:«Токи Давс аёлларининг думбалари Зул Хасла атрофида ликкилламагунча қиёмат қоим бўлмас. Ул Табаладаги Давсликлар ибодат қиладиган санам эди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Табала Ямандаги бир жойнинг исми. Бундан қиёмат яқинлашганда арабларда, хусусан, Давс қабиласида яна бутпарастликка қайтиш содир бўлиши келиб чиқади.

Муслим ривоятида: «Токи Лот ва Уззога ибодат қилинмагунча кеча кундуз кетмайдир», дедилар. Шунда Оиша:«Эй Аллоҳнинг расули Аллоҳ «У, гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан уни ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир»ни нозил қилганда ўшани батамом деб ўйлаган эдим», деди.

«Ўша нарсадан Аллоҳ хоҳлаганича бўлади. Сўнгра Аллоҳ бир яхши шамолни юборади. У ҳар бир қалбида ачитқи уруғи оғирлигича иймони борни вафот этдиради. Ҳеч яхшилиги йўқ кимсалар қолади ва улар оталарининг динига қайтадилар», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Келажакда Фурот тиллодан бўлган дафийнани очади. Бас, ким унга ҳозир бўлса, ундан бирор нарсани ола билмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Фурот Ироқдаги машҳур дарёнинг номи. Имом Муслим келтирган ривоятда «Токи Фурот тиллодан бўлган тоғни очмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Одамлар унинг учун уруш қиладилар. Ҳар юзтадан тўқсон тўққизтаси қатл қилинади. Улардан ҳар бир киши, қани энди нажот топган мен бўлсам эди, дейди», дейилган.

Бу икки ривоят бир-бирини тўлдириб келган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Ер ўз жигаргўшаларини худди тилло ва кумуш устунлар каби қай қилади. Ўғри келиб «Худди шунга ўхшаш нарсада қўлим кесилган эди», дейди. Қотил келиб «Шунинг учун ўлдирган эдим», дейди. (Силаи раҳимни) кесувчи келиб «Шунинг учун раҳмимни кесган эдим», дейди. Сўнгра уни тарк қилурлар, ундан бир нарса олмаслар», дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, қиёмат яқин қолганда нафақат Фурот дарёси балки бутун дунёдаги бойликлар сочилиб ётса ҳам уларни оладиган одам топилмай қолар экан.

(Давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Баъзи ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, дейишади уламоларимиз. Бунда кўпроқ одамнинг ўзи айбдор бўлади. Жинлар одамлардан ўзларига ишонганларига, давоми...

5931 09:11 / 31.10.2018
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ўзингизни дуои бад қилманг. Авлодларингизни дуои бад қилманг. Ходимларингизни давоми...

1886 09:30 / 25.04.2019
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан.Нима бўлди сизга, нега кечаси ухламайсиз, деб сўрашди.Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар .Кечаси ухласам, давоми...

2072 07:10 / 25.06.2019
Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг давоми...

3923 15:06 / 03.07.2019