1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Нубувват

23:08 / 02.12.2016 6842 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундан аввалги илоҳиёт қисмида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифати билан яқиндан танишиб чиқдик. У зотнинг Биру Борлиги, Ҳозиру Нозирлиги, Қодиру Ҳакимлиги, Алийму Хабирлиги, Мудаббиру Мусаввирлиги, Холиқу Хабирлиги ва яна бошқа кўплаб гўзал исмлари-ю бенуқсон сифатларини яхшилаб ўргандик.
Албатта, ўшандай камолот сифатларга соҳиб бўлган зот борлиқни беҳикмат яратмаганига ишонмасликнинг ўзи мумкин эмас. Барча оламларни яратиб уларнинг тадбирини қилиб турган зот сиз билан биз одам болаларини ҳам бир ҳикмат асосида яратганини англаб етмоғимиз лозим.

Бу улкан ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб қўйган. У зот «Мўминун» сурасида қуйидагиларни айтади: «Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз Бизга қайтарилмасмиз, деб ҳисобласангиз?! Бас, ҳақ подшоҳ Аллоҳ юксакдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар У– карамли аршнинг Робби бор» (115 -116- оятлар).
Ҳа, Аллоҳ таолонинг сиз билан бизни яратиши беҳуда бўлган эмас. Бир куни келиб сиз билан биз, албатта, У зотнинг ҳузурига қайтариламиз. Ўша вақтда ҳолимиз не кечишини ўйлаб қўяйлик.
Аллоҳ таоло осмонлару ерни, уларнинг орасидаги нарсаларни, жумладан, сиз билан бизни ҳам ўйнаб яратган эмас.
У зот бу ҳақда «Анбиё» сурасида қуйидагиларни айтади: «Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ. Агар Биз кўнгилхуши тутишни ирода қилсак, уни қилувчи бўлганимизда ҳам, Ўз томонимиздан тутар эдик» (16-17-оятлар).
Бу дунёдаги барча улкан ва ажойиб нарсалар, албатта, ўйин учун яратилмайди. Ҳуда-беҳудага шунчалик уринишнинг кераги йўқ. Мақсад ўйин бўлса, шунга мосроқ нарса яратилар эди.
«Агар Биз кўнгилхуши тутишни ирода қилсак, уни қилувчи бўлганимизда ҳам, Ўз томонимиздан тутар эдик».
Бу фараз учун айтилган гап. Яъни, бўлиши мумкин эмас, мабодо бўлган тақдирда ҳам бундай бўларди, қабилидаги гап.
Аллоҳ таоло кўнгилхуши қиладиган зот эмас, Аммо мабодо қилса ҳам, У ўша кўнгилхушини Ўз томонидан, Ўзига боғлиқ нарсадан тутар эди. Бандаларга боғламас эди. Фақат, одамлар билиб қўйсинларки, Аллоҳ осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб, кўнгилхуши учун яратгани йўқ. Уларни ҳикмат ила улкан мақсад учун яратган.
Аллоҳ таоло жинларни ва инсонларни нима учун яратганини «Ваз-зарият» сурасида қуйидагича ифода қилади: «Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим. Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» (56-58-оят).
Ушбу қисқагина оятларда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топгандир. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳга ибодат қилиш экан.
«Ибодат» сўзи араб тилида, бўйсуниш, ўзини паст тутиш, итоат этиш ва амрни бажариш маъноларини англатади. Демак, ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳга ибодат қилишни англатар экан.
Уламолар истилоҳида эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир.
«Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир».
Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки Ўзи уларга ризқ беради. Улардан таом сўрамайди, балки Ўзи уларга таом беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсади ҳам шудир.
Инсон бу дунёга Аллоҳ таолонинг ибодатини қилиш учун, яъни, У зотнинг айтганини қилиб, кўрсатмаси билан яшаш учун келган экан. Ўша кўрсатмаларни кимдан ва қаердан олади?
Бу муаммони ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳал қилган. У зот ҳар замон ва маконда бандалар ичидан етук бир кишини танлаб олиб унга пайғамбарлик мақомини берган ва фаришта орқали хабар юбориб Ўз таълимотларини етказиб турган. Пайғамбар эса Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларини одамларга омонат билан етказиб турган. Мана шу ерда ваҳий нима ўзи деган савол пайдо бўлади. Бу саволга тўлиқ жавобни ақоид илми уламоларидан оламиз.

 Ваҳий нима?

