1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Қадрни билиш

16:05 / 27.11.2019 3267 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

София бинти Ҳуяй онамиз ўзларининг нозик дидлари ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрларини олий мақомга кўтарар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бунга ўзига яраша жавоб қилиб, бу онамизнинг қадрларини ўрнига қўяр эдилар.

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда София онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим. Бир оз гаплашдим, сўнг уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг (Софиянинг) уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда у зот:

«Икковингиз шошилманг, бу София бинти Ҳуяйдир», дедилар.

«Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишидан қўрқдим», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикоф ўтирган бўлсалар ҳам, София бинти Ҳуяй онамизни кузатиб чиқишлари у зотнинг бу онамизни юқори даражада қадрлашларининг ёрқин далилидир.

Имом Аҳмад ва бошқалар София онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳаж қилдилар. Софиянинг туяси ётиб олди. Бас, у йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабарни эшитиб, етиб келдилар ва қўллари билан унинг кўз ёшларини артдилар. У йиғлар, у зот эса уни юпатар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бир жойга тушдилар. Эрталаб Зайнаб бинти Жаҳшга:

«Дугонангга битта туяни вақтинчалик бериб тур», дедилар. Унинг уловлари кўп эди.

«Мен сизнинг яҳудиянгизга берар эканманми?» деди.

У зотнинг аччиқлари чиқди. Мадинага борганларидан кейин унга гапирмай қўйдилар. Муҳаррам, Сафар ўтди. Унинг олдига келмадилар. У умидини узди.

Робийъул Аввал бўлганда унинг олдига кирдилар. У ул зотни кўрганида:

«Эй Аллоҳнинг Расули, нима қилай?» деди.

Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан беркитиб юрган битта жорияси бор эди. Ўшани «Бу сизга», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўриси олдига бордилар. У кўтариб қўйилган эди. Уни ўз қўллари билан туширдилар. У зот ўз аҳлларидан рози бўлдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида бир оғиз қўпол сўз айтиб қўйган Зайнаб бинти Жаҳш онамиз розияллоҳу анҳога бунчалик аччиқланишларидан ҳам София бинти Ҳуяй онамизнинг у зот ҳузурларидаги олий мартабаларини билиб оламиз.

Ана шу ҳолат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларигача давом этди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқалар Зайд ибн Асламдан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида у зотнинг аёллари ҳузурларида жамландилар. Шунда София бинти Ҳуяй онамиз:

«Эй Аллоҳнинг Набийси! Аллоҳга қасамки, сизга келган нарса менга келишини истардим», деди.

Бас, у зотнинг завжалари бунга имо-ишора қилдилар. У зот уларни кўрдилар ва:

«Оғизларингизни чайиб ташланглар!» дедилар.

«Нима учун, эй Аллоҳнинг Набийси?!» дейишди.

«Унга имо-ишора қилганингиз учун. Аллоҳга қасамки, у ростгўйдир!» дедилар».

Бу ҳадиси шариф ҳам София бинти Ҳуяй онамизнинг фазллари қанчалик улуғ эканига яна битта далилдир.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаУмму Салама онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқиб, у зотнинг азвожи мутоҳҳараларидан бири бўлишларининг ўзи катта шараф давоми...

2459 16:10 / 22.08.2019
Аллоҳ таоло айтади .Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз, Бақара сураси, 187оят.Аллоҳ азза ва жалла бошқа сўзни эмас, айнан .либос, сўзини ишлатиб, эркакни давоми...

4373 18:40 / 26.04.2019
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан давоми...

13001 11:20 / 08.01.2019
IIIҲафса бинти Умар розияллоҳу анҳо нубувват хонадонига янги аъзо бўлиб келганларида у ерда Савда онамиз ва Оиша онамиз бор эдилар. Ҳафса бинти Умарнинг оталари давоми...

2859 13:30 / 16.03.2019
Аудиолар

227860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146587 14:35 / 11.08.2021