1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Нilol nashr» – сиз учун хизматда

08:45 / 23.07.2019 2318 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2000 йили хориждан қайтиб келганларидан сўнг узоқ йиллик сафар давомида ёзилган китобларини нашр қилиш ҳақида ўйлай бошладилар. Ўша  пайтда жуда оз нусхада чоп этилган «Тафсири Ҳилол» ва ҳали ўқувчилар қўлига етиб бормаган кўп жузли «Ҳадис ва Ҳаёт» туркум китобларига диний илмга ташна мусулмонларимизда катта эҳтиёж борлиги бу борада янги амалий чоралар излашни тақозо қиларди.

Шу шаклда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонидан «НILOL NASHR» нашриёт-матбааcига асос солинди. Ўтган қисқа муддат мобайнида корхона республикамизнинг етакчи нашриёт-матбаалари қаторидан муносиб ўрин эгаллашга муваффақ бўлди.

Илк қадамлар

Мажмуа тарихи расман 2010 йилдан бошланади. Шу йил 15 декабрда «Hilol Nashr» фирмаси рўйхатга олинди. 2011 йил 4 март куни босмахонанинг, 28 августида эса нашриётнинг фаолият кўрсатиши учун ижозатнома (лицензия) олинди. 2012 йилнинг 13 июлида республика Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмита томонидан диний адабиётларни нашр этишга рухсат берилди.

Бунгача китобни нашрга тайёрлаш ишлари билан шуғулланувчи тўлақонли гуруҳ ўз фаолиятини бошлаган, унга бир неча муҳаррир, дизайнер ва саҳифаловчилар жалб қилинган эди. Янги «Нilol-nashr» деб номланган нашриёт-матбаа мажмуасини ташкил қилиш, унга замонавий техника воситалари етказиб келиш, мажмуа фаолиятини йўлга қўйиш ишига Шайх ҳазратларининг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Содиқ масъул қилиб тайинланди.

Биринчи навбатда хорижий HEIDELBERG компаниясининг Plata Pro CTP 880 босма машиналари, POLAR-78 қоғоз кесувчи дастгоҳлар харид қилиб, ўрнатилди. Қисқа вақт ичида цехда қаттиқ ва термомуқовалар тайёрлаш, ип билан тикиш, қоғоз букиш, зарҳаллаш дастгоҳлари ишлай бошлади. Мажмуа аста-секин қанот ёзиб, дарслик ва ўқув қўлланмаларини чоп этиш; илмий-маърифий, публицистик ва бадиий асарларни нашр этиш; ўров, ёрлиқ, плакат, кўп рангли буклетлар ва бошқа реклама маҳсулотларини босиш; илмий-маърифий мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлари тайёрлаш; китоб, аудио ва видеомаҳсулотлар савдоси каби фаолият турларини ҳам бошлаб юборди.

Биринчи нашр этилган диний адабиёт «Олтин силсила» туркумидаги Имом Бухорий «Саҳиҳ»ининг биринчи жузи бўлди. Бунгача диний адабиётлар бошқа нашриётлар орқали нашр этилаётган эди. 2012 йил декабрида «Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуасининг диний мавзудаги биринчи русча китоби «Разногласия: причины и решения» («Ихтилофлар: сабаблар ва ечимлар») сотувга чиқарилди.

Қисқа вақт ичида босмахонада ўрнатилган техник-технологик жиҳозлар, қўлёзмадан тайёр китобгача бўлган жараёнларни тўла механизациялаш, матбаачиликнинг замонавий усулларини ишга солиш ва китоб нашр этишда энг илғор воситалардан фойдаланишда у мамлакатдаги етакчи матбаа корхоналарига тенглашиб қолди.

Йўналиш ва лойиҳалар

«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси асосан мамлакатимиз аҳолисининг илмий-маърифий ва диний адабиётларга бўлган талабини бир қадар қондириш ишига ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кенг китобхонлар орасида машҳур бўлган кўп жилдли «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» китоблар туркуми, «Мукаммал саодат йўли», «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг», «Қуръон илмлари», «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар», «Хислатли ҳикматлар шарҳи», «Суннитское вероубеждения», доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Мазҳабсизлик – бидъатдир», Саййид Мубашшир Тарозийнинг «Соф табиат дини», хитойлик олим Азизийнинг «Фаридиддин Аттор» асари, «Учебник персидского языка», «Араб адабий тили» дарсликлари каби ўнлаб китоблар чиқди.

