1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ «феномен»и

10:55 / 01 июль 3273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Устоз 2000 йили ватанга қайтганидан сўнг диний илмларни ривожлантириш, халқимизни Ислом асослари билан таништириш йўлидаги самарали ижодни давом эттирдилар. У кишининг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» асарлари кирмаган хонадон юртимизда қолмади ҳисоб. «Иймон», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ихтилофлар ҳақида», «Дин насиҳатдир», «Шоядки тақводор бўлсак», «Поклик иймондандир», «Сунний ақийдалар», «Кифоя», «Одоблар хазинаси», «Руҳий тарбия», «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг» каби юздан ортиқ китоблари мусулмонларнинг том маънодаги маънавий мулкига айланди. Ҳазратнинг китоблари ёшларни маърифатли қилишда, уларга диний тарбия асосида таълим беришда бебаҳо қўлланма вазифасини бажарди, жамиятда жаҳолат ва ихтилофларга барҳам беришда дастуриламал бўлди.

У киши бошчилигида амалга оширилган «Олтин силсила» туркумидаги тўққиз буюк муҳаддис жамлаган ҳадисларни ўзбек тилига ўгириш, изоҳлар ёзиш ва тўплам ҳолида нашр этиш ҳадис илми борасидаги улкан илмий тадқиқотлардан бўлди. «Олтин силсила» лойиҳаси ҳақида сўз борар экан, бир воқеани келтириб ўтай: бу ҳақда ёзмоқчи бўлиб юрганимда қўлимга ибратли ҳужжат тушиб қолди. Абу Исо Термизийнинг 1200 йиллигига бағишланган Халқаро Тошкент Ислом анжумани қатнашчилари қабул қилган якуний ҳужжатда жумладан бундай дейилган экан: «Анжуман қатнашчилари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Ислом дунёси мамлакатларидаги ихтисослашган ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳадис ва дин соҳасидаги бошқа илмлар ўрганиладиган ислом дорилфунуни таъсис этишига даъват этадилар. Ушбу минтақада Ислом дини китоблари, жумладан, машҳур ҳадис тўпламларини чоп этиш, тарқатиш ва таржима қилишдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш тавсия қилинди».

Якуний ҳужжатнинг шу жойига келганда «Алҳамдулиллаҳ» деб таҳмид айтиб юбордим. Чунки ўша олис саксонинчи йилларда қилинган хайрли ният ва ҳаракатлар орадан чорак аср ўтиб рўёбга чиққанига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айнан Шайх ҳазратларининг ташаббуслари билан, у кишининг раҳбарликларида «Олтин силсила» туркумида тўққиз ҳадис китоби таржима қилиниб, нашр этилаётгани ўша холис ниятнинг амалга ошганини кўрсатиб турибди.

Шайх ҳазратларининг ўнлаб китоблари рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилган. У кишининг илмий-маърифий асарлари ҳатто хорижий давлатлардаги ўқувчиларнинг ҳам қўлига бориб етди. Бундан ташқари интернет тармоғида Шайх раҳбарликларида ташкил этилган islom.uz портали доирасида ўнлаб веб-сайтлар ишлаб турибди. Шунингдек, Шайх ҳазратлари бош бўлиб ташкил қилган, у кишининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ бошқараётган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи нашриётларидан бирига айланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўткир ақл-заковати, етук илми, суннатга мувофиқ гўзал ахлоқи ва беназир ҳаёт тарзи, диний маърифат тарқатиш йўлидаги буюк хизматлари билан нафақат Ўзбекистон ёки собиқ Иттифоқ, балки бутун дунёда танилди, жаҳон илм аҳли томонидан тан олинди. У кишининг Бутунжаҳон Ислом Робитасининг таъсис мажлиси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгаши, Бутунжаҳон Ислом уюшмаси, Бутунжаҳон Тасаввуф уюшмаси, Бутунжаҳон Мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутунжаҳон Даъват уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутунжаҳон мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутунжаҳон Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби ўнлаб нуфузли Ислом ташкилотлари ва муассасаларининг аъзоси этиб сайланганининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади. У Саудия Арабистони, Ўрдун (Иордания) ва Покистондаги бир қатор дорилфунунларнинг фахрий профессори этиб сайланган. Бундан ташқари, у жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтган халқаро илмий конференция, анжуман, қурултойлар ишида ҳам фаол иштирок этиб, ҳозирги пайтда Ислом дини ва мусулмонлар олдида турган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида мазмундор маърузалар қилган эди.

