1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (4)

05:00 / 01.03.2017 3530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсингни тадбир қилишдан халос қил. 

Сен учун сендан бошқа(яъни Аллоҳ таоло) бажарган ишни сен ўзинг учун бажармоқчи бўлма.

Баъзи инсонлар: “Бу ҳикматда Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг иккинчи ҳикматдаги: “Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида тургизиб қўйган пайтда тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир”деган сўзларига қарама-қаршилик бор. Чунки, у киши иккинчи ҳикматда инсон ўз ҳаётида учрайдиган, шаръий сабаблар билан бирга иш олиб боришига даъват қилган бўлсалар, бу ерда эса ундан қайтариб, нафсни сабаблар томонга интилиш қийинчилигидан халос қилишга даъват қиляптилар”, деб ўйлашади.
Ваҳоланки, Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзларида қарама-қаршилик йўқ. Балки олдинги ҳикматдаги гаплари билан бу ҳикматнинг ўртасида жудаям бир-бирига мувофиқлик ва уйғунлик бор. Чунки сабаблар билан бирга иш олиб бориш билан, инсон ўз ишларини сабаблар орқали тадбир қилиши ўртасида катта фарқ бор. Яъни сабабларни амалга ошириш моддий куч-қувват сарфланадиган ишдир. Масалан: сабабларни амалга оширувчи ризқ топиш мақсадида бўлса бозорга бориб, савдо қилади. Илм олмоқчи бўлса мадрасага кириб ўқийди. Даволанмоқчи бўлса, табибга бориб даволанади. Ёки Аллоҳ таоло зарар қилишидан огоҳлантирган нарсанинг сабабларидан узоқда бўлиши ва ҳоказолар.
Аммо, тадбир у фикрий иш ва ақлнинг қароридир. Бунинг маъноси, инсон: “Мана бу сабабларни амалга оширсам...” деб ўзига ўзи гапириб, ўзи учун ютуқ ва фойдалар режасини белгилаб қўяди. Кейин ҳосил бўладиган натижаларга ҳам кафолат беради. Сабаблар унинг назарида гўёки қўл остидаги хизматкор ва тадбирини амалга ошириш воситаси бўлиб, ақлини эса ютуқларининг калити ва тадбирининг манбаъси деб билади. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтаётган сўзга қаранг у киши: “Жисмингни халос қил, ёки жисмингни узоқлаштир” демадилар, балки: “Нафсингни халос қил” дедилар.
Сабабларни амалга оширишнинг масдари жисм ва тана аъзолари бўлиб, улар орқали амалга ошади. Шариатда унга буюрилган ва тарғиб қилинган ишдир. Тадбир эса шаръан тарк қилишга буюрилган макруҳ иш бўлиб, унинг масдари инсоннинг фикри, ички дунёсидир.
Мана шу ижобий ва салбий насиҳатларнинг бирлашишидан мусулмон инсон ҳаётидаги исломий йўл ҳосил бўлади. Бозорга бориб,  бошқалар каби ишлайди. Йўлида учраган сабаблар шариат таълимотига мувофиқлигини билса, уларни амалга оширади. Агар унинг ёнига биров келиб: “ Бу иш – ҳаракатларинг ортидан нима кутиб турибсан? ” деса, унга жавобан: “Аллоҳ таоло менга буюрган вазифаларни талаб қилганидек бажардим. Бунинг натижасида Аллоҳ таоло нимани яратади, бу У зотнинг тадбири ва ҳукмига ҳавола. Мен эса, У зотнинг қазосига таслимман ва  унинг ҳукмига розиман” деб айтади.
Айнан мана шу Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бизга эслатаёган исломий йўлдир. Яъни, шариатга мувофиқ, мавжуд сабабларни амалга ошириш ва шу билан бирга уни амалга оширгандан кейин Аллоҳ таолонинг ҳукми ва тадбирига таслим бўлиш.
Йўлбошчимиз Мустафо соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидан бу йўлни аниқ билиб олишингиз мумкин. Мадинаи Мунавварага саҳобалари Абу Бакр розиоллоҳу анҳу билан бирга ҳижрат қилган кундаги ишларига қаранг. Мана шу ҳижратларида ҳамма сабабларни амалга оширдилар. Ҳатто, ҳижратлари муваффақиятли бўлиши учун лозим бўлган шарт деб, ишонгандек уларни бажардилар. Уйларидан беркиниб чиқдилар. Алий  розиоллоҳу анҳуни Росулуллоҳ деб ўйлашсин деб, ўзларининг ўринларида ухлаётган ҳолида қолдирдилар. Абу Бакр розиоллоҳу анҳунинг чўпонларига икковларининг изларини йўқ қилиб келиши учун ортиларидан юришга буюрдилар. Йўллардаги уларни қидириш тўхтагунча уч кун Савр ғорида беркиниб туришди. Уларни Мадинага орқа йўл билан бошлаб бориш учун Мушриклардан бўлган бир ишончли киши (Абдуллоҳ ибн Урайқит)билан Савр ғори ёнида муайян бир жойда кўришишга келишилди. Мана шу ишлари, сабабларни мукаммал тарзда амалга оширишдир. У икковлари ғорда яшириниб турган пайтда, мушриклардан бир гуруҳи Росулуллоҳни қидириб, ғорга етиб бордилар. Ўшанда ғорнинг тешиги улар назари остида эди. Абу Бакр розиоллоҳу анҳу ҳаяжонланиб, Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига пичирлаб: “Агар уларнинг бири оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади”, дедилар. Шунда, Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам у зотга : “Учинчилари Аллоҳ бўлган, икки киши ҳақида қандай гумон қиласан?” дедилар. Ғордан чиқиб, Мадина томонга юришни давом эттирувдилар, Суроқа ёмон ният билан отида уларга етиб олди (саҳиҳда шундай ворид бўлган). Абу Бакр унга қайрилиб қарай бошладилар, бундан Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламда ҳам хавотир пайдо бўлди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ўнгу-сўлга қарамай, узлуксиз қироат қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳимояси ва тадбирига суяниб йўлда давом этдилар. Мана шу тадбир қилишни ташлаб, Аллоҳ таолонинг тадбирига суянишдир.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳижрат йўлларида Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсуниб ва У зот ўрнатиб қўйган борлиқдаги низомга мувофиқ барча сабабларни бажариб, уларни амалга оширдилар. Сўнгра сабабларни ҳам, уларнинг қийматини ҳам эсдан чиқариб, ўзларининг эътиқодий ишончларидаги кутаётган натижаларни Аллоҳ таолонинг ҳикмати, раҳмати ва тавфиқига бўлган мукаммал ишончлари билан У зотнинг ҳукми ва меҳрибонлигига боғладилар. Демак, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларидан бўлган мана шу лавҳа сизга Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Нафсингни тадбир қилишдан халос қил. 
Сен учун сендан бошқа(яъни Аллоҳ таоло) бажарган ишни сен ўзинг учун бажармоқчи бўлма” деган сўзларини шарҳлаб бу ҳикмат билан аввалги: “Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида тургизиб қўйган пайтда тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир” деган сўзларини бир-бирига жудаям мувофиқлигини равшан баён қилиб беради.
Хабарларда келишича: Али ибн Ҳусайн розиоллоҳу анҳунинг бозор ичида бир дўконлари бўлиб, у ерда катта савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланардилар. Намоз вақти бўлганда дўконларини ташлаб, масжидга намоз ўқиш учун кетардилар. Кунларнинг бирида масжидда намоз ўқиб турганларида бир киши келиб: “Бозорда олов аланга олиб ёняпти,  у сизнинг дўконингизга ҳам  ўта бошлади”, деди. Лекин Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ушбу ҳабарга эътибор бермасдан доимгидек фарз, суннат намозларини ўқишда давом этиб, зикру тасбеҳлардан сўнг бозорга тинч, кўнгиллари хотиржам ҳолда қайтдилар.
Бозор ичида жойлашган дўконларидаги савдо ишлари орқали сабабларни қандай амалга оширганларига қаранг! Мана шу Аллоҳ таоло бандаларини турғизиб қўйган вазифа ҳисобланади. Сўнгра, зиммаларидаги ана шу вазифаларини бажариб, кейин Аллоҳ таоло инсонни яратишидаги асосий мақсади бўлган буюк вазифа яъни намоз ва ибодатга юзланган пайтда нафсларини тадбир қилиш ва унинг имкониятларидан қандай холос қилиб, ана бу нарсани мукаммал қаноат билан тўлалигича Аллоҳ таолонинг тадбири ва ҳукмига топширганларига ибрат билан қаранг. Ўша пайтда сабабларга қайрилиб қарамадилар, эътибор ҳам бермадилар. Чунки у киши, у пайтда сабаблар ва уларни бажариш майдонидан тажрид майдонига кўчиб ўтгандилар. Ҳар икки ҳолатнинг ҳам ўз ҳаққини бериб, бирини иккинчисига аралаштирмадилар. Барча холатларда ҳам тадбирни яъни натижаларни қандай бўлишини Аллоҳ таолога топширдилар. Али розиоллоҳу анҳу имкони борича барча сабабларни амалга оширганларига хотиржам бўлиб, бозордаги содир бўладиган ҳамма нарса Аллоҳ таоло қазо қилганидек бўлишига ишонган ҳолда нафсларини тадбир қилишдан халос қилдилар. Чунки у кишини даъват қилинаётган уриниб кўриш, ҳаракатлар Аллоҳ таолонинг ўзгармас ҳукми ва қатъий қазосини ошиб ўтолмаслигига ишонардилар. Шунинг учун сабрсизлик қилиб, безовталаниш ва яратувчи, ризқ берувчи ва барча ишларни тадбир қилувчи Зотнинг ибодатини ташлаб, ҳеч қандай фойдаси йўқ сабабларга куч сарфлашни нима кераги бор?
