1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

68-боб. Қўшнининг шикояти

19:50 / 04.12.2019 3268 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг бир қўшним бор, ҳар доим менга озор беради», деди.

«Бориб, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй», дедилар.

У бориб, анжомларини чиқарди. Унинг атрофига одамлар тўпланиб:

«Нима бўлди?» дейишди.

«Қўшним ҳар доим менга озор берарди, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, шу ҳақда айтган эдим, менга: «Бориб, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй», дедилар», деди.

Шунда одамлар: «Аллоҳим, уни лаънатлагин, уни хор қилгин!» дея бошлашди. Бу гап (қўшнисига) етиб борди. У югуриб келиб:

«(Жон қўшни,) уйингга қайт. Аллоҳга қасамки, энди сенга озор бермайман», деди».

Шарҳ: Демак, баъзи вақтларда қўшнидан шикоят қилиш ҳам жоиз экан. Ўша жамоанинг бошлиғига шикоят қилиб, қўшнини кўпчиликнинг, маҳалла-кўйнинг таъсири билан одобга чақириш усуллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам бўлган экан.

Бу набавий услуб бизда ҳам қадимдан қўллаб келинган. Қўшнилар орасида пайдо бўлган келишмовчиликларни уламолар, маҳалла аҳли, катта ёшдаги кишилар ва тажрибали одамлар ҳал қилиб, уларни яраштириб, аҳил-иноқ бўлишга чақириб келганлар.

Бу нарсани яна ҳам яхшилаш борасида қўлимиздан келган чораларни қўллаб боришимиз, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳам шу руҳда тарбиялашга аҳамият беришимиз лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳбарларга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.

2. Одобсиз қўшнига таъзир бериш учун жамоатчиликни жалб қилиш мумкинлиги.

3. Жамият аъзолари ўз ҳамжамиятларига эътибор беришлари, уларнинг ҳолидан хабар олишлари кераклиги.

4. Жамоатчилик беодоб қўшни ҳақида танқид сўзларини айтишлари мумкинлиги.

5. Хатога йўл қўйган киши кўпчиликнинг гапини қабул қилиб, ўзини ўнглаши кераклиги.

Абу Жуҳайфадан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнисидан шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй, ким ўша ердан ўтса, ўша ёмон қўшнингни лаънатлайди», дедилар.

Кўчадан ўтган одам борки, уни (ёмон қўшни) лаънатлай бошлади. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Одамлардан менга етган гаплар нимаси?!» деди. Шунда у зот:

«Аллоҳнинг лаънати одамларнинг лаънатидан устундир», дедилар. Кейин шикоят қилган одамга:

«Қутулдинг», дедилар ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар».

Демак, устидан шикоят қилинган қўшни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Менга одамларнинг лаънати етди, энди Аллоҳнинг лаънати ҳам етиб қолмасин», деб тавба қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шикоятчи қўшнига: «Энди уйингга киравер, қўшнинг адабини еди, тавбасига таянди», деган маънода гапирган эканлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳбарга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.

2. Қўшнининг зулми ҳақида жамоатчиликни огоҳ қилиш мумкинлиги.

3. Жамоатчилик золим қўшнини лаънатлаши мумкинлиги.

4. Золим қўшнига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлиши.

Ибн Мубашширдан ривоят қилинади:

«Жобирнинг шундай деганини эшитдим:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнисидан шикоят қилмоқчи бўлиб келди. У Рукн билан Мақомнинг ўртасида ўтирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар.

Ҳалиги одам у зотнинг Мақомнинг олдида, одамлар жаноза ўқийдиган жойда оппоқ кийимли бир одам билан тик турганларини кўрди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида у:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз билан Мақомда турган оқ кийимли одам ким?» деб сўради.

«Сен уни кўрдингми?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«У ҳолда жуда кўп яхшиликни кўрибсан, сен кўрган ўша зот Роббимнинг элчиси Жаброил алайҳиссалом эди. У менга қўшни хусусида тавсия бераверганидан, унга мерос белгиласа керак, деб ўйлаб қолдим», дедилар».

Бу ҳадисда ҳам қўшнисига озор берганларга насиҳат бор экан. Бир киши қўшнисининг устидан шикоят қилаётган пайтда Жаброил алайҳиссалом Каъбанинг олдида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнининг ҳаққи тўғрисида кўпгина васиятлар қилиб кетган экан.

Бу ҳол ҳам Исломда қўшнининг ҳаққи қанчалар улуғ эканига яна бир далилдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳбарга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом оқ кийимли одам кўринишида келганлари.

3. Жаброил алайҳиссалом оқ кийимли одам кўринишида келганларида оддий одамларга ҳам кўринганлари.

4. Улуғ кишилардан «Сиз билан турган ким эди?» қабилидаги савол сўраш мумкинлиги.

5. Жаброил алайҳиссаломни одам шаклида кўрган шахс кўп яхшиликни кўрган бўлиши.

6. Қўшнининг ҳаққи меросхўрнинг ҳаққига яқин экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кексалар уйқуга ётадилар, аммо ухлолмайдилар. Овқатланадилар, бироқ ҳазм қила олмайдилар. Куладилар, лекин хурсанд бўла олмайдилар. Табассумлари ортида кўз давоми...

5336 14:49 / 01 февраль
Саҳл ибн Ҳанзолийядан ривоят қилинади.У бефарзанд эди ва .Исломда эканимда бир болам чала туғилиб яшамаса, бунга савоб умидида сабр қилишим мен учун дунё ва ундаги давоми...

3349 18:01 / 28.03.2020
. Муътамир ибн Сулаймон отасидан ривоят қилади .Муварриқ онасининг бошини қараб қўяр эди,. Шарҳ Яъни онасининг сочларини секинсекин силаб, тагида олиб давоми...

1050 15:18 / 03 октябрь
7боб. Отаонага оқ бўлиш . , . , .15. Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта.Сизларга давоми...

6046 16:06 / 29.10.2018