1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Беҳбудий ҳазратларининг махфий сири

10:05 / 29.11.2019 4506 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муфтий ҳазратлари, гарчи ўз ватанидан четга чиқиб, олис ўлкага шайланганини сир тутса-да, айғоқчилар унинг сафаридан хабар топиб, миршаблар ёрдамида ушлаб олишди. Муфтий қамоққа олингач, ноилож тақдирнинг ёзиғи шу эканини англади. Бироқ умиди батамом сўниб, ўлдириб юборишади, деб сира ҳам ўйламасди. Ахир, уни кимсан – Америка президенти кутаётган эди-да!..

Рақиби кўп муфтий

XX аср бошларида Туркистонда кечган жадидчилик ҳаракатини Беҳбудий ҳазратларисиз тасаввур қилиш қийин. У жадидча мактаблар очиб, ўзи дарслик ёзган буюк мураббий, матбуотимиз ва адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшган, ўзбек драматургиясига асос солган адиб, исломий эътиқодли уламо бўлган. Ўша дамларда Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқанднинг муфтийи бўлиб ҳам фаолият кўрсатган эди.

Ана шундай уламонинг, табиийки, рақиблари кўп бўлиб, улар фақат рус мустамлакачиларигина эмас, жоҳил ва мутаассиб уламолар ҳам эди. Муфтий ҳазратлари мустамлакачиларнинг шовинистик муносабатларини қўл остидаги халқни қўлдан чиқармаслик ниятида қилинаётган ҳаракат деб билар, аммо мутаассиб муллаларнинг жоҳиллигини кўриб...

Хуллас, мутаассиблар муфтий Маҳмудхўжани ўзларига рақиб деб билар, улар ҳар қандай янгиликка қарши эдилар. Улар ҳатто 1914 йилнинг 3 январь куни Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида жума кунги намозда ваъз ўқиб, аҳли муслимга: «Усули жадидчиларнинг ва русча ўқитмоққа ташвиқ қилатурғонларнинг кофирлиги ва ҳар ким боласини усули жадид мактабига берса, ўзи кофир, хотини талоқ» бўлиши ҳақида фатво берадилар. Табиийки, бу хурофот тезда «миш-миш» шаклида бутун Туркистон бўйлаб «бола»лади. Беҳбудий ҳазратлари куюниб, мутаассибларга жавоб сифатида «Ойина» журналининг 1914 йил 12-сонида «Фавқулодда такфир» номли мақоласини чоп эттирди.

Хуллас, авомга жадидчилик моҳиятини тушунтираётган бир пайтда хурофотчиларнинг бу қилиқлари ортиқча эди. Беҳбудий ана шундай қийин вазиятда ўлкамизда жадид мактаблари, нашриёт, кутубхона, газета ва журналлар очишни йўлга қўя олган, рақиблари кўп уламо эди.

Муросасиз кураш

Гарчи Саййид Олимхон Петербургда ўқиб, Россия ва дунёда кечаётган сиёсий бўҳронлардан хабардор бўлса-да, 1910 йил тахтга ўтиргач, аркони давлат ишларини бойликка муккасидан кетган амалдорлар ва мутаассиб руҳонийлар ихтиёрига бериб, ўзи кўпинча ҳаётини маишатбозлик билан ўтказди.

Беҳбудий ҳазратлари Шарқда ҳамон довруғи баланд Бухорои шарифдаги мутаассибона бошқарув услуби, тараққиётдан орқада қолиб, ўлкада яна жоҳилият замонининг қайтадан бошланишидан хавфсирарди. Айниқса, «Ёш бухороликлар»дек тараққийпарвар куч атрофидаги кишиларнинг амир томонидан зиндонга ташланиши, қатл этилиши Беҳбудийни қаттиқ қайғуга соларди.

Беҳбудийнинг «ёш бухороликлар» билан алоқаси борлигини яхши билган Саййид Олимхон эса уни ўзининг ашаддий рақиби, деб биларди. Хусусан, Самарқанддаги қозихоналарда мирзалик, қозилик, муфтийлик қилган Беҳбудийнинг жадид мактаблари, театр труппалари очиш бўйича қилаётган ишлари, нафақат Туркистон, балки Россиядаги матбуот нашрларида босилган мақолалари унинг номини бу пайтда анча машҳур қилганди. Арабистон, Миср, Туркия сингари шарқ давлатларини кезган Беҳбудий ғоят обрў-эътиборли киши саналарди. Ҳатто 1907 йили Самарқандга келган жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоил Ғаспиралининг Беҳбудийникида меҳмон бўлгани унинг номини янада машҳур қилиб юборди. Буларнинг бари Саййид Олимхонга яхши маълум бўлиб, ана шундай обрўли зотнинг «ёш бухороликлар»ни қўллаб-қувватлаётгани амирга ёқмасди. Айниқса, сиёсий воқеалар «қозони» қайнаган 1917 йилга келиб, ҳатто, русияликларнинг ҳам у билан муросага бораётгани амирнинг ғашини келтирди. Амир ўз тахтини қулатмоқчи бўлаётган «ёш бухороликлар» ортида Беҳбудий турмаётганмикан, деган хаёлгаям борди.

