1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом инсон ақлини муҳофаза қилишга буюради

09:25 / 15.08.2019 2059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилидаги «ақл» сўзи аслида туяни кетиб қолишдан ман қилиб туриш учун боғлаб қўйиш деган маънони билдирувчи сўздир. Ақл ҳам ўз эгасини зарарли нарсалардан ман қилиб, ушлаб туради.

Ақлнинг таърифи турлича ифода этилади:

Биринчиси: «Ақл – нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг суратидан иборат бўлади».

Иккинчиси: «Ақл – илмларни идрок этувчи билимдир».

Учинчиси: «Ақл – илмни қабул қилиш учун тайёрланган қувватдир».

Тўртинчиси: «Ақл – Аллоҳ таоло инсонга ато қилган қувват ва табиий ҳис бўлиб, у ила инсон назарий ишларни идрок қилади ва ҳайвондан ажралиб туради».

Бешинчиси: «Ақл – қалб ёки миядаги руҳоний нур бўлиб, унинг воситасида зарурий илмлар идрок этилади».

Олтинчиси: «Ақл – учраган нарсани тушуниб олиш қобилияти».

Қуръон барча ишларда ақлни ишлатишга чақиради, ақлни ишлатмаганларни қаттиқ танқид қилади. Қуръони Каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта ишлатилган. «Ақл эгалари» сўз бирикмаси эса 10 мартадан кўпроқ келган. Шунинг ўзи ҳам Қуръон ақлга катта эътибор берганининг далилидир. Қуръон ақлнинг улкан неъмат эканини баён қилади. Аллоҳ таоло Раъд сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир» (4-оят).

Бошқа оятларда эса ақлни ишлатмаганларни айблайди. Аллоҳ таоло Анфол сурасида шундай дейди:

«ýАлбатта, Аллоҳнинг ҳузурида жонзотларнинг энг ёмони – кару соқов бўлиб, ақл юритмайдиганлардир» (22-оят).

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Ёки уларнинг кўплари тинглай олурлар ё ақл юрита олурлар, деб ҳисоблайсанми? Улар чорва кабидирлар, холос. Балки улар яна ҳам йўлдан адашганроқдирлар» (44-оят).

Бошқа бир оятда ақлни ишлатмаслик охират азобига сабаб бўлишини эслатади.

Аллоҳ таоло Мулк сурасида марҳамат қилади:

«Ва дерлар: «Агар қулоқ осганимизда ёки ақл юритганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик» (10-оят).

Ушбу оятларнинг барчаси Исломда ақлнинг нақадар улкан баҳоланишини кўрсатади.

Ақл улуғ неъмат бўлиб, инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган ва инсондаги энг қимматли бўлган хоссадир.

Ақл Аллоҳ таолонинг инсонга берган сон-саноқсиз неъматлари ичида энг улуғидир.

Ақл ила инсон Роббини танийди, ўзига фойдани жалб қилиб, зарарни даф қилади.

Ақл сабабли инсон барча мавжудотлардан азиз, мукаррам ва афзал қилингандир.

Ақли бўлмаса, инсоннинг Аллоҳ таоло яратган бошқа ҳайвонлардан фарқи қолмайди.

Ақл сабабли инсонга шаръий таклифлар юклатилгандир. Шунинг учун ҳам шариатда ақлсиз, эси паст одам ва ёш бола каби ақли тўлиқ бўлмаган шахсларга алоҳида ҳукмлар жорий қилинган.

Ақл жисм ва жонга бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Ислом ҳаётни муҳофаза қилиш борасидаги чораларни ақлни муҳофаза қилиш борасидаги чоралар деб кўрган ҳолатлар мавжуд.

Уламоларимиз шариатда ақлнинг муҳофазаси учун кўрилган чоралардан, жумладан, қуйидагиларни зикр қилганлар:

1. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлга зарар етказадиган, уни заифлаштирадиган хамр ва гиёҳванд моддалар каби нарсаларни ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон ишидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз» (90-оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» деган маъноларни англатади. Тановул қилган кишининг ҳушига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарса хамр дейилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, истеъмол қилганда ақлни, танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди. Худди мана шу ҳадиси шарифда айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда «наркотик» деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.

2. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлга зарар етказадиган, уни заифлаштирадиган хамр ва гиёҳванд моддалар каби нарсаларни истеъмол қилганларга жазо белгилаган.

Имом Абу Довуд Ибн Абу Арубадан қилган  ривоятда шундай дейилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хамр ичиб олган киши келтирилди, уни икки хурмо шохи билан қирқ мартача дарра урдирдилар».

3. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлни ўстиришни фарз қилган.

Бунинг учун Аллоҳ таоло барчага илм талаб қилишни фарз қилди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Илм талаб қилиш ҳар бир муслимга фарздир», – дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

4. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлни улуғлади ва ақл эгаларининг ҳурматини зиёда қилди.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«...Бас, бир бандаларимга хушхабар берки... улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир» (17–18-оятлар).

5. Ислом шариати ақлни муҳофаза қилиш мақсадида ақлни хурофот, зарарли хаёл ва фикрлардан озод этди.

Бу ҳақиқатни юзага чиқариш учун шариатда сеҳргарлик, фолбинлик, азойимхонлик кабилар ҳаром қилинди.

Сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган киши кофир бўлишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.

Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари фуқаҳолари «Сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфрдир», деганлар.

Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг бирларидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аррофга келиб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас»,– дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Аҳмаднинг лафзида:

«Ким аррофга ёки коҳинга келиб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», – дейилган.

«Арроф» деб ғайб илмини даъво қиладиган мунажжимга айтилади.

Шунингдек, Исломда ғайбий – метафизик нарсаларда ақлни беҳуда овора қилмасликка чақирилган ва бундай нотўғри ишни қилиб, ақлга зарар етказадиганлар қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат – далилсиз талашиб-тортишадиганларнинг дилларида кибрдан ўзга нарса йўқ. Улар бунга етишгувчи эмаслар. Бас, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи Самийъдир, Басийрдир» (56-оят).

Бу олийжаноб мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат яна бир қанча ҳукмларни жорий қилган. Биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз.

«Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олма ейиш учун олма кўчатини олгани бозорга бориб, уни сотиб олиш керак. Кўчатни кўтариб, уйга келиш керак. Ҳовлининг бирор жойига ўша кўчатни экиш керак. Кейин давоми...

4718 16:00 / 03.09.2021
Эртага, 27 июнь сешанба куни зулҳижжа ойининг 9куни ndash арафа кунидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафа давоми...

7208 17:47 / 26.06.2023
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Бас, унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна давоми...

3335 11:05 / 27.10.2019
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаб кетган илгарги салафи солиҳлар даврида бир парҳезгорлиги, тақвоси ва омонатдорлиги билан атрофга давоми...

3220 21:00 / 12.03.2019