1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Барча иш Аллоҳдандир

20:00 / 29.08.2019 2884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг мўъжизаси фақат араб тили балоғат ва фасоҳати билан чекланиб қолмаган. Қуръони Карим нозил бўлиб турган пайтдаги одамларни лол қолдириш учун бошқа мўъжизалар ҳам келтирилган. Буларнинг ичида келажак ишлар ҳақида хабар бериш мўъжизаси ҳам бор эди. Биргина мисол келтирайлик.

Аллоҳ таоло Рум сурасида шундай марҳамат қилади:

ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪﯫ ﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ

«Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир» (1–5-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликларининг бешинчи йили (милодий 613 йил) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта ва қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав II, Румга эса Ҳирақл подшоҳлик қиларди. Бу икки давлатнинг ўзига яраша ерлари, аскарий куч-қувватлари бор эди. Ўша даврда Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобе эди. Мазкур урушда форсликлар Румга икки томондан ҳужум қилдилар. Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурия ерларига, Озарбайжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирдилар. Форс лашкарлари Рум кучларини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб бордилар. Улар насороларнинг Суриядаги барча муқаддас шаҳарларини эгалладилар. Милодий 614 йилда форсликлар бутун Фаластинни, жумладан, Қуддусни ҳам қўлга олдилар. Уруш давомида барча канисалар йиқитилди, диний бинолар хароб этилди. Форсликлар йигирма олти минг яҳудийни ва олтмиш мингдан зиёд христианни қиличдан ўтказдилар. Форс подшоҳи саройига ўлдирилган одамлардан ўттиз мингининг калласи келтирилди.

Уруш ҳаракатлари Мисрга ҳам етиб борди. Милодий 616 йилда форсликлар Нил водийсини ишғол қилдилар. Сўнгра Искандарияга юриш қилдилар. Бошқа томондан эса бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, ўша пайтдаги Рум пойтахти Қустантинияга (Константинополга) – унинг олдидаги бўғозга етиб келдилар. Форсликлар қаерни босиб олсалар, у ерда оташпарастлик ибодатхонаси қурар ва шу йўл билан христианлик ўрнига оташпарастликни жорий қилар эдилар. Мазкур катта мағлубиятдан сўнг Рум императорлигига қарашли бир қанча вилоят ва ўлкаларда марказий давлатга қарши исён кўтарилди. Африка ва Европадаги бир қанча ўлкалар, ҳатто пойтахтга қўшни баъзи ўлкалар ҳам империя қарамоғидан чиққанларини эълон қилишди. Қисқаси, шарқий Рум императорлиги парчаланди. Лашкар тарқалиб кетди. Хазина бўшаб қолди. Император Ҳирақл пойтахтни тарк этиб, Қартажага қочди. Ғалабадан сархуш бўлган форсликлар бир қанча шартларни қўйдилар. Император форсликларга, жумладан, минг юк олтин, минг юк кумуш, минг юк ипак, мингта от, мингта аёл бериши шарт эди. Рум императорлиги бу талабларнинг ҳаммасини сўзсиз қабул қилди. Ўзаро шартнома имзоланди.

Румликларнинг вакиллари тўловларни тўлашга розиликларини билдириш учун Хусравнинг олдига кирганларида у: «Бу етарли эмас, император Ҳирақлнинг ўзи занжирбанд ҳолда келиб, хочга осилган худосини қўйиб, оташга ва қуёшга топинишини истайман», деди.

Хуллас, румликларнинг мағлубиятини эшитган Макка мушриклари чексиз қувонишди ва мусулмонларга: «Сиз ва румликлар аҳли китобсизлар, биз ва форсликлар аҳли китоб эмасмиз, бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз», дедилар.

Ана шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг илк оятларини нозил қилди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

«Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир» (1–5-оятлар).

Яъни Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон яриморолига бевосита чегарадошдир. Ва румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У Зот азиз (барчадан ғолиб) ва раҳм-шафқатлидир.

Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамнинг хаёлига «Шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади?» деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб, кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига ҳам келмас эди.

Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи Имом ибн Жарир Тобарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:

«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.

«Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида мушриклар:

«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг: «Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади», демоқда-я?!» дейишди. Абу Бакр: «Тўғри айтади», дедилар. Улар: «Биз билан гаров ўйнайсанми?» дейишди. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнадилар. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди, мусулмонлар эса маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизнингча «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?» деб сўрадилар. Абу Бакр:

«Ўндан оз», деб жавоб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бор, гаровнинг устига яна зиёда қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб, отлиқлар келиб, Румнинг Форс устидан ғолиб келгани ҳақида хабар бердилар. Мўминлар бундан шодланишди!»

Изоҳ: У вақтларда гаров ҳаром бўлмаган эди. Ояти каримада Рум «бизъу» – саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган эди. «Бизъу» сўзи араб тилида ўн йилдан оз муддат демакдир. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам бир гап бўлмаганидан хурсанд бўлишди. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса албатта юзага чиқишига тўла ишончда эдилар. У зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширишни иршод қилдилар. Ва ниҳоят Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.

Ҳа, мазкур оятларда айтилганидек: «Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир».

Яъни румликларнинг мағлубиятга учрашларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Фақат У Зотнинг хоҳлагани бўлади. Аллоҳ таоло румликларнинг саноқли йилларда ғалаба қозонишини айтган эди. У кун келади. Ва

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланурлар».

Шундай бўлди ҳам. Аллоҳ румликларга ғалаба берди. Мўминлар бундан шодландилар.

«У хоҳлаганига нусрат берур».

Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, шунга нусрат беради. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди.

«Ва У азизу роҳиймдир».

Аллоҳ азиз – ҳамманинг устидан ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб, румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар нозил бўлган пайтда ҳеч бир инсон боласи румликлар форсдан, мусулмонлар мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар – тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келдилар. Айни вақтда мусулмонлар Бадр урушида ўзларига нисбатан сон ва қуролларнинг адади жиҳатидан бир неча марта устун бўлган мушриклар устидан инсоният тарихини ўзгартирган ғалабага эришдилар ҳамда Аллоҳ ваъда қилган нусратга етишиб, шод бўлдилар.

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча қушларда бош суяк тумшуққа бирлашиб кетган. Аммо қизилиштонда тумшуқ билан бош суяк бирбиридан алоҳида тарзда жойлашган.Шунингдек, у тебранишларни давоми...

2783 10:30 / 15.01.2021
Саккизоёқ бошоёқли моллюскаларнинг умуртқасиз ҳайвонлар типи машҳур тури бўлиб, ўзига хос кўринишга эга. Саккизоёқнинг бошига саккизта оёқ уланган. Оёқларнинг давоми...

2924 11:30 / 11.06.2021
Йигирманчи асрда фазовий жисмлар ва коинотдаги ҳодисаларга доир кўплаб кашфиётлар қилинди. Улардан бири қора туйнукларнинг аниқланишидир. Ўзининг бутун давоми...

3871 10:56 / 15.02.2022
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир қора киши ёки аёл масжидни тозалаб юрар эди. У вафот қилди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

2439 17:00 / 09.05.2021