1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Унуттирилган Қуръон

14:00 / 17.01.2020 6570 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқин ўн йилларда содир бўлган бу воқеани ўз қулоғи билан эшитган муҳтарам устозларимиздан бирининг айтганлари менга шунчалик таъсирли бўлдики, ҳамон барча тафсилотлари ёдимда.

Фарғона вилоятида бўлган, Қуръонни тўла ёдлаган қорилардан бири тирикчилик важидан пул топиш учун Қозоғистонда ишлаб юрарди. У киши бошидан ўтган бир ишни ўзининг тилидан устозимизга шундай ҳикоя қилади:

Қозоғистонда ишлаб юрган пайтларимда бир куни қўққисдан автоҳалокатга учрадим. Мени катта юк машинаси уриб кетди...

Мен бир муддат нима бўлганини англай олмадим. Бир пайт ўзимни жуда енгил ҳис қилдим. Чексиз қоронғуликда танамдан ташқарида муаллақ турганимни англадим. Узоқларда милтиллaган ёруғликларга кўзим тушди ва у ерга боришни хоҳладим. Шу заҳотиёқ ўша ерда эканлигимни сездим. Ҳа шундай, кўзим тушган қаерда бўлишни хоҳласам, ўша ерда ҳозир бўлиб қолардим. Бу ёқимли ҳолат эди десам ҳам бўлади. Қизиқишим кучайиб, узоқ номаълум томонларга учиб кетгим келди.

Шу пайт шиддат билан чуқурликка, қоронғу пастликка шўнғиётганимни сездим. Ўзимга келдим шекилли танамда жуда қаттиқ оғриқни сездим. Мени одамлар машинага солиб касалхонага жўнатишди. Жудаям кучли оғриқдан азобланар эканман бояги ҳолатга қайтишни истардим. Ўзимча ҳозир менга наркоз беради, шунда яна танамдан чиқаманда биринчи сафаргидан кўра кўпроқ жойга бораман деган ўй шууримдан ўтди. Дарҳақиқат, наркоз берилгач шифокорлар уймалашган танамдан тезлик билан узоқлашдим.

Бу гал тажрибам ошган, ғаройиб сафаримда кўпроқ ажойиботларни хоҳлардим. Ўзимда чексиз эркинлик ва имкониятларни ҳис қилардим. Узоқларда асаларидай ғуж бўлиб зулматда қаёққадир кетаётган катта тўдани кўрдим. Кўрдиму ўзимни ҳам улар орасида кўрдим. Бу тўдада бегоналар билан бирга менинг марҳум бўлиб кетган танишларим, қариндошларим ҳам бор эди. Бошлари эгик, тунд юзлари ғамгин, умидсиз ҳолда кетиб боришарди. Сўраб билдимки, улар (мен ҳам) ҳисоб-китобга, сўроққа кетишаётган экан.

Ўзимни ёмон ҳис қилдим. Ёмон жойга келиб қолдим. Зудлик билан ортга қайтишим керак. Қайтишга бир неча бор уриниб кўрдим. Йўқ, мен қайтолмаяпман. Энди боягидай ихтиёрим ўзимда эмас эди. Шунда қорилигим эсимга тушди. Катта умид пайдо бўлди. Ахир қориманку, Қуръонни ўқиб кетавераман, менга ҳеч нарса бўлмайди, дедим ўзимга ўзим.

Воажаб, ҳатто Бисмиллаҳни ҳам айта олмадим, эсимга келмади, тилим айланмай қолди. Шунда, ана шунда, менинг қорилигим ҳам, қилган ибодатларим ҳам, бошқа амалларим ҳам фойда бермаслигини, энди фақат меҳрибон Аллоҳнинг улуғ раҳматидан, фазли-марҳаматидангина умид қилишим қолди. Шуни кутишимдан бошқа иш менга қолмаганини тушундим. Мен ҳам ҳамроҳларим қатори бўлдим-қолдим. Юзим сўник, бошим эгилган, елкаларимдаги кўринмас юкдан оёқларим оғирлашган, онгимни қаттиқ қўрқув, умидсизлик қоплаган...

Операциядан бир оз вақт ўтгач, наркоз таъсиридан чиқиб ўзимга келдим. Яна танамда кучли оғриқни сеза бошладим. Бу оғриқ бояги қўрқув олдида ҳеч нарса эмас, оддий бир сезги эди холос. Кўпгина оғриқларда азобни сезмаймиз, кўпгина азобларда эса оғриқни. Ҳатто оғриқдан ҳаловат олса бўлади.

Касалхонадан чиқиб юртимга қайтдим. Биринчи ишим, энг зарур ишим Қуръонни такрор қилишим бўлди. Чунки, Қуръонга беэътибор бўлиб такрор қилмаганим сабабли ёдимдан чиқаёзган эди...

«Хожа Бухорий» ўрта-махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси

Дилшод Ғиёсов

Мавзуга оид мақолалар
Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади .Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади .Исмоил алайҳиссалом катта бўлгач, Журҳум қабиласидан бир аёлга уйландилар. Иброҳим давоми...

1820 08:00 / 07.11.2020
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Уламолар Бароат Тавба сурасининг бошида .Бисмиллаҳир роҳманир роҳим,нинг тушиб қолиши ҳақида ихтилоф қилишди. Баъзилар давоми...

6827 11:00 / 22.12.2020
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Махзумий айтади .Бир киши Ибн Оиша Таймийни тушида кўриб, .Роббингиз сизга қандай муомала қилди, деб сўради. Ибн Оиша .Фақат Уни, яхши давоми...

1751 07:02 / 14.10.2019
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг икки шогирди ndash Ҳассон ва Сувайддан ривоят қилинади .Устозимиз Ибн Муборак Шомга бордилар. Биз ҳам у киши билан бирга эдик. Ҳар куни давоми...

1758 08:00 / 10.08.2020
Аудиолар

210867 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130132 14:35 / 11.08.2021