1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом Испанияда

05:00 / 24.02.2017 6563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУСУЛМОН ИСПАНИЯСИДАГИ ИШЛАР АҲВОЛИ. Ватанида одамларни қиличдан ўтказиб, ўзларига йўл очган аббосийлар қисқа муддатда давлат тепасида мустаҳкам ўрнашиб олдилар. У ер-бу ерда қўзғолонлар кўтарилиб турар, бироқ икки аббосий уларга биринчи бўлиб қатъий чек қўйди. Лекин Ифриқияда ва олис Испанияда кўп жиҳатдан бунга осонликча эришолмадилар. Испанияда ишлар аҳволи бирмунча муддат нохуш бўлиб турди. Араблар билан барбарлар жанжаллашиб қолдилар. Очиқ-ошкора, кескин бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда бир-бирлари билан илгаригидек яқин эмасдилар. Устига-устак, шимолий ва жанубий араблар эндиликда бир-бирларига очиқдан-очиқ қарши ҳаракат қилаётган эдилар. Бунинг устига Испания ҳукумати заифлашиб қолганди. Кейинчалик умавийлар фитналарга берилиб кетиб, ҳокимларни шу даражада тез-тез алмаштирадиган бўлиб қолдиларки, бу зўрға турган давлат хавфсизлиги учун катта зарар эди. Бундай ҳолат хорижийлар ғоясини бутун мағрибда ёйиш иштиёқида бўлган барбарларга дадиллик бағишлади. Халифа Шом қўшинини барбарлар қўзғолонини бостиришга юборди. Қўшин топширилган вазифани бажаргач, Испания бўйлаб юришни давом эттирди. Бу шомликларнинг иттифоқ тузганлигини англатарди. Уларнинг қўмондони Башир қулай вазиятдан фойдаланиб, ҳокимиятни қўлга киритди ва ўзини Қурдоба (Кордова) амири деб эълон қилди. Лекин ҳокимият тепасида узоқ ўтирмади, унинг ўрнини бошқа бир ҳоким эгаллади. Шундай қилиб, бир неча йил давомида ҳокимлик тахтига 23 кишининг бири миниб, бири тушиб турди. Мусулмонлар Испаниясидаги бундай тартибсизликлар шароитида давлат битта зарбаданоқ осонгина кунпаякун бўлиши аниқ эди.

 

АБДУРАҲМОН. Энг сўнгги умавий шаҳзода Абдураҳмон Сеутага йўналганида мусулмонлар Испанияси худди шу аҳволда эди. У Фаластиндан бошлаб бутун йўлини ниқоб кийган ҳолда содиқ бир хизматкори ҳамкорлигида босиб ўтди. Ҳаёти хавф-хатар остида қолганда қанча марталаб ўзини гаровга қўйиб ҳаракат қилди, лекин жасур ва тадбиркор йигит ҳамма тўсиқларни босиб ўта олди. Онасининг қариндошларига етиб борганида ундан зарур ёрдамни аямадилар. Сал ўтиб, у катта қўшинга эга бўлди. Шундан кейин Испания устидан ўтиб, Иберия ярим оролини забт этишга киришди. Кетма-кет шаҳарларни қўлга киритиб, ниҳоят аббосий ҳоким Юсуф ал-Фихрийни мағлуб қилди. 750 йилда вилоят пойтахти Қурдоба таслим бўлди. Шундан кейин у бутун мусулмонлар Испаниясига ҳокими мутлақ бўлиб, мамлакатни аббосийлар халифалигидан бутунлай ажратиб оларкан, Қурдобада умавийлар амирлигига асос солдики, мазкур сулола шу ерда яна 300 йилга яқин ҳукмронлик қилди.


АБДУРАҲМОН СИРЛАРИНИ ОШКОР ҚИЛАДИ. Шу даврда иккинчи аббосий халифа – қудратли Мансур Бағдодда подшоҳлик қилар эди. Унга, ҳатто, олис Испаниядаги умавий ҳукмдорнинг номаъқул хатти-ҳаракатлари ёқинқирамади. Натижа шу бўлдики, у Ал-Ала билан Ибн Мағис исмли ҳокимини танлаб, кучли қўриқчи кучлар қуршовида Испания тождори сифатида шу ёққа жўнатди. Халифа испан халқи Ал-Алани ўз ҳокимлигига қабул қилиш учун қудратли аббосий халифанинг исмини эшитиши бас, деб ўйлаган, лекин Абдураҳмон қандай одам эканлигини ҳисобга олмаган эди. Ал-Ала Қурдобага етиб келганида Ифриқияда аббосийларга мансуб кучлардан тўпланган қўшин жуда камлик қилганини билди. Абдураҳмон уларни осонликча енгиб, Ал-Ала ҳамда унинг ҳарбий бошлиқлари ва маслаҳатчилари танасини бошидан жудо қилди. Кесилган бошларни эса бўхчага солиб, зарбоф шойи газламага ўраб-чирмаб халифа Мансурга совға қилиб жўнатди. Тугун очилганда Мансур бошчилигидаги бутун аббосийлар саройи донг қотиб қолди. Ҳоким ва унинг маслаҳатчилари бошларини кўрган Мансур: «Аллоҳга минг қатла шукрким, У шундай душмандан мени денгизлар ёрдамида сақлаб турибди!» дея хитоб қилди. Буни ҳошимийлар унутмаган бўлсалар, ҳойнаҳой умавийлар ҳам эсдан чиқаришмаганди.


БУЮК КАРЛНИНГ ИСПАНИЯГА ЮРИШИ. Абдураҳмон ҳали ўз душманларини тўлиқ даф эта олмаган эди. Шом тахтини зўравонлик билан эгаллаган Балжнинг ўгай ўғли Ибн Башир энди фаранг қироли Буюк Карлдан мадад кутарди. Карл насронийлар учун курашчи сифатида машҳур эди. У мусулмонларга имкони борича зарар етказиш ниятида таклифни жон деб қабул қилиб, катта қўшин билан етиб келди, чунки у аббосийлар билан элчилар алмашганди, кейинчалик эса аббосий халифалик ҳукмдори улуғ Хорун ар-Рашид билан дўст тутинди. Ўша даврда Оврупонинг энг катта насроний қуролбардори (риъари) бўлган жияни Роланд, унинг жасур дўсти Оливер ва дониёлик Ожиер раҳбарлигида барча қуролбардорларни бошлаб келди. Карл Пиренеяни босиб ўтиб, мусулмон қўшинлари билан бўлган бир неча жангда қатнашаркан, жуда катта қаршиликка учради. Шу аснода ўзи яқиндагина қўлга киритган саксонлар Олмонияси исён кўтарганлиги тўғрисида хабар унинг қулоғига етади. Кучларнинг бир қисмини олиб, орқага йўл олади, уларнинг бошқа бўлагини Роланд бошчилигида қолдириб кетмоқчи бўлганида у ҳам қайтиб кетишга ижозат сўрайди. Бундай вазият мусулмонларга жуда қўл келиб, улар Роланд қўшинининг орқасидан зарба беришади. Франклар эса кўплаб шиддатли ҳужумларни қайтаришга мажбур бўладилар. Пиренея тоғлари ўртасига бориб етган Роланд қўшинлари устига маҳаллий тобликлар ёпирилдилар. Роланд ифодалаб бўлмайдиган танг аҳволга тушиб қолган эди. Лекин мард жангчи чекинмасдан олишувга қарор беради. Бўлиб ўтган саваш қўшиқлар ва афсоналарга мавзу бўлиб қолди. (Фаранг қаҳрамонлик достонидаги «Шансе де Роланд» («Роланд ҳақида қўшиқ»)да шу жангдаги бош воқеа тўғрисида куйланади.) Роланднинг қаҳрамонларча курашган лашкарларига нисбатан кучда беқиёс тоғликлар ўз рақибларининг ҳаммасини қиличдан ўтказадилар. Оғир ярадор бўлган Роланд бор кучи билан ўзининг машҳур шохкарнайини янгратиб чалади. Афсоналарда бу карнай сеҳрли хусусиятга эга бўлганлиги хусусида гап кетади. Унинг товуши, даъвати кўплаб чақирим масофадан эшитилиб туради. Роланднинг қалбларни ларзага солувчи даъвати унинг анча узоқда бўлган амакиси Буюк Карл қулоғига ҳам етиб боради. У Роланд хавф остида қолганлигини дарҳол пайқаб, орқага қайтишга ошиқади, бироқ, афсуски, вақт бой берилган эди. Роланд ва унинг шериклари мангуга кўз юмишганди. Ўша Ронсвел жангидаги мағлубиятдан руҳи тушиб кетган Буюк Карл Испанияга ҳужум қилишга бошқа жазм этолмади.


АБДУРАҲМОННИНГ ЮТУҚЛАРИ. Абдураҳмон халифаликка даъвогар эмасди. У ўзини амир деб аташ билан  шахсий мавқеини мустаҳкамлаб олган эди, холос. Ғоят истеъдодли бу киши тараққийпарвар кайфиятда бўлиб, кейинги қамал пайтида зарар кўрган барча шаҳарларга товон тўлади, ариқлар қаздириб, суғориш шахобчаларини ривожлантирди, янги мевали боғлар яратиб, ажойиб бинолар бунёд эттирди. 786 йили у ўз номи билан боғлиқ фусункор иморат –  Қурдобадаги Масжил ал-Қурдобага пойдевор қўйдирди, унинг қурилишини Абдураҳмоннинг авлодлари ниҳоясига етказдилар. Мазкур жомеъ масжиди испан мусулмонлари санъати ёки баъзан номланишича, мавритан санъатининг мафтункор намунаси бўлиб қолди. Абдураҳмон ҳам мусулмонларнинг муросасиз гуруҳларини – араблар, барбарлар, шомликлар, африқоликлар, янги мусулмонлар ва ҳатто готларни бирлаштиришга ҳаракат қилди. Унинг интилишлари муваффақият келтирди, испан мусулмонлари 250 йил мобайнида бир оила бўлиб яшаб, Оврупонинг энг жозибадор маданиятларини такомиллаштириш билан бирга Шарқда аббосийлар диққатини ҳам тортиб турдилар. Испания араблари Оврупога устозлик хизматини ўташди. Қурдоба, Толедо ва Севиля дорилфунунлари эса араблар, ажам халқлари, шунингдек, насронийлар ва яҳудийлар учун ҳам маданият ва олийжаноблик манбаи бўлиб келди. Абдураҳмон забт этилган халқларга ҳамда Ислом дунёсининг бошқа халқларига бир хил муносабатда бўларди. Уларни Ислом динини қабул қилишга, мусулмон қонун-қоидалари ёки анъаналарига бўйсунишга мажбурламади. Қариялар, ёшлар ва руҳонийлар солиқдан озод қилинди. Қисқаси, бу ажойиб ҳокими мутлақ янги тартибларни – янги турмуш тарзини жорий этди.


АЛ-ҲАКАМ (796-822 йиллар). 788 йили Абдураҳмон вафот этгач, унинг ўрнини Ҳишом I исмли ўғли – ажойиб инсон, ўз ҳаётини ўқишга ва хайрли ишларга тўлиқ бағишлаган киши эгаллади. 796 йилда тахтга ўтирган Ҳишомнинг ўғли бўлмиш Ал-Ҳакам отаси ва бобосига мутлақо ўхшамай, кўплаб бемаънигарчиликларга йўл қўйди. Араб тилини билмайдиган калондимоғ ғайридинлардан тансоқчи тутди. Улар билан аҳоли орасида доимо англашилмовчиликлар келиб чиқарди. Бир неча марта исён ҳам кўтарилиб, Ал-Ҳакам уларни шафқатсиз бостириб турди, оқибатда минглаб испан араблари мамлакатдан бош олиб чиқиб кетдилар. Уларнинг кўплари кемаларда Шарққа томон йўл олиб, Юнонистондан жануброқда жойлашган Крит оролини ишғол этишди.  Бу орол 150 йил араблар ҳукмронлиги остида бўлди.


АБДУРАҲМОН II (822-852 йиллар). Ал-Ҳакамнинг ўғли Абдураҳмон II бошқача одам эди. Чинакамига маърифатли бу киши санъатга ҳомийлик қилиб, саройига бошқа мамлакатлардан шоирлар ва ҳунарпешаларни, созанда ва хонандаларни таклиф қиларди. Амир ҳукмдорлиги битта ибратли мисолни эсга солади. Мусулмон усталари ва испан дорилфунунларининг шуҳрати шу даражада узоқ-узоқларга ёйилиб кетдики,  кўплаб насронийлар ҳам бу ерга таълим олишга кела бошладилар. Араб тили фан тилига айланди. Уни билиш мажбурий эди, араб китоблари Фарангистон ва Италияда сотиладиган бўлди. Ишларнинг бундай йўналишидан ташвишга тушган Рим папаси қарши чоралар кўришга даъват этди. Айрим насроний мутаассиблари иғвогарликлар уюштиришни ният қилдилар. Улар Ислом динини қабул қилиш баҳонаси билан қози саройига кириб олишга муваффақ бўлиб, у ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг маслакдошлари шаънига уятли, ҳақорат сўзларни ёғдира кетдилар. Ўша даврда бундай шаккоклик учун ўлим жазоси тайин эди, зеро мусулмонлар бугун ҳам Ислом ёки Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан заррача ҳурматсизликка тоқат қилолмайдилар. Табиийки, мунофиқлар қатл этилди, лекин бу мутаассибларни тўхтата олмади. Айрим аёллар ҳам мазкур ҳаракатларга қўшилдилар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари шу даражада кескин эдики, қози уларнинг мутаассиб эркакларнинг безориларча қилмишларидан фарқлай олмай қолди. Бу аёллар ҳам ўлимга ҳукм этилишлари вожиб эди. Уларнинг кўпларига шундай қисмат насиб қилди. Яхшиямки, ушбу ҳаракат узоқ давом этмади.


МУЗОРИБЛАР ВА МУВАЛЛИЙЛАР. Абдураҳмон II ворислари даврида бошқа тартибсизликлар ҳам бўлиб турди. Номусулмонларнинг ўзларини муваллийлар деб атаган ҳамда насронийларнинг арабча турмуш тарзини қабул қилиб, музориблар номини олган ўғлонлари энди араблар билан тенг ҳуқуқ талаб қила бошладилар. Уларнинг баъзилари бундан ҳам ошириб, талабларига ватанпарварлик тусини бердилар ва хатти-ҳаракатларини миллий шон-шараф иши деб эълон қилдилар. Улар испанларга мансуб бўлиб, албатта ўз ҳуқуқлари учун  курашишга ҳақли эдилар. Натижада бир неча қўзғолон бостирилди. Бироқ баъзан шимоли-ғарбдаги майда насроний қиролликлар билан тил бириктириб турадиган қўзғолончилар шимолий қирол Леон бошчилигида иттифоқ туздилар. Ўзини Умар ибн Ҳафсун деб атаган истеъдодли киши ҳарбий хизматни ташлаб уйига қайтиб келгач, «хўрланган қувғиндилар» тўдасини ташкил этиши бундан ҳам ёмон бўлди. Қирол саройида тарбия топган бу таниқли музориб отлиқ аскарлар қўшинининг мансабдорларидан бири бўлиб, ўз вақтида мусулмон динини  қабул қилган эди. У ҳам ўзини Испания учун курашчи деб эълон қилиб, кўпгина шаҳарларга ҳужумлар уюштирди, қишлоқ аҳолисига ҳам тинчлик бермади. Ҳатто, Ифриқиянинг ярим мустақил аббосий ҳокимлари бўлган аълобийларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Лекин бундан натижа чиқмагач, у ҳақиқий қиёфасини кўрсатиб, ўзини Самуэл деб атади ва барча насронийларни очиқдан-очиқ атрофида уюшишга чорлади. Қурдоба амирлари қийин аҳволда қолдилар: уларга ҳамма томондан тазйиқ ўтказила бошланди.


АБДУРАҲМОН III 
(912-961 йиллар). Шундай вазиятда Исломга янги саркарда зарур эди. Абдураҳмон III қиёфасида ана шундай киши пайдо бўлди. Ҳокимият тепасига келганда у 23 ёшда эди. Қобилиятли, куч-ғайратга тўлган бу йигит вазифасини қатъий дадиллик билан бажаришга киришди. Тез орада бутун амирликни ўзига бўйсундириб, беш йил мобайнида мусулмонлар Испаниясининг олий ҳукмдори бўлиб турди.


ФОТИМИЙЛАР ВА НАСРОНИЙЛАР БИЛАН БЎЛГАН ЖАНГЛАР. Шавкатли, омадли жангчи Абдураҳмон III умри жангларда ўтди. Шимолдаги насронийларнинг иккита саркори унинг асосий душманлари бўлиб, улар бир нечта митти қиролликлар билан уюшиб, Исломга ҳал қилувчи зарба бериш тадоригини кўрмоқда эдилар. Ўз Ватани ва эътиқоди учун курашаётганликларидан уларни ҳеч ким қораламасди. Мусулмонларга хоҳлаган пайтларида ҳужум қила олишлари мумкинлигига қарамасдан, улар қарийб 500 йил тек қўйилди. Ифриқиядаги аълобийлар ҳукмдорлигига барҳам бериб, Шимолий Африқода ҳоким бўлиб олган номусулмонлар ҳам уларнинг рақиблари эди. Шиаларнинг ғояларини жонкуярлик билан ва мутаассибларча тарғиб қилувчи фотимийлар мазҳаби ана шулар жумласига киради. Мазкур мазҳаб умавий амирларга қарши курашиши мақсадида ўз айғоқчиларини Испанияга юборади. Унинг тарафдорлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотима розийаллоҳу анҳо томонларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ворис сифатида ўзларини ҳокимият даъвогарлари деб билиб, уммавийларни эса ўзларига душман деб эълон қилган эдилар. Улар ранжитиш хавфли бўлган Абдураҳмон III га писандсизлик билан қарагандилар. Абдураҳмон душман юртидан туриб уруш олиб боришга қарор қилди: ўзини Марокаш ҳокими деб эълон қилиб, ҳаракатларни ўша ердан бошлаб юборди. Фотимийларнинг кемаларига ҳужум қилиш мақсадида Барбара денгизи соҳиллари (ҳозирги Жазоир ва Тунис) томон кемалар йўллади. Бундай ҳужумлар ва қарши ҳужумлар узоқ йиллар давом этди.


НАСРОНИЙЛАРГА ҚАРШИ ТАДБИРЛАР. Шимолдаги насронийларга қарши чора-тадбирлар анча аниқ ва муҳимроқ эди. Леон қироли Ордано мусулмонларининг чегараларига юришлар уюштириб, урушга киришди. Абдураҳмон дастлаб уларга чоғроқ қўшин юбориб кўрди, Ордано уни тор-мор қилиб, асир олган мусулмон лашкарбошисининг бошини кесиб, Сан Эстебан қасрини ўраб турган девор устига тўнғиз калласи билан ёнма-ён ходага тикиб қўйди. Абдураҳмон насронийлар узоқ вақт унутолмайдиган даражада Орданонинг адабини бериб қўйишга сарой  аҳли олдида ваъда қилди. У шимолга юриш давомида Ордано билан тўқнашиб, унинг устидан ғалаба қозонди, насронийларнинг муҳим шаҳарларини, Сан Эстебанни забт этиб, ер билан яксон қилди. Ордано Наварра қироли Санчодан мадад кутар эди, бироқ Абдураҳмон уларнинг бирлашган кучларини яксон этади. Шундан кейин улар юртига юриш қилди, бир неча йилдан сўнг Наварра пойтахти Тамплонни эгаллаб, култепага айлантирди. Натижада кўп йиллар мобайнида тинчлик қарор топмади.


ЯНГИ ПОЙТАХТ (929 йил). Абдураҳмон III ан-Носир (эътиқод ҳомийси) унвонига сазовор бўлиб, умавий аждодлари халифалигини тикларкан, Қурдобани ўзининг янги пойтахти сифатида танлади. Шундай қилиб, Ислом дунёсидаги иккита халифалик – Бағдодда аббосийлар, Испанияда эса умавийлар халифаликлари вужудга келди. Ислом ҳимоячиси бўлган Абдураҳмон шимоллик насронийлар устидан кўплаб ғалабаларга эришиб катта шуҳрат қозонди. Аммо у 939 йили Леон қироли ва Наварра қироличасининг бирлашган насроний қўшинлари кучини етарлича баҳоламай, хатога йўл қўйиб, ўзининг ҳукмдорлик давридаги биринчи мағлубият аламини татиб кўрди. Шунга қарамай, бу унинг обрўсига путур етказа олмади: чунки мусулмон қўшинларининг қудрати олдида бундай муваффақиятсизликлар жуда арзимас бўлиб кўринарди. Сулҳ тузилиб, маълум муддатга дўстона муносабатлар ўрнатилди. Анчадан кейин қиролича Тота Наварра ўз ўғли Санчо Фатуга тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ҳокимиятни тортиб олмоқчи бўлган бир кимсадан ҳимоя қилиш илтимоси билан бош эгиб келди. Абдураҳмон унинг ҳар иккала хоҳишини ҳам бажо келтирди.


АБДУРАҲМОН III ЗАФАРЛАРИ. Ўзига хос буюк подшоҳ бўлган Абдураҳмон III улкан маъмур ва бунёдкор раҳбар эди. У Қурдобада қурдирган Заҳро (Гўзал) номли ажойиб кўшк мусулмон санъатининг мўъжизаси саналарди. Кишилар узоқ-яқиндан уни кўриб завқланишга келишарди. Кейинчалик африқолик сипоҳлар уни вайрон қилдилар. Абдураҳмон ўз ҳукмдорлиги даврида анча хайрли ишларни амалга оширди. Қурдобани пойтахтга айлантирди. Қўшинлари  қувватини оширди, азим ҳарбий-денгиз кучларини барпо этди, саноат ривожини рағбатлантириб турди ҳамда суғориш шахобчалари ва умуман қишлоқ хўжалиги аҳволини яхшилашга эришди. Шу даврга келиб мусулмонларнинг  саноат ва савдо ишига ғайрат билан киришган янги синфи вужудга келди. Энди фақат ҳарбий бошлиқларгина табақаланишга интилишарди, бошқа мусулмонларнинг эса ташвишлари етарли эди. Насронийлар ва яҳудийлар испан-араб миллатига қўшилиб ўтроқлашдилар. Янги халифа уларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўларди; ҳамма жойда тинчлик ва фаровонлик ҳукмрон эди. Қурдоба дорилфунунлари ва бошқа мусулмон шаҳарлари барқ уриб ривожланди, аҳоли кўпая борди, пойтахт эса Оврупонинг биринчи шаҳрига айланди. Бу Испаниянинг олтин асри бўлди.


АЛ-ҲАКАМ II 
(961-976 йиллар). Ҳарбий шахс ўрнига тинчликпарвар киши келди. Абдураҳмоннинг ўғли ва унинг вориси Ал-Ҳакам II ҳоким сифатида айни пайтида майдонга чиқди. Уни буюк Абдураҳмоннинг муносиб давомчиси, деб аташарди. Бу ўта сулҳпарвар киши 15 йиллик подшоҳлик даврини билимларни равнақ топтиришга, ўқув юртлари тармоғини кенгайтириш ва фанни рағбатлантиришга бағишлади. У Қурдоба дорилфунунини жаҳондаги энг йирик ва ажойиб билим масканига айлантиргунга қадар тиним билмади. Ўзи қурдирган кутубхонада 400 минг жилддан ортиқ китоб бўлиб, у китоблар, қўлёзмалар сотиб олишга, олимларни ишга жойлаштириш ҳамда мактаб таълимига жуда катта маблағ ажратарди. Унинг ўзи ҳам ўткир ақл-заковатли инсон эди: дорилфунун кутубхонасидаги минглаб жилд китоблар саҳифаларининг ҳошияларида шахсан ўз қўли билан ёзган белги ва қайдлар сақланиб қолган. У ўша дорилфунунга сарфланганчалик маблағларга бугунги кунда кўплаб шундай билим масканларини жиҳозлаш мумкин. Ал-Ҳакам юксак маълумотли киши бўлишидан ташқари испан арабларига доимий ғанимлик қилиб келаётган Шимолий Испания насронийларига қарши кескин курашчи эди. Саккиз йил (962-970) давом этган олишувдан кейин уларни сулҳ сўрашга мажбур қилди. Шу даврда фотимийлар билан ҳам уруш давом этаётган бўлиб, Ал-Ҳакам унда муваффақият қозонди. 973 йили фотимийларни Марокашдан қувиб чиқариб, Мағрибда улар тазйиқига барҳам берди. Шундан кейин фотимийлар Мисрда ўрнашиб қолдилар.


ҲОЖИБЛАР. Ал-Ҳакамнинг умри қисқа бўлди. Унинг кетидан ёш ўғли ҳамда истеъдодли шоҳбону – Шимолий Испаниянинг собиқ маликаси қолди. У муваққат подшоҳ бўлиб, қобилиятли маъмур излашга тушганида, буюк истеъдод соҳиби Муҳаммад ибн Абу Амир қиёфасида шундай кишини топгандай бўлди. Унинг қобилияти шу юксак лавозимга мос эди. Малика Абу Амирни ўзига давлат маслаҳатчиси қилиб тайинлади, сўнгра у бош маслаҳатчи ҳам бўлиб олди, ўзига ҳожиб (қирол саройи бошқарувчиси) номини муносиб билди. Тобора кўпроқ ишларни ўз қўлига ола борган ҳожиб қисқа муддат ичида якка ҳокимга айланди. Шу мавқеда у 30 йил мобайнида мусулмонлар Испаниясини бошқарди. Халқ ҳурматини қозониш учун донишманд кишиларга, илоҳиёт олимлари ва шоирларга сахийлик кўрсатиб турди. Бироқ у калтафаҳм уламолар таъсири остида кечириб бўлмас бир хатога йўл қўйди: Ал-Ҳакам шу қадар катта чиқимлар ҳисобига тўпланган барча фалсафий китобларни ўтда ёндиришга амр берди.


ҲОЖИБ – БОСҚИНЧИ.  Ҳожиб фаолиятининг бу жиҳати у қадар мароқли бўлмаслиги мумкин, лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. У Ислом иши учун буюк курашчи эди. Албатта, бундай таъриф бир қадар ишончсиздай туюлади. Чунки Ислом тарихида мужоҳидлар ва бошқа йирикроқ фидокорлар ҳам бўлган. У ҳарбий кучларни кўпайтириб, шимолий чегараларга ҳужумлар уюштира бошлаган насроний шаҳзодаларга қарши йўллади. 985 йили Барселонани вайронага айлантириб, 987 йили Заморани эгаллади, 985 йили Леон қироллигининг пойтахти Леон шаҳрини қамал қилди. Уни қўлга киритгач, вайронага айлантириб, Қурдоба халифалиги таркибига қўшиб олди.

Юришлар натижасида Галиъия ва Австриянинг олис шимоли-ғарбий вилоятларини ишғол қилди. Шимолдаги насроний шаҳзодаларига қарши 50 та ғазавот уруши олиб борган ҳам худди шу ҳожиб эди. 1002 йили у насронийларга қарши жангда сўнгги дамигача қўлида қилич билан курашиб ҳалок бўлди.


ҲОЖИБ АЛ-МАНСУР ВОРИСЛАРИ. Ал-Мансур (Музаффар) номини олган ҳожиб ҳам ғоят истеъдодли маъмур эди. Ақл-заковат бобида ва қувғинлар масаласида у анча эски ақидалар тарафдори бўлса-да, амалий ишларда фавқулодда қобилиятини намоён қила биларди. Насронийлар дунёсига даҳшат солган бу ҳукмдорнинг ўлими бутун Жанубий Оврупода тантана қилинди. Ҳожиб девонхонасида бош маслаҳатчи, яъни бош вазир қилиб дастлаб ўз ўғли Абдул Маликни, сўнгра иккинчи ўғли Абдураҳмонни тайинлади. Лекин улар отаси даражасида истеъдодли эмасликлари равшан бўлиб қолди. Абдураҳмон қўзғолон пайтида Қурдоба аҳолиси қўлидан ўлим топди. Абдураҳмон III тансоқчилар гуруҳини ташкил этганлиги ўша қўзғолон билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай урф кейинчалик мустаҳкам ўрнашиб, бутун мусулмон тарихи давомида хизмат қилиб келди. Ҳамма жойда тансоқчилар барча ишларга қодир одамлар сифатида донг таратиб, ҳукмдорларнинг заифлиги ёки қудрати уларга боғлиқ бўлиб қолди. Бунинг оқибати аббосийлар даврида ҳам, турклар, айюбийлар ёки Ҳиндистон султонлари даврида ҳам аянчли бўлди. Обрўли исломшунос тарихчиларнинг тасдиқлашларича, Испанияда иғвогарлик ва сиёсий қаллоблик даври бошланган эди. Ҳокимият маълум муддатга авлодлари ҳазрат Алидан бошланганлигига даъво қилувчи ва 30 йилга яқин ҳукмронликни қўлдан бермаган ҳомудийларга ўтди. Пайти келиб, улар ҳам бу ҳуқуқлардан маҳрум бўлдилар. Шундан кейин Давлат Кенгаши ҳукуматга бош бўлди. Испаниядаги умавийлар халифалиги оралиқ қиролликларига бўлиниб кетди. Улардан энг муҳимларини тилга олиш мақсадга мувофиқдир.


