1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Итоатнинг олий мукофоти

16:00 / 20.03.2020 3296 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жулайбиб ансорлардан кичик жуссали, уй-жой ва мол-мулки йўқ камбағал бир киши эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан биронтасида турмушга чиқадиган аёл бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириб, у зотнинг унга ҳожати бор ёки йўқлигини билмасдан олдин турмушга бермас эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишига: «Қизингни менга турмушга бергин», дедилар.

У: «Жоним сизга фидо, бу билан бошимиз осмонга етади», деди.

Шунда у зот: «Мен уни ўзим учун сўрамаяпман», дедилар.

Ҳалиги киши: «У ҳолда кимга?», деди.

Расулуллоҳ: «Жулайбибга», дедилар.

У: «Онаси билан маслаҳат қилиб кўрай», деди.

У киши хотинининг олдига бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизингга совчи бўляптилар», деди.

Онаси: «Қандай ҳам яхши, бу билан бошимиз осмонга етади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (қизимизни) турмушга беринг», деди.

У киши: «У зот қизимизни ўзларига сўрамаяптилар», деди.

Хотини: «Ундай бўлса, кимга?», деди.

У киши: «Жулайбибга», деди.

Хотини: «Шўрим қурсин, Жулайбибгами? Асло, Жулайбибга асло. Йўқ, Аллоҳга қасамки, Жулайбибга бермаймиз», деди.

Қизнинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бу гапни айтиш учун ўрнидан турганида, қиз чодирида онасига: «Менга ким совчи қўйибди?», деди.

Онаси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», деди.

Шунда қиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини қайтарасизларми?! Мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга топширинг, чунки у зот мени зое қилмайдилар», деди.

Отаси Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: «Қизимни сизнинг ихтиёрингизга топширдим», деди.

У зот қизни Жулайбибга турмушга бердилар. (Бошқа бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: «Эй Аллоҳ, унга хайр-барака ёғдир! Унинг ҳаётини оғир ва машаққатли қилма!» деб дуо қилдилар).

Ғазотларидан бирида Аллоҳ таборака ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга (баъзи нарсаларни) ўлжа қилиб берган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирон кимсани қидиряпсизларми?» дедилар.

Улар: «Фалончи ва фалончиларни қидиряпмиз», дейишди.

У зот: «Мен эса Жулайбибни қидиряпман. Уни ўликлар орасидан қараб кўринг», дедилар. Улар қараб, етти киши ўлдирган, сўнг ўзи ҳам уларнинг ёнида жонсиз ётган ҳолатда ётган Жулайбибни топишди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб: «У етти кишини ўлдирган эди, сўнг улар ҳам буни ўлдиришди. Бу мендандир, мен эса унданман», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларининг икки муборак билакларига қўйиб кўтардилар. Унинг тобути Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки билакларидан бошқа нарса эмас эди. Қабр кавлангач, у зот ўз қўллари билан уни лаҳадга қўйдилар.

Собит раҳматуллоҳи алайҳ Жулайбибнинг аёли ҳақида: «Ансорлар орасида ундан кўра бадавлатроқ бева аёл йўқ эди», деган (Аҳмад ривояти).

Юқоридаги ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга меҳрибонликлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг ишларида ўзлари бевосита иштирок этиб, уларнинг яхши-ёмон кунларида шодлик ва қайғуларига шерик бўлишлари ҳамда муаммоларини бирга ҳал қилишлари;

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мезонида инсоннинг қадри – унинг иймони, тақвоси, солиҳ амали ҳамда дини учун қилган фидокорлиги билан ўлчаниши. Бунда унинг камбағаллиги, жисмонан кўримсиз бўлиши, насаби пастроқ бўлишининг аҳамияти йўқлиги;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини рад қилиш мумкин эмаслиги. Қуръони Каримда бу ҳақда: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир» (Аҳзоб сураси, 36-оят) дейилган.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларининг баракаси.

"Ҳилол" журналининг  8-сонидан

Қудратуллоҳ тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Ало ибн Зиёд дўзахни кўп эсларди. Бир киши унга .Нима учун одамларни ноумид қиласиз, деди. Ало ибн Зиёд бу танқидга шундай жавоб берди .Мен одамларни ноумид қила давоми...

2445 08:06 / 24.07.2020
Ҳишом Даствоийдан ривоят қилинади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад вафот этганида шериклари унинг синглиси ҳузурига кириб, акаси ҳақида гапириб беришни сўрашди. У шундай давоми...

2317 08:00 / 10.01.2020
Ушбу саволга ойдинлик киритишга Нельсон Мандела хотирасиrdquo фонди, Жанубий Африка Республикасининг Мусулмон уламолар кенгаши ҳамда ушбу мамлакатдаги ҳукмрон давоми...

4616 15:02 / 15.01.2019
Ушбу воқеа бир пайтлар Марказий Африкада ишлаган оврўпалик шифокор аёлнинг ҳаётида юз берган. ...Ўшанда ярим кеча эди. Мен билан ҳамширалар ўта жиддий иш ndash кўз давоми...

4886 19:00 / 19.12.2018
Аудиолар

213181 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132401 14:35 / 11.08.2021