1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Энг улуғ оят

15:35 / 20.04.2020 3595 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У Зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, Ўзи хоҳлагани мустасно. Курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларнинг муҳофазаси Унга оғир келмас. Ва У ўта олийдир, ўта буюкдир. (Бақара сураси, 255-оят).

Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласида келган сифат Аллоҳ таолонинг ягоналигини ҳеч шубҳасиз, исбот қилади. Бошқа динларда пайдо бўлган нотўғри ақийдаларни ҳам тўғрилайди. Пайғамбарлардан кейин ихтилофга тушган умматлар Аллоҳнинг сифатларида ҳам ихтилоф қилишган. Мисол учун, христианлар (насоролар) Ийсо алайҳиссаломдан кейин бутунлай адашиб, Аллоҳнинг зоти ҳақида нотўғри ақийдага бордилар. Улар учлик назариясини яратиб, «Аллоҳ уч зотнинг учинчисидир», – деганлар. Бошқалар ҳам шунга ўхшаш ихтилофлар қилишган. Исломий тасаввур бўйича эса:

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Аллоҳ ягона, дунёда фақат Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор Зотдир. Яъни бандалар фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшамоқлари, фақат Унинг Ўзигагина банда бўлмоқлари керак. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина итоат қилмоқлари, сиғинмоқлари, бўйсунмоқлари ва фақат Ундангина қўрқмоқлари лозим. Фақат Аллоҳнинг шариати, қонун-қоидалари, дастури асосида яшамоқлари зарур.

«У Ҳайй ва Қойюмдир».

Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.

Аллоҳнинг «қойюм»лик сифатининг маъноси – Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи экани ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир. Бу сифат шу даражага етганки,

«Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас».

Яъни У доимо сергак, Унинг туриши бир лаҳза ҳам сусаймайди.

«Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир».

Осмонларда нимаики бўлса, ерда нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммасининг эгаси Аллоҳдир. Бу эгалик умумий бўлиб, ҳеч нарсани четда қолирмайди. Бу эгаликни ҳеч бир нарса чегаралай олмайди.

«Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас».

Бу ҳам улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради. Бандаларнинг барчаси, ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб, туриб қоладилар. Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳ изн берганларгина, У Зот берган изн чегарасидагина шафоат қила оладилар. Бу сифат ўтган оятдаги «...ва шафоатчилик йўқ» жумласидан истисно эканини билиб оламиз. Демак, умумий қоидага биноан, шафоатчилик йўқ, аммо истисно тариқасида Аллоҳнинг изни билан баъзи кишилар шафоат қилишлари мумкин.

«У Зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур».

Бу сифат Аллоҳнинг илми шомил илм экани ва У Зот ҳамма нарсани Ўзининг чексиз илми билан билиб туришини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларнинг аввал қилган ишларини ҳам, шунингдек, ҳозир қилаётган ва келажакда қиладиган ишларини ҳам билиб туради. Аллоҳ таолонинг илми чексиз ва ҳамма нарсани қамраб олган, шу жумладан, бандалари билган ва билмаган нарсаларни ҳам билади. Бандалар эса

«Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, Ўзи хоҳлагани мустасно».

Демак, бандалар Аллоҳ билишларини хоҳлаган нарсаларнигина биладилар, холос. Инсон «Илмнинг чўққисига чиқдим», деб жар солганда ҳам, фақат Аллоҳ изн берган озгина илмгагина эришган бўлади.

«Курсиси осмонлару ерни қамраган».

Одатда курси мулкка далолат қилади. Шунинг учун ушбу жумлани баъзи уламоларимиз айтганларидек, «Аллоҳнинг ҳукмронлиги осмонлару ерни қамраб олган», деб тушунсак бўлади.

Аслида эса Курси ва унга тааллуқли нарсалар, бинобарин, ушбу жумла ҳақида уламоларимиз ўзларига етган далиллар асосида бир неча хил фикрлар айтганлар.

