1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тавбанинг шартлари

05:00 / 01.03.2017 6814 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тавба улкан ибодатдир. Шу сабабли, унинг қабул бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Тавбанинг шартларига амал қилинсагина у қабул бўлади. Тавбанинг тўртта шарти бор:


 1. Илм. 

Яъни, гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборатдир.

2. Ҳол. 

Мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи муҳаббат қўйган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана ўша алам надомат деб аталади. Пайғамбар алайҳиссалом “Надомат тавбадир” деганлар. 

3. Амал. 

Гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан кейин мазкур аламни йўқотиш учун азму қарор билан ўша гуноҳни тарк қилишдир.

4. Ҳақларни эгасига қайтариш. 

Агар бир инсоннинг ҳаққига тажовуз қилинган бўлса, у ҳолда ўша банданинг розилигини олиш ҳам зарур бўлади. Агар олинган ҳақ бу дунёда эгасига қайтарилмаса, қиёмат куни ўша ҳақ ўз эгасига солиҳ амал кўринишида тўланади. Борди-ю, бировнинг ҳақи ўзида қолиб кетган одамнинг солиҳ амаллари бўлмаса, у ҳолда, ҳақ эгасининг гуноҳларидан ўзига олишга мажбур бўлади.  

Тавба қабул бўлиши учун булардан ташқари яна қуйидаги икки шарт ҳам бажарилиши лозим: 

1. Тавба ихлос билан қилиниши керак. 

Тавбани ибодат дедик. Демак, тавба қилаётган киши Аллоҳга ихлос билан, яъни У зотни улуғлаган ва кечиришини чин дилдан истаган ҳолда тавба қилиши керак. Банда тавба қилар экан, бундан Аллоҳнинг савобини умид қилиши, иқобидан қўрқиши, тавбадан дунёнинг бирор матосини кўзламай, фақат Аллоҳнинг розилигини талаб қилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: 

 “Илло, (шу дунёда) тавба қилиб ўзларини тузатган, Аллоҳ билан боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилганлар, айнан улар мўминлар билан бирга бўлурлар. Мўминларга эса, Аллоҳ буюк мукофот ато этур” (Нисо, 146). 

Агар банда ихлосли бўлса, тавбасида ростгўй бўлса, Аллоҳнинг ўзи у бандасига ёрдам беради ва тавба қилишдан тўсувчи турли ёмонликлардан уни асрайди. Агар банда ихлосли бўлмаса, Аллоҳ уни тавбага йўлламайди. Агар қалб Аллоҳнинг ибодатида ихлосли бўлиб, унинг лаззатини, ҳаловатини ҳис этса, ўша банда учун бошқа ҳеч бир нарса ибодатчалик лаззатлироқ, ширинроқ туюлмайди. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом ҳақларида шундай дейди: “Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир” (Юсуф, 24). 

Ҳа, Аллоҳ азза ва жалла ихлос туфайли бандаларини гуноҳ ва фаҳш ишлардан қайтаради. 

2. Тавба ўз вақтида қилиниши керак. 

Банда тавбани ўлим соати келмасидан ҳамда қуёш мағрибдан чиқмасидан олдин қилиши керак. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

“Албатта, Аллоҳ бандасининг ғарғара бўлишидан (ўлим келишидан) олдин қилган тавбасини қабул қилади”. Аҳмад ва Термизий ривояти. 

Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: 

“Албатта, Аллоҳ кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси “қўл”ини чўзиб туради, кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи “қўл”ини чўзиб туради. Бу ҳол то қуёш мағрибдан чиққунича давом этади”. Муслим ривояти. 

Аллоҳ таолонинг бандаларига нақадар меҳрибонлигига қаранг! 

Аслида, У зот биздан беҳожат, тавбамизга мутлақо муҳтож эмас. Лекин Роббимиз биз гуноҳкор бандалар тавба қилмай ўлиб кетмаслигимиз учун бизларни кечаю кундуз тавба қилишга чорлар экан. Ҳаммамиз бу неъматдан фойдаланайлик. Бу фурсатни ғанимат билайлик. Тавбага шошилайлик. Кундузи қилган гуноҳларимизга кечаси, кечаси қилган гуноҳларимизга эса, кундузи тавба қилайлик. Вақт ўтиб кетмасидан олдин тавба қилиб қолайлик. Тавбани кечиктирувчилардан, уни эртанги кунга қолдирувчилардан бўлмайлик. Баъзилар, ҳозир ишлаб пул топиб олай, нафақага чиққанимдан кейин астойдил тавба қиламан, дейишади. Хўш, уларга ким нафақа ёшигача яшайсан деб кафолат берди?! Шак-шубҳасиз, бу шайтоннинг ҳийласидан бошқа нарса эмас. Чунки, ўлим ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, тўсатдан келади. Шунинг учун тавбани кечиктиришдан эҳтиёт бўлайлик. Узундан узун орзуларга берилиб, тавба қилиш эсимиздан чиқиб қолмасин. Зеро, узун-узун орзулар қалбни касал қилади, кўп вақтимизни олиб, амалдан чалғитади.  

Аллоҳ барчамизга ҳақиқий насуҳ тавбани насиб этсин. Омин! 


Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизда .манманлик, деб аталадиган салбий сифат арабларда .ужуб, дейилади. Бунда киши ўзида бор нарсадан ўзи ажабланади ва мақтанади.Манманлик уламолар истилоҳида давоми...

4288 19:00 / 02.04.2022
Ҳар бир банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларнинг энг хавфлиларидан яна бири мунофиқликдир.Араб тилида мунофиқликнинг англатувчи сўларнинг давоми...

6338 05:00 / 28.02.2017
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундайдир Менинг ахлоқимга тобеъ бўлмаган ва менга салоту салом йўлламаган киши жаннат йўлини йўқотиб давоми...

3526 12:03 / 03.11.2018
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси керак.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида давоми...

18855 05:00 / 28.02.2017