1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мушрикларнинг залолатда давом этавериши

11:00 / 10.03.2020 2938 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Макка мушриклари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳақиқий Пайғамбар эканларига далил сифатида ҳужжат – мўъжизалар кўрсатишни сўрашарди. Ана шулар ичида ойни иккига ёриб бериш талаби ҳам бор эди. Аллоҳ таоло бу ишни нубувватнинг 9-йили рўёбга чиқарди, яъни ой иккига бўлинди. Лекин мушрик-кофирлар бу мўъжизани кўриб туриб: «Муҳаммад одамларни сеҳрлаб қўйди», дейишди.

Аллоҳ таоло Қамар сурасида марҳамат қилади:

«Соат яқинлашди ва ой бўлинди» (1-оят).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ой икки бўлакка бўлинди. Бир бўлаги тоғнинг орқасида, бир бўлаги унинг олдида. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳ бўлинглар!» дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Имом Аҳмад Жубайр ибн Мутъимдан шундай ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар: «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди, – дейишди. Сўнг улар: – Агар бизни сеҳрласа ҳам, барчани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар», дейишди. Мусофирлар келганларида улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўришганини айтдилар. Шунда мушриклар: «Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди», дейишди. Аллоҳ таоло Қамар сурасининг аввалги оятларини нозил қилди».

Сўнг мушриклар у зотдан бошқа бир қанча мўъжизалар келтиришларини сўрашди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Улар дедилар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз. Ёки сенинг хурмо ва узум боғинг бўлиб ва уларнинг орасидан анҳорларни отилтириб чиқармагунингча… ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимиздан осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча, ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча… ёки олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз». Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Расулман, холос!» дегин» (90–93-оятлар).

Кофирлар оддий инсон Аллоҳнинг пайғамбари бўлишини ҳеч ақлларига сиғдира олишмайди. Уларнинг тасаввурида пайғамбар ё фаришта, ёки қандайдир ажабтовур, бошқалардан алоҳида ажралиб турадиган одам бўлиши керак. Ҳеч бўлмаса пайғамбарнинг яшайдиган уйи бошқалардан ажралиб туриши, мисол учун, олтиндан қурилиб, бошқача безатилган бўлиши лозим...

Шунингдек, кофирлар тасаввурида бошқаларга ўхшаб еб-ичадиган, бозорда юрадиган оддий одам пайғамбар бўлиши мумкин эмас. У пайғамбар бўлганидан кейин турли ғайритабиий ишларни қиладиган бўлиши керак.

Мисол учун:

«…ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз», дейишди.

Яъни «Пайғамбар осмондан, Аллоҳнинг олдидан унга китоб нозил бўлаётганини даъво қиляпти, ўзи осмонга чиқиб кўрсатсин, ўша чиққанда бир йўла китобни ҳам олиб тушиб, одамларга берсин, улар ўқисинлар».

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлса-да, аввало, у ҳам оддий одам; одам боласига хос ҳамма нарсалар унга ҳам жорий бўлади. У оддий одам учрайдиган барча нарсаларга учрайди. Пайғамбарлиги эса Аллоҳнинг берган фармонларини амалга ошириш билан бўлади. У ўзича бирор нарсани, жумладан, мушриклар таклиф қилаётган мазкур ишларни ҳам қила олмайди. Булар унинг вазифаси доирасига кирмайди. Бу ишлар фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Худди мана шу ҳолатни идрок эта олмаслик, хусусан, оддий одамнинг пайғамбар бўлишини тасаввур қила олмаслик қадимдан одамларни иймондан тўсиб келган.

Мушриклар сўраган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам кўрсатилмаганида ўзига хос ҳикмат бўлиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи шуни ирода қилган. Агар ўша нарсалар юзага чиққанида, мушриклар ойнинг бўлинишини ёлғонга чиқарганлари каби уни ҳам ёлғонга чиқаришлари аниқ эди. Кейин эса уларни таг‑туги билан қўпориб ташлаш, азоб юбориш вожиб бўлиб қоларди, чунки Аллоҳ таоло ўтган умматларнинг кўпчилигини пайғамбарларига келган мўъжизаларга иймон келтирмаганлари, уларни ёлғонга чиқариш қайта‑қайта такрорлангани учун таг‑туги билан қўпориб йўқ қилган.

Макка мушриклари аҳли китобларга одам юбориб, улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида маслаҳат сўрай бошлашди. Яҳудийлар қурайшликларга: «Ундан руҳ ҳақида сўранглар. Кўп тавоф қилувчи одам ҳақида сўранглар. Аҳли каҳф ҳақида сўранглар», деб ўргатишди. Бу саволларга Каҳф сурасидаги оятларда жавоб нозил бўлди. Лекин мушриклар саркашликда, залолатда давом этаверишди.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тириклигида жаннатла қувонтирилган ўн нафар саҳобадан, Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, саккиз нафар мўминдан, Кенгашнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4704 19:04 / 07.04.2021
Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора онамиздан туғилган ўғилларидир. Иброҳим алайҳиссалом 99 ёшга, жуфтлари Сора ҳам катта ёшга етиб қолганида Аллоҳ давоми...

4792 16:30 / 21.02.2019
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум ерларини фатҳ қилишни ирода этдилар. Ҳамма тайёргарликлар кўрилиб бўлгач, Рум фатҳига биринкетин лашкар жўната давоми...

2398 14:48 / 22.02.2024
Кейинги асрларда нашр этилган деярли барча тарих китобларида Муқаннани ўзбек халқининг қаҳрамони, миллийозодлик ҳаракати йўлбошчиси сифатида талқин этиб давоми...

10491 17:00 / 12.12.2020
Аудиолар

213189 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132409 14:35 / 11.08.2021