Бу вақтда Самарқанд Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли вилоят бўлиб, сиёсий уйғониш авж олган вазиятда Беҳбудий жамоат арбоби сифатида ҳам машҳур кишига айланди. Мустамлака амирлик ҳукмдори Олимхон шундай вазиятда бир гуруҳ туркистонликларни Бухорода қабул қилди. 1917 йилнинг апрелида бўлган учрашувда Беҳбудий ҳам иштирок этган. Қизиғи шундаки, расмий қабул маросимида амир Олимхон ҳатто гуруҳдаги барча туркистонликлар билан қўл бериб сўрашади, аммо Беҳбудийга қўл бермай, эътиборсизлик кўрсатади. Бу ҳолатнинг сабаби ҳам Беҳбудий «ёш бухороликлар» билан маслакдошлигида эди.

Айнан Бухорода бўлиб, амирнинг қабул маросимида ўзини тутиши, амалдорларнинг мутаассибона қарашларини, умуман, амирликдаги вазиятни ўрганган Беҳбудий «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 1 май сонида «Бухоро воқеалари ва дафъи туҳмат» сарлавҳали мақоласини чоп эттирди. Ушбу мақолада сиёсий уйғониш замони келган бўлса-да, амирнинг ҳамон Русия мустамлакачилари, хусусан, Бухородаги элчихона бошлиғи Миллер таъсиридан чиқолмаётгани, «семизлигидан заҳмат чекаётган «амир»нинг мутаассиб диндор ва амалдорлар қуршовида қолиб кетаётганлиги»ни ёзганди.

Беҳбудийнинг Бухородаги вазият ҳақидаги мақоласидан сўнг амир айғоқчиларини унинг изига қўйиб, «газетада уриб чиққан» «Падаркуш»чига жазо бериш йўлини излай бошлади. Ҳатто, бухоролик қадимчилар амир билан келишган ҳолда Беҳбудийга имзосиз хат ёзиб, уни қўрқитиб қўймоқчи бўлдилар.

Беҳбудий бу ҳақда яна «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 16 июн сонида мақола ёзиб чиқади. «Такрор айтарман, ким мани қўрқутарман, деб беҳуда заҳмат чекмасун, ўшал исмсиз мактубнинг таклифига мувофиқ, жавобимизни мана газетада ёздук ва энди мактуб эгасининг бизга юборатурган ўлумига мунтазирмиз. Ҳар ҳолда ўлум бирдур, икки эмас!».

Беҳбудийнинг бу мақоласи амирнинг айбини очиб, яна унинг ғазабини келтирди. Натижада Олимхон Беҳбудийни ўлим билан қўрқитмоқ эмас, балки ўлдирмоқ керак, деган фикрга келди.

Мухолифатчилар йўлга чиқдилар

1917 йилнинг октябрида Петербургда бўлган давлат тўнтаришидан сўнг ҳокимият тепасига келган большевиклар сиёсати мустамлакачилик тўнининг ўзгариши эди, холос. Табиийки, Туркистонда кечган бу жараёнга «босмачилик» деб хато номланган истиқлолчилик – совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракати кўп йиллар қаршилик кўрсатиб, озодлик учун кураш олиб борди.

Бу ҳаракатнинг 1918-19 йиллардаги дастлабки босқичини кузатган Беҳбудий энг мақбул йўл хорижга бориб, большевикларга қарши кайфиятдаги давлат раҳбарларидан ёрдам олиб, кучни бирлаштириш ва қақшатқич зарба бериш, деб билди. Шу ниятда 1919 йил 25 март куни маслакдошлари Мардонқул Шомуҳаммад, Муҳаммадқул Ўрунбой ва бир турк билан Самарқанддан махфий равишда чиқиб кетди.

Бу вақтда тошкентлик Садриддинхон, Нуриддинбек ва Саидносир Миржалоловлар Туркияга, Мустафо Чўқаев эса Европага йўл олган, Шерали Лапин ҳам Европа давлатлари раҳбарларига хат билан мурожаат қилганди. Улар Қўқонда тузилган Туркистон мухторияти раҳбарлари бўлиб, большевиклар ва арман дашноқлари томонидан мухторият қонга ботирилгач, хорижий давлатлардан мадад кутиб, йўлга чиққан большевикларнинг мухолифлари эди. Муфтий Беҳбудий ҳазратлари эса АҚШ президенти билан учрашишни ният қилиб сафарга отланди.

Бу пайтда биринчи жаҳон уруши тугаб, ғолиб бўлган Антанта давлатлари Парижда Версал конференциясини ўтказаётган эди. Большевиклардек мустамлакачи очофатларнинг дунёга гегемонлик қилишини кўплаб хориж давлатлари, хусусан, биринчи галда АҚШ истамасди. Туркистон мухторияти раҳбарлари эса АҚШ президентига мактуб йўллабгина қолмай, ундан жавоб хати ҳам олгандилар...

АҚШ президенти муфтийни кутганмиди?

Ўша вақтдаги АҚШнинг 28-президенти Томас Вудро Вилсон (1856-1924) большевикларга қарши кураш ташаббускори бўлиб, қад тиклаётган «ўрис айиғи» ни «бешиги»даёқ бўғиш ниятида эди. У АҚШ президенти сифатида эмас, Нобел мукофоти совриндори сифатида ҳам дунёда обрўси баланд бўлиб, большевикларга қарши курашчилар билан музокарага тайёр эди. Вилсон 1919 йил 18 январда Парижда бошланган тинчлик конференциясида большевикларга қарши курашаётган барча мухолифатчиларга махсус хат йўллаб, уларни Шаҳзода оролларига таклиф этганди. Олти оролдан иборат мазкур сўлим маскан Истанбулнинг ёнгинасида бўлиб, ғарб давлатлари раҳбарларининг бу ерга денгиз йўли билан етиб келиши кутилаётганди.

Вилсон мухолифатчилар билан кучларни бирлаштириб, большевикларга зарба бериш ва тугатишни Париж тинчлик конференцияси кун тартибидаги долзарб масалалардан бири этиб қўйганди. Шу боис, бу масалани Истанбул яқинидаги оролда бевосита мухолифатчилар билан муҳокама қилиш, вазиятни батафсил таҳлил қилишга тайёр эди.

АҚШ президенти билан эса теран мулоҳазали, вазиятни беш қўлдай биладиган туркистонлик большевиклар мухолифатчиси музокара олиб бориши керак эди. Бундай инсон эса ўша вақтда Беҳбудий бўлиб, у Бокуга, ундан Истанбулга ўтиб, Шаҳзода оролларига етиб бориши ва биринчи жаҳон урушида ғолиб бўлган давлат раҳбарлари билан болшевизмга қарши кураш бўйича музокарани бошлаши керак эди.

Муфтийни ким қўлга туширди?

Бу пайтга келиб, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигидан ташқари, Ўрта Осиёнинг катта қисмини забт этган большевиклар, хусусан, уларнинг айғоқчилик маҳкамаси – ВЧК кенг тармоқ отиб улгурганди. ВЧК аксилайғоқчилик тармоғи орқали Версал конференциясида большевикларга қарши кураш масаласи муҳокама этилишидан, унда большевикларнинг ичкаридаги мухолифатчилари иштирок этишидан бохабар бўлганди. Шундай экан, қайсидир мухолиф киши ёки гуруҳнинг четга чиқиши қандайдир йўллар билан Версал конференциясига боришидан дарак берарди. Ўша вақтда Туркистон ичида «босмачилар»дан ташқари, бош мухолифат лидери, табиийки, муфтий Беҳбудий ҳазратлари бўлиб, унинг 1919 йил февралида Тошкентга келиб, вазият билан танишиб кетгани ҳам ВЧКга маълум бўлган.

Кўп ўтмай, Самарқандга қайтиб келган Беҳбудийнинг у ерда туркиялик Наим афанди билан учрашгани ҳақидаги хабар тезда уларга етиб боради. Бундай вазиятда эса кузатув остидаги Беҳбудий уйида кўринмай қолди. Шунинг ўзиёқ ён-атрофдан муфтийнинг дарагини излаш ишлари олиб борилишига сабаб бўлди. Тошкентдаги большевиклар ВЧКасига Русиянинг Бухородаги элчихонаси ходими Уткин Беҳбудийнинг Бухорога келганини кўрган одамлар борлиги ҳақида хабар беради. Муфтийнинг яна бир мухолифи амир Саййид Олимхондан уни тутишда фойдаланиш маъқуллиги эса тезда энг мақбул вариант сифатида танланади. Бундан олдинроқ большевиклар Беҳбудийнинг амир билан рақиблигини билиб, муфтийдан Олимхонни қулатишда фойдаланишни ҳам ўйлагандилар. Бироқ Беҳбудийнинг нафақат амир билан, балки большевиклар билан ҳам муросага боролмаслиги аён бўлганди. Шундай экан, уни амир қўли билан гумдон қилиш энг осон йўл эди. Беҳбудийнинг Самарқанддан пинҳона чет элга чиққанидан огоҳ бўлгач эса бундан қулай пайт сифатида фойдаландилар. Яъни, олдинига чор охранкаси, эндиликда эса ВЧК айғоқчиси бўлган Уткин Бухородаги қизил Русия элчихонаси ходими сифатида амир билан тезда боғланиб, Беҳбудийнинг Бухорога келиб, «ёш бухороликлар» билан учрашгани, бу ердан Олимхонга қарши куч тўпламоқ мақсадида хорижга кетаётганини шипшитган. Бу эса муфтий Беҳбудийни шундоғам жини суймайдиган амир учун қулай бўлди. Боз устига, муфтий амирлик ҳудудида экан. Шу тарзда большевиклар амир қўли билан Беҳбудийнинг изига тушди.

Натижада 1919 йил апрелида амир буйруғига кўра, Шаҳрисабзга етиб борган Беҳбудий ва унинг уч ҳамроҳи қамоққа олинади. Бу ҳақдаги хабар 1919 йилнинг 23 апрелида «Меҳнаткашлар товуши» газетасида чоп этилиб, муфтий «Бухоро тупроғидан ўтаётганларида турк муаллим Наим Афанди ила Қарши шаҳри беги тарафидан қўлга олиниб, зиндонга ташлангани» айтиб ўтилганди. Большевикча матбуот цензураси томонидан тайёрланган бу хабар орқали гўёки Беҳбудий амир буйруғига кўра, Тоғайбек томонидан зиндонга солингани, яъни муфтийнинг халқ орасида обрў қозонганини билатуриб, халқдаям амирга қарши кайфиятни кучайтириб, ўзларини оқ қилиб кўрсатмоқчи бўлгандилар.

Зиндондаги раҳмдил жаллод

Муфтийнинг ҳамроҳи бўлмиш Наим афандини Туркия билан муносабатларни ёмонлаштирмай, дея Қарши шаҳри беги қўйиб юбортиради. Беҳбудий, Мардонқул ва Муҳаммадқуллар эса Қарши шаҳрига олиб келиниб, шахсан Тоғайбек томонидан зиндонда қийноқ ва азобларга солинади. Обрў-эътиборли муфтийнинг қийноққа солинишидан, ҳатто, бекнинг жаллоди Аҳмад ваҳимага тушиб, Тоғайбекдан муфтийни озод қилишни ўтиниб сўрайди. Бекдан буни илтимос қилишининг сабаби, улар муфтийни зиндонбанд қилганларида, Беҳбудий уларга махфий сафарларини яшириб, ҳажга кетаётибмиз, деб айтган эди. Шу йўл билан у мусулмон бек ва жаллодларнинг қўлидан озод бўлишни ўйлаганди.

Аммо Тоғайбек муфтийга қарата: «Сизлар жадид ва кофирдирсиз, Бухорога, жаноби олийга тиғ тортган сизнинг маслакдошингиз эмасмилар эди? Сизларни ўлдурмоқ керак. Сизлар қутулмоқ учун Байтуллоҳга бормоқни баҳона этиб кўрсатасиз», дейди. Ҳатто муфтийнинг тарафини олган жаллоди Аҳмадниям калтаклатиб, сўнг ўлимга ҳукм қилади.

Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини эса, «Наука и просвещение» журналининг 1922 йил 1-сонидаги ҳожи Муиннинг мақоласидаги фикрларга кўра, «ўзлари учун қабр қазишга мажбур этадилар ва шу қабр ёнида уларни бўғизлаб, шу ерга кўмадилар».

Шу тариқа 1919 йил июн ойининг бошларида Қарши шаҳрида буюк маърифатпарвар муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 ёшида фожиали қатл қилинди. Гарчи, улуғ маърифатчи Беҳбудий шаҳид бўлса-да, истиқлолга интилган аждодимиз сифатида тарихда қолди ва қолажак.

Умид Бекмуҳаммад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқорида амаки ота ўрнида бўлиши, ота вафот этганидан кейин амакини ота ўрнида кўриб, уни эъзозлаш лозимлиги ҳадислар, ривоятлар мисолида айтилган эди. Энди эса давоми...

4524 11:30 / 23.12.2018
Бир дўстимга мева сотувчи бир воқеани айтиб берган экан. Ўша савдогар бир чақа ҳам зарар қилмай, яроқсиз меваларни сотар экан. У эскирган меваларни идиш тагига давоми...

3196 08:00 / 22.12.2020
Тўғри сўзлик ва тилини ва аъзоларини Аллоҳ харом қилган ишлардан тийишРамазон ойида тўғри сўзликни одат қилган ва тилни ёлғон, ғийбат, чақимчиликдан эҳтиёт давоми...

1671 08:30 / 21.05.2021
Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан бўладилар. Бу одат ҳам яхши давоми...

1889 19:40 / 08.09.2019