1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Аллоҳ хоҳлаган нарсани яратур

13:55 / 25.09.2019 3094 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣﮤ ﮥ ﮦ ﮧ

«Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлганини, бас, уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?» (30-оят)

Ушбу ояти кариманинг маъноси хусусида қадимги ва ҳозирги тафсирчиларимиз ўзларидаги илм, маърифат ва бошқа тушунчаларга кўра, бир неча хил фикрлар айтганлар. Жумладан, Ибн Аббос, Икрима, Ҳасан ва Қатода розияллоҳу анҳумлар ҳам бу оятни «Осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, Биз уларнинг орасини очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик» деб тафсир қилгани ривоят қилинган.

Ҳозирги замондаги баъзи тафсирчиларнинг фикрлари ушбу маънога яқин келади. Унга биноан осмону ер, юлдузлару қуёш – ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди. Сўнгра Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди. Қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам алоҳида бўлди. Сувдан эса барча тирик нарсалар, инсонлар, ҳайвонлар ва набототлар пайдо қилинди.

Буларнинг ҳаммаси фикр ва назариялардир. Ҳаммаси ҳам ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса оятнинг маъносини онгимиз етганича тушунишга ҳаракат қиламиз, холос. Қуръон ҳақиқий илоҳий Китоб бўлганидан ҳамда замонлар оша инсоннинг ўзгарувчи илмидан доимо устун туришидан қувонамиз. Иймонимиз янада мустаҳкам бўлади. Илмий кашфиётлар, хусусан, назарияга боғлиқ илмлар бугун бир фикрни айтса, эртага бошқасини айтади. Аммо Қуръон мағрур ва собит туради. Илмий назариялар ўзгарувчан, Қуръон ўзгармасдир. Шу билан бирга, Қуръон илмий назариялар тўплами ҳам эмас. Балки баъзан илмга оид маълумотларга мурожаат қилса ҳам, уларни иймонга даъват йўлида ишлатади. Ана шунда ҳақиқий илм эгалари ҳидоят топадилар. Шу ўринда ҳозирги кун илмининг фалакиёт назарияси Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари бир оятнинг ярмида айтиб ўтган маълумотни такрорлаётганини ҳам эслатмоқчимиз. Фақат илмий далилга ишонамиз, дейдиганлар Қуръоннинг илоҳий Китоб эканига энди тан беришлари керак. Акс ҳолда даъволари ноҳақ бўлиб чиқади.

Ушбу ояти кариманинг иккинчи қисмидаги:

«...ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни…» деган маънони Қуръондан бир минг тўрт юз йил кейин такрорлаган айрим одамлар улуғланмоқда. Кишилар уларга таҳсинлар ўқимоқда. Номлари кўкларга кўтарилмоқда. Аммо нега бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил илгари таъкидлаган Китобнинг илоҳийлигини тан олмайдилар? Агар одамлар ҳақиқатда ҳам илм эгалари бўлсалар, илмий далилга ишонсалар, шу ҳақиқатни бундан бир минг тўрт юз йил илгари айтган Қуръонга «Иймон келтирмайдиларми?»

Илм-фан анчагина ривожланиб олгачгина, ҳужайранинг асосий қисми саналган ситоплазманинг 80 фоизи сувдан иборат экани бизга маълум бўлди. Сўнгги тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўп организмлар 50-90 фоиз атрофида сувдан таркиб топган экан, шунингдек, ҳар бир тирик жон яшаш учун сувга ўта муҳтож экани ҳам маълум нарса.

Ўн тўрт аср илгари инсониятга ҳар бир тирик нарса сувдан яратилгани маълум нарсамиди? Бунинг устига, ҳар доим сув тақчил бўлиб келган Араб саҳроларида яшаган кишининг шунчалик даражадаги «топқирлиги» қанчалик ҳақиқатга яқин?

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ

«Аллоҳ ҳамма жонзотни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юради, баъзилари икки оёқ билан юради ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» (45-оят).