СЕВИЛЯ ҚИРОЛЛИГИ. АЛ-МУТАМИД (1068-1091 йиллар). Қиролликлар ичида энг муҳими Севиля қозиси асос солган ҳокимият бўлди. Ал-Мутамид мазкур сулоланинг ғоят машҳур ҳокимларидан эдики, у ажойиб ёзувчи Ибн Ҳоллиқон мақтовига сазовор бўлган. Ал-Мутамид кучли шахс, қаттиққўл ҳукмдор эди; у ўз қироллиги сарҳадларини кенгайтирди, давлат ишларининг барчасини тартибга солди, илмни рағбатлантириб, шоир ва рассомларга раҳнамолик қилди. Унинг ўзи ҳам таниқли шоир эди, достонлари ҳали-ҳануз ўқиб келинади. Умри охирлаб қолаёзганда йўл қўйган хатоси уни қиролликдан маҳрум қилди: қўшни мусулмон қиролликларига қарши Галиъия қироли Алфонсо VI билан иттифоқ тузди. Унга кейинчалик ўзларини муробийлар, деб номлаган барбар мусулмонлари қўзғолонига қарши курашишга тўғри келди. Ана шу воқеалар сабабли ҳамма нарсасидан ажради: кўзлари ожиз бўлиб қолгани устига ғолиб муробийлар томонидан бадарға ҳам қилинди.


БАРБАРЛАРНИНГ МАҒРИБДАГИ КЎТАРИЛИШИ. Муробийлар тўғрисида сўз очишдан олдин бироз орқага қайтиб, Мағрибда қандай воқеа юз берганлиги ҳақида ҳикоя қилиш зарур. Зеро, барбарларнинг муробийлар ва муваҳийлардан ташкил топган ҳарбий бўлинмалари айни шу жойда, Испанияда устунликка эришиш учун оёққа турган эдиларки, бунинг натижаси ўлароқ, икки юз йил мобайнида ҳукмронлик қилдилар. Шундан кўп ўтмай, Алининг ғарбдаги энг қатъиятли ва истеъдодли халифаларидан бири – Имом Ҳасаннинг неваралари ҳокимият тепасига келди. У Мадинада аббосийларга қарши жангда мағлубиятга учрагач, кейинги қирғинликлардан қочиб Мағрибга кўчиб кетади. Унга бир нечта маслакдошлари ҳамроҳ бўлди ва у Аббос авлодига қарши курашда Али розийаллоҳу анҳу наслларига мансублигидан фойдаланиб иш кўрди. Мағрибда хайрихоҳлик топиб, у ерда шиалар қироллигига асос солди. Унинг авлодлари шу минтақада қарийб икки юз йил ҳукм сурдилар. Али ворислари ҳосил қилган дастлабки сулола шу бўлди.


АЪЛОБИЙЛАР (800-909). Умавийлар Испанияда ҳукмронлик қилган даврда мусулмонларнинг яна бир сулоласи Шимолий Африқода жойлашган эди. Сулолага халифа Хорун ар-Рашид томонидан Ифриқияда тартиб ўрнатишга юборилган додхоҳ Иброҳим ибн ал-Аълоб асос солганди. Бу истеъдодли киши Кайравонда қарор топгач, бутун минтақани (Жазоирнинг ярмини, Тунис, Киренаика ва Нумидияни) ўз ҳокимиятига тобе  қилиб, ҳокими мутлақ сифатида ҳукм сура бошлади. Авлодлари дадил ва серғайрат кишилар бўлганлиги туфайли уларнинг қироллиги ҳам денгиз соҳилидаги қудратли давлатга айланди. Қиролликнинг ҳарбий денгиз кучлари Ўртаер денгизи оролларига ва Оврупонинг жанубий соҳилларига юришлар қилиб турарди. Аълобийлар 902 йилда Сиъилияни эгаллаганликларидан кейин ундан ҳарбий денгиз таянчи сифатида фойдаланиб, жанубда Малтани ва шимолда Сардинияни қўлга киритдилар. Улар мусулмонлар подшоҳлиги билан дўстона муносабатлар ўрнатиш орқали аълобийлар, Сиъилия ва арабларга тегишли Критнинг бирлашган денгиз кучлари билан Юнонистонга ҳужум қилдилар. Аълобийлар Сиъилияни араблаштириб, у ерда ажиб сиъилия-араб маданиятига пойдевор қўйдиларки, бу маданият уч юз йил мобайнида, ҳатто, араблар 1100 йилда Сиъилиядан қувғин қилинганларидан кейин ҳам гуллаб-яшнайверди. Зиёдатуллоҳ исмли аълобий Кайравонда улкан жомеъ масжиди қурди, у ҳозир ҳам чирой очиб турибди. Бироқ масжиднинг таркибий қисми сифатида унга тақаб бунёд этилган мадраса сақланмаган.