  Ваҳийнинг луғавий маъноси, Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарларига зудлик билан юборган диний кўрсатмасидир.
Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (гаплашиш) орқали ҳам келиши мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса ваҳий қуйидагича ҳолларда тушган: Оиша онамиз розияллоҳу анҳу айтадиларки:
1. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг биринчи келиши ўнгидан келган туш бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоқлик вақтларида ҳам худди тонг ёруғидек келар эди».
2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар эди.
3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.
4. Жаброил фаришта Пайғамбаримизга одам шаклида бўлиб кўринар эдилар».
Шу тўғрисида «Саҳиҳ Бухорий» китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган: «Ҳорис ибн Ҳишом Пайғамбаримиздан: «Эй, Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради.
Шунда Ул жаноб қуйидаги жавобни бердилар: «Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта менга одам шаклида келиб сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан».
5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва ваҳийни етказади.
6. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита ваҳий қилган.
Қуръон оятларининг тушиш жараёни ниҳоятда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам,, Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетардилар, нафас олишлари тезлашарди.
Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар: «Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай деди».
Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан.

  Нубувват ва рисолат маъноси.

Ҳозирда бизнинг арабмас тилларда араб тилидаги «нубувват» ва «рисолат» сўзларининг ўрнига бир сўз, «пайғамбарлик» сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. «Набий»ни ҳам пайғамбар дейилаверади, «Расул»ни ҳам пайғамбар дейилаверади.
Эҳтимол бу икки маъно бир-бирига ўта яқин бўлганлигидан шундоқ бўлгандир. Аслида Аллоҳ таоло Қуръони Каримга ихтиёр қилган араб тилидаги бу икки сўзнинг ўзига хос ва дақиқ маънолари бор.
«Нубувват» луғатда «наба» муҳим хабар бериш, ва «нубу» юқорилаш маъноларини билдиради.
Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг ваҳий йўли ила У зот Ўзи бандалари ичидан танлаб олган шахсга етишидир.
Бинобарин, Набий Аллоҳдан муҳим хабар олган ва мартабаси юқори шахс бўлади.
«Рисолат» эса луғатда бир нарсани лутф ила юборишга ишлатилади. Арабларда бировга юборилган мактубни ҳам «рисола» дейиларди. Биров томонидан юборилган элчига ҳам «расул» дейилади.
Шундан келиб чиқиб Аллоҳ таоло юборган муайян диний таълимотлар тўплами - «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатиш амр қилинган элчисини «расул» дейилади.
Юқорида зикр этилган маънолардан «Набий» ва «Расул» орасида фарқ борлиги келиб чиқади. Бу фарқни уламоларимиз ўта дақиқ жойларигача ажратиб берганлар.
Жумладан, «Шарҳи талхийси ақоиди таҳовия» номли китобда қуйидагиларни ўқиймиз.

 Набий ва расул орасидаги фарқ.

  Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:
1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса набийдир, расул эмас.
Хулоса шулки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса бунга амр қилинмагандир. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими бари-бир.
2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда: «Албатта, у ҳурматли Расулнинг гапидир» (Таквир: 19) деганда, Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган.
«Расулларимиз Уларни вафот эттирди», (Аъроф: 37) деганда ҳам, фаришталарни ирода қилган.
3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки, олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам, ўшанга амал қилишга чақиради».
Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони Каримда расул ва набий сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «набий» сўзи ўттиз марта атрофида ишлатилган бўлса, асосан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа бўлиш каби масалаларда ишлатилган.
Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шун-га эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса «Расул»ни пайғамбар деб таржима қилсак ҳам «набий»ни таржима қилмай ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади.
Икки маънони қўшиб баён қилишда эса пайғамбар лафзи ишлатилса бўлаверади.

 Пайғамбарликни Аллоҳ беради.

  Пайғамбарлик ўқиб-ўрганиб ёки касб қилиб топиладиган нарса эмас. У Аллоҳ таоло томонидан бериладиган илоҳий неъматдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Хаж» сурасида айтади: «Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан Пайғамбарлар танлар. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва кўргувчидир» (75-оят).
Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориш билан бирга бандаларни ўша зотларга иймон келтиришга ва уларга эргашишга амр қилган.

  Анбиё ва расулларга иймон.

  Бизларга Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини биз билмайдиган, фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоғимиз вожибдир.
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи, инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону-шараф, фахр бўлган шахслардир. Улар Роббил оламиннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари бир Аллоҳнинг бандалари, бир Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар бир - бирлари билан биродардирлар. Улар бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, бир Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам, Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса, гўёки, ҳамма пайғамбарларни инкор қилган каби кофир бўлади.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намунадирлар. Уларнинг ҳар бири – ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача ҳаммага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож бир ҳолга келгандир. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, улар ҳақида Ислом кўрсатгандек иймон келтириши лозим.. Чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу нарса йўқ.
Аллоҳ таоло юборган биринчи набий Одам алайҳиссаломдир. Анбиёларнинг энг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарни зикр қилган. Ана ўшаларнинг пайғамбарлигига батафсил эътиқод қилмоғимиз вожибдир. Яъни, мусулмон кишидан мазкур набийларнинг бирорталари ҳақида сўралиб қолса, у зотни танимаслиги ёки пайғамбарлигини билмаслиги жоиз эмас.
Шунингдек, бизларга пайғамбар алайҳиссаломлар барчалари Аллоҳнинг пайғамбарларига юкланган вазифаларни халойиққа етказганлари, бу ишда камчиликка йўл қўймаганларига иймон келтиришимиз вожиб.
Аллоҳнинг Пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан келиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг Пайғамбарларига ҳам ишониши керак.
Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар: 