Бундан олдинги оятларда булутларнинг ҳайдалиши, улардан ёмғир ёғиши, тоғ каби юксаклардан дўл тушиб, кимларгадир мусибат етказиши, кимларнидир четлаб ўтиши, чақмоқ чақиши ва кечаю кундузнинг алмашиниши каби Аллоҳнинг Биру Борлигига, чексиз қудратига далолат қилувчи табиат ҳодисаларига диққат қаратилган. Ушбу оятда эса кишиларнинг эътибори ер юзидаги жониворларга тортилмоқда:

«Аллоҳ ҳамма жонзотни сувдан яратди».

Бу қуръоний ҳақиқат. Бошқалар нима дейишининг аҳамияти йўқ. Чунки ҳамма, ким бўлишидан қатъи назар, тахмин билан гапиради. Аллоҳ эса доимо ҳақни сўзлайди. Қуръонда «Аллоҳ ҳамма жонзотни сувдан яратди», дейилганми, демак, шундай. Аллоҳдан бошқа барча бирлашиб, сув ва ундан бошқа ҳамма воситаю ашёларни ишга солганда ҳам, бирорта жониворни ярата олмаган, ярата олмайди ҳам. Энг арзимас саналганларини ҳам Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай зот ярата олмаган. Дунёдаги саноғига етиб бўлмайдиган жонзотларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига ёрқин далилдир. Бунинг устига, уларнинг турли-туманлигини айтмайсизми?!

«Бас, улардан баъзилари қорни билан юради...»

Уларни қорни билан юрадиган қилиб яратган Зот – Аллоҳ. У Зотдан бошқа ким бунақа жонзотни ярата олади?!

«...баъзилари икки оёқ билан юради ва баъзилари тўрт (оёқ) билан».

Уларни ҳам Аллоҳ шу қобилият билан яратган. У Зотдан бошқа ким икки ёки тўрт оёқ билан юрадиган жониворларни ярата олади?!

«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур».

Унинг хоҳишини чеклайдиган зот йўқ. Хоҳлаган шаклда, хоҳлаган сифатда, хоҳлаган сийратда яратаверади.

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир».

Унинг қудрати чексиздир. Шунинг учун ҳам У Зотга иймон келтириб, ибодат қилмоқ шарт.

ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ

«У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир Зотдир» (54-оят).

Араб тилига хос бўлган хусусиятлар боис тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги «насл-насаб»га «ўғил», «қуда-анда»га «қиз» деб маъно берганлар. Чунки бир уруғ ёки оиланинг насаби сақланишига ўғил бола сабаб бўлса, бошқалар билан қуда бўлишига қиз бола сабаб бўлар экан. Шунда

«У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир» жумласининг маъноси «Аллоҳ сувдан одам яратган ва ўша одамни эркак ва аёл қилиб қўйган Зотдир» дегани бўлади.

Бунга Аллоҳдан ўзга ким қодир бўлади? Ҳеч ким!

«Роббинг қодир Зотдир».

Эй Пайғамбар, сенинг Роббинг ҳар бир нарсани, шу жумладан, арзимаган сувдан мураккаб инсонни ҳам яратишга қодир Зотдир.

 

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда барча соҳадаги кашфиёт ва тараққиётнинг асосий омили суннат эканлиги кўп бора ўз исботини кўрсатмоқда. Шунингдек, тиббиёт соҳасидаги қўлга давоми...

3909 07:10 / 08.06.2019
Қуръони Каримнинг Ҳижр сурасида шундай марҳамат қилинади .Ҳеч бир нарса йўқки, унинг хазиналари ҳузуримизда бўлмаса. Уни фақат маълум ўлчовла туширурмиз, давоми...

3262 13:03 / 07.08.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .У Зот сизларга дин этиб, Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган ҳамда Иброҳим, давоми...

3261 12:37 / 05.02.2022
Сув ости олами ажойиботларга тўла. Унда кўзимиз ўрганган жонзотлар ва ҳали инсониятга маълум бўлиб улгурмаган ажабтовур балиқларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, давоми...

2977 14:00 / 15.06.2022