1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 18 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Биринчи Ақаба байъати

15:02 / 12.05.2020 2915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нубувватнинг 12-йили зулҳижжа ойи, ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди.

Уларнинг беш нафари бир йил олдин Маккага келиб мусулмон бўлган эди. Улар ўшанда олти киши бўлиб, бу сафар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келмаганлар.

Бошқа етти нафар янги мусулмонлар: Муоз ибн Ҳорис, Заквон ибн Абдулқайс, Убода ибн Сомит, Язид ибн Саълаба, Аббос ибн Убода, Абул Ҳайсам ибн Тайҳон ва Увайм ибн Соида розияллоҳу анҳум.

Улар Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан байъат олдилар. Ўша байъатнинг иштирокчиси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Келинглар! Менга Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, зинодан орттирган ҳомилангизни турмуш ўртоғингизга тўнкамаслик, менга маъруф ишда исён қилмаслигингиз ҳақида байъат қилинглар. Сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким ундан бирор нарсани бузиб, бу дунёда жазосини олса, ўша унинг учун каффоратдир. Ким ундан бирор нарсани бузса-ю, Аллоҳ уни сатр қилса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа, иқоб қилади, хоҳласа, афв этади», дедилар».

Мазкур мусулмонлар ўз юртларига қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб, у кишига одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни топширдилар.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар, одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдларига қурол кўтариб келишарди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг чиройли муомалалари, қироатлари ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб кетар эди.

Ислом Ясриб бўйлаб мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борарди. У ердаги бош қабилалар – Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби ўз қавмининг улуғлари ҳам Исломга кирдилар. Авс қабиласи, Бану Абдулашҳал уруғининг ҳаммаси битта ҳам қолмай мусулмон бўлдилар.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхшироқ давоми...

2908 13:36 / 12.09.2019
Имом, аллома, фақиҳ, усули фиқҳ илмининг олими, луғат билимдони, Хуросон аҳлининг пешвоси Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший Шофеъий. .Қаффоли Кабир, номи давоми...

4121 18:45 / 24.01.2019
Ҳижрий тўққизинчи йил .элчилар йили, номини олган, чунки асосан шу йили турли қабилаларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, давоми...

2299 17:00 / 02.08.2022
Зулқаъда ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан умрага отландилар.Зул Ҳулайфа деган жойдан эҳром боғлаб, давоми...

3286 16:32 / 12.09.2021
Аудиолар

231524 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150036 14:35 / 11.08.2021