Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (43-дарс)

14:00 / 02.08.2019 5884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

224. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши туяда кириб келди ва уни масжидга чўктирди. Кейин боғлади. Сўнгра: «Қай бирларинг Муҳаммад?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурларида ёнбошлаган ҳолда эдилар. «Манави ёнбошлаган оқ одам», дедик. «Ибн Абдулмуттолибми?» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга жавоб бераман», дедилар. Шунда ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сендан сўровчиман. Сенга саволни қаттиқ қилувчиман. Яна, ўзингга олиб юрмагин!» деди. «Истаганингни сўрайвер», дедилар.

«Сендан Роббинг ила, сендан олдингиларнинг Робби ила сўрайман, Аллоҳ сени барча одамларга юбордими?» деди.

«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» дедилар.

«Аллоҳ ила сендан сўрайман. Аллоҳ сенга бир кеча-кундуз­да беш вақт намоз ўқишимизни амр қилдими?» деди.

«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» дедилар.

 «Аллоҳ ила сендан сўрайман. Аллоҳ сенга йилига ушбу ойнинг рўзасини тутмоғимизни амр қилдими?» деди.

«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» дедилар.

 «Аллоҳ ила сендан сўрайман. Аллоҳ сенга ушбу садақани бойларимиздан олиб камбағалларимизга тақсимлашни амр қилдими?» деди.

«Аллоҳ шоҳид, ҳа!» дедилар.

Шунда ҳалиги киши: «Сен келтирган нарсага иймон келтирдим. Мен ўз ортимдаги қавмимнинг элчисиман. Мен Бану Саъд ибн Бакр(қабиласи)лик Зимом ибн Саълабаман», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўрашдан қайтарилган эдик. Бадавий аҳллардан бир оқил киши келиб, у зотдан савол сўрашини эшитиб туриш бизни қизиқтирар эди. Шунда бир куни Бодия аҳлидан бир киши келди ва: «Эй Муҳаммад! Бизга юборган элчинг бориб, сени албатта Аллоҳ юборганини даъво қилаётганингни даъво қилди», деди. У зот: «Тўғри айтибди», дедилар. «Осмонни ким яратган?» деди. «Аллоҳ!» дедилар. «Ерни ким яратган?» деди. «Аллоҳ!» дедилар. «Мана бу тоғларни ким тиклаб қўйди ва уларда пайдо қилган нарсаларни пайдо қилди?» деди. «Аллоҳ!» дедилар. «Ундай бўлса, осмонни яратган, ерни яратган, ушбу тоғларни тиклаган Зот билан қасамки, сени Аллоҳ юбордими?» деди. «Ҳа!» дедилар. «Сенинг элчинг бизга бир куну кечамизда беш вақт намоз фарз эканини даъво қилди», деди. «Тўғри айтибди»дедилар. «Сени Набий қилиб юборган Зот ила қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа!» дедилар. «Сенинг элчинг бизга молу дунёмизда закот фарз қилинганини даъво қилди», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. «Сени Набий қилиб юборган Зот ила қасамки, буни Сенга Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа!» дедилар. «Сенинг элчинг йилимизда Рамазон ойи рўзасининг бизга фарз қилинганини даъво қилди», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. «Сени Набий қилиб юборган Зот билан қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди. «Ҳа!» дедилар. «Сенинг элчинг биздан қодир бўлганларга Байтни ҳаж қилиш фарз қилинганини даъво қилди», деди. «Тўғри айтибди», дедилар. Сўнгра у киши: «Сени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мана шуларга зиёда ҳам қилмайман, улардан кам ҳам қилмайман», деб қайтиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ростгўй бўлса, албатта жаннатга киради», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

225. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга: «Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради», деб башорат берди»дедилар. «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. «Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

226. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳу маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир», деб гувоҳлик берса, нима амал қилган бўлса ҳам Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Аллоҳ уни жаннатнинг саккиз эшигидан қайсинисини истаса, шундан киритади», дейилган.

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай дейилган: Сунобиҳийдан, у Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», деганларини эшитдим».

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик давоми...

4231 13:00 / 27.09.2020
740. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Бирингиз ўз биродарига қурол билан ўқталмасин. Чунки шайтон давоми...

2442 19:00 / 15.07.2022
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган гўштимизни еса, бас, ўша Аллоҳнинг давоми...

2469 13:35 / 26.07.2020
603. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Фитрат бештадир хатна ҳаром тукларни тозалаш қўлтиқ остидаги давоми...

2979 17:00 / 24.12.2021