ФОТИМИЙЛАР ИФРИҚИЯДА. Исмоилийлар аълобийларни тахтдан ағдардилар. Исмоилийлар ҳаракати шиа мазҳабидаги мужоҳидларнинг қарашлари билан қуролланган махфий ташкилот бўлиб, унинг аъзолари ўзларининг яширин имомларига сиғинардилар. Ўз мақсадлари ва эътиқодларига эришиш йўлида улар ҳеч қандай қурбондан қайтмас эдилар. Шу мақсадлар ва эътиқодларга биноан гўё исмоилийларнинг аллақандай олий доҳийси барча мавжуд фойдали ижтимоий-маданий ёхуд диний (ҳатто мусулмонликка мансуб бўлса ҳам) тартиб-қоидаларни йўқ қилиб, уларни ўзича қайта таъсис этар эмиш. Форслар юртида ва Арабистонда ана шундай исмоилийлар турли номлар билан пайдо бўлдилар. Ифриқияда улардан бири Убайдуллоҳ исмли киши янги доҳий сифатида кўринди. Ўзининг айтишича, у Али розийаллоҳу анҳунинг хотинлари Фотима розийаллоҳу анҳонинг авлодларидан экан. Унинг маслакдошлари билан режалар тузиб, кўтарган қўзғолони натижасида сўнгги аълобий ҳам тугатилди. Фотимийлар ўз пойтахтини Маҳдийда барқарор қилганликларидан кейин аълобийларнинг кучларини енгиб, Ўртаер денгизининг марказидаги ҳарбий денгиз давлатига айландилар. Сиъилия ва Сардиниядан устун келишгач, улар Сиъилиянинг маданий, маъмурий ва қишлоқ хўжалиги ривожига катта ҳисса қўшдилар. Сўнгра фотимийлар шарққа томон силжий бошлаб, X аср ўрталарига келганда Мисрни забт этдилар. Энди уларда йирик империя ҳосил бўлгандики, Мисрдан туриб уни икки юз йил бошқардилар.


МАРОКАШ МУРОБИТЛАРИ. ЮСУФ ИБН ТАФШИН (1061-1106 йиллар). Севилянинг сўнгги қиролини ағдарган муробийлар испан-марокаш давлатини туздилар. Фотимийлар Мисрни ўзларига қароргоҳ қилиб олишгач, уларнинг ифриқиялик ҳокими ярим қарам ҳукмдорга айлана борди. Бу минтақада фотимийларнинг заифлашуви уч юз йиллаб араблар томонидан бошқариб келинаётган барбарлар учун қулай имкониятни вужудга келтирди. Улар куч тўплай бошладилар, диний жамоа бошлиғи қиёфасида ўзларига раҳнамо топдилар. Бу жамоа аъзолари ташландиқ монастирларда жойлашган эдилар. Мусулмонлар рохибхонаси «рибат» деб аталиб, муробитлар (рохибхоналарда яшовчилар) номи ҳам шундан келиб чиққан. Уларнинг доҳийси Абдулла ибн Ясин бутун Марокашни эгаллади. Унинг амакиваччаси Юсуф Тафшин Марокаш шаҳрига асос солиб, уни бутун муробитлар қироллигининг пойтахтига айлантирди. Шу ўринда Севилянинг сўнгги қироли Ал-Мутамид йўл қўйган хатони эслатиб ўтиш жоиз. У Алфонсо VI ни бошқа мусулмон давлатларига қарши ўзига иттифоқчи қилиб танлаб, рақибларидан Испанияни тортиб олган эди. Алфонсо VI эса мукофот тарзида ундан Севиля қироллигининг бир қисмини талаб қилди. Ал-Мутамид бунга рози бўлмаганидан кейин у қиролликка ҳужум қилди. Ал-Мутамид ёрдам сўраб Юсуф ибн Тафшинга мурожаат этди. Юсуф катта қўшин тортиб келгач, ўзини Испания императори деб атай бошлаган Алфонсо VI 1086 йили мағлуб бўлди. Юсуф кетганидан кейин ҳам Севиляда ишлар изга тушавермади. Испаниядаги мусулмонларнинг бошқа подшоҳликлари ҳали ҳам ўзаро курашни давом эттираётган эдилар. Кўпгина машҳур кишилар бутунлай Испанияга келиб, ундаги барча мусулмон қиролликларини ўз раҳбарлиги остида бирлаштиришни Юсуфдан ўтиниб сўрадилар. Шу ўтинч дилини эритдими ёки ҳарбий бошлиқларида Испаниянинг юксак маданиятли шаҳарларида яшаш хоҳиши туғилдими, ҳар ҳолда Юсуф 1090 йили келиб, бутун мусулмонлар Испаниясини ўз қарамоғига олди. Унга қарши жангга отланган Ал-Мутамид ожизлик қилди. Мағлуб бўлгач, уни давлат жиноятчиси сифатида Марокашга бадарға  қилдилар. Муробитлар энди Испаниянинг ярмига ва Ғарбий Африқонинг каттагина қисмига эгалик қила бошладилар. Суннийлар мазҳабига мансуб бўлган Юсуф Бағдоддаги аббосийлар халифалигини Исломнинг олий раҳнамоси деб эътироф этар эди.


СЎНГГИ МУРОБИТЛАР. СИД (1040-1090 йиллар). Юсуфнинг ўғли Али эътиқодли мусулмон раҳбар бўлиб етишди. Унинг даврида испан насронийлари ўзларининг насронийча исмлари билан бир қаторда кўпроқ мусулмонча исмларни ҳам қабул қилиб олган, араб тилини яхши биладиган бу музорибларнинг арабларга хос турмуш тарзини кечираётганлиги маълум бўлса-да, бошқа испанларга қўшилиб мусулмонларга қарши кураш бошладилар. Улар мусулмонлар томонида жанг қилаётган музориб Дон Родриго Диазни буюк курашчи билиб, «Сид», яъни доҳий, деб атадилар. Шундан кейин у мусулмонлардан юз ўгириб, Валенсия шаҳрини қўлга киритди ва насронийлар испанияси учун олишувни давом эттирди. Бу шавкатли жангчи, «туғма» қуролбардор шу даражада тартиб ва олийжаноблик билан савашардики, ҳатто рақиблари ҳам унга ҳурмат бажо келтирарди. Вафотидан кейин испанлар унга «Кантар де Мио Сид», яъни «Доҳий ҳақида қўшиқ» деган достон бағишладилар.


