1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Hilol-nashr»: 2019 йил сарҳисоби

14:30 / 09.01.2020 2117 pdf Ўқиш режими + -

Ўтган йил мобайнида «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси томонидан амалга оширилган ишлар ҳар йилгидан ҳам самарали бўлди. Кўплаб янги китоблар чоп этилди, тақдимотлар ўтказилди, янги журналга асос солинди, халқаро китоб кўргазмасида иштирок этилди, энг асосийси, нашриётнинг кўп йиллик мақсадларидан бири – Мусҳафи шариф чоп этилиб, юртимиз мусулмонларига етказиб беришдек хайрли иш амалга оширилди.

Нашриётимизда 2019 йилда умумий ҳисобда 133 номдаги китоблар нашр этилиб китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди. Шулардан 30 номдагиси янги китоблар бўлиб, улар турли йўналишлардаги асарлардир. Хусусан, «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси асосчиси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб янги «Олам ва одам, дин ва илм» ҳамда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» номли асарлар нашрдан чиқди. Бу китоблар ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва тақдимотлари ўтказилди. Ушбу китоблар ҳақида нашриётга ўқувчилардан турли фикр-мулоҳазалар битилган хатлар келди.

Бундан ташқари нашриётимизда қатор муаллифларнинг янги асарлари ҳам нашр этилди. Жумладан, Исҳоқжон домла Муҳаммаджон ўғлининг «Таълим ва тарбия» номли китоби, Абу Ҳомид Ғаззолий қаламига мансуб «Эй фарзанд!» китобининг Одинахон Муҳаммад Содиқ таржимасидаги янги талқини, Зебуннисо Қутбиддин қизи томонидан нашрга тайёрланган «Нозик хилқат» номли китоб, Қудратуллоҳ Сидиқметов, Жалолиддин Холмўминов, Шокиржон Мадаминов ва Абдулқодир Пардаевлар томонидан нашрга тайёрланган «Ислом одоблари энциклопедияси» (1, 2-жузлар), Раҳматуллоҳ домла Сайфутдиновнинг «Ибратли хонадон» номли китоби, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг «Уйғоқ дил» номли янги тўплами ва бошқа китоблар билан нашриётимизда чоп этилаётган асарлар миқдор ва мазмун жиҳатдан янада бойиди.


«Hilol-nashr» ёш китобхонларимизни ҳам эътибордан четда қолдирмай уларга мўлжалланган янги асарларни нашр этишда давом этмоқда. Китобхонларга ўзининг қатор асарлари билан яхши таниш бўлган Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Ahmad amakining saboqlari» номли китоби, қардош татар муаллифи Ҳайдар Булгарийнинг «Odam alayhissalom» номли рангли китоби, Муҳаммад Зариф Ҳикматзода таржимасидаги «Ibrohim Allohni izlamoqda, Hazrati Ismoilning najot topishi» номли китоблар шулар жумласидандир.

Энг асосийси 2019 йилда шоҳ асар ҳисобланган «Саҳиҳул Бухорий» тўплами тўлиқ нашрдан чиқди

Хабарингиз бор, «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси томонидан «Олтин силсила» туркумида дунё мусулмон уламолари томонидан якдиллик билан эътироф этилган мўътабар ҳадис тўпламлари нашр қилинмоқда. Бу тўпламлар ҳадисшунос мутахассислар ва тажрибали таржимонлар гуруҳи томонидан юртимизда илк марта тўлиқ ҳолда ўзбек адабий тилига таржима қилинаётгани катта воқеа ҳисобланади. Ўтган йил февраль ойида «Олтин силсила» туркумидаги «Саҳиҳул Бухорий» тўпламининг охирги 8-жузи нашрдан чиқди ва тўплам тўлиқ ҳолга келтирилди. Шу муносабат билан тўпламни нашрга тайёрлашда иштирок этган мутахассислар, устоз-уламолар ва нашриёт вакиллари баҳор фаслида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига бориб, кичик тақдимот ўтказиб, «Саҳиҳул Бухорий» хатмини якунлаб қайтишди.


Яна бир қувончли хабар шуки, «Олтин силсила» лойиҳасидаги кейинги тўплам «Саҳиҳи Муслим»нинг биринчи жузи 2019 йил ноябрь ойида нашрга берилди. Яқин орада бу китоб ҳам ўқувчилар қўлига етиб бориши кутилмоқда.

Шунингдек, нашр этилган китобларимиз рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилиб, ихлосманд мухлисларимизга етказиб берилмоқда.

Нашриётимиз рус тилида ўқишни афзал кўрувчи китобхонлар эҳтиёжидан келиб чиқиб ўтган йили 16 номдаги асарни рус тилида нашр этишга муваффақ бўлди. Уларнинг деярли барчаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб асарлардир. Хусусан, «Тафсир Хилал» 7-том, «Тафсир Хилал» 8-том, «Хадисы и жизнь» 19-джуз, «Счастливая семья», «Заем и связанные с ним вопросы» китоблари рус тилида биринчи марта нашрдан чиқди.


Қардош қорақалпоқ тилида диний-маърифий йўналишдаги адабиётлар етишмаслигини ҳисобга олган ҳолда нашриётимиз қорақалпоқ тилида ҳам китоблар чоп этишни йўлга қўйди. Ўтган 2019 йилда «Ҳәдис ҳәм турмыс» 1-том. (Кирисиў), «Ҳәдис ҳәм турмыс» 2-том (Ислам ҳәм ийман), «Ийман», Шамсиддин Баҳауддинов қаламига мансуб «Қурбанлық китабы» асарлар қорақалпоқ тилида нашр этилди.

