1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Исмоил алайҳиссалом

15:00 / 17.02.2019 6312 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни ота-онаси машҳур зотлардан бирлари десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот Иброҳим алайҳиссалом ва Ҳожар онамиздан дунёга келганлар. Исмоил алайҳиссалом ўз зурриётлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чиққанликлари билан ҳам машҳурдирлар. Шундай қилиб Исмоил алайҳиссалом ота тарафдан ҳам, фарзанд тарафдан ҳам ўзларидан кўра машҳур зотларга боғланадилар.

Исмоил алайҳиссаломнинг туғилишларигача бўлган воқеалар юқорида, Иброҳим алайҳиссаломнинг тарихлари баён этилган саҳифаларда келтирилди.

Ушбу ўринда уларнинг қисқача баёнини яна бир бор келтирамиз:

Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар мисрлик бўлиб, ўша ернинг подшоҳи томонидан Сора онамизга, у киши томонидан эса эрлари Иброҳим алайҳиссаломга ҳадя қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг ваъдасига биноан, қартайиб қолган Иброҳим алайҳиссаломдан ҳомиладор бўлган Ҳожар онамиздан Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар.

Кейин оилавий сабабларга кўра, Аллоҳ таолонинг ҳикмати асосида Иброҳим алайҳиссалом гўдак Исмоилни онаси билан бирга ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб, Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар…

Кейин нималар бўлганини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари орқали ўрганамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аёллардан биринчи бўлиб Исмоилнинг онаси минтақ  тутган. У изини Сорага кўрсатмаслик учун минтақ тутган эди. Кейин Иброҳим уни ва унинг фарзанди Исмоилни олиб келиб, Байтуллоҳнинг ёнига, улкан дарахт олдига – масжиднинг тепа томонидаги Замзамнинг устига туширдилар. Ҳожар уни эмизар эди. У пайтлар Маккада на одам, на сув бор эди. Икковларини ўша ерга тушириб, олдларига бир халта хурмо ва бир сувдонда сув қўйдилар. Сўнг Иброҳим йўлга тушмоқчи бўлиб, ортларига отланган эдилар, Исмоилнинг онаси унга эргашиб: «Эй Иброҳим! Бизларни на бир инсон, на бирор нарса бор бу водийга ташлаб, қаерга кетяпсиз?» деди. У буни унга бир неча марта айтди. Иброҳим алайҳиссалом эса унга қарамай туриб олдилар. Ҳожар унга: «Буни сизга Аллоҳ буюрдими?» деди. У киши «Ҳа», дедилар. Ҳожар «Ундай бўлса, У Зот бизни зое қилмайди» деб, сўнг ортига қайтди.

Иброҳим алайҳиссалом йўлга тушдилар. Ниҳоят улар кўрмайдиган жойга – довонга етганларида Байт сари юзландилар. Сўнг қўлларини кўтарганча, ушбу сўзларни айтиб, дуо қилдилар: «Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар».

Ҳожар Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ича бошлади. Ниҳоят сувдондаги сув тугаб, чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Ҳожар унинг қийналаётганини кўриб, бунга қараб туришга чидай олмай, юра бошлади. Сафонинг ўша ерда ўзига энг яқин тоғ эканини кўриб, унинг устига чиқиб, турди. Сўнг бирор кишини кўриб қолармиканман, деган илинжда водийга қаради. Бироқ ҳеч кимни кўрмади.

Сафодан тушди. Ниҳоят водийга етганида кўйлагининг этагини кўтарди да, оғир аҳволга тушган инсоннинг югуришидек югура кетди. Шу тарзда водийдан ўтиб ҳам кетди.

