1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Қирқ», «йил» деб ош бериш шариатда борми?

11:01 / 27.05.2020 5605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Биз тарафда бирон киши ўлса, майитни кўмишдан олдин жанозага келган кишиларга 500 сўм, 1000 сўм, 3000 сўмдан пул беришади. Кейин 3-4 кундан сўнг «етти» деб қишлоққа ош беради. Яна «қирқ», «йил» деб ош беришади, шу ишлар шариатда борми? Ўша ошларга қатнашиб, еб-ичиш мумкинми-йўқми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Маййитни кўмишдан олдин жанозага келганларга пул бериш шариатда йўқ. Шунингдек, «етти», «йигирма», «қирқ» ва «йил» деб номланадиган маросимлар ҳам шариатда йўқ. Аммо ўлганнинг номидан, савобини унга бағишлаб садақа қилиш бор. Бунда кун саналмайди. Етимларнинг ризқига зарар етказилмайди. Тирикларни қийнаш даражасида бўлмайди. Бу каби садақалар мажбурий эмас. Ўзидан орттирганда, бемалол вақтида, бидъат-хурофотни аралаштирмай, риёкорликдан қочиб ва иложи борича муҳтожларга фойда берадиган қилиб адо этилса яхши бўлади.

Шу билан бирга, вафот этганларга аталган садақа албатта таом бўлиши шарт эмас. Муҳтож мўмин-мусулмонларга қилинадиган ҳар бир ёрдам садақа бўлаверади.

Бу маънода «Шарҳи Ақийдати Таҳовия» китобида қуйидагилар келган:

«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир».

Шарҳ: Аҳли сунна вал жамоа ўлганлар тирикларнинг амалларидан икки йўл билан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.

Биринчиси: Ўлган одам тириклигида қилган амалидан (яъни тириклик чоғида охирати учун қилган ишлари ўлганидан кейин ўзига манфаат етишига сабаб бўлади).

Иккинчиси: Мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуолари ва айтган истиғфорлари. Унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари.

Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими-йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган. Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик): «Баданий ибодат савоби ўлганга етади» деганлар.

Шофеъий мазҳаби уламолари ва Имом Молик етмайди, дейдилар.

Ўлганга ўзидан бошқанинг амали савоби етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:

Қуръондан далил:

«Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин», дерлар» (Хашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

Суннатдан далил:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиниб бўлганидан кейин устида туриб: «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага келдилар ва:

«Ассалому алайкум дора қавмим мўминийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лаҳиқун», дедилар».

Аҳмад, Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Ижмоъдан далил:

Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, «Ўлган кимса тирикларнинг дуосидан манфаат олади», деганлар. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир.

Қиёсдан далил:

Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат берганидан кейин, рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр ибн Айёш айтади .Ёшлигимда бир киши менга .Бу дунёда қодир бўлгунингча бўйнингни охират қуллигидан озод қил. Зеро, охират асири ўзўзидан қутулиб қолмайди,, давоми...

2197 08:01 / 08.05.2020
Кўп вақтдан буён келмай юрган Асмаъий бир куни Ҳорун арРашиднинг ҳузурига кирди. Ҳорун унга .Ёнимдан кетганингдан кейин аҳволинг қалай бўлди, деди. У .Ер менга давоми...

2217 18:00 / 21.02.2021
Шаввол ойининг ажойиб фазилати бўлиб, бу хусусда .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар .Рамазон ойи рўзасини тутиб, унга қўшимча давоми...

5961 16:00 / 14.05.2021
1977 йилда Америкалик Лора Шолтз исмли 63 ёшли кампир набирасининг қўлини босиб қолган машинанинг орқа томонини ёлғиз ўзи кўтариб уни чиқариб олишга муваффақ давоми...

5414 18:30 / 06.05.2022
Аудиолар

210908 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130169 14:35 / 11.08.2021