1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етган озорлар

17:58 / 21.12.2017 3726 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оддий мусулмонларга турли азоблар бериб, ўз мақсадларига эриша олмаган кофирлар уларнинг сардори бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга ўтдилар.

Дастлаб улар ўзларининг эсипастларини Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи, сеҳр­гар, шоир, коҳин ва мажнун, деб озор беришга гиж-гижладилар. 

Улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмадилар.

Бир куни мушрикларнинг бошлиқлари Каъбаи муаззаманинг ёнида гаплашиб ўтирар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Кофирлар эса у зотни масхара қилиб, устиларидан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб, қаттиқроқ гап айтган эдилар, улар бемазагарчиликларини йиғиштирдилар.

Эртасига яна ўша ерда ўтирган эдилар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Шунда кофирлар бирдан ёпирилиб, у зотни ўраб олдилар. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тутиб, судрай бошлади. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртага тушдилар ва йиғлаб туриб:

«Роббим Аллоҳдир», дегани учун бир одамни ўлдириб юборасизларми?», деб ажратиб олдилар. 

Аммо кофирлар Абу Бакрнинг ўзига ташланиб, соқолидан ушлаб, тортдилар, ҳатто бошини ёрдилар.

Бироқ, кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа мусулмонларга тегмай қўйди, деб бўлмас эди. Улар бошқа мусулмонларга нисбатан ҳам ашаддийлашиб бораётган эдилар.

Бир куни Абу Бакр одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват қилаётган эди, мушриклар бирдан унинг устига ёпирилдилар. Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуни оёқлари остига олиб, тепкилай кетдилар. Аёвсиз калтакладилар. Утба ибн Робийъа бўлса икки кавуши билан у кишининг юзига ура бошлади. Оқибатда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзи таниб бўлмайдиган ҳолга келди.

Қариндошлари келиб, у кишини кўтариб кетишаётганда ўлганига шубҳалари йўқ эди. Аммо кечга бориб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳушларига келдилар. Ўзларига келишлари билан у киши:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрадилар. Қариндошлар бу гап учун Абу Бакрни маломат қилдилар, сўкдилар. Шунда Умму Жамийл бинту Хаттоб исмли муслима аёл у кишига яқинроқ келди. Абу Бакр ундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрадилар. У бўлса:

«Мана, онанг сенинг гапларингни эшитиб турибди», деди. 

«У билан ишинг бўлмасин», деди Абу Бакр.

«Саломатлар, тинчлар», деди Умму Жамийл Абу Бакрнинг ўзи эшитадиган қилиб. У кофир қариндошлар орадаги сирни билиб қолмасликлари учун тиришар эди. 

Абу Бакр бўлса:

«Аллоҳ учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бормагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман», деди. 

Икки аёл қулай пайтни пойлаб турдилар. Одамлар тарқалиб, атрофга сукунат ҳоким бўлганда икки томонидан суяб, Абу Бакрни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ҳолини кўриб, кўп ачиндилар ва унинг ҳаққига, онасининг ҳаққига дуо қилдилар. Онасини динга даъват қилган эдилар, у аёл иймонга келди.

Бунга ўхшаш ҳолатлар борган сари кофирларнинг ҳайратини ошириб борарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ташвиқот ишлари олиб бориш ҳақида маслаҳатлар қилар эдилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  (ҳадис ва ҳаёт киТОБИДАН)

 

 

Кофирларнинг Пайfамбар алайҲиссаломга Қарши ташвиҚот ҲаҚида маслаҲатлари

 

Бу масалага мушриклар қандай қараганларини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатларидан билиб олинади. 

У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойлардан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом масжидда «Ҳаа мийм танзийлул китаби» оятини ўқиётганларида Валид ибн Муғийранинг кўнгли эриб, ўз қавми – Бану Махзум қабиласи олдига борди ва: 

«Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор. Албатта, унинг усти самарали, ости баракали, албатта, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деди. Сўнгра уйига қараб кетди. 

Қурайш қабиласи аъзолари:

«Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, энди Қурайшнинг барчаси ҳам диндан чиқади», дедилар. 

Шунда Абу Жаҳл ўрнидан турди ва:

«Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман», деди. У Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: 

«Нега хафа кўринасан?» деди. 

«Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғамбирлик билан. – Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти. Уларнинг айтишича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берган эмишсан, Муҳаммад билан Абу Бакрдан қолган таомларини сўраб юрган эмишсан?». 

Валиднинг аччиғи чиқди ва:

«Менинг молим ва фарзандим ҳаммадан кўп эканлигини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса?», деди. 

Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласининг аъзолари ўтирган жойга келди ва:

«Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» деди.

«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», деди қабила аъзолари.

«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.

«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.

Муҳаммад алайҳиссалом ростгўйликлари учун Пайғамбар бўлишларидан аввал «амин» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага:

«Нима дейлик бўлмаса?» дедилар.

Валид ўйланиб қолди. Ўзича тўқиб-бичди-да:

«Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди.

Шундай қилиб, ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамларга бир хил гап – «У сеҳргардир», деб айтишга келишиб олдилар. 

Улар ҳаж мавсумида ҳожиларнинг йўлига одам қўйиб, шу маънода тескари ташвиқот олиб бориш режасини туздилар. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Намозингиз ила қуёшнинг чиқишини ҳам, ботишини ҳам намоз вақти қилиб олманглар. давоми...

2509 11:00 / 28.06.2020
321. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намоздан давоми...

1563 19:00 / 01.12.2023
. . .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кечки таом қўйилсаю, намозга иқомат айтилса, кечки таомдан давоми...

5212 13:00 / 20.12.2020
683. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқойдин назар солмоқчи бўлса, давоми...

4076 20:00 / 04.03.2022