Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 жумадис сони | 2025 йил 09 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўради | Сийрат дарслари (347-дарс)

19:00 / 26 сентябрь 1098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

753. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

754. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан менга энг севимлигингиз ва Қиёмат куни энг яқин бўладиганингиз чиройли хулқлигингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва Қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳларингиздир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?» дейишди. «Улар мутакаббирлардир», дедилар».

Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

755. Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: «Яхшилик гўзал хулқдир. Ёмонлик ичингда кезаётган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

756. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан» деб ёзилади. Сизлар ёлғондан эҳтиёт бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоблардан» (ёлғончилардан) деб ёзилади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

757. Абул Ҳавро Саъдий Робийъа ибн Шайбондан ривоят қилинади:

«Ҳасан ибн Алийга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани ёдлаб қолгансан?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Сени шакка солган нарсани қўйиб, шакка солмаган нарсага ўт. Албатта, содиқлик хотиржамликдир. Албатта, каззоблик шубҳадир»ни ёдлаб олганман, деди».

Термизий, Насоий, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш 14қисм АЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ давоми.Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг давоми...

5781 19:22 / 19.04.2017
302. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, бурнини уч марта чайсин. Албатта давоми...

3340 19:00 / 27.10.2023
674. Омир ибн Восиладан ривоят қилинади .Нофеъ ибн Абдулҳорис Асафонда Умар розияллоҳу анҳуга йўлиқди. Умар уни Маккага омил қилган эди. Шунда у .Аҳли Қурога кимни давоми...

1538 19:00 / 09 май
Кунлари умримиздек қисқа, тунлари орзулармиздек узун қиш... Мўмин инсон қисқа фурсатларни ғанимат билади, узун орзуларга эса берилиб, боғланиб қолмайди.Бу гал давоми...

5600 16:21 / 14.12.2018
Видеолар

252 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

211869 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар