1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

VIII асрда яшаганимда Бағдодни танлаган бўлардим

11:30 / 31.12.2019 3169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Профессор Петер Адамсон Лондон қироллик коллежи:

“Қуръоний оятларнинг жуда кўпчилиги инсонни бу ёруғ оламни кузатиш, ундаги мукаммалликни эътироф этиш ва уни англашни ўрганишга чорлайди. Зеро бизни қуршаб турган бу турфа олам чексиз ҳикмат, илоҳий адолат соҳиби, меҳрибон ва раҳмдил Зотнинг қудрати ила яратилган. Шунинг учун ҳам ўрта асрда яшаган Ислом уламолари илмни Яратганни таниш ва У Зотнинг қудратини ўрганиш усули деб билганлар”.

Қадимий Рим таназзулидан икки аср кейин пайдо бўлган илмий тадқиқот борасидаги янги ёндашув қадимий фалсафанинг унутилган анъанасига янгидан ҳаёт бахш этди.

Доктор Томас Кирк Нью-Йорк университети:

“Ислом ҳукмдорлари Бағдоддаги аббосийлардан бошлаб ўзлари фатҳ қилган ўлкалардаги маданият ва маорифни сақлаб қолишга, илм-фанга алоҳида аҳамият беришга ва тўпланган илмий маълумотларни умумлаштиришга уриндилар”.

Аббосийлар сулоласи 750 йилда Дажла дарёси қирғоқларида янги шаҳарга асос солиб, унга Мадинатус-Салом деб ном бердилар. Бироқ, шаҳар ўзининг маҳаллий номи – Бағдод деган ном билан тарихда қолди. Бағдод шаҳри улкан доира шаклидаги маконда бўлиб, унинг марказида халифанинг муҳташам қасри жойлашган эди. Унинг атрофида эса ўз даврининг энг буюк шаҳри қад кўтармоқда эди. 

Доктор Томас Кирк Нью-Йорк университети:

 “Агар менга VIII асрда яшаш насиб қилиб қолса, Бағдодни танлаган бўлардим. Бу жуда қизиқарли эди. У ерда ҳаёт қайнар, Бағдод дунёдаги энг қудратли салтанатнинг маркази эди, халифалар янги шаҳарнинг маданияти, таълим тизими ва қурилиши учун улкан маблағларни аямасдилар. Ўйлайманки, ўша пайтда бу шаҳар ғоятда ажойиб жой бўлган”.

Шаҳар ҳозирги кунда ҳам ўша даврдаги биноларга ўхшаш иморатларда яшамоқда. Ана шундай бинолардан бири Мирсдаги Ибн Тулун масжидидир. У бир пайтлар бутун дунёнинг истеъдод ва иқтидорли одамлари тўпланган шаҳарнинг бойлигига далолат қилади.

Доктор Рим Туркманий Лондон империал коллежи:

“Бу ерда мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар, собиийлар ва бошқа олимлар ёнма-ён ишлашган. Турли мактаб вакиллари ҳамкорлик қилган бу эркин ижодий муҳит уларга янги-янги кашфиётлар қилиш учун барча шароитларни муҳайё қилган”.

Аббосийлар сулоласининг интеллектуал маданият яратиш истаги  нафақат Ислом салтанатининг, балки дунёнинг барча бурчакларидаги олимларни ўзига жалб қиларди. Пойтахтнинг марказида халифа асос солган улкан кутубхона бўлиб, унинг номи «Байтул ҳикмат» (Ҳикмат уйи) эди. Бинонинг ўзи аллақачонлар вайрон қилинган, бироқ ушбу кутубхонада нималар бўлгани ҳақидаги маълумотлар бу ердан 5000 километр ғарбда сақланиб қолган. Оксфорддаги Бодли кутубхонасининг архивларида сақланиб қолган қўлёзмаларда бағдодлик олимлар қадимий юнон ҳикматларини қандай сақлаб қолгани баён қилинган.

Профессор Петер Адамсон Лондон қироллик коллежи:

 “Қўлимдаги китоб – Евклиднинг «Ибтидолар» асарининг нусхаси. Бу математика тарихида энг улкан инқилоб ясаган асарлардан биридир. Эвклид уни Қадимий Юнонистонда, Арасту ва Афлотун даврида ёзган. Унинг саҳифаларида чизмалар жуда кўп, чунки бу геометрияга оид китоб. Қадимий юнон олимлари учун ҳам, замонавий олимлар учун ҳам «Ибтидолар» китоби илмий ижод намунаси бўлиб, ундаги билимлар бирламчи асосларга суянган ҳолда ҳосил қилинган. Бироқ энг қизиғи шундаки, Евклид қаламига мансуб мазкур китоб нусхаси юнон тилида эмас, араб тилидадир. Бу қўлёзма ўрта асрларга оиддир. Унинг таржима нусхаси IX асрда, Бағдодда, кенг кўламли илмий лойиҳа доирасида амалга оширилган. Аббосий халифалар амрига мувофиқ, қадимги юнон олим ва файласуфларининг асарлари араб тилига таржима қилинган”.