Ҳозирга қадар нашриётда 300 га яқин номдаги умумий адади икки ярим миллион атрофида китоб нашр этилди. «Нilol Nashr» нашриёт-матбаа мажмуасининг асосий фаолияти йўналиши қуйидагилардан иборат:

1. Диний-маърифий, илмий-оммабоп, бадиий ва публицистик асарлар нашри;

2. Илмий-маърифий мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлар тайёрлаш;

3. Китоб, аудио ва видеомаҳсулотлар савдоси.

Таъкидлаш жоизки, нашриётда чоп этилган асарлар китобхонлар томонидан эътирофга сазовор бўлмоқда. Хусусан, нашриёт асосчиси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб асарлар охирги йилларда республикамизда энг кўп ўқилаётган асарлар сирасига киради. Ziyouz.uz портали томонидан ўтказилган «Ёшлар нима ўқияпти?» деб номланган сўровнома якунига кўра, асарлари энг кўп ўқилаётган муаллифлар рўйхатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари биринчи ўринда турибди. У кишининг «Нilol Nashr»да чоп этилган «Бахтиёр оила» китоби эса ёшлар томонидан энг кўп ўқилаётган китоблар бешлигидан ўрин олган.

Шунингдек, нашриётда чоп этилган кўп жилдлик «Ҳадис ва ҳаёт», «Руҳий тарбия», «Кифоя», «Ижтимоий одоблар», «Сунний ақийдалар», «Иймон», «Ислом тарихи», «Зикр аҳлидан сўранг» туркумидаги китоблар ҳамда охирги пайтда ўзбек тилида ёзилган мукаммал тафсир ҳисобланувчи олти жилдлик «Тафсири Ҳилол» асарлари нафақат ўзбек, балки қардош халқ ўқувчилари томонидан қайта-қайта мутолаа қилинадиган севимли асарлар орасидан ўрин олгани қувонарли ҳол.

Нашриётда мумтоз ва болалар адабиёти йўналишидаги китобларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, «Мумтоз адабиёт дурдоналари» туркумидаги Махтумқули қаламига мансуб ғазал, мухаммас ва рубоийлар жамланган «Булбул ноласи» тўплами, Фузулий қаламига мансуб ғазал, мухаммас, мусаддас, мураббаъ, қитъа ва рубоийлар жамланган «Қалб гавҳари» тўплами, Саъдий Шерозийнинг ғазал, таржеъбанд, рубоий ва фардлари жамланган «Маърифат ёғдуси» тўпламлари кўпчиликка манзур бўлди. Шу туркумда чоп этилган яна бир китоб Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Абдулмажидовлар томонидан нашрга тайёрланган «Навоийдан ту топқайлар навое» китоби бўлиб, унда улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг «Арбаъин», «Сирожул-муслимин» ва «Муножот» асарларининг қиёсий матни, насрий баёни ва изоҳлари берилган. Шу билан бирга тасаввуф адабиётидаги рубоий намуналари, Мажзуб Намангоний, Абдурраҳмон Жомий девонлари нашрга тайёрлаб қўйилган.

Болалар адабиёти йўналишида эса 20 га яқин китоб нашр этилди. Бу китоблар аллақачон азиз болажонларимизнинг севимли китоблари қаторидан ўрин олиб улгурди.

Шу билан бирга нашриётда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб тасаввуфга оид китоблар, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Фалак» номли роман, қисса ва ҳикоялари тўплами, «Меҳмон туйғулар» ва машҳур «Шайтанат» асарлари, таниқли ёзувчи Аҳмад Муҳаммаднинг «Соҳилсиз денгиз: Имом Бухорийнинг ҳаёт саҳифалари» ва «Сиз қандай яшамоқчисиз?» китоблари, Мурод Мансур қаламига мансуб «Ҳамманинг яшагиси келади» номли қиссалар тўплами, Каримберди Тўрамуроднинг «Қадр кечаси» номли ҳикоялар тўплами ва бошқа ижодкорларнинг бадиий асарлари ҳамда илмий-оммабоп мавзулардаги кўплаб китоблари нашр этилган.

