1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ҳамдардлик

05:00 / 02.03.2017 2694 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Охир замон бўлганда очарчилик бўлади. Ким ўша очарчиликка тўғри келса, оч жигарларни бошқага алмаштирмасин».

Шарҳ: Яъни, очларга ёрдам беришга шошилсин, дегани. 

Демак, қаҳатчилик, очарчилик бўлган пайтда мўмин-мусулмонлар оч қолганларга ёрдам беришлари керак экан.

Мусулмон жамиятида қаҳатчилик ва очарчилик пайтида қандай ҳамкорлик ва ҳамдардлик бўлишини кейинги ривоятлардан билиб оламиз.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Хурмоларни биз билан биродарларимизга тақсимлаб беринг», дейишди. 

«Йўқ», дедилар. Шунда улар:

«Сизлар ишнинг кифоясини қиласизлар, биз мевасига сизларни шерик қиламиз», дейишди. 

(Муҳожирлар) «Эшитдик ва итоат қилдик», дейишди». 

Шарҳ: Ансорийлар инсоният тарихида ҳеч ким қила олмаган улкан саховатни намоён қилганлар. Ансорийлар Мадийнага кўчиб келган муҳожирларга уйларининг ярмини, молининг ярмини беришган, ҳатто баъзилари, хотинлари кўп бўлса, «Бирортасини танласанг, талоқ қиламан, уйланиб олгин», деган пайтлари ҳам бўлган. 

Ушбу ривоятда ана шу ёрдамнинг бир кўриниши баён қилиняпти. Ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳамдардлик юзасидан катта хурмо боғларининг ярмини муҳожирларга бўлиб беришларини сўраб келишибди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Йўқ» дебдилар.

Чунки У зот тезда фатҳлар бўлиб, бойлик етарли бўлишини билар эдилар. Шундай бўладиган бўлса, ансорийларнинг асл мулклари ўзларининг қўлларидан чиқиб кетмаслиги афзал эди.

Ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига итоат қилиш билан бирга ансорийларга шерикликни таклиф қилиб уларга ҳамдардлик ёрдамини бериш йўлини ҳам ўйлаб топдилар. Муҳожирлар хурмо боғида ишлайдиган ва ҳосил тенг тақсимланадиган бўлди. 

Бу ажримдан икки томон ҳам хурсанд бўлди. Шерикликда тижорат қилиш ҳукми ушбу ҳадисдан ҳам олинган. Кимдир меҳнат қилади, кимдир бунинг харажатини беради, ҳосил эса тенг бўлинади. 

Ҳадиснинг ушбу бобга киритилишига эса унда оғир аҳволда турган муҳожирларга ансорийларнинг ёрдам беришларини мадҳ қилиниши сабаб бўлган.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан хабар қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу очарчилик йили, ўша йили шиддатли ва қийин йил бўлди. Умар аъробийларга турли қишлоқлардан туя, буғдой, ёғ юбориб мадад беришда ижтиҳод қилди. Бу қишлоқларда ҳеч нарса қолмади. 

Шундан сўнг Умар: «Аллоҳим! Уларнинг ризқини тоғларнинг устига тушир», деб дуо қилди. Аллоҳ унинг ва мусулмонларнинг дуосини ижобат қилди. Ёмғир ёға бошлаганда у: «Алҳамдулиллаҳ! Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ кулфатни олмаганида, қай бир мусулмоннинг уйида емиш бўлса, албатта, уларнинг ёнига ўз ададларича фақирларни киритардим. Бир кишига етадиган таомни икки киши еса, ҳеч қачон ўлиб қолмаган», деди». 

Шарҳ: Демак, халқ оч қолган пайтда раҳбарлар фақир-фуқароларни имконияти бор кишиларнинг уйларига киритиб, уларга ёрдам бериш, едириш, ичириш чораларини кўриши Исломнинг ҳукмларидан экан. 

Ҳақиқатдан ҳам, Ислом тарихида очлик йили деб номланган йил бўлган. Ҳазрати Умарнинг даврларида жуда қаттиқ қаҳатчилик бўлган. Экинлар қуриб, ҳайвонлар ўлиб, саҳродаги араблар Маккага ёпирилиб келишган. Ҳаммаёқ одамга тўлиб кетган. 

Ҳазрати Умар кечалари билан ухламай, катта саҳобаларни тўплаб, муҳтожларни кўчаларга, маҳаллаларга юз, икки юз, уч юз, тўрт юзталаб кишиларни тўплаб, уларга овқат тайёрлаб, улашиб, едириб-ичириб, вафот этганларини кўмиб, касалларига қарашиб юрганлар. 