Аббосий ҳукмдорларнинг ҳомийлиги остида Бағдодда қадимий юнон фалсафасига оид муҳим асарлар қидириб топилиб, режали равишда араб тилига таржима қилинган. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган иш бўлиб, бир авлоднинг бошқа эътиқоддаги авлод тўплаган илму ҳикматни кейинги авлодлар учун сақлаб қолишга уриниши эди.

Профессор Петер Адамсон Лондон қироллик коллежи:

“Таржимачилик ҳаракати кенг кўламли лойиҳа бўлиб, қўлимиздаги ушбу асарнинг нусхаси мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилган муҳим ишлардан биридир. Ушбу ҳаракат қадимий юнон илмий ҳамжамиятига оид вакилларнинг деярли барчаси – математиклар, астрономлар, мусиқачилар ва албатта, файласуфларининг асарларини тўлиқ қамраб олган эди. Эрамизнинг IX асрида Европада Арасту, Галилей, Гален ёки Евклиднинг асарларини ўқишнинг имкони йўқ эди. У пайтда илм ва фалсафа араб дунёсида, хусусан, Бағдодда тараққий топди”.

Тасаввур қилинг, бутун Бағдод ва бугунги Яқин Шарқ ҳудуди бўйлаб йирик олимлардан иборат кўп сонли гуруҳлар ташкил қилинган. Олимлар бу гуруҳларда куннинг энг долзарб мавзуларини муҳокама қилганлар, йирик илмий масалалар бўйича баҳс қилганлар. Масалан, Арастунинг «Метафизика»си ёки Галеннинг тиббиётга оид қарашлари устида илмий мунозаралар олиб борилган.

Боғдодлик таржимонлар бутунжаҳон илми учун янги тилни барпо қилганлар. Арастунинг фалсафаси, Галеннинг тиббиётга оид инқилобий асарлари, Птолемейнинг астрономияси, Евклиднинг «Ибтидолари», Пифагор геометрияси… Энди бу асарларни дунё аҳли юнон тилида эмас, балки араб тилида ўқир эди.

Албатта, Боғдод фақат қадимги юнон ҳикматлари билангина чекланиб қолмади. Мусулмонлар Ҳиндистонда замонавий сонлар тизимини ҳамда юлдузлар ҳаракатига оид янги илмларни ўзлаштирдилар.

Таржимачилик ҳаракати доирасида дунё илмлари бир тилга ўгирилди. Испаниядан Ҳиндистонгача бўлган минтақаларда яшовчи халқлар матнларни ана шу тилда ўқиб, ўрганар эди. Вақт ўтиши билан Боғдод халифаликнинг ягона маркази бўлмай қолди. Бошқа йирик шаҳарларда ҳам амирлар, халифалар (ҳокимлар) пайдо бўлиб, янги таълим инфратузилмалари барпо этила бошланди.

909 йилда Мисрда фотимийлар сулоласи ҳокимият ўз қўлига олди. Улар бир аср давомида Нил қирғоқларида янги шаҳар барпо этдилар. Тез орада Қоҳира Ислом дунёсининг энг буюк шаҳарларидан бирига айланди. Бу улкан шаҳарнинг қоқ марказида фотимийлар Ал-Азҳар масжидини қурдилар. Бироқ бу оддий ибодатхона эмас, балки одамлар илм оладиган ўқув муассасаси эди. Ушбу масжид ўзининг дунёдаги энг қадимий дорилфунун эканини фахр билан эътироф қилади.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сураларидан бирини қалам билан қасам ичиб бошлаган. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи давоми...

6481 18:23 / 26.01.2020
Тарихчи ва адиба Бэтани Хьюгс шундай дейди.Қадимги юнон файласуфи Арастунинг китоблари университет таълимида муҳим ўрин тутди, чунки Арасту оқилона изоҳ, соғлом давоми...

1602 14:46 / 15.01.2024
Улар учинчи марта ҳам учрашишди. Черков ўз душманларини кечирмасди. Ломке инквизиция судига берилди. Ўзи нутқ сўзлаган майдонда уни худодан қайтган шаккок давоми...

3147 11:00 / 24.11.2020
Аббосийлар 132656 ҳижрий, 7491258 мелодий йиллар орасида, беш юз йигирма тўрт йил давомида мусулмон оламига етакчилик қилдилар. Аббосийларнинг етакчилик даври иккига давоми...

1444 11:38 / 12.07.2025
Аудиолар

230134 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148714 14:35 / 11.08.2021