1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бутун дунё, барча инсоният «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га муҳтож

12:05 / 22.08.2019 3077 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демоқ ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шуъбасидир», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик.

Абу Ҳурайра Яманнинг Давс қабиласидан эдилар. Исломдан олдинги исмлари Абдушшамс ибн Сохр эди. Исломга кирганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг исмларини Абдурраҳмон деб ўзгартирдилар. Доимо мушукчалари билан юрганликлари сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Абу Ҳурайра деб куняланганлар. (Ҳурайра – араб тилида мушукча дегани).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи, «Хайбар» санасида Исломни қабул қилган пайтларида ўттиз ёшда эдилар. У киши Хайбардан қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинага келадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Асҳобус Суффа – Расулуллоҳнинг масжидларидаги суффада яшаб, у кишидан ҳадис эшитиш билан машғул бўлган саҳобаларнинг бири эдилар. Шу сабабли Исломга кеч кирганларига қарамай, саҳобалар орасида энг кўп ҳадис ривоят қилган киши ҳисобланадилар. У киши 5374та ҳадис ривоят қилганлар ва бу ҳадислар Тақий ибн Муҳаммаднинг муснадларида келтирилган.

Абу Ҳурайра кенг елкали, қорамтир рангли, икки олдинги тишларининг ораси очиқ, юмшоқ табиат, ҳазилкаш киши эдилар. Ёш болаларни кўрсалар, уларни кулдириб, бозордаги кишиларга қиссалар айтиб, кўнглини хушлантириб юрар, лекин ўзлари ёлғиз қолсалар, тунларни ибодат билан бедор ўтказадиган киши эдилар.

Абу Ҳурайра кўп вақтларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида ўтказар эдилар. Бирор ҳадисни эшита олмай қолишдан қўрқиб, кўп пайтларида очликдан букчайиб қолар эдилар.

Абу Ҳурайра саҳобаларнинг ичида энг зеҳни ўткири эдилар. Бу ҳақда Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар у кишининг ўзидан ривоят қиладилар:

«Эй Расулуллоҳ, сиздан кўп нарсани эшитаману ёдлаб қололмайман», дедим. У киши: «Ридойингни ерга ёз», дедилар. Ридойимни ёздим. Менга кўп ҳадис айтдилар. Айтган ҳадисларидан бирор нарсани эсимдан чиқармадим», дейдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ: «Абу Ҳурайранинг Расулуллоҳдан биз эшитмаганимизни ҳам эшитганларига ҳеч шак йўқ», дейдилар.

Ибн Умар: «Абу Ҳурайра ҳадисни мендан кўра яхши биладилар», дейдилар.

Убай ибн Каъб: «Абу Ҳурайра Расулуллоҳдан бошқа киши сўрай олмайдиган нарсаларни сўрашга журъат этарди», дейдилар.

Умуман, ушбу ҳадис уламоларимизни ҳам кенг ва чуқур илмий изланишларга чорлаган ҳадисдир. Чунки, унда Исломдан олдин ҳам, Исломда ҳам энг кўп баҳс юритилган масала – иймон ва унинг шуъбалари ҳақида сўз кетмоқда. Иймон ҳамма нарсанинг асли бўлганлиги учун унга алоҳида эътибор бериш зарур.

Аллома Маҳмуд ибн Аҳмад Айний раҳматуллоҳи алайҳининг етмиш еттилик рўйхатларига ушбу ҳадисда очиқ-ойдин айтилган «Ҳаё» шуъбаси кирмай қолибди. Албатта, у киши айтгандек, ҳаёни ҳам бирорта бобга қўшиб юборса бўлади. Аммо ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шуъбалардан кейин ҳаёни алоҳида таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дейилиши бежиз бўлмаса керак. Чунки ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

Энди ушбу ҳадисдан оладиган фойдалар ҳақида сўз юритайлик:

1. Иймоннинг шуъбалари борлиги.

2. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» иймоннинг олий шуъбаси эканлиги.

3. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш иймондан эканлиги.

4. Ҳаё иймондан эканлиги.

Уламоларимиз Иймон ва унинг шуъбаларини дарахт ва унинг шохларига ўхшатадилар. Агар Имом ал-Айнийнинг ижтиҳоди ила тасаввур қилсак, иймон етмиш етти шохи бор бир гўзал дарахтдир. Ўша кўркам дарахт ҳамма шохлари билан гўзалдир. Аллоҳ кўрсатмасин, бирор шохи, ҳатто бирор баргига футур етса, дарахтнинг гўзаллигига футур етади. Кўрган одам: «Шу барги ҳам бут бўлса, ажойиб дарахт бўлар экан», деб афсусланади.

Инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик-чи, иймон дарахтимизнинг ҳамма барглари, шохлари, танаси бутми? Нечта шохи кесилган, нечтаси қуриган? Уларни ўрнига келтириш учун нималар қилмоқдамиз?

Дунё бугунги кунда бу ҳадисдан чиқадиган ҳикматларга қанчалик муҳтож? Дунёга етмиш нечта шуъбаси бор иймон жуда керак, дунё ва инсоният иймонга жуда муҳтож.

Бутун дунё, барча инсоният «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га муҳтож, иймоннинг муҳим шуъбаларидан бўлган ҳаёга муҳтож.

Улар йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом дийнига муҳтожлар. Бу эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки дунёда, инсонлар ичида кундан-кунга иймонсизлар, иймони заифлар кўпаймоқда, ҳаёсизлар кўпаймоқда. Инсоният йўлига озор берувчи нарсаларни ташловчилар кўпаймоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мутахассислар кекса отахон ва онахонлар билан бўладиган муносабатларда қуйидагиларга аҳамият беришни тавсия қиладилар1. Кексаларни кўрганда тезда уларга салом давоми...

2853 19:00 / 13.01.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримни бандалари учун қиёматгача дастурул амал қилиб қўйди. Унда амал қилувчиларни икки дунё саодатига эриштирувчи насиҳатлар мавжуд. давоми...

6754 20:00 / 13.05.2019
.Ризқларнинг гўзали молу дунё эмас, балки руҳ хотиржамлиги, ақл нури, баданнинг соғлиги, қалб самимийлиги, фикрнинг саломатлиги, она чақириғи, отанинг илтифоти, давоми...

3626 18:35 / 18.02.2020
Тасаввур қилинг Шунча одам қиёмат куни сиздан ҳаққини олишни кутиб, навбатда турса.Биридан қарз олиб, қайтармагансиз, бошқасидан ўғрилик қилгансиз, яна бирига давоми...

3822 11:04 / 10.10.2020
Аудиолар

231262 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149789 14:35 / 11.08.2021