У жаҳондаги машҳур Ислом уламолари билан яқин дўст эди, улар билан мунтазам мулоқот қилар, мусулмонларнинг ҳозирги муаммоларини биргаликда муҳокама қилар, фикрий ва ақлий жиҳатдан ўшалар билан бемалол тенглаша оларди. Суриялик атоқли олим шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг раиси доктор Юсуф Қарзовий, шу кенгаш Бош котиби доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий, бир неча Ислом фиқҳи академиялари аъзоси доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий, атоқли ҳанафий фақиҳлардан Муҳаммад Тақий Усмоний, мавританиялик шайх Абдуллоҳ ибн Байя, Шинқитий каби жаҳондаги етакчи уламолар шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳамфикр, ҳаммаслак дўстлари эди.

Шайх ҳазратлари ҳатто Россия мусулмон уммасига ҳам катта ижобий таъсир ўтказганини мамлакатнинг таниқли сиёсатдонлари, баобрў уламолари, оммавий ахборот воситалари буни кўп марта тан олиб гапиришган. Шайх Муҳаммад Содиқнинг Чеченистонда тинчлик ўрнатиш, хориждан кириб келган турли зарарли оқимларнинг таъсирини даф қилишда хизмати катта бўлган, бу борада у Чеченистон президенти Аҳмад ҳожи Қодировга кўп фойдали маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатганди. Бундан ташқари, Шайх ҳазратлари Россиянинг ўзида дин соҳасидаги ихтилоф ва кескинликларни бартараф этишда ҳам фаол иш олиб борган. Журналист Марат Расулов «Жиҳод, халифалик ва такфир. Россия қандай қилиб мутаассибларни доғда қолдиргани ҳақида» мақоласида қуйидагиларни ёзади:

«2012 йилнинг май ойида Москва шаҳрида россиялик диний арбоблар ва дунёга машҳур нуфузли уламолар иштирокида бўлиб ўтган форум якунида жиҳод, халифалик ва такфир масаларини ўз ичига олган «Москва диний декларацияси» деб ном олган ҳужжат қабул қилинди. Мавжуд масалалар ечимига Абдуллоҳ ибн Байя (диний уламо, Мавритания собиқ адлия вазири) бошлиқ шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий (Ироқ), шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ўзбекистон) ва дунё таниган бошқа уламо ҳамда россиялик муфтийлар гуруҳи жалб этилди. Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши аъзоси, ўзбек шайхи Муҳаммад Содиқ (Россия Қаҳрамони Аҳмад Қодировнинг устози) собиқ иттифоқ давлатларида экстремизмга қарши курашиш ва мусулмонларнинг маърифатини оширишга улкан ҳисса қўшган инсондир. Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Москва декларацияси матни устидаги ишларда ҳам иштирок этган».

Бежизга Россия марказий диний идораси у кишини «ал-Фахр» ордени билан тақдирламаган эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳозирги замондаги ҳақиқий мусулмон олимининг ноёб намунасидир. У шариат илмларини, ижтимоий фанларни чуқур билгани, бой ҳаёт тажрибасига эга бўлгани учун муаммолар туғилган пайтда исломий меъёрларни қўллай биларди. Шайх ҳозирги мураккаб, ҳамиша ўзгариб тураётган дунёмизда ҳам мусулмон бўлиб қолиш санъатини мукаммал эгаллаган бўлиб, бу нарса ҳар қандай шароит ва қаршиликлар олдида ҳам Аллоҳнинг амр-фармонлари доирасида қолишни тақозо қиладиган санъат эди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий олим эди. У билимларни эгаллабгина қолмай, балки унга қатъий амал ҳам қилар эди. У ўзи ишонгани ва таълим бергани каби яшар, яшагани каби ишонар ва таълим берар эди. Шунинг учун унинг сўзлари ҳар бир қалбга етиб борарди. У Ислом сари талпинган ҳар бир инсонни эътиборсиз қолдирмас, иши тўлиб-тошиб ётганига қарамай, унга насиҳат қилиш, алоҳида мактуб ёзиб, уни руҳлантиришга имкон топа оларди. У шу тариқа миллионлаб одамлар қалбида иймон чироқларини ёқа олди, минглаб одамларни ҳидоят сари чорлади. Ушбу фикрларимизни Ҳазратнинг китоблари ва мавъизаларини ўқиб, Ислом билан шарафланган украиналик муслима аёл Марям-Натальянинг мана бу дил сўзлари ҳам яққол исботлаб турибди:

