1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

АЛЛОҲГА СОДИҚЛИК

05:00 / 28.02.2017 3869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган садоқат, содиқлик, ростгўйлик каби сўзлардан кўзланган маъно арабчада «сидқ» шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа нарсаларда бўлсин «қувват» маъносини англатади. Бу сўз кизб – ёлғоннинг зиддидир. Ёлғон ботил бўлгани учун кучсиз, сидқ ҳақ бўлгани учун қувватли бўлган.
Уламоларимиз сидқ ҳақида бир-бирини тўлдириб келадиган бир неча таърифлар айтишган.
Роғиб раҳматуллоҳи алайҳ «Муфрадот»да айтади: «Сидқ гапнинг виждонга ва хабарини берилаётган нарсага баробар тўғри келишидир. Бу шартлардан бирортаси йўқолса сидқ тугал бўлмайди» (277-бет.
Журжоний «Таърифот»да: «Сидқ ҳукмнинг воқеъга тўғри келишидир. У ёлғоннинг зиддидир», деган (132-бет).
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳдан сидқ ва ихлос ҳақида «Иккови бирми ёки ораларида фарқ борми», деб сўралганда, «Ораларида фарқ бор. Сидқ аслдир. Ихлос фаръдир. Сидқ барча нарсанинг аслидир. Ихлос фақат амаларни бошлаган-дан кейингина бўлади. Амаллар икковисиз мақбул бўлмайди», деган (Далилул Фолиҳийн. 202-бет).
Имом Абдулкарим Қушайрий: «Сидқ аҳволингда аралашган нарса, эътиқодингда шубҳа ва амалингда айб бўлмаслигидир», деган.

Сидқнинг турлари:

Уламоларимиз сидқнинг турларини учга бўлишган:
1. Гап-сўздаги содиқлик.
Бунда гап-сўз амалга тўғри келиши кўзда тутилган.
2. Амалдаги содиқлик.
Бунда қилинадиган ишнинг фармонга муфовиқ келиши кўзда тутилган.
3. Ҳолдаги содиқлик.

Бунда қалб ва аъзоларнинг амаллари ихлосга тўғри бўлиши кўзда тутилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам содиқларнинг имоми бўлганлар. «Содиқ» – у зотнинг энг машҳур сифатла-ридан бири. Набий алайҳиссаломда сидқ сифати барча та-рафдан мукаммал тарзда намоён бўлган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтадилар: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар.
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки бахтлилигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳи маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қиладида, унга кира-ди. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг «У зот содиқу масдуқдирлар», деган гаплари шу маънони ифода қилади.
Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум. Масдуқликлари эса, яъни, ростгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундоқ маълум ва машҳурдир.
Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзлари эшитган ҳадисни ривоят қилишидан мақсадлари, бу ҳадисда келадиган маъноларга шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деган-ларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобалирдан бирлари «сиддиқ» лақабини олганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам исро ва меърож қилганларида мушриклар бу гапларга умуман ишонмасдан масхара қилиб кулдилар. Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди.
Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ол-диларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «Шу гапларни у зот айтдиларми?» деб сўрадилар.
«Ҳа», дедилар.
«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди.
«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.
«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди.
Шундан сўнг Абу Бакр «сиддиқ» – ўта тасдиқловчи, деб атала бошладилар.
Сиддиқ сидқи кўп одам дегани. Баъзилар, асло ёлғон содир бўлмаган одам сиддиқдир, деган.
Баъзи уламолар, сиддиқлар набийлардан бир оз фазли кам одамлардир, деганлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деган (177-оят).
Оятнинг аввалида мусулмон одамга лозим бўлган гўзал сифатлар зикр қилиниб, охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганлар: «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан, “Иймон нима?” деб сўраганларида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажра-майдиган тарзда уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди.
Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.
Ана ўшалар иймонида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар ақийдасида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар тақводорлардир.
Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб: «Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким шу оят билан си-фатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деган.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир», деган (15 – оят).
Демак, ушбу ояти кариманинг бошида айтиб ўтилган сифатларнинг ҳақиқий эгаларинигина мўминлар деса бўлар экан. Ана ўшаларгина иймонида содиқлар, ақийдасида содиқлар, мен мўминман деган гапларида содиқлар.
Ҳа, «Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир».
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», деган (119-оят).
Сўзларида, ишларида, ниятларида ва иймонларида садоқатли эркак-аёллар содиқлардир. Сўзда садоқатли бўлиш рост сўзлаш, ёлғон гапирмасликдир. Содиқлик гўзал сифат бўлиб, ҳар бир эркак-аёл учун олий фазилатлардан бўлиб келган. Содиқлик иймоннинг аломатидир. Ким содиқ бўлса, нажотга эришади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! Бу Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (69–70-оятлар).
Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш иста-ги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва омма му-сулмонлар ичидан етишиб чиққан солиҳлар билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик, албатта, жаннатда бўлади.
Жаннатдаги мақомларда эса, мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса, у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва аҳли солиҳлар билан абадий бўлади.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Аллоҳ: «Бу кун – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир», деди», деган (119-оят).
Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир. «Кун»дан мурод эса, қиёмат кунидир.
«Бу кун – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун».
Аллоҳ таолонинг таъкидлашича, қиёмат кунида иймонлиларга иймонлари манфаат беради. Мазкур манфаат қуйидаги шаклда зоҳир бўлади.
«Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар».
Яъни, қиёмат куни иймонлиларга дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Улар мазкур жаннат-ларда абадий қолурлар.
«Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир».
Бундоқ бўлишида ҳеч шубҳа йўқ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлардан деб ёзилади.
Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайве-ришда бардавом бўлса Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан деб ёзилади
». Тўртовлари ривоят қилган.
Сиддиқ бўлиш – катта бахт. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сиддиқларни мадҳ этган. Каззоб бўлиш – катта бадбахтлик. Аллоҳ таоло каззобларни ўз душмани деб эълон қилган.
Бас, ҳар бир мўмин-мусулмон сиддиқлардан бўлишга ҳаракат қилсин ва каззоб бўлишдан ўзини сақласин.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кечаю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамозон рўзасини тутишлик», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Бас, ўша одам: «Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман» дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени шакка солган нарсани қўйиб, шакка солмаган нарсага ўт. Албатта, содиқлик хотиржамликдир. Албатта, каззоблик шубҳадир», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Кимнинг одамларга уч нарсаси бўлса, одамларга унинг ҳақида уч нар-са лозим бўлади. Ким уларга гапнинг содиғини айтса, омонат қўйсалар хиёнат қилмаса ва ваъда берса вафо қилса, уларга уни қалблари ила севиш, тиллари ила мақташ ва ёрдамла-рини аямаслик лозим бўлади» (Одобуш-шаръия, 29).
Абдулвоҳид ибн Зайд: «Сидқ Аллоҳга амал ила вафо қилишдир», деган.
Иброҳим ал-Хаввос айтади: «Содиқни фақат фарзни адо этаётганини ва фазлга амал қилаётганини кўрасан».
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ: «Сидқнинг ҳақиқати ёлғондан бошқа нажот бермайдиган ерда рост гапиришдадир», деган.

Сидқнинг фойдалари:

1.Сидқ аброрларнинг жаннатга борадиган йўлидир.
2.Содиқлар Аллоҳнинг муқарраб аҳбобларидир.
3.Содиқларни одамлар яхши кўрадилар, уларга ишона-дилар ва омонатларини топширадилар.
4.Содиқларнинг жамиятда иззати бўлади.
5.Содиқлик амалларни кўтаради ва шаънини улуғлайди.
6.Содиқлик қувватнинг аломатидир.
7.Содиқлик ўзига ишончнинг белгисидир.
8.Содиқлик нажотдир.
9.Содиқлар набийлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга тириладилар.

