1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 04 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг иродаси чегара билмайди

11:05 / 05.04.2020 2878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик. Агар Аллоҳ ирода қилганида, улардан кейингилар ўзларига очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан сўнг урушмас эдилар. Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан иймон келтирганлари ҳам бор ва куфр келтирганлари ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ ирода қилганини қиладир. (Бақара сураси, 253-оят)

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Ана ўшалар» деган сўз келмоқда. Бу анбиё алайҳимуссаломга нисбатан бўлган эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан

«Ана ўшалар расуллардир», дейилиши ҳурматга далолат қилади.

Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун экани ва ўша устунлик нимада экани ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».

Мазкур фазл анбиё алайҳимуссаломни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматлар ва барча авлодларга юборилган бўладилар. Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

1.        «Улардан Аллоҳ гаплашгани бор…»

Яъни пайғамбарлар ичида Аллоҳ у билан гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Бу маъно озми-кўпми, диндан хабардор бўлган барча кишиларга маълум. Ва у Қуръони Каримда бир неча бор такрорланган ҳақиқатдир. Мусо алайҳиссаломнинг лақаблари Калимуллоҳ бўлиб, «Аллоҳ ила сўзлашган» деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам оятда у кишининг исмлари айтиб ўтирилмади.

«…ва баъзиларининг даражасини кўтарган».

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

2.        «Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик».

Қуръони Карим Ийсо алайҳиссаломни доимо оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у кишининг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканини исбот қилади. У кишига берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у кишига нозил қилинган Инжил китоби ва Аллоҳ у кишига берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Муқаддас руҳ» деб таржима қилинган «Руҳул қудус»дан мурод фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, катта қўллаш ҳисобланади.

Ояти каримада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад алайҳиссаломга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зот ва у кишининг пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У кишининг пайғамбарликлари барча авлодлар, барча умматлар ва халқлар учундир. У кишининг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У кишининг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у кишидан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб, Муҳаммад алайҳиссаломга бергандир.

Шундай бўлса ҳам, Набий алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», – дейдилар.

Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозуъ! Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб, «Оятда воқеъликдан хабар берилган, ҳадис Набий алайҳиссаломнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканига далолатдир», – деганлар.

«Агар Аллоҳ ирода қилганида, улардан кейингилар ўзларига очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан сўнг урушмас эдилар».

Демак, пайғамбарлардан кейин қолган умматларнинг урушишлари ҳам Аллоҳнинг иродаси, хоҳиши билан бўлар экан. Бу дунёда ҳеч нарса Аллоҳ таолонинг иродасидан четга чиқа олмайди. Инсонлардаги ақл, истеъдодлар турличадир. Ушбу турли-туманлик баъзи вақтларда ҳар ким ўзиникини тўғри деб билиб, ўз фикрини ўтказишга уриниши оқибатида ихтилофларга, ихтилофлар эса урушга олиб келади. Бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади.

«Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан иймон келтирганлари ҳам бор ва куфр келтирганлари ҳам бор».

Ихтилоф кучайиб бориб, куфр ва иймон орасидаги ихтилоф даражасига етди. Иймон билан куфр юзма-юз бўлганида, уруш қилмаса бўлмайдиган даражага етган бўлади. Чунки куфр билан ер юзи обод бўлмайди. Кишилар бахт-саодатга эришмайдилар. Кофир бўлиб туриб, «Пайғамбарларга эргашяпман», – дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Иймон, эътиқод асосида уруш қилиш ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Бўлмаса:

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ ирода қилганини қиладир».

Унинг иродаси чегара билмайди.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай марҳамат қилади Эй одамлар Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг Албатта, Аллоҳни қўйиб, топинаётган давоми...

2108 07:04 / 14.11.2018
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Улар жаҳаннамга ташланган чоғларида унинг ҳанграган овозини эшитурлар, у эса қайнаб турадир, 7оят.Агар давоми...

3662 11:16 / 06.03.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб давоми...

3843 16:00 / 01.03.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён давоми...

3178 19:00 / 18.01.2022
Аудиолар

133446 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53790 14:35 / 11.08.2021