Янги журнал

Нашриётимизда 2019 йил «Hilol» номли янги диний-маърифий, ижтимоий-адабий журнал нашр этила бошлади. Аслида «Hilol» журнали бир неча йилдан буён электрон шаклда нашр этилар эди. Ўтган йил ана шу журнални босма нашрга айлантиришга муваффақ бўлинди. Шу кунгача янги журналнинг 9 та сони ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди, обуна бўлиш йўлга қўйилди. Аллоҳ таолодан бошлаган бу ишимизнинг хайр-баракали бўлишини сўраймиз.


2019 йил 2–4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида илк бор халқаро китоб кўргазмаси ўтказилди. Унда «Hilol-nashr» ҳам муносиб иштирок этди. Кўргазма доирасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб «Олам ва одам, дин ва илм» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Кўргазма кўтаринки руҳда ўтиб, ёшлар «Hilol-nashr»да чоп этилган китобларга катта қизиқиш билдирди.


«Hilol-Nashr» нашриёти кўргазмада фаол қатнашганлар ва ғолиблар орасида тақдирланди. Тақдирловдаги ўнта номинациядан бири – диний-маърифий асар йўналиши бўйича шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Ижтимоий одоблар» китоби энг яхши китоб деб топилди. Барча китобхонларга ушбу асарни ўқиб-ўрганишни тавсия қиламиз.


Хабарингиз бор, 2018 йилдан бошлаб «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси Аллоҳнинг каломи Қуръони карим – Мусҳафи шарифни чоп эта бошлади. Шу давр мобайнида 75 минг нусхадаги Мусҳаф ўқувчиларга етказиб берилди. Шулардан дастлабки 60 мингтаси «Дорус-салом» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланди. Қолган 15 мингтаси эса «Дорул-Ғавсоний» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида тайёрлаб чоп этилди. Ушбу нашрнинг кейинги 20 минг нусхасини 2020 йил 11 январь куни савдо дўконларимизга чиқариш режалаштирилган.


Бугунги кунда китобларни электрон шаклда ўқишни афзал биладиган китобхонлар кўпайиб бораётгани сир эмас. Шуни инобатга олган ҳолда «Hilol-nashr» Hilol e-Book номли иловани ишга туширган. Бу илова орқали китобхонлар «Hilol-nashr»да чоп этилган китобларни электрон форматда ўқишлари, аудио китобларни эса тинглашлашлари мумкин. Бугунги кунда китобхонлар биргина Hilol e-Book иловаси орқали 208 та электрон китоб ва 71 та аудио китобни ўқиш ва тинглаш имкониятига эга бўлдилар.


Юқорида келтирилган маълумотлар кимлар учундир шунчаки хабар, оддий рақамлардек туюлиши мумкин, лекин чуқурроқ ўйлаб қаралса, шу оддий рақамлар ортида муаллифларнинг узоқ йиллик изланишлари, тунни кунга улаб қилган меҳнатлари, таҳририят ва босмахона ходимларининг кўз нурлари, фидойиларча меҳнатлари ётибди.

Охирги пайтда ўзбек тилининг мавқеини ошириш масаласида кўп гапирилди, аслида бирор тилнинг мавқеи қарорлар билангина ошиб қолмайди. Бунинг учун ўша тилда жуда кўп миқдорда ва мавзуларда матнлар яратилиши, китоблар нашр этилиши керак. Мана бу она тилимизни ривожлантириш, маънавиятимизни юксалтириш, миллатимиз руҳи бўлган тилимизнинг мавқеини ошириш учун, баландроқ овозда, баландроқ минбарлардан туриб жаранглаши учун қилинган реал ҳаракат бўлади.

«Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ўз фаолияти билан илм тарқатиш, маърифатимизни юксалтириш, матбаачилик соҳасини ривожлантиришга муносиб хисса қўшиб келмоқда.

Азизлар, «Hilol-nashr» билан бўлинг, илм йўлида юринг, зеро илм сизга куч ва ишонч беради, адашишдан асрайди, зулматларда йўлингизни ёритувчи нур бўлади. 

Ёрқинжон Ҳайдаров

Манба
«Hilol-nashr» нашриёти
Мавзуга оид мақолалар
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 813 февраль кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида 27 халқаро давоми...

2095 16:30 / 13.02.2020
VIIVIII асрларда бунёд этилган ушбу масжид Малининг қадимий Женна шаҳрида жойлашган. Масжид оддий лой ва қамишдан кўтарилган бўлиб, кўплаб меъморларнинг диққатини давоми...

1613 17:00 / 30.04.2019
2023 йилнинг .Энг яхши таълим сифати, мукофотига Ғарбий Африка мактаблари ичидан Нигериянинг Лагос шаҳрида жойлашган Ислом мактаби сазовор бўлди. Мусулмон болалар давоми...

1064 18:13 / 19.09.2023
Жорий йилнинг 6 май куни Саудия Арабистони подшолигининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли давоми...

2005 09:00 / 07.05.2021
Видеолар
Аудиолар

137641 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57707 14:35 / 11.08.2021