1445 йил 27 зулҳижжа | 2024 йил 03 июль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Намозни қандай бошладим?

19:41 / 04.10.2019 4579 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоз ўқиш учун кўп йиллар нафсим билан олишдим.

— Сен ишлайсан, журналистсан, бошинг очиқ юрибсан, сенинг намозинг қабул бўлмайди, - деди айримлар… Фақат тасаттурда бўлганлар намоз ўқиши керами? Атрофимда боши ёпиқ, аммо ибодатларини бажармайдиган қанчадан-қанча аёллар бор-ку? Бошида рўмол аммо намозга бепарво. Албатта, Роббимнинг барча буйруғини бажара олиш гўзал. Аммо бирини бажаряпман-ку, дея бошқаларига бепарволик қилиш яхши эмас.

Аммо Аллоҳимга беадад ҳамдлар бўлсинки, мен намоз ўқишни бошладим. Қандай бошлаганимни биласизми? Шукр, қалбимга намозга нисбатан буюк муҳаббат уйғонди. Ҳатто бир маҳалини ҳам кечиктиришни, қазо қилишни истамайдиган даражада намозни севдим. Уйда намоз ўқиш учун керакли нарсам йўқ эди. Дугонамга қўнғироқ қилиб илтимос қилдим:

— Илтимос, менга этаги узун либос билан тасбеҳ бериб юборинг…

Телефондан йиғи овози эшитилди. Севинганидан кўз ёшлари юзини ҳўл қилди. Дугонам намозхон, ибодатларини ўрнига қўядиган ҳақиқий муслима. Дарров, сўраган нарсаларимни бериб юборибди, омон бўлсин. Уйга келиб сандиғимни очдим. Сарпомдаги жойнамоз ва рўмолни олдим. Ихлос ва ният билан таҳорат қилдим ва намозни бошладим.

Шунчаки кутишдан фойда йўқ, азизлар. Аввало Аллоҳ насиб этсин, лекин ўзингиз ҳам Аллоҳга, ибодатга илк қадамни қўйингки, давомига Роббим сизни қувватлантирсин.

Мен бирдан намоз ўқишни бошладим. Тўйиб-қониб сут ичардим. Эсимда, 17-18 ёшлар чамасида эдим, тушимда ўзимни тасаттурли (ҳижобланган) ҳолатда кўрдим. Уст-бошим оппоқ, бошимда оппоқ рўмол. Ёшлик қилдим, туш орқали Аллоҳ сатрланишимга ишора қилганини англамадим.

Намозсиз, ибодатсиз чоғларимни ўйласам юрагим увишади. Атрофимда ниқоби дўст, асли душмандан баттар кимсалар кўп эди. Шу қадар бахтсиз, омадсиз, файзсиз эдимки, ҳотиржам ўтган бир куним бўлмасди. Давомли ҳавотир, ўзидан қониқмаслик, дуодан йироқлик ва ҳавоси ўзимга номаъқул одамлар озоридан қалбим зулматда эди. Тинимсиз ишлардим, топганимда барака йўқ эди. Кечаю-кундуз ишлашимга қарамай мудом муҳтож эдим.

Сўнг ҳаётимга нур, қуёш бўлиб намоз кириб келди. Шундай қуёшки, ҳатто тун қоронғусида ҳам юрагимни ёритади. Энди оз ишласам ҳам ризқимда барака бор, Алхамдулиллаҳ. Мен Аллоҳга ҳар куни бир қадам ташлаб яқинлашганим сари, Мавлом дунё билан орамни ислоҳ қилмоқда.

Намозсиз ўтган кунларимда ҳар учраган нокасу номард юрагимга ўқ отарди. Ҳар учраган кимса мени алдарди. Намоз ўқишни бошлаганимдан кейин, Роббим менга инсонларнинг аслиятини кўрсата бошлади. Энди одамларни таниш учун алданиб тажриба орттиришга муҳтож эмасман, Аллоҳга беҳисоб шукр. Қалбимни, ҳисларимни Ўзига омонат топширганим учун Роббим, кимнинг аслида кимлигини шундоқ очиқ-аён кўрсатиб қўймоқда. Мени алданишдан, изтироб чекишдан, пушаймон бўлишдан паноҳида асрамоқда.

Намоз ўқишни бошлаганимдан бери қалбимни иккиланиш, тараддуд тарк этди. Авваллари ётоғимга чўзилиб, кўзларимни юмганча хом-хаёллар сурардим ва унинг номини «орзу» дердим. Энди «хаёл сургим» келса, чиройли таҳорат оламан, икки ракат «Ҳожат намози»ни адо этаман ва истиғфор билан само эшикларини очиб, узун-узун дуоларимда катта-катта нарсаларни сўрайман. Энди мен учун «имкони йўқ» деган жумла йўқ. Ўрнига «Кун фа якун» бор. Аллоҳга ҳамма нарса осон, «БЎЛ!» деса муҳаққақ бўлади!

Аммо булар ўз-ўзидан келгани йўқ. Мен Аллоҳга яқин бўлишни намоз ўқишдан бошладим.

Сиз ҳам «намоз ўқишим керак, иш кўп-да», «кейинги Рамазондан бошлайман», «пенсияга чиқсам ўқирман» дея, ҳузур сари сафарни кечиктирманг, қадрдоним. Гўзал таҳорат олинг. Жойнамозни ёзинг ва ихлос билан намоз ўқишни бошланг. Мени айтди дерсиз, Аллоҳим насибингизни шундоқ гўзал қиладики, иймоннинг давоми ҳам бир-бир қулфи дилингизни очиб кириб келаверади. Сиз илк одимни қўйинг, намозингизни ҳузур билан ўқий бошлаган лаҳзангиздан ҳаловат нури қалбингизни ёрита бошлайди. Мен буни уддаладим ва ҳар ўтган кун, ой ва йил иймоннинг чинакам ҳаловатига қадамба қадам эришиш бахтидан саодатлиман! Иншааллоҳ, Аллоҳнинг изни билан бошқа буйруқларини ҳам ўрнига қўяман, комилликка, солиҳликка муносиб банда бўламан.

Роббим бундай шодумонликни ҳаммага насиб этсин! Намоз ўқишни ният қилиб, жойнамозга ўтиришга қадами етмаётган барча-барчани дуо қиламан. Сафимиз кўпайсин! Аллоҳ бизни ва зурриётларимизни солиҳу солиҳалардан айласин!

Умида Азиз

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир яқин биродаримизнинг айтганларини, иншааллоҳ, манфаатли бўлар, дея, сизларга ҳам етказишни ният қилдим. У киши айтади.Сизларга баъзи бир нарсаларни айтиб давоми...

2642 10:05 / 28.10.2019
У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. Фузайл ўзи талаб олган молларни айшишратга, давоми...

4216 11:05 / 25.09.2019
Эсимда 9 ёшли қиз эдим. Ҳовлида кўпчилик турар эдик. Кекса бобом, момом ва амакиларим оиласи билан ҳамда аммаларим. Невара қиз бўлганим учун уйнинг каттакичиги мени давоми...

1882 15:30 / 01.05.2020
Ҳар бир нарсанинг ўз вазифаси бор экан, у хоҳ моддий нарса бўлсин, хоҳ маънавий нарса. Биз моддий нарсаларни ҳам вазифасига кўра ишлатмай қўйдик. Телефон узоқни давоми...

2519 10:05 / 09.10.2019
Аудиолар

123893 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

45065 14:35 / 11.08.2021