Кейин Марвага келиб, унинг устига чиқиб турди ва бирор кишини кўриб қолармиканман деб қаради. Бироқ ҳеч кимни кўрмади. Етти марта шундай қилди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг шу иккиси (Сафо – Марва) орасида саъй қилишлари шундан», деганлар). Марванинг устига чиққанда бир овоз эшитди. Ўзига ўзи: «Жим тур», деди-да, қулоқ тутди, яна эшитди. Ҳожар: «Эшиттириб бўлдинг, агар сенда бирор ёрдам бўлса (кўрсат)...» деди. Қараса, Замзамнинг ўрнида бир фаришта турибди. У товони билан (ёки қаноти билан) кавлади, ниҳоят сув чиқди. Ҳожар унинг атрофига қўли билан тупроқни уйиб, ҳовуз қила бошлади. Сўнг сувдонига сувдан ҳовучлаб қуя кетди. Ҳар ҳовучлаб олганидан сўнг у отилиб чиқар эди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳматига олсин, Замзамни қўйиб берганида эди (ёки сувдан ҳовучлаб олмаганида эди), Замзам оқар булоқ бўлар эди», деган эдилар). У ундан ичиб, боласини эмизди. Фаришта унга: «Зое бўлишдан қўрқманглар, чунки мана шу ерда Аллоҳнинг уйи бўлади, (уни) шу бола ва унинг отаси қуради. Аллоҳ унинг аҳлини зое қилмайди», деди.

Байт ердан кўтарилган, худди тепаликдек жой эди. Селлар келиб, унинг ўнгидан ва чапидан ювиб кетарди. Ҳожар ана шу аҳволда экан, унинг олдига Журҳум  қабиласидан йўловчилар (ёки Журҳумдан бир оила) Кадо  йўлидан юриб келиб қолишди ва Макканинг пастига тушишди. Улар осмонда доира чизиб парвоз қилаётган қушни кўриб қолишди. Шунда: «Бу қуш сувнинг устида айланяпти. Аниқ биламизки, бу водийда сув йўқ», дейишди. Бир ё икки чопар юборишди. Бориб қарашса, сув бор. Ортга қайтиб, уларга сувнинг хабарини беришди. Шунда барчалари сувга келишди. Исмоилнинг онаси сув олдида эди. Улар: «Ёнингизга тушишимизга изн берасизми?» дейишди. У: «Ҳа, лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди. Улар «Хўп» дейишди (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмоилнинг онаси унс-улфат истаб турганида уни учратди», деганлар). Улар ўша жойга тушиб, ўз аҳлларига одам юборишди. Улар ҳам биргаликда келиб тушишди. Натижада бу ерда улардан кўплаб оилалар пайдо бўлди.

Бола улғайиб, уларни ўзига ром қилди. Вояга етгач, уни ўзларидан бир аёлга уйлантириб қўйишди. Кейинроқ Исмоилнинг онаси вафот этди.

Исмоил уйлангач, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари ташлаб кетган кишиларни кўргани келиб, Исмоилни топмадилар. Аёлидан уни сўрадилар. У: «Биз учун ризқ излаб чиқиб кетганлар», деди. Кейин ундан тирикчиликлари ва аҳволлари ҳақида сўраган эдилар, «Биз ёмон аҳволдамиз. Тангчилик, қийинчиликдамиз», деб шикоят қилди. У киши: «Эринг келса, унга салом айт. Яна айтгинки, эшигининг остонасини ўзгартирсин», дедилар. Исмоил келгач, ниманидир сезгандек бўлди. «Бирор киши келдими?» деди. У: «Ҳа. Шундай шундай бир чол келди. Биздан сиз ҳақингизда сўраган эди, унга айтдим. Тирикчилигимиз қандайлиги ҳақида сўраган эди, машаққат ва қийинчиликда эканимизни айтдим», деди. «Сенга бирор тавсия айтдими?» деди. У: «Ҳа. Сизга салом айтишимни буюрди. Айтдики, эшигингизнинг остонасини ўзгартирар экансиз», деди.

«Ўша менинг отам эди. Менга сендан ажралишимни буюрибдилар, аҳлингга боравер», деди да, уни талоқ қилиб, ўша қавмдан яна бошқа аёлга уйланди.

Иброҳим алайҳиссалом улардан узоқда Аллоҳ хоҳлаганча юрдилар. Сўнг уларнинг олдига келдилар. Бироқ уни топмадилар. Аёлига учраб, ўғли Исмоилни сўрадилар. «Биз учун ризқ излаб чиқиб кетганлар», деди у. «Ўзларинг қандайсизлар?» деб, ундан тирикчиликлари ва аҳволлари ҳақида сўрадилар. У: «Яхшиликда, кенгчи-ликдамиз», деди ва Аллоҳга ҳамду сано айтди. «Егулигингиз нима?» деди. «Гўшт», деди. «Ичимлигингиз нима?» деди. «Сув», деди.