 1. Одам алайҳиссалом.
2. Идрис алайҳиссалом.
3. Нуҳ алайҳиссалом.
4. Ҳуд алайҳиссалом.
5. Солиҳ алайҳиссалом.
6. Иброҳим алайҳиссалом.
7. Лут алайҳиссалом.
8. Исмоил алайҳиссалом.
9. Исҳоқ алайҳиссалом.
10. Яъқуб алайҳиссалом.
11. Юсуф алайҳиссалом.
12. Айюб алайҳиссалом.
13. Шуайб алайҳиссалом.
14. Мусо алайҳиссалом.
15. Ҳорун алайҳиссалом.
16. Юнус алайҳиссалом.
17. Довуд алайҳиссалом.
18. Сулаймон алайҳиссалом.
19. Илёс алайҳиссалом.
20. ал-Ясаъ алайҳиссалом.
21. Закариё алайҳиссалом.
22. Яҳъё алайҳиссалом.
23. Зул-Кифл алайҳиссалом.
24. Ийсо алайҳиссалом.
25. Муҳаммад алайҳиссалом.

Қуръони Каримда зикрлари келган пайғамбар алай-ҳиссаломлардан бирортасини инкор қилган одамнинг мусулмонлиги қолмайди.
Шу билан бирга номлари ва қиссалари Қуръони Каримда зикр қилинмаган анбиёлар ҳам борлигини Қуръони Каримнинг ўзида таъкидланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: «Ва бир пайғамбарлар ҳақида сенга олдин қисса айтиб бердик ва бир пайғамбарлар ҳақида қисса айтмадик» (Нисо:164).
«Батаҳқиқ, Биз сендан олдин пайғамбарлар юбордик. Улардан сенга қисса қилиб берганимиз бор ва улардан сенга қисса қилиб бермаганимиз бор» (Ғофур: 78).
Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» деб сўрадим.. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир юз йигирма тўрт мингта», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» дедим.
«Уч юз ўн учтаси, кўпчилик», дедилар.
Аммо кўпчилик ақоид уламолари ўтган анбиёларнинг сонини маълум адад билан чеклаш яхши эмас, дейдилар. Жумладан, машҳур ватандошимиз имом Насафий ҳам «Ададни зикр қилинганда уларнинг ичига улардан бўлмаганлар кириб қолиши ёки улардан бўлганлар чиқиб қолиши хавфи бор» деганлар.
Бу маънода Қуръони Каримда келган маъно билан чегараланганимиз афзал, дейдилар муҳтарам уламоларимиз.

 Улул азм пайғамбарлар.

  Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Аҳзоб сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил», деган (35 - оят).
«Улул азм», яъни, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар;

 1. Нуҳ алайҳиссалом.
2. Иброҳим алайҳиссалом.
3. Мусо алайҳиссалом.
4. Ийсо алайҳиссаломлардир. 

  Бу буюк Пайғамбарлар ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр - матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганларида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.
«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил!»
У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар. Демак,
5. Муҳаммад алайҳиссалом.

 Пайғамбар башардир.

  Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг танланган, сараланган элчилари бўлиш билан бирга оддий башар фарзанди ҳамдирлар. Бу ҳақиқат гарчи баъзи бир нобакорларда турли фикрлар туғдирган бўлса ҳам, улкан илоҳий ҳикматга молик нарсадир.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида бу масалани қуйидагича муолажа қилади: «Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан ман қилган нарса фақат, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, дейишлари бўлди» (94-оят).
Одамлардаги бу нотўғри тасаввур «Одам боласи» Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар олий мартабада эканини тушуниб етмасликларидан келиб чиққандир.
Улар фаришта ва бошқа махлуқотлардан кўра, Аллоҳ одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини идрок этмас эдилар.
Улар одам боласи ичидан энг пок ва содиқлари танлаб олиниб Пайғамбар қилиниши барча инсоният учун шон-шараф эканини тушунмас эдилар.
Улар одам боласи билан фаришталарнинг хусусиятларини фарқ эта олмасдан, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, деб ажабланишарди. Ҳамда ўзларига ўхшаган башарга эргашишдан бош тортиб, иймондан юз ўгирардилар.
Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларнинг бу гапларига жавоб беришни ўргатиб дейдики: «Сен: «Агар ер юзида фаришталар хотиржам юрганларида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эдик», деб айт» (Исро: 95).
Аллоҳ барча махлуқотларни яратган зот сифатида уларга қандай нарса мос келишини Ўзи яхши билади. Аллоҳ одамларни яратган зот сифатида уларга кимни Пайғамбар қилиб юборишни яхши билади. Ер юзида хотиржам яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун уларга одамларни Пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эди.
Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, Унинг амр ва наҳийларини ўз тимсолида акслантириб, шариат ҳукмларига амал қилишда ўрнак бўладиган биринчи шахс ҳамдир. Агар одамларга фаришта Пайғамбар қилиб юборилса ва у шариат ҳукмларига амал қилиб кўрсатса, Пайғамбар оддий одамдан бўлмаслиги керак-да, деган нобакорлар биринчи бўлиб: «Бу Пайғамбар фаришта, шунинг учун шариат ҳукмларига осон амал қилади, биз оддий башармиз, унинг қилганини қила олмаймиз», деган бўлар эдилар. Пайғамбар оддий башардан чиқарилса, улар бундай даъвони қила олмайдилар.

 Пайғамбар оддий инсон.

  Пайғамбар башардан бўлиши таъкидланди. Энди Пайғамбар башар бўлганда ҳам оддий башар эканини таъкидлаш лозим бўлади. Чунки баъзи тушунмаганлар пайғамбар башар бўлса ҳам, ғайри оддий башар бўлиши лозим деган фикрга боришлари мумкин. Зотан авваллари шундоқ бўлган ҳам.. Аллоҳ таоло бу масалани «Фурқон» сурасида қуйидагича муолажа қилади: «Улар: «Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантиргувчи бўлар эди. Ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг боғи бўлса-ю ундан еса», дедилар. Золимлар: «Сизлар фақат сеҳр-ланган кишига эргашяпсизлар, холос», дедилар» (7-8-оятлар).
Қадимдан одамларга ўзларига ўхшаган оддий инсоннинг Пайғамбар бўлиши ғалати туюлиб келган. Уларнинг тасаввурларида Пайғамбар қандайдир бошқа ғайри оддий хусусиятларга эга бўлиши керак.
«Улар, «Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юради?!» дедилар.
Пайғамбарлар оддий одамдирлар. Улар ҳам таом ейдилар, бозорга бориб, савдо-сотиқ қиладилар ва бошқа тирикчилик ишларини бажарадилар. Мушриклар бу ишларни ўзларича, камчилик, Пайғамбарга тўғри келмайдиган иш деб баҳолардилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар овқат емаслиги, бозорда юрмаслиги ва инсонга оид бошқа ишларни қилмаслиги керак.
«Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантирувчи бўлар эди».
Чунки кофирларнинг фикрича, одамдан кўра фаришта Пайғамбар бўлишга лойиқроқдир.
Лекин улар Аллоҳ таоло Одамни яратибоқ фаришталарни унга сажда қилишга буюрганини унутадилар. Яъни, Аллоҳ ҳузурида одам фаришталардан устун эканини эсдан чиқарадилар.
Одамларга йўлбошчи бўлиш учун, уларга ўрнак бўлиш учун ўзларига ўхшаш одамдан Пайғамбар бўлиши улкан ҳикматга молик эканини улар қаердан билсинлар?
Аллоҳ таоло юқоридаги даъволарга жавобан «Фурқон» сурасининг давомида қуйидагиларни айтади: «Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Роббинг кўргувчи бўлган зотдир» (20-оят).
Эй, ҳабибим, Муҳаммад, сен мушрикларнинг қилаётган бўҳтонларидан хафа бўлма. Уларнинг гаплари эътиборсиз. Жумладан, «Бу қандай Пайғамбарки, таом ер ва бозорларда юрар», деган гаплари ҳам беҳуда.
«Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар».
Сенга ўхшаган таом еб, бозорларда юрадиган оддий башарни Пайғамбар қилишимиз янгилик ёки ажабланадиган иш эмас. Қадимдан жорий қилинган иш. Бу ишга қарши чиққанлар сенга эмас, Аллоҳнинг жорий одатига қарши чиққан бўладилар. Биз шундай қилиб:
«Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик».
Оддий башардан Пайғамбар юбориб одамларни синовга учратдик, баъзилари синовдан ўта олмай, оддий башар ҳам Пайғамбар бўладими, деб йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлариэса иймонлилар учун синов бўлди. Қани,
«Сабр қиласизлармикан?!»
Мушрикларнинг инкорига чидаб, илоҳий даъват оддий башар воситаси ила тарқалишига сабр қила олармикансизлар?
«Роббинг кўргувчи бўлган зотдир».
Роббинг ҳар бир нарсанинг зоҳиринигина эмас, ҳақи-қатини ҳам кўрувчи бўлган зотдир. Шунинг учун Ўзи билиб ҳикмат ила тасарруф қиладир. Бандаларнинг иши Аллоҳнинг тасарруфини муҳокама қилиш эмас, балки амрларини бажо келтиришдир.

