1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аҳли илмларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? (биринчи мақола)

14:36 / 22.10.2019 3989 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Охирги пайтларда аҳли илмларни обрўсизлантиришга ҳар тарафдан турли кўринишдаги уринишлар авж олди. Бу ҳолат бутун дунё бўйлаб кузатилмоқда. Бу ҳолат араб оламида ҳам бор. Афтидан, бу иш атайин, режали қилинаётир. Ахборот уруши ичида бундай режани амалга ошириш анча осон кечмоқда. Кишилар ўзлари билиб-билмаган ҳолатда ушбу нохуш ишга аралашиб қолмоқда. Энг хатарлиси – бу ҳаракат кўпинча ҳақиқат ҳимояси даъвоси остида олиб борилаётган бўлса-да, аслида бошқа мақсадларга етаклаб кетмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда жуда ҳам оммалашди. Шу боис мана шу мавзуда айрим мулоҳазаларни сиз билан баҳам кўргим келди.

«Яна ўша гап экан-да, ўзларини ўзлари ҳимоя қилаверишади, оқлайверишади», «Сарой муллалари шунақа, аллачи», каби гапларни айтишга шошилманг! Бу сатрларни муаллиф кўп мулоҳаза ва кузатувлардан сўнг ёзмоқда ва барчасини чин кўнгилдан, самимий қалб ила, яхши мақсадда ёзмоқда. Ножўя ғараз йўқ, буюртма йўқ ва бирор маълум ҳодисага қайдланмаган, умумий ҳолат тақозосида ёзилмоқда.

Кўпчилик одамлар аҳли илмларни, имом-домлаларни танқид қилишда, уларни қоралашда фақат танганинг бир тарафига, юзасига қараб гапирмоқда. Аслида эса танганинг бошқа тарафи ҳам бор. Мен бу ерда танганинг ана ўша, кўпчилик кўрмай қолаётган орқа тарафига эътиборни қаратмоқчиман. Шу боис ҳамма гапириб турган жиҳатларга кўп ҳам тўхталмоқчи эмасман.

Тарихга бир назар

Уламоларни ва домлаларни ёмон кўриш, обрўсизлантириш аслида дин душманларининг ва сўнги асрларда хоссатан даҳрийларнинг бош ғояси бўлган. Саҳобаи киромларнинг халқлар қошидаги обрўлари, етакчиликларига ҳасад қилган мунофиқлар ва уларга эргашган адашган тоифалар саҳобаларнинг обрўсини тўкишга қаттиқ ҳаракат қилишган, ораларида низо чиқаришгача етиб боришган эди. Улар ҳатто Усмон, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Алий розияллоҳу анҳумдек буюк саҳобаларни ҳам менсишмаган ва бирини тақвосизликда, адолатсизликда, бошқасини илмсизликда айблаб, обрўларини тўкиб, ҳатто жонларига қасд қилишгача журъат қилишган.

Даҳрийлик тузуми даврида аввалига аҳли илмларни, уламоларни турли айблар билан ёмонотлиқ қилиб бориб, сўнг бирдан уларни ҳақсиз деб эълон этиб, қатағон қилишди. Омма халқ деярли томошабин бўлди. Худосизлар бу билан ҳам тинчишмади, у ер-бу ерда қолган саноқли аҳли илмларни ҳам тинимсиз таъқиб қилиб боришди, домлаларни мазах қилиш уларнинг энг севимли ишига айланди. Ташвиқот шу даражага етдики, домлаларнинг фарзандлари ўз оталаридан, отинойи оналаридан нафратланадиган, ор қиладиган бўлиб қолди. Энг алам қиладиган жойи – аҳли илмларни таъқиб қилаётганлар ҳам, қатағон қилаётганлар ҳам бегоналар эмас эди, шу юрт фарзандлари эди. Орқадан урган пичоғининг зарби танангдан олдин юрагингга етади.

