1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳасад ва гина – ҳамжиҳатлик заволи

11:40 / 19.07.2019 3573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам мавжуд. Мусулмон инсон доимо мақталган хислатларни қўлга киритиб, ёмон хислат ва одатлардан нафсини поклашига тарғиб қилинган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. Ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси, 9-10 оятдар).

Шундай нафс иллатларидан бири – ҳасаддир. “Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида аллома Муновий шундай дейдилар:

“Ҳасад – неъматга лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир” (“Ат-Тавқиф ала муҳимматит-таориф” 139-бет).

Энг биринчи гуноҳ ҳам Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят).

Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таолога биринчи қилинган гуноҳ –ҳасаддир. У Иблисдан содир бўлган эди”, – деганлар.

Қатода разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида: “Аллоҳни душмани бўлган Иблис Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган иззат-ҳурматига хасад қилди ва “Мен оловдан, у эса лойдан яратилган”, – дея кибрланди”, – дейдилар.

Уламоларимиздан бирлари бу хақда: “Албатта ҳасад қилувчи Иблисга ўхшайди. Чунки у мусулмонлардан Аллоҳнинг неъматларини кетиши, улар орасида фасод кўпайиши каби Шайтонга маҳбуб бўлган ишларни талабида бўлади”, - деганлар.

Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Қуръони карим оятларининг бирида шундай дейилади:

“Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси, 30-оят).

Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил тарафидан бу иш содир бўлгунига қадар ер юзида барча инсонлар итоаткор мусулмон ҳолларида тинч тотув ҳаёт кечиришар эди.

Афсуски, бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида ҳасад иллатига мубтало бўлингани сир эмас. Кўп ҳолларда зиёли инсонларга нисбатан ҳасадгўйлик билан муомала қилиниши – жуда ачинарли ҳол. Бундай ҳолатлар Исломнинг аввалида мушриклар тарафидан кузатилар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” ( Нисо сураси, 54-оят)

Демак, илму-ҳикмат ҳам Аллоҳ таоло тарафидан берилган улуғ бир неъмат бўлиб, бунга ҳасад билан эмас, балки ҳавас билан қараш – айни динимиз буюрган ишлардандир.

Ҳавас мазмунидаги ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши, Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейдилар: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад – бир кишидан неъматни кетишини исташ. Бу ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилишган. Мажозий ҳасадни “ғибта”, яъни “ҳавас” дейилади. Бунда – неъмат эгасидан кетмасдан, кишининг ўзида ҳам бўлишини орзу қилади. Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу қилиш эса – мустаҳаб (яъни мақталган иш)дир”.

Бошқа ривоятда ҳам мазкур маънодаги ҳасад зикр этилган:

“Ҳасад икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, уни ҳақ йўлда сарфлаш имконини ҳам беради, (иккинчиси) Кишига Аллоҳ таоло илму-ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни (одамларга) ўргатади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, у бошқадаги неъматни йўқ бўлишини умид қилишдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилингандир.

Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз вақтида ҳасад иллати жамият аъзолари ўртасида нақадар хавфли экани, ҳатто кишининг имонига ҳам путур етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб шундай деганлар:

“Бир бандада имон ва ҳасад асло бирга бўлмайди” (Имом Насаий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилмасликда бардавом бўлсалар, яхшилик узра бардавом бўладилар”, – дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Буюк аждодимиз Имом Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ ҳасаднинг заралари тўғрисида шундай деганлар: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад ўз эгасига бешта уқубат келтиради:

1. Ҳасадчининг ғам-ташвиши узилмайди;

2. Унинг ушбу ғам-ташвишига ажр келмайди;

3. Хорлик олиб келади;

4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади;

5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади”.

Бошқа бир ўринда эса: “Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар:

1. Ҳаром ризқ егувчи;

2. Кўп ғийбат қилувчи;

3. Қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишилар” деганлар.

Динимиз бир қанча салбий иллатларнинг давосини ўргатгани каби, бу ҳасад иллатидан фориғ бўлиш йўлларини ҳам кўрсатиб берган. Бу ҳақда суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

Учта хислат умматимда доим бўлади: ёмон гумон, ҳасад ва шумланиш. Гумон қилсангиз, юзага чиқарманг. Ҳасад қилсангиз, Аллоҳга истиғфор айтинг. Шумлансангиз, йўлингизда давом этинг”, – деганлар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

Ҳар бир Одам боласи – ҳасадчидир, (лекин) модомики (ҳасадини) тилига чиқармаса, (ҳасадига) қўли билан амал қилмаса, ҳасадчига ҳасади зарар қилмайди(Имом Абу Нуайм ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:

“Ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан (паноҳ сўрайман деб айтинг)” (Фалақ сураси, 5-оят).

Ҳасад ақлни чеклаб қўйиши фанда ҳам ўз тасдиғини топган. Днепропетровск университетидаги тадқиқодларда аниқланишича, ҳасад – чекланишдир. Бу ҳолатда инсон фақат битта мақсад учун ҳаракат қилади. Мотивациянинг бу тарзда чекланиши эса фикр доирасининг торайишига олиб келади. Оқибатда шахс шаклланиши бузилиб, ақлий жараён сусаяди.

Ҳар бир иллатнинг давоси бўлгани каби, ҳасад иллатининг ҳам давоси бор. Бу бўйича уламоларимиз “Ким ўзида бошқаларга бўлган ҳасадни сезса, унга қарши тақво ва сабрни ишлатсин”, – дейишган. Шу билан бирга қуйидаги омилларни ҳам ишга солиши талаб этилади:

- Аввало Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, унга кўп боғлансин. Ушбу иллатдан халос бўлишга муваффақ этишини умид қилсин;

- Ислом шариати кўрсатмаларига амал қилиши лозим. Зеро шариатга амал қилиш кишини турли иллатлардан узоқлаштиради;

- Бу дунёдаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг Қазо ва Қадари ила бўлишини имонини мустаҳкамласин;

- Ҳасад ҳасадчининг бу дунёда саломатлигига, охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига дучор қилиши каби зарарларини кўп тафаккур қилсин;

- Ўлимни кўп эсласин. Зеро, ўлим – ҳар қандай ҳавойи-нафс истакларини парчаловчи омилдир. Машҳур саҳобалардан бирлари Абу Дардо разияллоҳу анҳу инсонларга насиҳат қилиб, шундай дер эканлар:

“Қайси бир банда ўлимни кўп эсласа, унинг (беҳуда) ҳурсандчилиги ва ҳасади камаяди”.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан, адоватдан асрасин, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин!

Омин!

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло одам зотини жинсий шаҳватли қилиб яратган. Албатта, бу беҳикмат эмас. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, жинсий шаҳватнинг иккита катта ҳикмати бор давоми...

4056 14:00 / 16.12.2018
Фироқ юки оғир, бағримиз тилди,Соғиниб, кўзларга намлик ҳам инди.Буюк Устоз бўлиб ўтдингиз, эндиҲамма эслаб Сизни .Ҳазратим,, дейдиhellipЭй Аллоҳнинг Каломини давоми...

1376 18:25 / 14.04.2020
Бир киши Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумога .Фалончи сизни ғийбат қилди,, деди. Ҳасан шундай деди .Сен мени яна бир машаққатга қўйдинг энди мен Аллоҳдан ўзим учун давоми...

1976 08:00 / 30.06.2020
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар .Беш нарсани эслаб қолинг Уларни бажаришда қаттиқ турсангиз, улар орқали эришган ютуққа бошқа ҳеч нарса билан эриша давоми...

5036 07:40 / 30.03.2019