 Пайғамбарлар маъсумлар.

  Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирдан бир сифатлари маъсумликларидир. Яъни, маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур етказадиган ва инсонлик қадрини кетказадиган нарсалардан четда бўлишларидир.
Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг гўзал ахлоқлилари, энг пок амал қиладиганлари, энг юраги тозалари ва тасарруфотлари энг тўғриларидирлар.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликлари «исмат» тушунчаси асосидадир.
«Исмат» сўзи луғатда «ман қилиш» - «сақлаш» маъносини англатади.
«Исмат»нинг шаръий маъноси эса «Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбар ва набийларини гуноҳ ва маъсият ҳамда мункар ва ҳаром ишларни қилишдан сақлашидир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини хулқий ва жасадий айблардан ҳамда бошқалар нафрат қиладиган касалликлардан ҳам асрагандир.
Чунки Аллоҳ таоло одамларни у зотларга эргашишга, иқтидо қилишга ва уларнинг йўлидан юришга амр қилгандир. Пайғамбар алайҳиссаломлар барча башарга яхши ўрнакдирлар. Агар улардан маъсият ва мункар ишлар содир бўлиши жоиз бўлса ёки мазкур нуқсонлардан бирортаси мавжуд бўлса, у нарсалар шариатда бор нарсаларга айланиб қолади. Бу эса мутлақо мумкин эмасдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини маъсум қилгандир. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни Ўзининг доимий инояти ила ўрагандир. У зот Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб: «Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан», деган (Тур: 48).
Афсуски, бошқа динларда пайғамбар алайҳиссаломларга турли гуноҳларни қилганлик нисбатлари берилади.

 Пайғамбар омонатли бўлади.

  Бунда пайғамбар алайҳиссаломлар ўзларига Аллоҳ таолодан берилган рисолатни бир ҳарфини ҳам ўзгартирмай омонат ила умматларга етказиши кўзда тутилган. Улар Аллоҳ таолодан келган ваҳийни худди ўзидек одамларга етказадилар. Унинг бирор ҳарфини камайтирмайдилар ҳам, унга бирор ҳарф зиёда қилмайдилар ҳам.
Бу маънода Аллоҳ таолонинг Қуръони Карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни омонат ила етказишлари ҳамда агар, фаразан, Пайғамбар алайҳиссалом бу омонатга хиёнат қилсалар, Аллоҳ таоло у кишини дарҳол жазолаши ҳақида «ал-Ҳаққаҳ» сурасида қуйидагиларни айтади: «Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир» (40-оят).
Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзидир.
Бу ерда Қуръони Каримни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиши, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у каломни тиловат қилувчи ва кишиларга етказувчи эканликлари эътиборидандир.
«Ва у шоирнинг сўзи эмас. Сизлар жуда оз ишонасизлар» (41-оят).
Яъни, шундай эканлигига ишонмайсизлар.

 «Ва у фолбиннинг ҳам сўзи эмас. Сизлар жуда оз эслайсизлар» (42-оят).
Яъни, эсламайсизлар.
«У Оламлар Роббисидан туширилгандир» (43-оят).
Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз сўзи эмас. Қуръон оламларнинг Роббиси томонидан туширилган каломдир. Муҳаммад алайҳиссалом уни етказувчи, холос. Агар у киши алайҳиссалом Қуръоннинг ҳаммасини ёки битта сурасини ўзидан тўқиб, бу Аллоҳнинг гапи дейиши у ёқда турсин, баъзи бир қавлларни тўқиб Аллоҳга нисбат берса ҳам соғ қолиши мумкин эмас.
«Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзан ёлғон сўзларни тўқиса» (44-оят).
Яъни, агар Муҳаммад Бизнинг номимиздан, мушриклар даъво қилаётганидек баъзи сўзларни тўқиса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-саломат, турли мўъжизаларга соҳиб бўлиб, гуноҳлардан маъсум бўлиб, одамлар ёмонлигидан сақланиб юрмас эди. Ундоқ бўлса,
«Албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз» (45-оят).
Яъни, Биз ундан Ўз қувватимиз ва Ўз қудратимиз ила интиқом оламиз.
«Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз» (46-оят).
Шоҳ томир деганда юракнинг бош томири тушунилади. Албатта, ўша томири узилган одам соғ қолмайди, дарҳол ўлади. Демак, агар Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонга ўзларича бирор нарсани қўшиб, бу ҳам Аллоҳдан дегудек бўлсалар, Аллоҳ у кишини дарҳол ҳалок қилиши турган гап экан. Бу Қуръони Карим Аллоҳнинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.
«Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қола олмас» (47-оят).
Яъни, фаразан, Биз уни азобламоқчи бўлсак сизлардан ҳеч бирингиз Муҳаммадни Бизнинг азобимиздан тўсиб қола олмайди.
Бошқа пайғамбарларга муносабат ҳам худди шундоқ бўлган.

 Пайғамбар эр кишилардан бўлади.

  Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан яна бири уларнинг эркак кишилардан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидаги хитобни қилади: «Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юбориб, Пайғамбар этганмиз». (Юсуф-109)
Яъни, аввалги Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар аҳолисидан бўлган, саҳроликлардан эмас. Чунки шаҳар аҳли тарбияли бўладилар, муомалани яхши биладилар, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар ва яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эга бўладилар.
Шунингдек, аввал ўтган Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлганлар. Хотин киши ёки фаришталар пайғамбар бўлган эмас. Чунки аёл кишиларнинг табиий, жисмоний тузилишлари Пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Ва фаришталар ҳам одамларга Пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.
Бунда зинҳор аёл кишини пастга уриш маъноси йўқдир. Балки аёл кишининг аёллигини эътиборга олиб уни машаққатга солмаслик риояси бор. Агар баъзилар ўйлагандек, аёл кишини пайғамбарликдан узоқ қилиш нияти бўлганда унинг пайғамбарларга она бўлиши ҳам раво кўрилмас эди. Ҳа, пайғамбарларни ҳам аёллар туққан!

 Пайғамбарлар ўз қавми тилида юборилади.

  Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Иброҳим сурасида марҳамат қилиб: «Қайсики, Пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз» дейди (4-оят).
Барча Пайғамбарларни ўз қавми тили ила юбориш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган неъматидир. Чунки бошқа қавм тилини тушуниш қийин бўлар эди. Ҳа, ҳамма Пайғамбарлар ўз қавмларига юборилганлар ва уларга ўз қавмлари тилида ваҳий келган.
Бутун оламларга ва барча қавмларга Пайғамбар бўл-ган Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ўз қавмларининг тили, яъни, араб тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бу ўринда уламоларимиз мулоҳаза қилган ҳикматлардан баъзиларини айтиб ўтиш жоиздир.
Бошқа Пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар Пайғамбар қилиб юборилганлар. У кишининг умрлари чекланган. Шунинг учун динни ҳамма қавмларга ўзлари етказишлари қийин. Шунга биноан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги дини таълимотларини ўз қавмларига, қавмлари эса уни бутун дунёга тарқатади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан вафот этдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавмлари етказдилар.
Турли макон ва замонларда яшайдиган ҳар хил қавмларга бир Пайғамбарни турли тиллар билан юбориб бўлмас эди. Аввало, бу ишни адо этиш жисмонан амри маҳол. Қолаверса, дунёда хилма-хил тиллар жуда кўп. Ҳозирги тиллар ичида Исломнинг илоҳий китоби Қуръони Карим нозил бўлганидан кейин пайдо бўлганлари ҳам бор. Демак, ҳар бир қавмга ўз тилида ваҳий келиши керак бўлса, кейин пайдо бўлган тилларда сўзлашувчилар нима бўларди?
Қолаверса, тилларнинг имкониятлари ҳам ҳар хил. Шунинг учун Аллоҳ таоло энг бой ва каломининг абадий мўъжиза бўлиб қолишини ҳам кўтара оладиган тил – араб тилини танлаб, ўша тилда қиёматгача боқий қоладиган китоби – Қуръони Каримни туширди. Қавмлар, тиллар, лаҳжалар, замонлар алмашаверади аммо Қуръон мўъжиза бўлиб тураверади. Ундан араб ҳам, ажам ҳам, оқ ҳам, қора ҳам баробар фойда олаверади.
Ҳа, Пайғамбар ўзига келган илоҳий таълимотларни одамларга баён қилиб беради. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Қолгани Аллоҳнинг ихтиёрида.

 Пайғамбарларнинг бир-бирларидан фазли ҳақида.

  Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади: «Булар – Пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан фазллик қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга ойдин(мўъжиза)ларни бердик ва уни муқаддас руҳ билан қўлладик» (253 - оят).
Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Булар» деган сўз келмоқда. Бу Пайғамбар алайҳиссаломларга нисбатан бўлган эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан,
«Булар Пайғамбарлар», дейилиши улкан ҳурматга далолат қилади.
Ояти каримада Пайғамбарлар ва Пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи Пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун эканлиги ва ўша устунлик нимада эканлиги ҳам билдириб ўтилмоқда.
«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан фазллик қилдик».
Мазкур фазл Пайғамбар алайҳиссаломларни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи Пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматлар ва авлодларга юборилган бўладилар.
Шунингдек, бу фазллар Пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғ-лиқдир.
Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади: «Улардан Аллоҳ гаплашгани бор».
Яъни, Пайғамбарлар ичида Аллоҳ у билан гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Бу маъно озми-кўпми диндан хабардор барча кишиларга маълум. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳам бир неча бор такрорланган ҳақиқатдир. Мусо алайҳиссаломнинг лақаблари «Калиймуллоҳ»дир. Яъни, Аллоҳ ила сўзлашган, шунинг учун ҳам оятда у кишининг номлари айтиб ўтирилмади.
«Ва баъзиларининг даражасини кўтарган».
Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи Пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.
«Ва Ийсо ибн Марямга ойдин (мўъжиза)ларни бердик ва уни муқаддас руҳ билан қўлладик».
Қуръони Карим доимо Ийсо алайҳиссаломни оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у кишининг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканлигини исбот қилади.
У кишига берилган «ойдин (мўъжиза)лар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга, у кишига туширилган «Ин-жил» китоби ва у кишига Аллоҳ берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Муқаддас руҳ» деб таржима қилинган «Руҳул қудус»дан мурод Жаброил фаришта алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини Пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси Пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, катта қўллаш ҳисобланган.
Ояти каримада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун У зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма Пайғамбарлар ичида Муҳаммад алайҳиссаломга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зотнинг Пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У кишининг Пайғамбарликлари барча авлодлар, барча умматлар ва халқлар учундир. У кишининг Пайғамбарликлари то қиёмат кунига қадар бардавомдир. У кишининг Пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи Пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у кишидан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма Пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб, Муҳаммад алайҳиссаломга бергандир. Шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
«Мени бошқа Пайғамбарлардан устун қўйманглар», дейдилар.
Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозуъ.
Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб, оятда воқеъликдан хабар берилган, ҳадисда Пайғамбар алайҳиссаломнинг камтарликларига, Пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканлигига далолат, деганлар.
Аммо Пайғамбарларнинг пайғамбар эканликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқ қилинмайди. Бу ҳақда «Бақара» сураси охирида айтиладики: «Унинг Пайғамбарларидан бирорталарини ажратмаймиз» (285 - оят).
Яъни, Аллоҳ юборган барча Пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.
Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди. Чунки мазкур Пайғамбарларнинг барчасига тушган дин Ислом бўлган.
Пайғамбарларнинг вазифалари.
Аллоҳ таоло нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди» (213 - оят).
Аслида, инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Бир оиланинг аъзолари эди. Аста-секин кўпайиб бордилар. Уларнинг кўпайишлари билан бирга, фикр - мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам кўпая борди. Чунки ҳар кимда ўз табиати бор, ўз ақли бор, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб фикр баён қилади. Ҳар кимнинг фитратидаги хусусияти бор. Чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида эди, ер юзи обод бўлмасди...
Демак, одамлар ўртасида хилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканлигини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйсак, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди. Ва ихтилоф яна ҳам кучаяди.
Агар улардан бир гуруҳларини танлаб олиб, ўша танлаганларга топширсак, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади. Ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб пора олиши мумкин. Ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.
Демак, «Бундай ихтилофнинг қайсиси тўғри, қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифликдан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, беками кўст, тамадан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша зот Аллоҳ таолонинг Ўзи! У ҳамма нарсани билувчи зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни ўзи билади.
«Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди» (Бақара-213).
Аллоҳ юборган Пайғамбарларнинг биринчи вазифаси мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришни етказишдир.
Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб - уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.
Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар. Адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади. Бошқа ҳеч қандай нарса, ҳеч кимнинг ҳукми ҳақ бўла олмайди.
Ҳамма Пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар Пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири Аллоҳ таолога иймон келтириб, У зотга ибодат қилишга даъват қилишдир. Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида бу борада қуйидагиларни айтади: «Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25 - оят).
Ибодатга сазовор зот – ягона Аллоҳ эканини англатиш, Ул зотга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳий диёнатлар ва Пайғамбарларнинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса залолат ҳақ бўлди» (36 - оят).
Ҳеч шубҳа йўқки, Биз ҳар бир умматга Пайғамбар юбордик. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди.
Яъни, бу дунёда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси ила яшанг, Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг. «Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту санам,, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин.
Демак, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. Ушбу хоҳиш-иродани У зот одамларга Пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар.
«Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса залолат ҳақ бўлди».
Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди.
Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ. Улар ихтиёрлари билан тасарруф қилдилар.
Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳнинг шомил ихтиёридан чиққанлари йўқ. Чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади.
Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга кетишини ихтиёр этган ва жорий қонун-қоидаларга айлантирган.
Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда жорий қонун-қоидаларга айлантиргандир.
Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийларини бандаларга ет-казишдир.
Аллоҳнинг Ўзи бу ҳақда «Аҳзоб» сурасида қуйидагиларни айтади: «Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир» (39-оят).
Аллоҳнинг йўлига ҳеч қандай тангликсиз эргашиб юрган зотлар, Набийлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлардир: «Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган» зотлардир.
Аллоҳ уларни ўз элчиси – Пайғамбари қилиб юборган. Улар – Пайғамбар, одамларга Аллоҳнинг пайғомини – хабарларини етказувчилар. Албатта, Аллоҳ таолонинг рисоласида Ўз бандаларига йўллаган амрлари ва наҳийлари бўлади. Пайғамбарлар ана ўшаларни ўз умматларига етказадилар.
Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб қуйидагиларни марҳамат қилади: «Эй, Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас». (Моида: 67).
Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у кишига ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул этиши-этмаслигига қарамай, даъват қилавериш, Аллоҳ таолонинг амрлари ва наҳийларини етказавериш лозимлигини буюрмоқда: «Эй, Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».
Зотан, Пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълим берилган. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.
«Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан».
Яъни, агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг Пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан.
Аммо етказиш осон иш эмас. Ислом даъвати йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўпдир. Унга қарши турли иғво-бўҳтонлар уюштирилади. Маломатлар қилинади. Обрўйига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо бу нарсалардан қўрқма. Чунки: «Аллоҳ сени одамлардан сақлар». Уларнинг ёмонликларидан асрайди.
Исломга даъват қанчалик кучли бўлмасин, баъзилар тўғри йўлга юрмасликлари мумкин. Бундай пайтда даъватчи тушкунликка тушмаслиги керак. Аллоҳнинг суннати ўзи шундай: «Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири одамларга яхши ўрнак бўлишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Аҳзоб» сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, сизлар учун - Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» (21-оят).
Аллоҳ таоло яна «Мумтаҳина» сурасида қуйидаги маънони марҳамат қилади: «Ҳақиқатда, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўл-ганларда яхши ўрнак бор» (4 - оят).

 Пайғамбарларнинг мўъжизалари.

  «Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар.
Истилоҳда эса Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш мўъжизадир.
Кофирлар одатда пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга доимо ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча Пайғамбарларга худди шундай таклифлар қилганлар. Аллоҳ Ўз Пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг имонини мустаҳкамлаш учун Пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.
Мисол учун сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.
Моддапарастлик авж олиб, ҳар бир нарса моддий асосга эга деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.
Ўтган Пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.
Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун У зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.
У зоти бобарокат ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат тургунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у кишидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.
Бошқа Пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма Пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб оддий бир ҳолатга айланиб қолгандан, катта шов-шув қилинмасди.
Ўзини билган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Исро ва Меърож қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини турлича тутди ва ҳар хил гап айтди.
Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:
«У зот шу гапларни айтдими?» деб сўрадилар.
«Ҳа», дедилар. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди. Улар: «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр:
«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди.
Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари У зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатиш талаб қилган пайтда ҳам уларга Қуръони Карим мўъжиза сифатида рўкач қилинар эди. Бунга «Анкабут» сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин: «Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-51-оятлар).
Кофирлар хаёлига нима келса, гапираверади. Улар Муҳаммадга Роббидан оят-мўъжизалар тушса эди, дедилар. Ҳа,
«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар».
Эй, Пайғамбар!
«Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин».
Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда туширади. Кимга керак бўлса, ўшанга туширади. Қанча керак бўлса, шунча туширади. Пайғамбар эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида, уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.
Нима учун улар мўъжиза тушишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий боқий мўъжиза–Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!
«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»
Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!
«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир».
Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш учун кишида иймон бўлиши керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 004 Ақоид илмининг мақсади Ақоид илмининг мақсади ndash динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги давоми...

4893 13:00 / 24.08.2020
Бу дунёда тўплаган барча нарсасини инсон ўзидан кейин шу дунёда қолдиради. Ҳеч кимса, хаттоки унинг оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ва бу дунёда унинг давоми...

9296 16:31 / 02.08.2017
Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар .машиъат масаласи, деса, бошқалар .бандаларнинг амали масаласи, ҳам дейишади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз давоми...

5309 13:10 / 25.03.2019
Аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун, ароқ давоми...

2456 19:00 / 04.12.2023