«Бундан бир неча йил муқаддам интернет сайтларидан бирида Шайх Муҳаммад Содиқнинг суҳбатларини ўқиган эдим. Бу ҳолатимни сўз билан ифодалаб бўлмайди, буни фақат қалб билан ҳис қилиш мумкин, деб ўйлайман. Бу суҳбатда мусулмонларнинг ва дунёнинг бутун муаммолари очиб берилган, Исломнинг қандай дин экани ҳақида батафсил тушунтирилган эди. Бу ҳозирда ҳайратга солмаслиги мумкин, аммо ўшанда бу маълумотлар бутун фикримни остин-устин қилиб юборган эди... Ўша кунлари сайтда «Қалблар Аллоҳнинг зикри билангина ором олур» мавзуида Рамазон суҳбатлари берилаётган эди. Уларни ўқирдиму йиғидан тўхтай олмасдим. Қайта-қайта ўқирдим, бундай гапларни бошқа ҳеч қаерда учратмаган эдим... Бу нарса, айниқса, Ислом сари йўл олган кишилар учун жуда муҳим эди. Шундан кейин қандай қилиб Исломга кириш ҳақида қизиқа бошладим. Фақат қалбдагина эмас, ҳаётда қандай қилиб мусулмон бўлиш мумкинлиги қизиқтирарди. Алҳамдулиллаҳ, ўша пайтда ҳаммаси Аллоҳнинг лутфу инояти билан мен кутганидан ҳам гўзал амалга ошди... Шайх Муҳаммад Содиқнинг китоблари менга чин дастур бўлди, ҳар куни маслаҳати, тасаллиси билан менга ёрдам беради, муслима сифатида менга Қуръонни тушуниш ва бошқа муҳим тушунчаларни англашда кўмакка келади. Бу китоблар менга тушунарли тилда ёзилгани ва ишонтира олгани сабабли ҳам жуда қадрли эди».

Ҳазратдаги вақтни ўта қизғаниш ва соатларни эмас, ҳатто дақиқаларни бефойда ўтказмаслик, инсонни бойлиги, мансаби, шуҳратига қараб эмас, Аллоҳга ихлоси ва муҳаббати учун қадрлаш, ҳар қандай бало ва муаммолар қаршисида довдираб қолмай, «Иншааллоҳ, яхши бўлади», деб хотиржам туриш, бирон кишининг кўнглини оғритмай, озор бермай муомала қилиш фақат у кишигагина хос фазилатлар эди. Ҳа, атбоълари у кишининг биргина хислатидан ибрат олишга қийналиб юрганида Шайх ана шу хислатларнинг ҳаммасини бир жасадга сиғдира олди. Сиғдирганда ҳам ҳақ йўлдан чалғимади, риё ва шуҳратга интилмади, ихлосни асло унутмади. Ўзининг бутун туриш-турмиши, ҳаёт тарзи, муомала-муносабатлари Қуръон ва Суннатга мувофиқ эканини амалда исботлай олди.

«Кўпчилик унинг хизматида бўлаётган киши улуғмас, ўзи кўпчиликнинг хизматида бўлган улуғдир», деган ҳикматли гап бор. Шайх ҳазратнинг ҳаёт йўлларига, Ислом умматининг манфаати йўлида қилган хайрли ишларига холис назар ташлайдиган бўлсак, битта олимнинг мусулмонлар учун қилган хизмати ниҳоятда салмоқли бўлганини сезиш унча қийин эмас. Бугун у кишидан кейин шуни ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Шайх ҳазратлари қисқагина фаолиятлари давомида унча-мунча жамоалар қилишга улгурмайдиган катта илмий ишларни, тарғиб ва таълим, насиҳат ваъз-иршодларини амалга ошириб кетдилар. Бутун ҳаётларини мусулмонларга Аллоҳни танитиш, Унинг дини асосларини ўргатиш, миллатни эътиқодий жаҳолатдан қутқариб, илму ирфон бўстонларида сайр қилдириш ишига бағишладилар. У кишининг китоблари кирмаган, ваъз-насиҳатлари янграмаган бирорта ўзбек хонадони қолмади ҳисоб. У киши тарқатган илмлардан бебаҳра қолган деярли биронта мусулмонни учратиш қийин.

