1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Маҳсига масҳ тортиш

16:30 / 01.12.2019 2760 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳси – маълум ва машҳур оёқ кийими. У оёқни тўпиғидан юқорисигача яхшилаб бекитиб туради. Совуқдан ва турли нопокликлардан сақлайди. «Маҳси» деб номланмаса ҳам, унинг мазкур сифатларига эга бўлган оёқ кийимлари маҳси ҳукмида бўлади. Ҳар таҳоратда оёқ кийимни ечиб, оёқни ювиш машаққат туғдирганлиги учун тўлиқ таҳорат билан кийилган маҳси унинг ичидаги оёқни пок сақлашини эътиборга олиб, шариатимизда маҳсига масҳ тортишга рухсат берилган.

Лекин баъзи кишилар бу рухсатни тўғри тушунмаганлар. Улар «Бир вақтлар маҳсига масҳ тортиш бўлган, аммо Моида сурасидаги таҳорат ҳақидаги оят тушиб, «оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» деган буйруқ келганидан кейин маҳсига масҳ тортиш ботил бўлган», дейдилар.

Бу нотўғри гап. Ҳамма асл ҳадис китобларида ривоят қилинган машҳур ҳадисда келишича, Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб, маҳсиларига масҳ тортганлар. Шунда у кишига:

«Сен шу ишни қиласанми?» дейилган. У киши:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишни қилганларини кўрган бўлганимдан кейин бундай қилишдан мени нима ман қилар эди?!» деганлар.

Одамлар:

«Бу Моида сураси нозил бўлишидан олдин бўлган», деганлар. Шунда Жарир розияллоҳу анҳу:

«Мен у сура нозил бўлганидан кейин мусулмон бўлганман», деганлар.

Демак, «Моида сурасидаги оят суннат билан собит бўлган маҳсига масҳ тортишни бекор қилган», деган гап мардуддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари маҳсига масҳ тортганлар ва бошқаларга масҳ тортишга кўрсатма ҳам берганлар. Саҳобаларнинг кўпчилиги бу ишни қилганлар.

Аммо маҳсига масҳ тортиш ҳақидаги мазкур нотўғри фикр кўпчиликни адаштиргани ҳамда у тез-тез қайтадан пайдо бўлиб тургани учун ҳадис ва фиқҳ китобларида бу масала алоҳида бобда, айри эҳтимом билан баён қилинадиган бўлиб қолган.

Маҳсига масҳ тортишга рухсатдан мурод, енгиллик яратишдир. Шу билан бирга, унинг яна сувни тежаш, вақтни тежаш, оёқни совуқдан ва нопокликдан сақлаши каби фойдалари ҳам бор.

عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم خَرَجَ لِحَاجَتِهِ فَاتَّبَعَهُ الْمُغِيرَةُ بِإِدَاوَةٍ فِيهَا مَاءٌ فَصَبَّ عَلَيْهِ حِينَ فَرَغَ مِنْ حَاجَتِهِ فَتَوَضَأَ وَمَسَحَ عَلَى الْخُفَّيْنِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга чиққан эдилар. Муғийра орқаларидан мешчада сув олиб бориб, ҳожатларидан фориғ бўлганларидан кейин қуйиб турди. Бас, у зот таҳорат қилдилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳсиларига масҳ тортганлари очиқ-ойдин, алоҳида зикр қилингани учун у мана шу бобда келтирилмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қазои ҳожат учун чиққанда кишилардан узоқлашиш зарурлиги.

2. Бошлиқ кишилар ўзлари айтмасалар ҳам, шай туриб, хизматларини қилиш кераклиги.

3. Таҳоратга бошқа биров сув қуйиб бериши жоизлиги. (Аввал баён қилинганидек, узри бўлмаса, биров қуйиб бермагани маъқул. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда ўзлари қилганлар).

4. Қазои ҳожатдан кейин дарҳол таҳорат қилиб олишнинг яхшилиги.

5. Маҳсига масҳ тортиш шариатда бор эканлиги.

6. «Маҳсига масҳ тортиш Моида сурасидаги оят билан мансух бўлган», деганларнинг гапи нотўғри эканлиги.

Чунки Моида сурасидаги оят Мурайсиъ ғазотида нозил бўлган. Бу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса эса Табук ғазотида бўлган. Табук ғазоти Мурайсиъ ғазотидан кейин бўлганлиги ҳаммага маълум.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
224. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши туяда кириб келди ва уни масжидга давоми...

7069 14:00 / 02.08.2019
704. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши .Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг наздида энг катта гуноҳ қайси, деб сўради. .У сени яратган бўлсада, Унга давоми...

4581 20:00 / 22.04.2022
Абу Дардодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар.Аллоҳга ширк келтирма, агар қиймақийма қилиб ташлансанг давоми...

6900 16:23 / 02.05.2018
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини давоми...

4510 17:03 / 09.02.2020
Аудиолар

210865 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар