1447 йил 23 шаъбон | 2026 йил 11 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Хавфи бўлмаган ҳар бир қалб хароба қалбдир

11:03 / 12.09.2019 3210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Ражаб Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришдан хавф қилган ва фарзларни адо этган мўминларга жаннат ваъда қилинди».

Зуннун Мисрий айтади:

«Модомики одамларда хавф бор экан, улар йўлдан адашмайдилар. Қачонки улардан хавф кетса, албатта йўлдан адашадилар».

أَخْرَجَ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الْإِيمَانِ عَنْ عُمَرَ بْنِ عَبْدِ الْعَزِيزِ قَالَ: مَنْ خَافَ اللهَ أَخَافَ اللهُ مِنْهُ كُلَّ شَيْءٍ، وَمَنْ لَمْ يَخَفِ اللهَ خَافَ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ.

Имом Байҳақий «Шуъабул иймон»да Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилади:

«Ким Аллоҳдан хавф қилса, Аллоҳ барчани ундан қўрқадиган қилиб қўяди. Ким Аллоҳдан хавф қилмаса, ҳамма нарсадан қўрқадиган бўлади».

Имом Байҳақий Фузайл ибн Иёздан ривоят қилади:

«Агар Аллоҳдан хавфда бўлсанг, ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди. Агар Аллоҳдан бошқадан хавфда бўлсанг, ҳеч ким сенга фойда етказа олмайди».

Ибн Ражаб Абу Сулаймон Доронийдан ривоят қилади:

«Дунё ва охиратдаги барча яхшиликнинг асли Аллоҳ азза ва жалланинг хавфидир. Хавфи бўлмаган ҳар бир қалб хароба қалбдир».

Иброҳим ибн Суфён айтади:

«Агар хавф қалбда жойлашса, ундаги шаҳват масканларини куйдиради ва ундан дунёни ҳайдаб чиқаради».

Буюк саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч қачон суяниб қолмас эдилар. Доимо Аллоҳ таолонинг раҳм қилишини тилаб турар эдилар.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَوْ نَادَى مُنَادٍ مِنَ السَّمَاءِ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّكُمْ دَاخِلُونَ الْجَنَّةَ كُلُّكُمْ أَجْمَعُونَ إِلَّا رَجُلًا وَاحِدًا، لَخِفْتُ أَنْ أَكُونَ أَنَا هُوَ، وَلَوْ نَادَى مُنَادٍ: أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّكُمْ دَاخِلُونَ النَّارَ إِلَّا رَجُلًا وَاحِدًا، لَرَجَوْتُ أَنْ أَكُونَ أَنَا هُوَ.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Агар бир нидо қилувчи осмондан нидо қилиб: 

«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз жаннатга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам эмасмиканман, деб қўрқаман. 

Агар бир нидо қилувчи нидо қилиб: 

«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам бўлсам, деб умид қиламан».

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ عُمَرَ لَقِيَ أَبَا مُوسَى الْأَشْعَرِيَّ فَقَالَ لَهُ: يَا أَبَا مُوْسَى، أَيَسُرُّكَ أَنَّ عَمَلَكَ الَّذِي كَانَ مَعَ رَسُولِ اللهِ خَلُصَ لَكَ، وَأَنَّكَ خَرَجْتَ مِنْ عَمَلِكَ كِفَافًا خَيْرِهِ بِشَرِّهِ وَشَرِّهِ بِخَيْرِهِ كِفَافًا لَا لَكَ وَلَا عَلَيْكَ؟ قَالَ: لَا يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، وَاللهِ لَقَدْ قَدِمْتُ الْبَصْرَةَ وَأَنَّ الْجَفَاءَ فِيهِمْ لَفَاشٍ، فَعَلَّمْتُهُمْ الْقُرْآنَ وَالسُّنَّةَ، وَغَزَوْتُ بِهِمْ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنِّي لَأَرْجُو بِذَلِكَ فَضْلَهُ، قَالَ عُمَرُ: لَكِنْ وَدِدْتُ أَنِّي خَرَجْتُ مِنْ عَمَلِي خَيْرِهِ بِشَرِّهِ، وَشَرِّهِ بِخَيْرِهِ كَفَافًا، لَا عَلَيَّ وَلَا لِي، وَخَلُصَ لِي عَمَلِي مَعَ رَسُولِ اللهِ الْمُخْلَصُ. رَوَاهُ ابْنُ عَسَاكِرَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва:

«Эй Абу Мусо! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларинг холис қолиб, бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса-ю, сенинг фойдангга ҳам, зарарингга ҳам бўлмаса. (Шу) сени хурсанд қиладими?» деди. 

Абу Мусо:

«Йўқ! Эй мўминларнинг амири, Аллоҳга қасамки, Мен Басрага келганимда ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва Суннатни ўргатдим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У Зотнинг фазлини умид қиламан», деди. 

Умар розияллоҳу анҳу:

«Лекин мен ўз амалимдан яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлиб, менинг фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмасдан учма-уч чиқишини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалимнинг ўзимга холис бўлишини хуш кўраман», деди». 

Ибн Асокир ривоят қилган.

Ҳофиз Абу Бакр Абу Дунё ривоят қиладиларки, бир куни кечаси ҳазрати Умари Одил ўз одатларига кўра Мадинаи Мунаввара кўчаларини айланиб юрган эканлар. Мусулмонлардан бирларининг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётиб, ҳовли эгасининг намоз ўқиётганини эшитибдилар. Тўхтаб, қироатга қулоқ солибдилар. Уй эгаси «Ват-Тур»ни ўқиб,

ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ

«Албатта, Роббингнинг азоби рўй беражак. Уни қайтарувчи йўқдир»га етганда, ҳазрати Умар: «Каъбанинг Робби ила қасамки, бу ҳақ қасамдир», дебдилар ва эшакларидан тушиб, деворга суяниб қолибдилар. Бир муддат шу ҳолатда туриб, сўнг уйларига қайтибдилар.

Шундан кейин у киши бир ой касал бўлиб ётган эканлар. Йўқлаб келганлар у кишининг нима билан оғриётганларини билмас эканлар. Қуръон пок ва таъсирчан қалбларга ана шундай таъсир кўрсатган.

Муҳтарам азиз ўқувчи, бизнинг аҳволимиз қандай? Бугун биз қайси амалимизга мақтаняпмиз ёки мақтанмоқчимиз. Ҳозир айни имконият. Аллоҳдан ҳақ ила хавф қилайлик! Албатта Аллоҳ Роҳийм ва Роҳман зот.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Бир донишманддан .Эркак киши ҳам йиғлайдими, деб сўрашди..Ҳа, йиғлайди,, деди донишманд..Қачон йиғлайди, деб сўрашган эди, донишманд шундай деди.Эркак киши онаси давоми...

6840 17:00 / 29.05.2022
Ҳар сафар нимадир егинг, кийгинг келса, сотиб олаверасанмиСабрни қачон ўрганасанАллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Эй иймон давоми...

3393 13:30 / 22.07.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. Тушларида саҳобалар билан биргаликда Маккага кириб, Каъбани тавоф қилаётган эканлар. Уйқудан тургач, давоми...

3333 10:08 / 17.12.2024
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тарихи Димашқ, номли китобида шундай ёзади.Суҳайл ибн Аби Ҳазм айтади.Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ вафот этганидан сўнг уни давоми...

3189 10:30 / 25.10.2021