Жумладан, Одинахон Муҳаммад Содиқ томонидан ёзилган китоблар ҳам ўқувчилар томонидан алоҳида эътибор ва қизиқиш билан кутиб олинмоқда. «Муфассал тажвид», «Келинг, Қуръон ёдлаймиз», «Қизларжон...» китоблари шулар жумласидан бўлиб, муаллифнинг бошқа янги китоблари ҳам нашр этилиш арафасида турибди.

Ўрни келганда айтиб ўтиш жоизки, «Нilol Nashr» нашриёт-матбаасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб китобларнинг бир қанчаси рус тилига таржима қилиниб, навбат билан нашр этилмоқда. Жумладан, «Сунний ақийдалар», «Васатия – ҳаёт йўли», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Бахтиёр оила», «Очиқ хат», «Тафсири Ҳилол» ва «Ҳадис ва ҳаёт» тўпламининг баъзи жузлари рус тилида ҳам чоп қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз маънавий ҳаётида юз берган катта воқеалардан бири бу «Олтин силсила» деб номланган ҳадислар мажмуасининг нашрдан чиқа бошлагани бўлди. Мазкур мажмуа «Нilol Nashr» нашриёт-матбаасида нашрга тайёрланиб чоп этилмоқда. Уни нашрга тайёрлаш ишларига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари бош-қош бўлганлар.

Нашриётнинг энг муҳим ишларидан яна бири шуки, ҳозиргача айрим тажрибаларни ҳисобга олмаганда мамлакатда биринчи марта Мусҳафи шарифни Мисрнинг «Дорус-салом» нашриёти нусхаси асосида катта нусхада чоп этишга киришилди ва бунинг илк намуналари ўқувчилар қўлига тегди. Кўп жилдли «Ислом энциклопедияси»ни нашр этишга тайёрлаш бўйича ҳам қизғин иш олиб борилмоқда.

«Нilol Nashr» нашриёт-матбаасининг мамлакат ичида 8 та, мамлакат ташқарисида эса қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида савдо дўкони бор.

«Нilol Nashr» нашриёт-матбаасида нашр этилган китоблар 2014 йилдан бошлаб МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилина бошлаган. Хусусан, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикасига нашриётнинг барча китоблари экспорт қилинмоқда.

2018 йилнинг феврали охирида мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ номи ва ишларини эътироф этиб, Чилонзор туманида янги қуриладиган масжидга у кишининг номларини бериш, қолдирган бой илмий меросларини халқимизга етказиш бўйича ўз таклифларини билдирди. Мамлакат раҳбарининг Шайх ҳазратларига бўлган эҳтироми ва эътибори «Нilol-nashr» нашриёт-матбааси жамоаси зиммасига катта масъулият ва долзарб вазифаларни юклади. Ҳозирги пайтда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг олдин нашр этилмаган асарларини тўплаш ва нашрга тайёрлаш, у кишининг музейини ташкил этиш, Ҳазрат ҳақларидаги янги хотира китобини чоп этиш ва у киши ҳақлари ҳужжатли фильм тайёрлаш каби илмий-ижодий ишлар қизғин бошлаб юборилди.

Диплом ва мукофотлар

– 2012 йил – «Олтин силсила» китобининг сифатли муқоваси учун «Йилнинг энг яхши муқоваси» мукофоти билан;

– 2014 йил – босмахона раҳбари Абдулбосит Қамбаров «Йилнинг энг яхши технологи» деган диплом билан;

– Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги «Йилнинг энг яхши китоби» кўрик-танловида «Маънавий-маърифий адабиётлар» номинацияси бўйича «Тафсир Хилал» (русча нусхаси) иккинчи даражали диплом билан;

– «Ўзбек ва жаҳон мумтоз адабиёти» номинацияси бўйича Махтумқулининг «Булбул ноласи» китоби учинчи даражали диплом билан;

– 2015 йил – «Йилнинг энг яхши китоби» V республика кўрик-танловининг «Ижтимоий-сиёсий адабиётлар» номинацияси бўйича фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Очиқ хат» китоби ҳамда унинг «Открытое послание» деб номланган русча таржимаси кўргазманинг II даражали дипломи билан;

– 2018 йил апрел – қўшни Қозоғистон Республикаси пойтахти Остана шаҳрида ўтказилган III Евроосиё китоб кўргазмасидаги фаол иштироки учун махсус диплом билан тақдирланди.

Онлайн савдо ва виртул кутубхона

«Нilol Nashr» нашриёт-матбааси 2014 йилдан китоб ва медиамаҳсулотларнинг онлайн савдосини ҳам ташкил қилди. Эндиликда hilolnashr.uz веб-сайти орқали харид қилинган «Нilol Nashr» нашриёт-матбаасида нашр этилган китоб ва аудио-видео маҳсулотлар «Ўзбекистон почтаси» ва «FARGO» хусусий почта хизмати билан ҳамкорликда республиканинг барча вилоятлари ҳамда хорижий давлатларга ҳам етказиб берилмоқда. Бу хизмат тури республикамизнинг марказдан узоқда яшовчи китобхонларнинг дўконга келиб-кетиши учун кетадиган вақт ва харажатларини тежаши боис кўпчиликка манзур бўляпти.

Шунингдек, e-hilolnashr.uz интернет саҳифасида рўйхатдан ўтиб, электрон маҳсулотларни онлайн харид қилиш имконияти мавжуд. Ушбу электрон китобларни мутолаа қилишда Windows, Android, IOS тизимида ишлайдиган барча жиҳозлардан фойдаланиш мумкин.

Яқинда «Нilol Nashr» нашриёт-матбааси томонидан «Hilol» иннавацион виртуал кутубхонаси тайёрланди. Эндиликда бу виртуал кутубхонани мамлакатимизнинг исталган нуқтасида ўрнатиш мумкин. Мазкур кутубхонага шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг электрон форматдаги барча китоблари жойлаштирилган. Ҳозирги кунда кутубхона фондида 120 дан ортиқ китоб мавжуд.

Бундан ташқари, «Нilol Nashr»да нашрга тайёрланаётган ёки сотувга чиқарилаётган китоблар, ўтказиладиган тақдимот ва кўргазмалар ҳамда нашриёт ҳаётига доир бошқа янгиликларни ўқивчилар нашриётнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси ва Telegram тармоғидаги https://t.me/HilolNashr канали орқали осонгина билиб олишлари мумкин.

Бир сўз билан айтганда, «Нilol Nashr» маърифат нурини тарқатиш учун, сиз азизларга, доимо хизматда!

«Hilol» журнали, 1- сонидан олинди

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дуо хусусида Юсуф алайҳиссалом қиссаси мўминлар учун гўзал ибратларга тўла. Юсуф алайҳиссалом ҳар бир ҳолатда Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, таваккул ва садоқат давоми...

4530 08:40 / 17.03.2019
Ширк ndash кечирилмас гуноҳМуҳтарам азизлар Бугунги мавзумиз ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим бўлиб, мўмин киши эътиқодининг асоси бўлмиш имоннинг кушандаси давоми...

4516 11:51 / 12.10.2018
Исом ибн Юсуф бир куни Хотамул Асомнинг мажлисига кирди. Сўнг .Эй Хотам, намоз ўқиётганингизда Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб турасизми, деди. Ҳотамул Асом давоми...

2780 08:30 / 28.06.2020
Ҳаммод ибн Абу Ҳанифадан ривоят қилинади .Довуд Тоийнинг озод қилган чўриси .Эй Довуд, сизга ёғлик таом пишириб бераман,, деди. У .Майли,, деди. Аёл таомни пишириб, давоми...

2600 08:15 / 24.04.2020