Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръонга ҳақ олса бўлади дейдиганлар, мана саҳобалар Қуръони Каримни ўқиб дам солиб ҳақига бир неча қўйни олдилар, бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъқулладилар. Шундан Қуръонга ҳақ олса жоизлиги чиқади, дейдилар.
Уларнинг қаршилари эса, бу махсус замон, макон ва шахсларга хос нарса. Уни умумийлаштириб бўлмайди, дейдилар. Аммо икки тараф ҳам ўзлари тортишаётган масала бўйича фақатгина ушбу ҳадиси шариф бор эмаслиги, бошқа далиллар ҳам кўплигини унутиб қўядилар. Мисол учун айтадиган бўлсак, биринчи мақоламизда чаён чаққанда дам солишга изн берувчи ҳадисларни ўрганиб чиқдик.
Уламоларимиз, оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда беришини ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Бас, шундоқ бўлгандан кейин одамларнинг Роббисининг каломи фойда бермасмиди, дейдилар.
Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири ила боғланишидан хасталик тузалади. Худди, шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчи руҳининг таъсири ўтади. Орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади.
Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни ила солган дами фойдали бўлади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар, Фотиҳа сураси-ку ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани, деган эканлар.
Юқорида зикр қилинган нарсалардан заҳарли ҳайвонлар чаққанда фақат дам солиш керак экан, деган хулосага келиб қолмаслик керак.
Бу ҳақда Ибн Абу Шайба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтиради: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб туриб сажда қилган эдилар, у зотнинг панжаларини чаён чақиб олди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтдилар-да: «Аллоҳ чаённи лаънатласин! Пайғамбарни ҳам, бошқани ҳам қўймайди», дедилар. Сўнгра бир идишда сув билан туз келтиришга буюрдилар. Чаён чаққан жойни ўша сув ва тузга солдилар ва босилгунча «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан икки «қул аъузу»ни ўқиб турдилар». Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал чаён чаққан жойга дори-дармон қилиб туриб, кейин ўзлари Қуръони Карим сураларини ўқиганлар. Шунинг учун ҳар бир одам ўзига-ўзи дам солиши яхшидир. Заҳарли ҳайвонлар чаққанда уларнинг заҳари иссиғидан чақилган жой исий бошлайди. Шунинг учун уни совутишга совуқ сув зарур экан. Тузда эса заҳарни сўриш қобилияти бор экан. Буни Ибн Сино ҳам таъкидлаган. Уламоларимиз дам солиш, руҳий муолажалар дардга йўлиққандан кейин уни тузатишга хизмат қилганидек, дардни олдини олиш, у етганда ҳам зарарини кам бўладиган қилишга хизмат қилади, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирадилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси мени бир чаён чақиб олиб, кўрадиганимни кўрдим», деди. Шунда у зот: «Кечқурун бўлганда, «Аъузу бикалиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа халақ» деганингда сенга зарар қилмас эди», дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ётар жойларига кирсалар «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқиб кафтларига дам солиб юзларига, баданларининг қўл етган жойларига суртар эдилар».
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо айтади:
«Мен Ҳафсанинг олдида эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар-да, менга: «Мана бунга ёзишни ўргатганингдек, «намила»га дам солишни ҳам ўргатмайсанми!» дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: «Намила» одамнинг ёнбошига чиқадиган нарса бўлиб, чумоли ўрмалаб юриб, чақаётганга ўхшайдиган ҳисга сабаб бўлади.
Ушбу ривоятнинг соҳибаси Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилият даврида мазкур хасталикка дам солиб юрар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккаи Мукаррамада байъат қилган эканлар. Ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага келганларида:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен жоҳилиятда «намила»га дам солар эдим. Ҳозир уни сиздан ўтказиб олмоқчиман», деди. Сўнгра ўқий бошлади:
«Бисмиллаҳи, саъалту ҳатта яъуда мин афваҳиҳа ва лаа тазурру аҳадан. Аллоҳумма икшифил баъса, Роббан наси». Шунда у зот: «Шуни ўқиб бир шохчага етти марта дам урасан, пок жойни топиб туриб уни яхши сиркага солиб олиб тошга ишқайсан, кейин «намила»га суртасан», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ўз уйида, хотини билан гаплашиб ўтирган аёл ила кўришиш, гаплашиш мумкинлиги.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамиз билан гаплашиб ўтирган Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо билган гаплашганлари каби.
3. Аёл киши ҳам дам солиш ила шуғулланса жоизлиги.
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо жоҳилиятда ҳам шу ишни қилар эдилар, Исломда ҳам шу ҳолатда қолди.
4. Дам солишни бировга ўргатиш ёки уни биладиган одамдан ўрганиш жоизлиги.
5. Аёлларга ёзишни ўргатиш лозимлиги.
6. Фақат бир нарсадан дам солишни ўзлаштириш мумкинлиги.
Бу ривоятда Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо намила хасталигига дам солишни ўзлаштиргани ва уни адо этиб юриши ҳақида сўз кетмоқда. Аввалги ривоятларда чаён чаққанда дам соладиган эркак киши ҳақида сўз кетган эди. Эҳтимол, одамлардаги Аллоҳ таоло берган руҳий ва бошқа қобилиятларга қараб баъзи кишиларда маълум заҳарли ҳайвон заҳарини қайтаришга истеъдод бўлар. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам мулоҳаза қилинади. Келажакда мутахассис уламолар бу нарсани илмий равишда ўргансалар яхши бўлади.
(Давоми бор)
Islom.uz портали