Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(Атоқли аллома шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан суҳбат)
Қиёмат куни энг аввал устидан ҳукм чиқариладиган кишилар шаҳид мужоҳид, илм ўргатувчи олим ва садақа қилувчи бой экани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хабар берганлар. Бу масала янада тушунарли бўлиши учун «Сиҳоҳ аҳадиси қудсия» номли китобимдаги тўртинчи ҳадисни келтириб ўтсам.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ қиёмат куни бандалари ўртасида ҳукм чиқариш учун нозил бўлади. Ҳар бир уммат тиз чўккан ҳолда туради. Аллоҳ энг аввал Қуръонни ёд олган кишини, Аллоҳ йўлида қатл қилинган кишини ва мол-дунёси кўп кишини чақиради. Шунда Аллоҳ Қуръон ҳофизига: «Мен сенга Расулимга нозил қилган нарсани ўргатмадимми?» дейди. Қори: «Ўргатган эдинг, эй Роббим», дейди. Аллоҳ: «Билганларингдан нимага амал қилдинг?» деб сўрайди. У: «Кечаю кундуз ибодат билан қоим бўлар эдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ унга: «Ёлғон айтдинг», дейди. Фаришталар ҳам унга: «Ёлғон айтдинг», дейишади. Аллоҳ: «Аммо сен «Фалончи қори», дейишларини хоҳлагансан ва шундай ҳам дейилгансан», дейди» (Муслим ва Термизий ривояти).
Аввал ҳукм чиқариладиган уч тоифанинг биринчиси – Қуръонни ёд олиб, ўрганган киши. Қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг ҳолини била туриб айтади: «Мен сенга Расулимга нозил қилган нарсани ўргатмадимми?» У Аллоҳга ҳужжат келтириш учун: «Ўргатган эдинг, эй Роббим», дейди. Бу банданинг ундан шукр қилиш талаб этиладиган улкан неъматга иқрор бўлишидир. Бу неъмат – илм, Аллоҳ барча яхшиликларни жамлаган Қуръони Карим илмидир. Қуръони Карим биз бандаларни дунё ва охиратнинг барча яхшиликларига чорлайди.
Лекин мазкур киши муваффақиятга эришганлардан бўлмади. Дунё ва охиратда Аллоҳга ростгўйлик қилмади. Аллоҳ ундан сўради: «Билганларингдан нимага амал қилдинг?». У: «Тунлари ва кундузлари Қуръон билан қоим бўлар эдим», дея туну кун Қуръони Карим билан машғул бўлганини пеш қилади. Бу бечора Қуръоннинг тафсири ва фиқҳ билан машғул бўлиш руҳидан, улуғ мақсаддан ғофил эди. У қалби ва мақсадини Аллоҳдан ўзга нарсалардан поклаш ҳақида ўйлаб кўрмаган ҳам эди. Шунингдек, у Аллоҳнигина ирода қилиш, Унга юзланиш ва Уни яккаю ягона деб билиш вожиб эканидан ғафлатда эди.
Қуръони Каримни ўқиган киши бу маънолар илмидан бехабар қолмайди. Лекин ҳадисда зикр этилган қори каби гоҳида уларга амал қилишда жоҳилона йўл тутади. Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўраймиз.
«Аллоҳ унга: «Ёлғон айтдинг», дейди. Фаришталар ҳам унга: «Ёлғон айтдинг», дейишади. Аллоҳ унга қалбидаги ҳақиқатни баён қилиб, «Аммо сен «Фалончи қори» дейишларини хоҳлагансан ва шундай дейилгансан», дейди. Яъни ўзинг ҳаракат қилган нарсага эришдинг, талаб қилган нарсангни ҳосил қилдинг. Сен учун бошқа мақсад қолмади. Имом Муслимнинг ривоятида келтирилганидек, сўнгра у юзтубан судраб олиб борилиб, дўзахга улоқтирилади.
Агар «Талабанинг илм олишдан мақсади нима бўлиши керак?» деган саволга мен: «Талаба учун илм олишдан мақсад Аллоҳ ва Унинг розилиги бўлмоғи лозим», дейман. Шунингдек, таълим олиш, дарс қилиш ва илмнинг барча воситаларида, ҳатто ўқишга бориб-келиш, китоб сотиб олиш, устозларни танлашда ҳам нияти холис – Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Бошқалардан кўра кўпроқ ҳолати ва сўзи орқали уни Аллоҳга чорлайдиган устозлар билан ҳамсуҳбат бўлсин. Илм толиби илмий мажлисларда ташқи кўриниши ва кийинишида ҳам ниятини тўғри ва гўзал қилсин.
Талаба илмида, амалида, ўрганган барча яхшиликларини татбиқ қилишда Аллоҳнинг розилигини исташи лозим. У бирор илоҳий ёки набавий буйруқни ўрганар экан, уни ҳаётига татбиқ қилишга шошилсин ва қай бир илоҳий ёки набавий қайтариқни ўрганар экан, ундан тийилсин. Толиби илмнинг юриш-туришида, тўғри йўлни топишида кундан-кунга яхшиланиш кўзга ташлансин, орадан кўп ўтмай, илмига амал қулувчи олимга айлансин.
Бугунги кунимизда толиби илм «деди-деди»дан, ортиқча савол бериш ва гап-сўздан, тортишув, шак-шубҳага берилишдан сақланмоғи лозим. Масалалар ва ёдланадиган нарсаларга бутунлай шўнғиб кетишдан, уламоларга нотаниш ва ихтилоф ҳамда баҳс-мунозарага сабаб бўлган китоблардан нақл қилмасин.