Юртимиз уламолари ана шундай мудҳиш даврларни бошдан ўтказсалар-да, ўз эътиқодларига содиқ яшаб ўтдилар ва қочиб, беркиниб бўлса ҳам, имкон қадар келажак авлодга дин-диёнатдан, ахлоқ-одобдан таълим бердилар, ўзликни асраш учун бор кучлари билан курашдилар. Ниҳоят, кутилган кунлар ҳам келди, халққа эътиқод эркинлиги берилди. Бироқ, бу давр алғов-далғовларга тўла бўлиб, кўп ўтмай илм аҳли бошига яна ҳар турли синовлар туша бошлади.

Очиғини айтганда, дин пешволарига, олимларига нисбатан таъқиб ва тазйиқларнинг, синовларнинг юздан бири бошқа бирор соҳа вакилларининг бошига тушганида ўша соҳа аллақачон таг-туги билан йўқ бўлиб, ер юзидан супурилиб кетган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло Ўз динини сақлашни ваъда қилгани учун, бу диннинг буюклиги, ҳудудларни эмас, қалбларни забт этгани сабабли ва Парвардигор Ўзи ҳидоят инъом этган мухлис зотларнинг фидокорона хизматлари эвазига Ислом илмлари қайта жонланиб, аҳли илмлар силсиласи узилмай давом этиб келмоқда.

Воқелик

Ўтган сал кам бир асрлик даврни оладиган бўлсак, аҳли илмларга нисбатан қанчалар аёвсиз қатағонлар, туҳматлар бўлмади дейсиз. Бу, албатта, уларнинг руҳиятида ўзига яраша из қолдириши табиий эди. Улардаги айрим доираларга нисбатан ишончсизлик, баъзан ўта эҳтиёткорликнинг асл илдизи ҳам шунга бориб тақалади.

Тан олишимиз керак, биз мазкур синовлар пайтида аҳли илмларни етарлича ҳимоя қила олмадик, уларга тиргак бўлишга ярамадик. Бир-иккита фидокор одамлар кимлар учундир нимадир хизматлар қилган бўлиши мумкин, аммо оммавий равишда олганимизда, биз ўз қаҳрамонларимизни кўпинча ҳимоясиз қолдириб келдик. Жуда ҳиммат қилганимизда, ҳақларига дуо қила олдик, холос. Аксар ҳолатларда эса вафо ўрнига жафо қилдик. Баъзан айбни уларнинг ўзларига тўнкадик, «Эҳтиёткорлик қилмаган-да» деб, ўзимизни сийладик. Баъзан эса «Бир нимаси бордирки, шундай бўлган» деб, турли гумонларга бордик, ҳатто улардан юз ўгирдик. Кечагина бизга пешво бўлиб турган бир аҳли илм ҳақида кимлардир иғво тарқатса, суриштириб ҳам ўтирмай, ўша туҳматни миш-миш қилиб кўтариб юрдик. Бирорта аҳли илм таъқиб қилинаётгани ҳақида гумонга тушсак, ундан ўзимизни олиб қочдик. Кеча у билан қадрдонлигимизни айтиб, ҳар жойда оғиз тўлдириб фахрланаётган бўлсак, бугун унинг ўзини кўрсак ҳам худди танимагандек, ўгирилиб ўтиб кетадиган бўлиб олдик. Фарзандларимизга ниманидир ўргатаман деб уринган устознинг бошига синов келганда кўпинча фақат ўзимизнинг тинчлигимиз, мол-пулимизни асраш ғамига тушиб қолдик, «менга тегишмаса бўлди, бошқаси билан ишим йўқ» қабилида иш тутдик. «Бу йўлни ўзи танлагандан кейин, бошга тушганига чидайди-да», дея беандишалик билан тағофул қилдик. Вақти келса, ўзи бир тарафдан зулм кўриб, ташвишда турган устозга бошқа тарафдан зарба беришга ҳам журъат қилдик. Хуллас, вафо қилганларимиз жуда ҳам кам бўлди.

Бу гапларни мен шунчаки тахмин билан ёзаётганим йўқ, балки бир қанчасини бошдан ўтказган, ўз кўзи билан кўрган тирик гувоҳ сифатида айтмоқдаман. Шу билан бирга, бу билан кимнидир ёки, Аллоҳ асрасин, бутун халқни айбламоқчи ҳам эмасман. Ҳаммамиз ҳам бандамиз, ожизмиз. Фақат айтмоқчиманки, ҳолимиз шундай бўлгач, уламолардан талабни ҳам шунга яраша қилишимиз керак, шуниси инсофдан бўлади. Бошқачароқ қилиб айтганда, ҳамма нарса ўзимизга яраша бўлишини тушунишимиз керак.

Бир бўлган воқеани айтиб берсам. Бир имомга қавмдаги «мард»лардан бири: «Домла, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни баралла айтганлар, ҳеч нарсадан қўрқмаганлар. Нега сиз ҳақни айтмай, қўрқасиз?» дебди. Шунда ҳалиги имом: «Бўтам! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни айтганларида ёнларида у зот учун жонини ҳам аямайдиган, ўқ келса кўксини, қилич тушса қўлини қўйиб турадиган саҳобалар бор эди. Майли, мен сен айтгандек бўлай, сен ҳам саҳобалардек ёнимда туриб бера оласанми?» деган экан. Бу жавоб қанчалик ўринли экани бошқа масала, аммо унда жон борлиги аниқ.

Аҳли илмларга нима бўлган?

Бугунги кунда аҳли илмлар ва домлаларга қўйилаётган асосий айб – ҳақни гапирмаслик, қўрқоқликдир. Бу даъво қайсидир маънода тўғри. Улар баъзан биз кутган ҳақ гапни айтмай қолаётган, биз кутган муносабатни қилмаётган бўлишлари мумкин. Бироқ, бу ҳолатни мутлақ равишда қоралаб бўлмайди, чунки аввало, вазиятни атрофлича аниқлаш керак. Қолаверса, буни баҳолаш ҳамманинг ҳам иши эмас. Шу билан бирга,  улар Исломга ҳеч қандай хизмат қилмаяпти, динни бузяпти дегани ҳам эмас. Қани энди улар биз кутгандек шижоат ва ғайрат кўрсатишса, деймиз. Бироқ ўзимиз уларнинг ўрнида бўлсак шундай қила олармидик? Буни ҳам холис ўйлаб қўйишимиз керак. Ҳар ким ўзининг шахсий вазиятини ўзи билади. Бировни маломат қилишдан олдин ўз ҳолимизга ҳам боқиб қўйишимиз керак.

Аслида ҳолат биз ўйлагандан бошқача бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Аҳли илмлар биз билмаган нарсаларни билиши, биз ҳисобга олмаётган жабҳаларни ҳам инобатга олаётган бўлиши, баъзан кескинлик сувни баттар лойқалатишидан қўрқишлари, вазиятни ўнглаш учун сукутни кўпроқ муносиб кўраётган бўлишлари ва шу каби бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Улар жамиятнинг барча табақалари билан мулоқотда бўлганлари учун кўпчилик кўрмайдиган, ҳис этмайдиган жиҳатларни англайдилар, улар билан ҳисоблашадилар ва бунга мажбурлар. Айрим диндорларимиз эса фақат ўз атрофини кўради, шундан хулоса чиқаради, бошқа тарафлар билан умуман иши йўқ, ўз қобиғига ўралашиб қолган. Имом-домлалар эса одатда бу маънода кенгроқ тушунчага эга бўладилар ва бу борада уларда анча йиллик тажрибалар ҳам бор..

Бу билан мен уларнинг барча тасарруфларини оқламоқчи эмасман. Балки уларни тушунишимиз, уларга самимий носиҳ – хайрихоҳ насиҳатгўй бўлишимиз, қўлимиздан келса, тиргак бўлишимиз лозим, демоқчиман.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон зоти борки, бахтли бўлишни истайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, бойлиги мўл давоми...

2410 09:10 / 26.07.2019
Ҳозирги кунда маросимларнинг тури кўпайиб кетди. Уларнинг кўпчилигига Исломнинг алоқаси йўқ. Мазкур маросимлар кўпроқ бошқаларга тақлид қилароқ шаклланган. давоми...

3002 21:20 / 27.01.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида одамлар қаҳатчиликка учрашди. Аҳвол жуда оғирлашгач, Абу Бакр розияллоҳу давоми...

2250 08:01 / 12.10.2020
Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб макон қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи ndash масжидларидир. Шаҳарларнинг давоми...

14146 10:30 / 03.04.2019