Ҳаммаёққа очлик бўляпти, ёрдам беринглар, деган мазмунда хабар юборганлар. Шунда Миср волийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу «Мадийнада катта очарчилик бўлибди, халифадан менга хабар келди, мен шундай ёрдам қилайки, юборган туяларимнинг биринчиси Мадийнага етиб борганда, карвоннинг охири ҳали Мисрда бўлсин», деб катта карвонларни юборганлар. 

Шу тариқа Ислом уммати дунё тарихида биринчи инсонпарварлик ёрдамини ташкил қилган. Мазкур ёрдам сабабли Аллоҳ Таоло жуда кўп аҳолини очликдан ўлиб кетишдан сақлаб қолган. 

Ривоятнинг давомида айтилишича, одамлар ҳамма емишни еб бўлишгач, ҳеч нарса қолмаган. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳаммани истисқо намози ўқишга чақирганлар. Бориб, оналаримиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ридоларини бир марта кийишга сўраб олганлар. Ўзлари ялангоёқ, ялангбош бўлиб, ўзларини хор-зор тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ридоларини елкаларига ёпиб, бутун халқни намозгоҳга олиб чиққанлар. Ҳаммага ўзингизни хор-зор тутиб, Аллоҳ Таолога ёлворинглар, деб буюрганлар. 

Истисқо намозини ўқиб туриб, сўнг ҳазрати Аббосни чақирганлар ва «Мен дуо қилиб тураман, сен «омийн» деб турасан», деганлар. Сўнг: «Эй Аллоҳ! Биз доим сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб илтижо қилар эдик, ҳозир эса у Зотнинг амакиларини васила қиляпмиз. Бизга ёмғир бергин, ризқ бергин» деб дуо қилганлар. 

Ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳу ҳам қаттиқ йиғлаб туриб дуо қилганлар. Дуо тугамасдан ёмғир ёғишни бошлаган, қаҳатчилик тугаган. 

Ўн еттинчи ҳижрий сана Ислом тарихида рамода-очлик йили номи ила машҳур. Ўша йили қаттиқ қаҳатчилик, очлик ҳукм сурган. Ана ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аҳолини ҳалокатдан соқлаб қолиш учун катта тадбиркорлик ва фидокорлик кўрсатганлар.

Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Рамода (очлик) йили бўлганда араблар ҳар томондан Мадийнага ёпирилиб келдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамлар тайинлаб, уларга қараб туришни, таом ва хўрак тақсимлаб беришни буюрган эдилар. 

Язийд ибн Ухти ан-Нимр, ал-Мисвор ибн Макрама, Абдурраҳмон ибн Абдул Қори, Абдуллоҳ ибн Атоба, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлар ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар. 

Улардан ҳар бири Мадийнанинг бир ноҳиясига қарар эди. Аъробийлар Раъсус Сания, Ромиж, Бани Ҳориса, Бани Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бани Қурайза, бир қисмлари Бани Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадийнага тўлиб кетишган эди. Бир неча одамлар овқат қилиб бўлганларидан кейин Умарнинг: 

«Бизнинг олдимизда кечки таом еганларни ҳисоблаб чиқинглар», деганини эшитдим. Ҳисоблашувди, етти минг киши чиқди.

«Бу ерга келмаган аҳли аёл, бемор ва ва болаларни ҳам ҳисоблаб чиқинглар», деди у. 

Ҳисоблашувди-қирқ минг киши чиқди. 

Сўнг бир неча кеча ўтди. Одамлар зиёда бўлди. У яна амр қилди. Ҳисоблашувди, унинг ҳузурида кечки таом еганлар ўн мингта, бошқалар эса эллик мингта чиқди. 

Кўп ўтмай Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Шунда Умар ҳалигиларнинг ҳар бир ноҳиясига бир вакил тайин қилиб, уларни чўлга чиқаришни буюрди. Уларга таом ва чўлга олиб кетгани юк ҳам беришар эди. Умарнинг ўзи ҳам уларни чиқараётганини ўз кўзим билан кўрдим.

Аслам айтадики: «Уларнинг ичида ўлим тарқалган эди. Менимча учдан иккилари ўлиб, учдан бирлари қолди. Умарнинг қозонлари устида одамлар тик туриб тонг отгунча каркур пишириб чиқишар эдилар. Сўнгра беморларга берар эдилар. Асоид (ун билан ёғ) пишириб ҳам беришар эдилар. Умарнинг буйруғи ила катта қозонларга ўт ёқилиб ёғ қайнатилар, совуганидан кейин нонга булаб сарийд қилинар ва халиги ёғга қўшиб ейилар эди. 

Араблар ёғ есалар истималари чиқар эди. Умар Рамода замонида ўз болаларининг бирортасининг уйида ҳам, хотинларининг бирортасининг уйида ҳам таом емади. То одамларга Аллоҳ жон киргизгунча фақат улар билан кечки таом ер эди, холос.

Ибн Саъд Фирос ад-Дайламийдан ривоят қилади: 

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар кеча дастурхони учун Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрдан юборган туялардан йигирма туяни сўяр эдилар.

Шу билан бирга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу балони эл-юрт бошидан кўтаришни Аллоҳдан сўраб суннатга мувофиқ оммавий ибодатни ҳам ташкил қилганлар.

Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қахатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қилди:

«Эй, бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди, биз сенга Пайғамбаримизнинг амакиси ила тавассул қиламиз. Бизни сероб қилгин»-деди. Яна: «Сероб қилинурлар»-деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларини кийиб олиб, кишиларни намозгоҳга бошлаб чиққанлар ва Ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васийла қилиб, истисқо қилганлар. 

Ривоят қилинишича ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб: 

«Эй, бор Худоё! Албатта, гуноҳ бўлмаса, бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана биз қўлларимизни ўзингга очиб гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни сенга эгиб тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин, деганлар. Шунда, ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган.

Кўпчилик уламоларимиз таъкидлашларича ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғрининг қўлини кесиш ҳукмини ҳам вақтинча тўхтатганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига Музайна қабиласидан бировнинг туясини ўғирлаганлари учун бир неча йигитни ушлаб олиб келдилар. Ҳазрати Умар уларнинг қўлини кесишга амр қилдилар. Шунда баъзилари, бу йигитлар Ибн Ҳотиб ибн Балтаъа исмли кишининг йигитлари эканини, хўжайинлари уларга овқат бермаганидан туя ўғирлаб сўйиб ейишга мажбур бўлганларини айтдилар. Ҳазрати Умар ҳукмни дарҳол бекор қилдилар. Хўжайинни чақириб келиб, койидилар ва ўғирланган туянинг баҳосини икки баробар тўлашга амр қилдилар. Шундан кейин ҳозирча ўғрининг қўлини кесмай туриш ҳақида фармон чиқардилар.

Баъзи кишилар бу ишни шариатнинг ҳукмини вақтинча бекор қилиш деб атайдилар. Аслида эса бу иш шариатнинг ҳукмини ўз ўрнида ишлатишдир.

Ислом жамияти ўз аъзоларининг ижтимоий таъминотларини яхшилаб йўлга қўяди. Аввало, ночор кишиларнинг нафақасини яқин қариндошларига Аллоҳнинг олдидаги диний бурч сифатида вожиб қилади. Ота фарзандларига, эр хотинига, ака укаларига, фарзанд ота-онасига ва ҳоказо нафақа бериши шарт. Яъни, бой қариндошлар ночорларига нафақа беришлари вожиб. Ихтиёрлари билан беришмаса, қози ҳукм чиқариб, мажбур қилади. 

Ночор инсоннинг яқин қариндоши бўлмаса, унга давлат ёрдам беради, бой мусулмонлар нафақа беради. Иш берувчи ишчига нафақа беради ва ҳоказо. Агар бу чоралар қўлланмаган бўлса, ўғрилик содир этилса, қўлини кесишга ҳукм чиқаришга давлат ҳақли бўла олмайди.

Худди шунинг учун очлик йилида давлат одамларни таъминлай олмай қолганда, шариат руҳини дақиқ нуқталаригача тушунган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шариатнинг ҳукмига биноан вақтинча ўғрининг қўлини кесмай туришни жорий қилдилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
801. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбуни кўп айтар эдилар.Аллоҳим Мен Сендан ғам ва маҳзунликдан, ожизлик ва дангасаликдан, давоми...

11932 23:31 / 04.05.2017
Жобирдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳим Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин. Иккисини менга икки ворис қилгин. Менга давоми...

3679 05:00 / 03.03.2017
Америкалик бева аёл ҳолати аъло даражада бўлган мерседес автомашинасини бир долларга сотиши ҳақида эълон берди. Кўпчилик буни ҳазил деб ўйлаб, ушбу эълонга давоми...

5090 17:00 / 09.08.2022
Фусайла деган аёлдан ривоят қилинади .Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим.Эй Аллоҳнинг Расули Бир одам қавмига зулмда ёрдам берса, тарафкашлик бўладими, давоми...

2478 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

131066 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51591 14:35 / 11.08.2021