Ҳазратнинг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ва унинг буюк диний-маърифий хизматларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эътироф этиб, бундай таъриф берди: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаган эди... Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари зиёли одам. У кишини жуда ҳурмат қилиб, кўп учрашиб юрар эдим. Шу киши кўп китоб ўқиган одам эди. Мен у киши билан бир неча бор мулоқотда бўлганман. Ўша киши: «Китоб ўқимаган одамнинг руҳиятиям, келажагиям, умидиям йўқ», деб айтардилар».

Юрт раҳбари Ҳазратнинг бошлаб қўйган масжидларига ташрифи чоғида ана шу самимий эътироф сўзларини айтиш билан бирга чала қолган масжидни тезда қуриб битказиш, унга Шайх ҳазратларининг номини бериш, масжид ёнида катта музей ташкил қилиш, ўша жойда мажлислар зали қуриш таклифини ҳам айтди. Президентнинг «Агар очиғини айтсак, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга ўхшаган буюк одамлар ҳозир етишмаяпти», «У мусулмон умматининг ичида жуда обрўли эди», «У кўпгина жоҳилликларнинг олдини олган киши эди», деган сўзлари юрт раҳбарининг улуғ аллома хизматларини таъкидлаб келтирган самимий эътирофлари эди.

У кишини нафақат юртимизда, собиқ Иттифоқдаги бошқа ўлкаларда, ҳатто хорижий мамлакатларда ҳам танишар, ҳурмат қилишар, беҳисоб китобларини ўқишар, мавъизаларини тинглашар эди. Шайх ҳазратлари Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида китоблар ёзган, мусулмонларнинг барча саволларига жавоб бера оладиган мужаддид олим эди. У киши асримизнинг том маънодаги буюк олими эди. Бернард Шоу деган инглиз ёзувчисининг «Майда одамлар ичида ҳам буюклари бор, улуғ одамлар ичида ҳам буюклари бор» деган сўзи бор. Шайх Муҳаммад Содиқ кўпчиликнинг хизматига ҳамиша шай, улуғ одамларнинг ҳам буюкларидан эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ юқорида васф этилганидай, ўз даврининг мужаддид ва мужтаҳид олими сифатида тарихда қолади. У етук аллома, муттақий зот, Ислом оламида таниқли муфассир, муҳаддис, фақиҳ, муршид, замонасининг йирик намояндаси, таниқли арбоб, катта бир салтанат парламентининг депутати, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийи, кўплаб халқаро илмий муассаса, диний ташкилотларнинг аъзоси сифатида фаолият олиб борди. У Мовароуннаҳр халқларининг чинакам диний раҳнамоси, пири муршиди, насиҳатгўйи эди. У кишининг шиори барча китобларида нақш қилинганидай, «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, унга амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф умр бўйи ана шу шиорига содиқ қолди, Аллоҳ розилигини топиш ниятида, дин ғамида фидойилик кўрсатиб яшади. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг раҳмати, авфи ва карами билан чулғаб олсин, абадий масканларини жаннат боғлари ичра қилсин!

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журнали 8-сонидан

Муаллиф
Аҳмад Муҳаммад Турсун
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳомидхон махдум Эшон дада мулла Абдулғофур Ғофур қори махдум ўғли 1893 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Заркент маҳалласи ҳозирги Ахси кўчасида зиёли хонадонда давоми...

2251 16:00 / 24.01.2022
Аллоҳ таолонинг фазлу карами ила, яқинда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаш бахти каминага насиб этди. Тамомлаш жараёнида, битирув давоми...

6425 06:28 / 16.07.2018
У зотнинг тўлиқ исмлари Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас давоми...

5639 22:15 / 27.04.2017
У кишининг тўлиқ исмлари Муҳаммад Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Солиҳ ибн Саъид ибн Абдуллоҳ ибн Фурфурий адДимашқий алҲанафий бўлиб, Шом диёридаги машҳур Бани давоми...

1800 17:00 / 17.02.2023
Аудиолар

135309 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7489 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55560 14:35 / 11.08.2021