1447 йил 17 жумадис сони | 2025 йил 08 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Беш кунлик дунёни жаҳолатда ўтказишнинг нима кераги бор?

17:30 / 02.06.2020 3359 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига сабаб ўлимни унутишларидир. Ўлимини ўйламаган одам ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилавериши ҳеч гап эмас.

Агар ҳар бир банда бир кун келиб ўлишини, тупроққа қорилишини, қуртга ем бўлишини, Мункар ва Накир саволларига тутилишини, қиёматда тирилишини, жаннат ёки дўзахга киришини ўйлаб турса, ўлимни эслайдиган ва унга тайёргарлик кўрадиган бўлади.

Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятларида ва ҳадиси шарифларда ўлимни эслашга тарғиб кўплаб таъкидланган.

Аллоҳ таоло Жума сурасида марҳамат қилади:

«Аниқки, сиз қочаётган ўлим, албатта, сизга йўлиқувчидир. Сўнгра ғайб ва шаҳодатни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, У сизга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир», деб айт» (8-оят).

Ҳа, ҳеч бир кимса ўлимдан қочиб қутула олмайди. Ўлим инсонни вақти-соати келганда қаердан бўлса ҳам излаб топади.

«Аниқки, сиз қочаётган ўлим, албатта, сизга йўлиқувчидир».

Ҳар бир инсон ўлганидан сўнг махфий ва ошкора нарсаларнинг барчасидан хабардор Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтарилади ва бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беради.

«Сўнгра ғайб ва шаҳодатни Билувчининг ҳузурига қайтарилурсизлар».

Агар яширмоқчи бўлса, Аллоҳнинг Ўзи банда бу дунёда нималар қилганини айтиб беради.

«Бас, У сизга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир».

Аллоҳ таоло Мулк сурасида марҳамат қилади:

«У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир» (2-оят).

Ўлим ва ҳаётни Аллоҳ таоло яратган. Одатда аввал ҳаёт, сўнг ўлим бошланади. Агар эътибор берсангиз, бу оятда ўлим аввал келтириляпти, бунинг ҳикмати одамларни яхши амалларга чорлашдир. Чунки ўлимни эслаган одам доимо унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади.

Аллоҳ таоло Абаса сурасида айтади:

«Сўнгра уни ўлдирди ва қабрга киргизди» (21-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни, ким бўлишидан қатъи назар, ўлдиради ва қабрга киритади. Ўлим ҳақ. Унинг олдида ҳар қандай кимса ҳам бўйин эгади.

Ўлим Аллоҳ таолодан бўлиши ҳам ҳақ. Бутун дунё бир бўлиб қадимдан ўлмай қолиш чораларини ахтармоқда, аммо иложини топа олмаяптилар. Аллоҳ таоло хоҳлаган шахсни хоҳлаган лаҳзасида ўлдириб, қабрга киритмоқда.

Ўлим ҳақ. Шундай экан, қабрга кириш ҳақ. Беш кунлик дунёни куфр ва жаҳолатда ўтказишнинг нима кераги бор? Ёхуд инсон ўзини ўлдириб, қабрга киритадиган Зот – Аллоҳ таолога куфр келтиришининг нима кераги бор?!

Аллоҳ юборган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқаришнинг нима кераги бор?

Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръонга куфр келтиришнинг нима кераги бор?!

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У дунёга келганида миттигина вужудни ҳамширалар чақалоқлар тортиб кўриладиган тарозига солишган эди. Бундан 44 йил олдин 1 кг 300 гр бўлиб туғилган Бахтиёр бугун 70 давоми...

9364 09:00 / 02.05.2023
. ,. . Солиҳ ибн Дирҳам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳажга жўнаб кетдик. Йўлда олдимиздан бир киши чиқиб, .Сизларга яқин давоми...

1277 20:16 / 20.07.2024
Аллоҳ таоло инсонни ибодат учун яратди, шунингдек, унга турли хил хоҳишистаклар берди. У истаклар ичида гуноҳ ишларнинг шавқи ҳам бор. Шу нарсаларга қарамасдан, давоми...

2000 11:55 / 29.03.2023
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади .Кишилар ибодат қиладиган бир дарахт бор эди. Бир обид ўзигаўзи .шу дарахтни албатта кесаман, деб болтасини кўтариб дарахт олдига давоми...

2299 21:00 / 11.11.2022