1447 йил 19 жумадул аввал | 2025 йил 10 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?

15:06 / 05.01.2020 3553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قَالَ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ عَوْرَاتُنَا مَا نَأْتِي مِنْهَا وَمَا نَذَرُ؟ قَالَ: احْفَظْ عَوْرَتَكَ إِلَّا مِنْ زَوْجَتِكَ أَوْ مَا مَلَكَتْ يَمِينُكَ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِذَا كَانَ الْقَوْمُ بَعْضُهُمْ فِي بَعْضٍ؟ قَالَ: إِنِ اسْتَطَعْتَ أَلَّا يَرَيَنَّهَا أَحَدٌ فَلَا يَرَيَنَّهَا، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِذَا كَانَ أَحَدُنَا خَالِيًا؟ قَالَ: اللهُ أَحَقُّ أَنْ يُسْتَحْيَى مِنْهُ مِنَ النَّاسِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَلِلْبُخَارِيِّ بَعْضُهُ.

Баҳз Ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:

«Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одамлар бир-бирлари билан бирга бўлсалар-чи?» дедим. У зот:

«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлардан кўра Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Бухорий баъзисини ривоят қилган.

Баҳз ибн Ҳакиймнинг оталари Ҳакийм ибн Муовиядирлар. У киши тобеъинлардан бўлиб, ишончли одам бўлган. Баҳз ибн Ҳакиймнинг боболари Муовия ибн Ҳайдата бўлиб, у киши саҳобийлардан бўлганлар.

Ҳадисларни боболари ва оталаридан ривоят қилдилар. Бу кишидан Саврий, Химода ибн Салама, Маъмур, Абу Осим, Марвон ибн Мубораклар ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»

«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».

Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини ўз хотини ва чўрисидан беркитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одамлар бир-бирлари билан бирга бўлсалар-чи?» Унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?

«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».

Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўлсанг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»

«Одамлардан кўра Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».

Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.

Шунга биноан, «Холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра авратини тўсиб ғусл қилгани афзал», дейилган.

Имом Бухорий ўзларининг Саҳиҳларида «Ўзи ёлғиз, холи жойда ялан­ғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.

Бошқа ҳадислар, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар «Ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир», деганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.

2. Эркак киши ўз хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.

3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.

4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.

5. Холи бўлган одам авратини тўсиб ғусл қилиши афзаллиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,.443. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах давоми...

3807 13:00 / 04.12.2020
415. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қай бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, давоми...

3995 13:01 / 25.09.2020
482. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Мадинанинг икки ҳарраси орасини ҳарам қилдим. Унинг давоми...

3600 13:30 / 26.02.2021
20. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари каттароқ ва товонларининг гўшти оз давоми...

6961 11:02 / 29.10.2018