Баъзилар баҳслашиб: “Унга дўконига олов ўта бошлагани ҳақида хабар келганида намозини қисқароқ ўқиб, нафл ва қўшимча зикрларни қўйиб, фарзни ўзига кифояланиши лозим эмасмиди? Ана шунда имкони борича ҳаракат қилиб, дўконини оловдан сақлаб қолармиди?” дейиши мумкин. Жавоб қуйидагича: Агар Али розиоллоҳу анҳу ўша пайтда баъзи дунёвий ишларига кетган бўлганларида эди. Унда албатта у киши бор кучларини сарфлаб дўконларини ёнғиндан сақлаб қолиши мумкин бўлган сабабларни ишга солишлари вожиб бўларди. У киши сабаблар оламида ҳаракат қилиб  юрганларида, улар билан бирга иш олиб боришлари лозим эди. Лекин ҳазрати Али ибн Ҳусайн маълум бўлганидек, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилиш учун, аслида яратилишларининг сабабчиси бўлган энг буюк вазифани адо қилиш учун кетгандилар. Демак, у пайтда ҳазрати Али Аллоҳ таоло билан бирга тажрид оламида эдилар. Сабабларни амалга ошириш вазифасидан, Аллоҳ таоло адо қилишга буюрган фарзу суннат вазифаларини бажаришга етиб боргандилар. Шубҳасиз тадбир қилиш у кишиниг ўзига ҳам, бор кучини сарфлашига ҳам боғлиқ эмаслиги балки тадбир қилиш Аллоҳ таолога оид иш эканини билардилар. Шунинг учун тўғридан-тўғри қуллик вазифаларини бажаришга киришган пайтларида ундан юз ўгириб, дунёлари ва дўконларига кетишларини оқлайдиган хеч бир нарса йўқ эди.
Лекин бирортамиз ҳис-туйғуларимиз ва ҳаёт тарзимизни ушбу ҳикматга бўйсундиришимиз осон ишми? Ўзимизга савол берайлик: “Ибни Атоуллоҳнинг ушбу: “Нафсингни тадбир қилишдан халос қил. Сен учун сендан бошқа бажарган ишни сен ўзинг учун бажармоқчи бўлма” насиҳатларини мамнуният билан қабул қилганимиздан кейин ҳис туйғуларимиз, виждонимиз ушбу насиҳатга осонлик билан ижобат қила олармикан?”
Ушбу ҳикматни шарҳлаб баён қилганимиздан кейин, ақлимиз назарий жиҳатдан қабул қилиши мумкин. Лекин ҳиссиёт, туйғулар ва виждонимизнинг ижобат қилиши жудаям қийин. Чунки инсон доимо барча ишларида ўзини натижа ва мақсадларни рўёбга чиқарувчи, тадбир қилувчи зотни ўрнига  қўйишга интилиб яшайди. Агар унга ёқмайдиган, хоҳиш-истакларию мақсадларига тўғри келмайдиган бир иш содир бўлса бутун вужудини безовталик эгаллаб олади. У иш ўзи ўйлаганидек бўлиши учун қўлидан келадиган, келмайдиган ҳамма йўлларни, сабабларни қидириб, бошида ҳар-хил ўй-фикрлар, ҳис туйғулар, айлана бошлайди. Мана шундай ҳолатда унга ибодат ҳам татимайди. Зикр, тоат ва тиловати Қуръон лаззатларини ҳам ҳис қилмайди. Бу ҳам қачонки, мана шундай ҳолатда унинг қалбида тоат-ибодатларга ундаб турувчи ҳис-туйғуси бўлса. Аммо, қалбида уни тоат-ибодатга ундовчи туйғуси йўқ киши бўлса, ибодат қилиш у ёқда турсин, мана шундай ҳолатда оиласи даврасида  яшаш ҳам татимайди, ҳатто кўзига уйқу ҳам келмайди.
Шундай экан, бу қийинчиликни енгиллаштирадиган иложи борми? Худди ақл, тўла ишонч билан бу ҳикматга бўйсунганидек ҳис-туйғулар ва виждон ҳам ўзига уни сингдириши учун қандай муолажа қўллаш керак?
Бунинг давоси Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтиришда яъни у зотни кўп эслаб, доим кузатиб турганлигини ҳис қилиб яшаш билан бўлади. Яна энг яхши йўли неъматни неъмат берувчига боғлашлик ва Қуръонни тадаббур, тафаккур билан ўқишдан иборат доимий ва мунтазам вазифани бажариб юришдир. Мана шу муолажа қалбдаги Аллоҳга бўлган муҳаббатни зиёда қилади ва инсонни Аллоҳ таолонинг ҳикмати, раҳмати ва меҳрибонлигига бўлган ишончини оширади. Агар мусулмон инсон мана шу муолажага доим риоя қилиб, ўзини маҳкам ушласа ва бор кучи билан фаҳш ва гуноҳлардан йироқ бўлса, албатта, ана шунда унинг ички ҳис-туйғулари, виждони Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу насиҳатларини ўзига сингдириб, уни тотади ва доим унга моил бўлади.
Демак, бу ҳикматга бўлган назарий ишонч билан, уни амалий ҳаёт тарзига бирлаштириш ўртасини ажратиб турувчи масофа мазкур муолажани қаттиқ бажаришга киришиб, унда бардавом бўлишдир. Агар сиз ушбу масофани кесиб ўтсангиз, бу ҳикматнинг ҳаловатини татийсиз ва уни бахтиёрлик билан, хотиржам амалга оширасиз. Ана шунда агар биров эшигингизни тақиллатиб келиб, мисол учун, дўконингизда ёки ишхонагизда содир бўлган муаммони хабарини берса, зудлик билан дўкондалик пайтингизни эслаб, ўзингизга: “Ана шу муаммо чиқмаслиги учун қилишим зарур бўлган сабабларни амалга оширишда камчиликка йўл қўйганмидим?” деб, савол берасиз. Лекин Аллоҳга ҳамд бўлсин! У зотнинг тавфиқи билан уларни бекаму-кўст бажарганингиз, сабабларни Аллоҳ таоло буюрганидек, охиригача амалга оширганингиз маълум бўлади. Шунинг учун ҳам, энди муаммонинг пайдо бўлиши сизнинг масъулиятингизга боғлиқ эмаслиги ва унинг ечими ҳам сизнинг қўлингизда эмаслигидан, балки барча ишлар Аллоҳ таолонинг қўлида эканлигидан кўнглингиз тўлиб, ҳотиржам ухлай оласиз. Демак сиз, ўз вазифангизни бажариб, Аллоҳ таоло билдирган барча эҳтиёт чораларини кўриб қўйгансиз. Шунинг учун албатта Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва раҳматига бўлган ишончингиз, бутун вужудингизни эгаллаган У зотнинг муҳаббати биргаликда сизни У зотнинг қазоси ва ҳукмига таслим бўлишга ундайди. Шубҳасиз У зот сизга фақат яхшиликни ҳохлашига ишонасиз. Гарчи ташқи кўринишдан ундай бўлмаса ҳам, аслида бизга кўринмайдиган жиҳатда ва келажакда албатта яхшилик бор. Мана шунинг учун нафсингиз тўла таскин топади. Асабларингиз тинч-ҳотиржам, қалбингиз масрур ва юзингиз доим очиқ чеҳралик бўлади.
Дамашққа қайтаётиб, йўлда Ҳимс шаҳри яқинида шом намозини ўқишга тўхтаган кунимни ҳеч эсимдан чиқармайман. Ўшанда, шом намозини саййидимиз Холид ибни Валид жомеъсида ўқиб чиқаётсам, у ерга кириб келаётган бир буғдой ранг, эски, юпун кийинган, этиборга олинмайдиган (ана бу дарвиш)лардан бири менга юзи тўла табассум билан рўбаро бўлди. Ич-ичидан хурсандлиги билиниб турарди. У менга қарата: “Нега хурсанд бўлиб, рақсга тушмайсан? Ҳақиқатда Аллоҳ бизнинг хожамиз, мавлойимиз эканини билмайсанми? Биз бу борлиқни бир четида қолиб кетган етимлар эмасмиз! Бизнинг мавлойимиз, хожамиз бор! У зот Аллоҳдир! Билмайсанми?” деб, сўнгра ғўдираганича мени бу гапи билан карахт қилиб, қолдириб кетди. Анчагача ўйланиб, туриб қолдим, шу пайт Аллоҳ таолонинг: “Бу, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларнинг хожаси эканлигидан ва албатта, кофирларга хожа йўқлигидандир” (Муҳаммад сураси 11-оят) деган сўзи ёдимга тушди. Ана бу дарвиш кишининг гапи эслатган бу оятдан пайдо бўлган мендаги ҳурсандчилик завқи бутун вужудимни тебратиб юборди. Ўзимни Аллоҳ таолога менга бўлган валояти орқали қандай мансублигимни тасаввур қилдим. У зотнинг валояти бизларни ҳимоя қилиб, риоя қилиши, меҳрибонлиги ва тарбия қилишидир. Аммо, Аллоҳ таолодан юз ўгириб, инкор қилиб, у зотга такаббурлик қилганлар ҳақиқатда ҳам етимликларини тасаввур қилдим. Чунки, Аллоҳ таолонинг валояти улардан узилиб бўлган эди. Борлиқдаги ёлғизлик тўлқинлари уларни уёқдан буёққа улоқтирарди. Ғайб сахросининг ичидан қочиб кета олмасдан унинг гирдоби ичида асаблари эзиларди.
Ҳақиқатда ана шу кишини учратиб, унинг гапидан шоду-хуррамлик тўла чеҳрасидан ва Аллоҳ таолонинг валоятига таслим бўлиб завқланишидан ўзим учун ибрат ва дарс олдим. Бу ҳолат менга ўхшаш барча биродарларимга дарс бўлишини умид қиламан.
Чунки Раббоний валоят сояси остида бирлашиш, У зотнинг буюк лутфу-марҳамати, раҳматининг қаноти остида жамланиш шарафи бизларни қамраб олади. Энди, сиз шаръий сабаблар ва воситаларни амалга ошириб ўз вазифангизни бажаргандан кейин, агар сиз ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг: “Бу, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларнинг хожаси эканлигидан ва албатта, кофирларга хожа йўқлигидандир” (Муҳаммад сураси 11-оят) деган сўзи ва : “Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ва қанот ёйган ҳолидаги қушлар тасбиҳ айтишини ҳам кўрмадингми?! Ҳар бири ўз дуоси ва тасбиҳини, батаҳқиқ, билмишдир. Аллоҳ нима қилаётганларини ўта билгувчидир” (Нур сураси 41-оят) деган сўзини чин ишонч билан ўқиб, тушиниб етган бўлсангиз, бу дунёдаги ўзгаришлар ва унинг ҳолатларидан нима сизни қўрқитиб, безовта қила олади?
Мана шундай мустаҳкам ишончга эга бўлган пайтингизда бу Раббоний муҳаббатнинг завқи сизни қамраб олади. Айниқса қуйидаги байтларни ҳиргоя қилишганини эшитганингиздаги шодлик сизни ўтиргизмай қўяди.  
Аллоҳ билан бирга бўл, Уни ўзинг билан бирга топурсан                  
Бошқа ҳаммани қўйгин, ундангина умид қил
Чунки  сени, экканнинг  ўзи  суғорур                                    
Агар У зот берса, ким тўса олур
Аммо У зот бермаса, ким бера олур

 Баҳодир Раҳматуллоҳ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаннатдаги неъматлар турлича бўлишини биласизмиҚиёмат кунидаги ҳисобнинг турлари Қабрдан чиқиб жаннатга тез кирадиганлар, маҳшар майдонида юз йиллаб давоми...

4001 05:00 / 01.03.2017
161. Олтин олов билан синалади. Аёл олтин билан синалади. Эркак аёл билан синалади.162. Агар чиройли аёл бамисоли қимматбаҳо тош бўлса, фозила гўзал хулқли, илмли аёл давоми...

4631 19:58 / 27.04.2017
Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади. Биз ўзимиз давоми...

1864 19:00 / 06.08.2023
Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида марҳамат қилади .Агар сиздан уларни сўраса, қийнаса, бахиллик қиласизлар ва кекларингизни чиқарур, 37оят.Аллоҳ таоло Ўзи яратган давоми...

3407 19:00 / 23.04.2022