Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик каби барча маънавий хасталиклар ортида «ҳавойи нафсга эргашиш» деб номланадиган бало туради.
Шунинг учун бу дунё ва охиратда нажот истаган банда учун ушбу нарсани яхшилаб таниб олиш ва ундан ҳазир бўлиш жуда ҳам муҳим иш ҳисобланади.
«Ҳаво» сўзи луғатда «бўшлиқ» ва «йиқилиш» деган маъноларни англатади. Осмон билан ер орасидаги бўшлиқнинг «ҳаво» деб номланиши ҳам шундан. У ўзи бўшлиқ бўлгач, унга ташланган нарса ҳам пастга қараб йиқилади.
«Ҳавойи нафс» нафснинг бўшлиғи ва йиқилишини англатади. Бинобарин, «ҳавойи нафсга эргашиш» деганда нафсни бўш қиладиган ва уни қулатадиган нарсага эргашиш англашилади.
Уламолар «ҳаво»нинг таърифида: «Ҳаво нафснинг лаззат бахш этувчи ва шариат рухсат бермаган шаҳватларга мойил бўлишидир», деганлар («Куллиёт», 962-бет).
Ҳавойи нафсга эргашишнинг таърифи қуйидагича: «Ҳавойи нафсга эргашиш нафснинг шаҳватга нисбатан майлини устун қўйиш ва Аллоҳ таолога маъсият бўладиган ишларга юришдир».
Ҳаво ва шаҳват орасидаги фарқ:
Имом Мовардий бу фарқни қуйидагича баён қилади: «Ҳаво фикр ва эътиқодий нарсаларга оиддир. Шаҳват эса моддий лаззатларга хосдир. Бас, шаҳват ҳавонинг самарасидир». («Адабуд-дунё ва дийн», 38-бет).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳавойи нафсга эргашишни қаттиқ қоралаган.
У Зот Аъроф сурасида марҳамат қилади:
ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ
«Биз оятларимизни берган, сўнгра улардан суғурилиб чиққан ва уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган кишининг хабарини уларга тиловат қилиб бер!
Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар» (175-176-оятлар).
Агар одам боласи ўзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, юксак мартабаларга кўтарилиши муқаррар.
«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик».
Яъни агар унинг мартабасини юксалтиришни хоҳласак, «улар», яъни ўша оятлар билан мартабасини кўтарар эдик.
«Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди».
Юксалишни хоҳламади, билган илмини оёқости қилди. Ҳавойи нафси «Ароқ ич», деса, ароқ ичди; «Ҳаром е», деса, ҳаром еди; «Ёлғон гапир», деса, ёлғон гапирди.
Бу дунёнинг ўткинчи, заволга маҳкум матоҳини деб ерга қапишди. Мол-дунёни, амал-мансабни, бандаларнинг кўнглини хоҳлади. Аллоҳ таолонинг эмас, уларнинг розилигини кўзлади.
Ҳавойи нафсининг гапига кирди. Охири бориб, ахлат уюми оралаб тилини осилтириб юрган итга ўхшаб қолди.
«Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир».
Нима қилиб бўлса ҳам ташланган ахлатни титиб еса бўлди.
Аллоҳ таоло Қасас сурасида марҳамат қилади:
ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ
«Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридан у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин.
Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (49-50-оятлар).
Кофирлар Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги таклифларига жавоб бера оладиларми? Улар Таврот ва Қуръондан кўра тўғрироқ китоб олиб кела биладиларми?
Агар шу иш қўлларидан келса, бошқалар ҳам унга иймон келтириши керак бўлади. Лекин ҳозирча олиб кела олганлари йўқ.
Унда нима қилиш керак? Кофирларнинг Қуръони Каримга, Ислом динига бўлаётган муносабатларини қандай баҳолаш лозим?
Ана шу саволларнинг жавоби ушбу оятда келмоқда:
«Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос».
Улар ҳавойи нафсларига эргашмаганларида, бундай қилмасдилар: ё ўзлари энг тўғри китобни олиб келишлари, ёки Қуръонга эргашишлари керак эди. Улар Қуръонга эргашмадилар. Шунингдек, бошқа яхшироқ китоб ҳам олиб кела билмадилар. Демак, улар ҳавойи нафслари ихтиёридаги кимсалардир. Ҳавойи нафсига эргашганлар ким ўзи?
«Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ кимса борми?!»
Албатта, йўқ. Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса ҳавойи нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавойи нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътироз бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!
«Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».
Қуръон хабари ва унинг таълимотларини била туриб, унга эргашмаган одамлар энг катта золимлардир. Бундай золимларни эса Аллоҳ таоло ҳидоят қилмайди.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ
«Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир» (135-оят).
Гувоҳлик жуда ҳам нозик ва масъулиятли иш. Чунки гувоҳлик бериш йўли билан далил-ҳужжат етишмай турган ишлар ҳал бўлади. Бир оғиз гувоҳлик сўзи билан бировга нисбатан ўлим ҳукми чиқиши ёки бекор қилиниши мумкин. Биров қамалиб кетиши ёки қутулиб қолиши мумкин.
Гувоҳлик беришда
«Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг».
Ҳавойи нафс ўзини севишга, ота-она ва қариндошларга ён босишга ундаши мумкин. Нафс бойга хушомад қилишга ёки камбағалга меҳр кўрсатишга ва шунга ўхшаш нотўғри ишларга бошлаши мумкин.
Ҳавойи нафсга берилиб,
«Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир».
У Зот ўзи билиб, адолат-ла жазоингизни беради. Тилингизни буриб, нотўғри гувоҳлик беришингиз мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:
ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ
«Албатта, Соат (қиёмат) келгувчидир. Ҳар бир жон саъй-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.
Унга иймон келтирмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган сени ҳаргиз ундан тўсмасин. У ҳолда ҳалок бўласан» (15-16-оятлар).
Ҳавойи нафсига эргашиб, қиёматга иймон келтирмайдиганлар бошқаларни ҳам унга ишонишдан, иймон келтиришдан тўсишга ҳаракат қиладилар. Улар сенинг ҳам иймонингни тўсишга уринишлари мумкин. Аммо сен зинҳор уларнинг гапига қулоқ солма. Агар қулоқ солсанг, ҳалок бўласан.
كَانَ النَّبِيُّ r يَقُولُ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ مُنْكَرَاتِ الْأَخْلَاقِ وَالْأَعْمَالِ وَالْأَهْوَاءِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Мен Сендан мункар ахлоқлардан, амаллардан ва ҳавойи нафслардан паноҳ сўрайман», дер эдилар».
Термизий ривоят қилган.
عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «الْكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ، وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَوَاهَا وَتَمَنَّى عَلَى اللهِ الْأَمَانِيَّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Доно – нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Аҳмоқ – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан умидвор бўлган одамдир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Оқил одам ўзини ўзи тергаб, ҳавойи нафсини жиловлаб, Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади. Аҳмоқ эса ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, У Зотга тавба ҳам қилмай, «Мени афв этишини орзу қиламан», деб юради. Аллоҳ таоло бўлса: «Тоатимга бахиллик қилганга қандай қилиб раҳматимни ҳадя қиламан», дейди.
Имом Абу Довуд қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради», деганлар.
وَقَدْ رُوِيَ عَنْهُ r أَنَّهُ قَالَ : «وَاَلَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يَكُونَ هَوَاهُ تَبَعًا لِمَا جِئْتُ بِهِ».
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:
«Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, сизлардан бирортангиз токи унинг ҳавойи нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича мўмин бўла олмайди», деганлар».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга юборган аҳдномада «Аллоҳдан душманингизга қарши нусрат сўраганингиздек, ўз ҳавойи нафсингизга қарши ҳам ёрдам сўранг. Аллоҳдан буни ўзимизга ҳам, сизга ҳам сўрайман», деган иборалар бор эди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу:
«Менинг қўрқадиган нарсам, ҳавойи нафсга тобе бўлиш ва узун орзулар қилишдир. Ҳавойи нафсга тобе бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар, бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб, кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар, дунёнинг боласи бўлиб қолманглар. Бугун амал бор-у, ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бор-у, амал йўқдир», деган.
«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди