1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қуръон – икки дунё саодати манбаи

19:00 / 23 июль 750 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 

«Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар», – деб айт» (Исро сураси, 88-оят).

Барча инсонларга ҳам, жинларга ҳам жуда оз илм берилгандир. Ҳатто улар руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмай, ҳайрондир. Модомики, шундай экан, ҳаммалари бир бўлиб, ўзаро ёрдамлашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарса келтира олмайдилар. Қуръон сўзлари каби сўзлар туза олмайдилар. Қуръон жумлалари каби жумлалар топа олмайдилар. Лекин Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги фақат сўз, гап, балоғат-фасоҳат ёки услуб жиҳатидан эмас, балки инсониятнинг барча мушкулотларини ҳал қилишида, унга икки дунё саодатини ато этувчи мукаммал ва абадий, ҳар замон ва ҳар маконга мос дастур тақдим қилишида ҳамдир. Бундай илоҳий дастурни ҳеч ким, ҳатто дунёдаги барча инсонларга барча жинлар қўшилиб, бир-бирларига ёрдам бериб, уринганларида ҳам ярата олмайдилар.

Улар Қуръонга ўхшаш нарса келтириш у ёқда турсин, шу бор Қуръонни тўғри англашга ҳам ожизлик қиладилар.

 

«Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар» (Исро сураси, 89-оят).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни иймонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо Қуръондаги бу баёнотларни идрок эта олмаган инсонлар ҳамма нарсадан бош тортдилар. У мисоллардан фойда олмадилар. Улар фақат куфрдан бош тортмадилар.

 

«Улар дедилар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз» (Исро сураси, 90-оят).

Кофирларнинг ақллари пастлиги ушбу таклифларидан ҳам кўриниб турибди. Улар Қуръони Каримнинг тенгсиз ва улкан мўъжиза эканини англаб ета олмадилар. У Аллоҳ томонидан берилган шифо ва раҳмат эканини тушунмадилар. Қуръон ҳар тарафлама икки дунё саодати манбаи эканини англамадилар. Келиб-келиб, ердан чашма отилтириб чиқаришни талаб қилиб ўтирибдилар. Бу ақли ривожланмаган боланинг талабига ўхшайди. Наҳотки, иш ердан бир дона чашма отилтириб чиқаришга қараб қолган бўлса?! Бу чашма нима қилиб берар эди?! Ахир Қуръони Карим миллионлаб моддий ва маънавий чашмалардан иборат битмас-туганмас икки дунё саодати манбаи-ку! Афсуски, кофирлар буни идрок этишдан ожизлар. Ҳа,

«Улар дедилар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз.

Ва яна бошқа нарсалар бўлишини ҳам ўртага қўйдилар:

 

«Ёки сенинг хурмо ва узум боғинг бўлиб ва уларнинг орасидан анҳорларни отилтириб чиқармагунингча…» (Исро сураси, 91-оят).

Бу ҳам аввалги таклифга ўхшаб, уларнинг кўзларига баъзи бир арзимаган моддий нарсаларни кўрсатиб қўйишни талаб қилишдан иборат. Улар Қуръони Каримдек улкан, очиқ-ойдин мўъжиза бир ёнда қолиб, хурмо ва узум боғларни, орасидан анҳор сувлари отилиб туришини истадилар. Шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирар эмишлар. Энг қизиғи шуки, уларга ўша талаб қилган мўъжизалари келтирилганда ҳам, тажрибада собит бўлганидек, бизни сеҳрлаб қўйди ёки у бўлди-бу бўлди, деб баҳона топиб, куфрларида давом этаверадилар. Бу ҳол мазкур суранинг бошланғич мавзуси – Исро воқеасида ҳам кўрилди.

ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ

«Ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимиздан осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча, ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча…» (Исро сураси, 92-оят).

Бу таклиф аввалгиларидан ҳам беодобона таклифдир. Бу таклифда очиқдан-очиқ тажовузкорлик, Аллоҳнинг қудратидан қўрқмаслик кўриниб турибди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот уларни огоҳлантириш маъносида, агар иймонга келмасалар, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишларини эслатганларини юзларига солиб:

«Ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимиздан осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча», сенга иймон келтирмаймиз», – демоқдалар.

Ҳолбуки, осмон устиларига парча-парча қилиб туширилса, иймон келтиришга вақтлари қолмайди. Кофир ҳолларида ўлиб кетадилар. Энг муҳими, аввал бир неча марта таъкидланганидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар бўлганлари учун Аллоҳ у кишининг қавмларини тамомила ҳалок этишни ирода этмаган.

«...ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча...» сенга иймон келтирмаймиз», – дедилар.

Аллоҳ таоло ҳар банданинг олдига Ўзи фаришталар билан келиши, кўзларига кўриниши жорий бўлганида, пайғамбар юборишининг кераги қолмас эди. Умуман, ушбу ақийданинг асоси бўлган ғайбга ишонишнинг ўзи ҳам, аҳамияти ҳам йўқолар эди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмонлар орасида рибонинг тақиқланиши борасида ҳеч қандай ихтилоф мавжуд эмас ва барча йўналиш ва мазҳаблар рибонинг оғир гуноҳ эканлигига иттифоқ қилганлар. давоми...

3017 17:00 / 21.12.2021
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади Ва улардан ҳали уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидирrdquo давоми...

2323 06:11 / 16.11.2018
Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима давоми...

7563 11:23 / 13.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга марҳамат кўрсатди ичларига ўзларидан уларга Аллоҳнинг оятларини давоми...

4824 19:00 / 28.06.2022