1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Аёл меросхўрлар (биринчи мақола)

10:45 / 17.02.2020 2487 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл меросхўрлар ўн тоифага бўлинадилар:

1. Қиз.

Сулбдан бўлган ўз қизларининг меросдаги ҳолатлари уч турлидир:

Биринчиси:

Ёлғиз, ўз тенги ва асабаси йўқ қизга мероснинг ярми тегади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан отаси ва қизи қолган бўлса, қизга фарз соҳибаси сифатида ярми, отага фарз соҳиби ҳамда асаба сифатида мероснинг қолгани тегади.

Иккинчиси:

Агар қизлар иккита ва ундан кўп бўлсалар ҳамда улар билан бирга асабалар бўлмаса, уларга мероснинг учдан иккиси тегади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан отаси ва икки қизи қолган бўлса, икки қизга фарз соҳибалари сифатида мероснинг учдан иккиси, отага фарз соҳиби ҳамда асаба сифатида мероснинг қолгани тегади.

Учинчиси:

Қизлар бошқалар билан бирга асаба бўладилар.

Мисол учун, маййитнинг ортидан қизлари билан бирга ўғиллари ҳам қолса, ўғиллар билан бирга қизлар ҳам асаба бўладилар.

Бу ҳолда улар «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида меросни бўлиб оладилар.

Мисол учун, маййитнинг ортидан бир ўғли ва бир қизи қолган бўлса, икковлари «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида меросни бўлиб оладилар.

Маййитнинг ортидан бир неча ўғил ва бир неча қиз қолган бўлса ҳам улар «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида меросни бўлиб оладилар.

Бунга «Нисо» сурасида далил келган:

«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир. Агар улар иккитадан кўп аёл бўлсалар, уларга у (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси. Агар битта (аёл) бўлса, унга ярми» (11-оят).

2. Она.

Онанинг мерос олишдаги ҳолати уч хил бўлади:

Биринчиси:

Меросхўрлар ичида мерос қолдирувчининг фарзандлари ва ўғлининг ўғиллари ёки икки ва ундан ортиқ ака-ука, опа-сингиллари бўлса, она мерос олтидан бир ҳиссани олади.

Бунинг далили яна «Нисо» сурасида келган:

«Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир…  Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир» (11-оят).

Иккинчиси:

Меросхўрлар ичида биринчи ҳолатда зикр қилинган меросхўрлар ва жуфти ҳалол бўлмаса, меросни ота ва она бўлиб оладиган бўлса, онага мероснинг учдан бири тегади.

Аллоҳ таоло шу оятда:

«Агар унинг боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир», деган.

Учинчиси:

Агар ота-она билан бирга маййитнинг жуфти ҳалоли ҳам мерос оладиган бўлса, онага жуфти ҳалолдан қолган мероснинг учдан бири тегади.

Маййитнинг ортидан хотини, отаси ва онаси қолди. Бунда:

Фарзанд ворис бўлмаганлиги учун хотинига тўртдан бири;

Онасига қолган мероснинг учдан бири;

Отасига ундан қолгани тегади.

Маййитнинг ортидан эри, отаси ва онаси қолди. Бунда:

Эрига мероснинг ярми;

Онасига эрдан ортиб қолганнинг учдан бири;

Отасига қолган мерос тегади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлиси мустақил ихтисослашган исломий ҳайъат бўлиб, уламолар гуруҳи томонидан ташкил этилган. Унинг қароргоҳи Ирландия давоми...

5181 15:05 / 24.10.2019
. . . . . . Аърофнинг охири, Раъд, Наҳл, .Бану Исроил,, shyМарям, Ҳажнинг биринчиси, Фурқон, давоми...

6625 19:00 / 21.07.2023
Савол. Шаръий рухсатларни ахтариб топиб, амал қилишни ўзининг мазҳаби қилиб олган кимсанинг ҳукми нима У бидъатчими ёки йўқмиУнга жавоб. Шаръий рухсат берувчи давоми...

3843 05:00 / 19.01.2017
4. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган намоз. Бу намозни .шукри вузуъ, ndash .таҳоратнинг шукри, дейилади. . . Уқба ибн Омир алЖуҳаний розияллоҳу давоми...

3776 19:00 / 07.04.2023