СОДИҚЛИКНИНГ МАЪНОЛАРИ

Имом Ғаззолий содиқликнинг олти маъноси ҳақида батафсил сўз юритганлар:
1.Тилдаги содиқлик.
Бу маъно фақат хабарларга ва хабарни ўз ичига олган маъноларга боғлиқ бўлади. Хабар ўтган ёки келаси замонга боғлиқ бўлади. Бунга ваъдага вафо қилиш ҳам киради. Ҳар бир бандага сўзини муҳофаза қилиши ва ростдан бошқани гапирмаслиги лозим бўлади. Бу содиқликнинг энг машҳур туридир.
2.Ният ва иродадаги содиқлик.
Бу борадаги содиқлик ихлосга муҳтож бўлади. Бунинг барча ҳаракот ва саканотлар ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина бўлишидан бошқа боиси йўқ. Агар унга озгина бўлса ҳам бош-қа нарса аралашадиган бўлса, ниятнинг содиқлиги бузилади ва унинг эгаси ёлончига айланади.
3.Азму қарордаги содиқлик.
Кўпинча инсон амалдан олдин азму қарор қилади. Мисол учун, агар Аллоҳ таоло менга мол берса, мадраса қураман, дейди. Худди мана шу азму қарор гоҳида жазм ила содиқ бўлса, гоҳида истак ва орзудан нарига ўтмаган бўлиши мум-кин. Шундан азму қарори ҳеч қандай майлсиз, иккиланишсиз ва заифликсиз тугал қувватга эга бўлган киши содиқ дейила-ди.
4.Азмга вафо қилишдаги содиқлик.
Гоҳида нафс қарор қилиниши билан азмни амалга оши-ришга киришади. Гоҳида эса шаҳватлар ғолиб келиб азму қарорга амал қилиш қийинлашиб қолади. Аҳдига вафо қилганларгина содиқлар бўлади олади.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзи-лари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар», деган (23-оят).
Яъни, мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган, азму қарор қилган киши-лар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар.