Талаба илмни бевосита уламолардан, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш орқали олсин, тўғридан-тўғри китобдан олишдан сақлансин. Шунингдек, аввал ўтган улуғ ёшли уламолар одоби ва хулқларидан юз ўгирмасин. Уламолар одоби билан одобланган кишиларни таҳқирлашдан, одамларни нафратлантирадиган тубан сифатлар билан сифатланишдан эҳтиёт бўлсин.
Баъзи кимсалар илм фақатгина ёдланадиган маълумотлар ёки фалон-фалон масалада баҳс юритиладиган, мажлисларда мақтанадиган, китобларнинг ҳошиялари, изоҳ ва шарҳлар (таълиқотлар) билан тўлиб-тошган манбаларни ўзлаштириш деб ўйлашади. Буларни ёдлаб олган киши аллома, замонасининг олими, асрининг муҳаддиси саналaди деган хаёлда бўлишади.
Бугунги кунда одамларни чалғитиб қўйган замонавий воситалар – компьютер дастурлари билан ишлаш илм деб ҳисобланадиган бўлиб қолди. Баъзилар улардан фойдаланиш билан ўзларини ҳофизул Қуръон, мужтаҳид олим деб ўйлай бошлашади. Натижада турли масала хусусида шайх ва уламоларга мурожаат қилинмай қўйилди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади, улардан савол сўралади. Улар ҳам одамларга илмсиз равишда фатво бериб, ўзлари адашади ва уларни ҳам адаштиради» деган муборак сўзларини тасдиқлайди.
Бундан ҳам ачинарлиси эса бирор китоб ёки қўлёзма ҳақида умумий маълумотдан бошқа ҳеч нарсани билмайдиган баъзи кишилар ушбу ишлари билан ўзларини уламолар мурожаат қиладиган мутахассис даражасига кўтарилдим деб ўйлашади. Илм эса олий ва умуман бошқа нарса. Илм ёдда сақлаш, фаҳмлаш, амал қилиш, татбиқ этиш, илми билан хулқланиш, Аллоҳга қуллик, парҳезкорлик, собитқадамлик, нафсни ҳисоб қилиш, Аллоҳга яқин бўлиш, анбиёлар саййидининг йўли билан ҳидоятланиш ва у зотнинг асҳоблари ва яхшиликда уларга эргашганлар сийратига эргашишдир.
Бинобарин, ҳеч нарса талабани илмига амал қилувчи уламолар суҳбатидан беҳожат қила олмайди. Чунки улар сўзловчи китобдир. Агар биронта одам: «Нима учун илмни ёд олган, ўрганган ва сифатланган кишиларни олим, ҳофиз ва фақиҳ деб атайсиз? У сиз номлаган ва сифатлаган нарсалар узра эмас-ку?» деса, мен унга айтаманки: «Мен ундай кишиларни «Баҳжатун-нуфус»нинг соҳиби, парҳезкор имом Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра Андалусий (вафоти ҳижрий 699 йил) номлаганлари каби номлайман. У зотнинг шогирди Ибн Ҳожж ўзининг машҳур «Мадҳал» номли китобида бундай ҳикоя қилади: «Саййидим Абу Муҳаммад ибн Абу Жамрага ўз даврининг уламоларидан, олим, ҳофиз ёки фақиҳ нисбати берилган бир киши амали озлиги билан зикр қилинса, илмнинг фазилати туфайли унга мақтов айтиб, илм мансабига аҳл бўлмаган кишига илм нисбатини беришдан ва ёлғон гапиришдан қўрқиб, уни «ривоят қилувчи» дер эди. Чунки ривоят қилувчи ҳақиқатдан ҳам олим саналмайди, балки у ходимлардан биридир».
Шаръий илм, Муҳаммад алайҳиссалом қолдирган мерос фақатгина хотирада сақлаб қўйиш, мавъиза ва йиғилишларда гапириш учун эмас, балки ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга чиқариш учун, унга амал қилиш, уни тарқатиш, келгуси авлодга гард юқмаган, ҳавои нафс истаклари ва шахсий ғоялар билан лойқаланмаган ҳолда, соғлом ва мусаффо ҳолатда мерос қолдириш ва етказиб бериш учун таълиф қилинган.
Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ Зайд Ибн Арқам, Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Анас, Ҳабиб ибн Абу Собит ва Ибн Амр розияллоҳу анҳумдан мурсал ҳолда: «Манфаатсиз илмдан Аллоҳдан паноҳ сўранг» дегани ривоят қилинган. Жобир розияллоҳу анҳудан ҳам: «Аллоҳдан манфаатли илмни сўранг ва манфаатсиз илмдан паноҳ тиланг», дегани ривоят қилинган.
Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўраш ва манфаатсиз илмдан паноҳ тилашдан – илмнинг учинчи тури ҳам бор экани англашилади. Ўша тури зарарли илмдир. Манфаатсиз илм – манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган илмдир. У илм аслида зарарли. Бефойда илмни ўрганган киши ўзига ато қилинган нарсалар – мол-мулк, вақт, куч-қудратни охиратига манфаат бермайдиган нарсага сарфлаган бўлади. Бундай йўл тутиш ҳақиқатда зарарли ҳисобланади. Банда манфаатсиз нарса хусусида Аллоҳдан паноҳ сўрашидан кўра, зарар келтириши аниқ бўлган нарсадан паноҳ сўраши аълороқдир.
Манфаатли илм сизни амал қилишга, солиҳ амаллар билан Аллоҳ таолога янада яқин бўлишга чорлайди, қалбингизни нурга тўлдиради, нафсингизни тарбиялайди. Натижада ҳар қандай каттаю кичик иш қаршисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг содиқ издошлари каби йўл тутади. Аллоҳим, бизларни ҳам мана шу неъмат ила азиз ва мукаррам қилгин!
Анвар Аҳмад Истанбулдан ёзиб олди.
«Ҳилол» журналининг 9-сонидан