Жумладан, баъзи уламоларимиз Курсини «илм» деганлар. Шунга биноан, мазкур жумланинг маъноси «Унинг илми осмонлару ерни қамраган» бўлади.

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу жумланинг тафсирида: «Курси луғатда «икки қадам» деган маънони англатади. Аршнинг миқдорини Аллоҳдан бошқа билмайди», – деганлар.

Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа ривоятларга асосланиб, уламоларимиз: «Курси Аршдан бошқа нарса», – деганлар.

Ибн Жарир Тобарий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Аршнинг олдида Курси худди кенг ерга ташланган темир ҳалқага ўхшайди, холос», – деганлар.

Ўтган уламоларимизнинг кўплари: «Курси Аршнинг олдига қўйиладиган поғонасимон нарсадир», – деганлар.

Шуларга биноан, ақийда бўйича мутахассис уламоларимиз: «Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса одамларнинг арши – тахти ва курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди», – дейдилар.

«Уларнинг муҳофазаси Унга оғир келмас».

Яъни Аллоҳ таоло осмонлару ерни муҳофаза қилиб, тасарруф қилишдан чарчамайди. Бу иш Унга ҳеч ҳам оғирлик қилмайди. Бу сифат Аллоҳнинг қудрати комил ва чексиз эканини кўрсатади.

«Ва У Олийдир, Буюкдир».

Аллоҳ ҳамма нарсадан юқори ва олийдир, Аллоҳ ҳамма нарсадан улуғдир.

Имом Муслим ва имом Аҳмадлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Аллоҳнинг Китобидаги энг улуғ оят Курси ояти экани таъкидланган.

Имом Насаий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Ким ҳар фарз намоздан кейин «Курси ояти»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», – деганлар. Яъни бу «Ўлмагани учунгина жаннатга кирмайди, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди», деганидир.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳодисани ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини сақлашга вакил қилдилар. Биров келиб, тўпланган егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб:

– Ҳозир сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман, – дедим. У:

– Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман, – деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отганда Набий алайҳиссалом:

– Ҳой Абу Ҳурайра! Кечаги асиринг нима қилди? – дедилар. Мен:

– Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим, – дедим. У киши алайҳиссалом:

– Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи? – дедилар. Набий алайҳиссаломнинг «қайтиб келса-чи», – деганларидан унинг яна келишини билдим ва пойлаб турдим. У келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни тутиб олдим ва:

– Сени Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман, – дедим. У:

– Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман, – деди. Раҳмим келиб, уни қўйиб юбордим. Тонг отганда, Набий алайҳиссалом:

– Ҳой Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди? – дедилар. Мен:

– Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим, – дедим. У киши алайҳиссалом:

– Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи? – дедилар. Учинчи марта пойлаб туриб, яна ушлаб олдим ва:

– Энди уч марта бўлди, сени Расулуллоҳнинг ҳузурларига албатта олиб бораман. Ҳар сафар «Қайтиб келмайман», – деб, яна келасан, – дедим. У:

– Мени қўйиб юборсанг, Аллоҳ сенга манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман, – деди. Мен:

– Улар қандай сўзлар? – дедим. У:

– Кўрпангга кириб ётганингда, «Курси ояти»ни ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени қўриқчи қўриб турадиган бўлади. Тонг отгунча сенга шайтон яқинлашмайди, – деди. Эртасига Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди, – дедилар ва: – Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра? – дедилар. Мен:

– Йўқ, – деган эдим, у киши алайҳиссалом:

– Ўша шайтондир, – дедилар».

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилганлар ndash ана ўшалар давоми...

2792 11:40 / 16.10.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Эй иймон келтирганлар Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират давоми...

2254 11:07 / 17.05.2020
Шаръий никоҳдан холи бўлган ҳолда жинсий яқинлик қилиш зинодир. Зино ndash шариатимизда катта гуноҳ ва ҳаром ишдир. У ким билан бўлишидан қатъий назар жирканч иш давоми...

5392 19:00 / 09.08.2022
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

3335 08:06 / 10.11.2018