Собитдан, у амакиси Анасдан, У Ҳишомданривоят қилинади: «Ушбу оятда назарда тутилган кишилардан бири Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашмай қолган эди. Бу иш унга жуда оғир ботди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишти-рок этган биринчи урушда ғойиб бўлдимми?!» деб афсусланиб юрарди. Шу билан бирга: «Агар Аллоҳ таоло кейинчалик менга бир урушни кўрсатса, менинг нима қилишимни Аллоҳнинг Ўзи кўради», дер эди.
Уҳуд уруши куни Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушга чиқди. У йўлда кетаётиб Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни учратди ва унга: «Эй Абу Амр! Оҳ! Оҳ! Жаннатнинг ҳиди қаёқдан келмоқда! Мен уни Уҳуд томондан келаётганини сезяпман!» деди. Урушга кириб, шаҳид бўлгунича жанг қилди. Унинг жаса-дидан саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқи изларини топдилар.
Унинг синглиси Рубаййиъ бинти Назр: «Акамни фақат бармоғидан таниб олдим, холос», дерди.
Бас, ушбу оят нозил бўлди: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар» (Аҳзоб, 23).
Буни у ва унинг асҳоблари ҳақида нозил бўлган деб билар эдилар». Аҳмад ривоят қилган.
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонлар ичида бу кишига ўхшаб жонини фидо этганлар жуда кўп чиқди. Уларнинг фидойи-ликлари Исломга, мусулмонларга шону шуҳрат келтирди ва келтирмоқда.
«Бас, улардан баъзилари ажалини топди».
Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуга ўхшаб шаҳиди аъло бўлди. Орзусига эришди. Ўзи кўзлаган олий мақомга етишди.
«Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир».
Ажаллари етмаганлари шаҳид бўлишга, Аллоҳга берган аҳдни амалга оширишга зору интизор турибди.
«Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».
Бу мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларини ҳеч нар-сага алмаштирмадилар.
5.Амалдаги содиқлик.
Бунда банда ташқаридаги амали ичкарисида ўзида бўлмаган сифатга далолат қилиб қолмаслиги учун жидди жаҳд қилади. Ичидаги бори ташқарига чиқишига эришади. Баъзи кишилар ташқаридан намозни хушуъ билан ўқиётгандек бўлиб кўринади. У буни одамлар кўрсин учун қилмайди. Аммо шу билан бирга ичи ташига тўғри келмайди. У ташқаридан хушуъ ила намоз ўқиётган бўлиб кўринса-да, хаёли бозорда юрган бўлади. Демак, бундай одам амалида содиқ эмас, балки ёлғончидир.
Шундан қуйидаги хулоса чиқади. Одамнинг ичи ташига тўғри келмаслиги икки хил бўлади. Агар бу иш ният ва қасд билан қилинаётган бўлса, риё бўлади. Аммо ният ва қасдсиз қилинаётган бўлса, содиқликка зид бўлади.
Бу нотўғри ҳолатдан қутилиш учун киши ичи ва ташининг бир хил бўлишини таъминлаши лозим.
Язийд ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳ: «Агар банданинг сири ва ошкори бир хил бўлса, ишнинг ярми ҳосил бўлади. Агар сири ошкоридан афзал бўлса, фазлга эришади. Агар ошкори сиридан афзал бўлса, жаврчи бўлади», деган.
Абдурроҳман ибн Зайд айтади: «Ҳасан бир нарсага амр қилса, ўзи ўшани ҳаммадан кўра яхши қилар эди. Бир нарса-дан наҳий қилса, ўшандан ўзи ҳаммадан кўра узоқда бўлар эди. Мен каби ичи ташига ўхшаш одамни кўрмаганман».
6.Дин мақомотларидаги содиқлик.
Бу содиқликнинг энг олий ва азиз даражасидир. Бу дара-жадаги содиқлик хавф, ражо, таъзим, зуҳд, ризо, таваккул, муҳаббат ва шунга ўхшаш нарсаларда бўлади.
Мазкур ишларнинг бошланиши, ғояси ва ҳақиқати бор. Бир нарса ғолиб бўлиб ҳақиқати юзага чиқса, ўша нарса содиқлик даражасига кўтарилган бўлади. Мисол учун, содиқ хавф, содиқ таваккул ва бошқалар.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина содиқлардир», деган (15-оят).
Бу ояти каримадан кўриниб турибдики, ҳақиқий содиқ мўмин бўлиш учун анчагина ишларни амалга ошириш керак.
«Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган…».
Демак, аввало, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келти-риш керак.
Сўнгра ушбу иймонда шак-шубҳага ўрин қолмаслиги ке-рак: «…сўнгра шубҳа қилмаган…»
Тилида мўминликни даъво қилса-ю, кўнглида Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зотига ёки сифатларига ёки сифатларидан бирортасига озгина шак ёки шубҳада бўлса, Пайғамбар алайҳиссаломга ишончсизлик қилса, бундан не фойда?
Демак, ҳақиқий иймон мўмин кишининг қалбида ишони-ши лозим бўлган барча нарсаларга нисбатан ҳеч қандай шак ёки шубҳа қолдирмайди ҳамда бу ҳолат доимий бўлади.
Иймонли киши ўз эътиқодида собит бўлган нарсаларга ҳаётида амал қилиб яшамоғи лозим. Аммо ушбу эътиқоддаги, тасаввурдаги ҳолатни воқеликка чиқариш осон бўлмайди. Бу йўлда кўпдан-кўп тўсиқлар учрайди. Ўша тўсиқларни енгиб ўтиш учун эса, курашиш керак. Курашга мол-мулкни, ҳатто жонни фидо қилиш талаб этилади.
«...ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир».
Демак, мазкур сифатларнинг ҳақиқий эгаларинигина мўминлар деса бўлар экан. Ана ўшаларгина иймонида ақийдасида “мен мўминман”, деган гапларида содиқлар.
«Ана ўшалар, ўшаларгина содиқлардир».
Шундай қилиб, ҳақиқий иймонни ва ҳақиқий мўминни аниқлайдиган мезонни ҳам билиб олдик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

4306 13:45 / 01.02.2020
1. Ёлғон ўз эгасини парчалайди. 2. Ёлғон ўз эгасини дўзахга олиб боради. 3. Ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир. 4. Ёлғон мурувват, жамол ва чиройни давоми...

3249 13:00 / 06.02.2021
Аллоҳ таоло ўзининг Азиз Китобида яхши кўрадиган бандаларининг сифатларини зикр қилган. У зот шундай марҳамат қилади Эй, имон келтирганлар Сизлардан кимки давоми...

9295 05:00 / 01.03.2017
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шундайдир Менинг ахлоқимга тобеъ бўлмаган ва менга салоту салом йўлламаган киши жаннат йўлини йўқотиб давоми...

3526 12:03 / 03.11.2018