«Аллоҳим! Улар учун гўштга ҳам, сувга ҳам барака бер», дедилар (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша кунда уларда дон йўқ эди. Агар бўлганида, улар учун унга ҳам дуо қилган бўлар эди», деганлар. Шу боис Маккадан бошқа ерда бирор киши фақат шу иккисини – гўшт ва сувни еса, булар унга (мизожига) тўғри келмайди). «Эринг келса, унга салом айт ва тайинлагинки, эшигининг остонасини маҳкам қилсин», дедилар.

Исмоил келгач: «Бирор киши келдими?» деди. Аёли: «Ҳа, бир хушсурат қария келди – яъни уни мақтади, – мендан сиз ҳақингизда сўраган эди, унга айтдим. Мендан тирикчилигимиз қандайлиги ҳақида сўраган эди, унга яхшиликда эканимизни айтдим», деди.

«Сенга бирор тавсия айтдими?» деди. У: «Ҳа, сизга салом айтди, яна эшигингизнинг остонасини маҳкам қилишни буюрди», деди.

«Ўша менинг отам. «Остона» сенсан, менга сени маҳкам тутишимни буюрибдилар», деди у.

Иброҳим алайҳиссалом улардан узоқда Аллоҳ хоҳлаганча юриб, шундан сўнг яна келдилар. Исмоил Замзам яқинидаги улкан дарахт олдида ўқини учлаётган эди. Унинг келганини кўргач, ўрнидан турди. Икковлари ота болага, бола отага қиладиган муомалани қилишди. Сўнг: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», дедилар. У: «Роббингиз буюрганини қилинг», деди. «Менга ёрдам берасанми?» дедилар. «Сизга ёрдам бераман», деди. У зот бир баланд қумтепага, унинг атрофига ишора қилиб: «Аллоҳ менга мана шу жойга бир уй қуришни буюрди», дедилар.

Улар Байтнинг пойдеворларини кўтаришди. Исмоил тош келтирар, Иброҳим алайҳиссалом бинони қурар эдилар. Ниҳоят бино кўтарилгач, Исмоил мана бу тошни олиб келиб, у зот учун қўйиб берди. Иброҳим алайҳиссалом ўшанинг устида туриб, қурар эдилар. Исмоил эса у кишига тошни олиб бериб турар эди. Икковлари: «Роббимиз, биздан қабул эт, албатта Сен эшитувчисан, билувчисан», дейишар эди. Улар Байтни айланасига қура бошлашди».

Бухорий «Саҳиҳ»ида ривоят қилган.

Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган жойлардаги халқларга пайғамбарлик қилдилар.

У киши ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссалом билан туташади.

Исмоил алайҳиссалом ёлғиз қизларини укаларининг ўғли Ийс ибн Исҳоққа турмушга берганлар.

Исмоил алайҳиссалом, бир ривоятга кўра, 137 йил умр кўрганлар ва вафотларидан сўнг оналари Ҳожарнинг ёнларига, Каъба ҳижри, яъни ойсимон пойдевори ичига дафн қилинганлар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавоту саломлари бўлсин.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз Абу Закариё Абдураҳим ибн Аҳмад ибн Наср ибн Исҳоқ ибн Амр Тамимий Бухорий.Илм йўлида юрт кезганлар.Ҳижоз, Шом, Яман, Миср, Ироқ, Рум, Хуросон, Бухоро, давоми...

2456 12:00 / 20.04.2019
Вадо хутбасиrdquo жумласи луғатда .хайрлашув, айрилиқ хутбасихитоби, деган маънони билдиради. Ҳижрий ўнинчи йилнинг 9зулҳижжасида милодий 632 йил 8 март Пайғамбар давоми...

6563 05:00 / 06.01.2017
Тарих поезди бизни Ислом умматининг кўплаб буюк инсонлари чиққан Юқори Мисрга олиб боради. У ердан таниқли Ислом олими имом Суютий ва муҳаддис, тарихчи Аҳмад давоми...

2434 13:30 / 06.04.2021
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг шарафи ва давоми...

1271 15:25 / 08.06.2023
Аудиолар

137645 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57714 14:35 / 11.08.2021