МУВАҲИЙЛАР (1145-1212 йиллар). 1130 йилгача ҳукм сурган улуғвор муробитлар давлати бора-бора инқирозга юз тутди. Ношуд ҳукмдорлар, ички жанжаллар, мусулмонларга қарши уюшган насронийларнинг кучли қаршилиги муробитларни ҳолдан тойдирди. Шимоли-ғарбий Африқода барбарларнинг бошқа бир ҳарбий бошлиғи пайдо бўлганда, ишлар аянчли аҳволда эди. У ўзларини муваҳийлар, деб атаган сипоҳлар диний жамоасига раҳбарлик қиларди. Жамоасининг ишини яхши йўлга қўйган Ибн Тумарт исмли бу раҳбарнинг истеъдодли лашкарбошиси Абдул Мўмин ҳам унга ҳамфикр эди. Муваҳийлар давлатига амалда асос солган одам ҳам шу Абдул Мўмин бўлди. У 1145 йилда сўнгги муробит ҳукмдорини мағлубиятга учратиб, Марокашнинг барча шаҳарларини эгаллади. Мамлакат пойтахти Марокаш шаҳри қамал қилиниб, қўлга киритилди. Сўнгра у Испанияга бориб, Андалусияни бўйсундирди. 1150 йилга келиб, мусулмонлар Испаниянинг ярмидан тўлиқ қувиб чиқарилдилар. Шимоли-ғарбдаги кичик қисмини истисно қилганда, бу ярим оролни насронийлар ва мусулмонлар бўлиб олган эдилар. Лекин унинг Андалусия деб аталган қисми уч юз йил мобайнида мусулмонлардан дахлсиз қолди. Абдул Мўмин энди ўз қарамоғидаги ерларни кенгайтиришга киришди. У 1152 йили Жазоирни, 1158 йили Тунисни ва 1160 йили Триполитанияни истило қилди. Муробийлар Ифриқиянинг Жазоирдан наридаги ерларини ҳеч қачон қўлга киритолмагандилар. Мисрга чегарадош бўлган муваҳийлар аббосийлар халифалигини тан олмас эдилар. Мусулмонлар Испаниясининг шон-шуҳратининг тикланишида ҳам муваҳийларнинг хизмати катта бўлди.


МАНСУР ВА УНИНГ ВОРИСЛАРИ (1184-1199 йиллар). Мўминнинг невараси Абу Юсуф Ёқуб муваҳийларнинг энг аълоси саналиб, Мансур тахаллусини олди. Абу Юсуф шу қадар қудратли ҳокими мутлақ бўлиб чиқдики, ҳатто буюк Салоҳиддин ҳам салиб юришларига қарши урушда унинг ёрдамига таянди. Султон Салоҳиддинга мадад сифатида у 180 та кема юборди. Муваҳийлар ўз пойтахтларини Марокашдан Севиляга ўтказиб, шаҳарни ободонлаштириш ва безашга киришдилар. Абу Юсуф қурдирган «Жиралда» минораси ҳозиргача сақланиб қолган, бироқ унга ёндош масжид аллақачон йўқ бўлиб кетган. Юсуф Марокашда бунёд эттирган касалхона ўша даврда дунёдаги энг йирик тиббий марказ ҳисобланарди. Муваҳийлар Испаниянинг уйғониш давридаги кўпгина буюк файласуфлари ва тарихчилари фаолиятига ҳомийлик кўрсатдилар. Муваҳийларнинг сўнгги ҳокими Абу Юсуфнинг ўғли Муҳаммад ан-Носир 1212 йилда Тулуза яқинида Испаниядаги насроний қиролликларнинг кучли иттифоқидан мағлубиятга учради. Ан-Носир енгилганидан кейин Андалусия кичик-кичик қиролликларга бўлиниб кетди. Уларнинг энг йириги Ғарнота (Гренада) 1492 йилгача, яъни бу вилоятнинг насронийлар авлодига мансуб сўнгги қироли таслим бўлиб, Испаниядан қувиб чиқарилгунга қадар гуркираб ривожланди. Ғарнотадаги Ҳумро обидаси носирийлар қўли билан қурилган. Ниҳоятда маданий ҳукмдорлар бўлган носирийлар 250 йилдан кўпроқ муддат насронийларга қарши туриб келдилар. Энди эса Испаниянинг қарийб бешдан тўрт қисми насронийлар қўлига ўтган эди.


ИСПАНИЯДАГИ МУСУЛМОН МАДАНИЯТИ. Испан мусулмонлари тарихда буюк хизмат кўрсатдилар. Улар ўрта аср Оврупосида энг аъло маданиятни яратиб инсониятга ато қилдилар. Инглизлар, фаранглар, италияликлар, испанлар онгига таъсир кўрсатдилар. Ниҳоят, испанлар мусулмонлардан ўзларини қўриқлашга муваффақ бўлганларида шу маданиятни вайрон қилиб, жонажон мамлакатларига беҳисоб зарар етказишди. Испан араблари бутун Оврупога илҳом бағишладилар, улар қолдирган китоблардаги хазина эса бу қитъаликлар учун юзлаб йиллар мобайнида фан ва билим сарчашмаси бўлиб хизмат қилди. Араблар Испанияси дунёга араб шарқи баравар кўп буюк адабиётчилар, файласуфлар, табиблар, олимлар, тарихчилар, жуғрофлар, мутасаввуфлар ва дастлабки саёҳатчиларни етиштириб берди.


МУСУЛМОН ФАЙЛАСУФЛАРИ. 
Овруполиклар орасида араблар гўё юнонлар меросини олиб, фақат шарҳлаб бериб қўя қолишган, деган фикр мавжуд. Бирорта файласуф йўқки, ўзига қадар яратилган тафаккур хазинасига асосланмаган бўлсин, зеро фалсафа дунёқарашимиздаги ҳодисаларнинг моҳиятини топишдан бошқа нарса эмас. Ҳамма нарса юнонлардан ёки ҳиндлардан ёхуд хитойликлардан олинган, дейиш инсоният тараққиёти ва моҳиятини инкор этиш билан баравардир. Чиндан ҳам араблар ўз адабиёти ёки фалсафий негизларига эга бўлмаганлар, лекин улар неки бор, ҳаммасини ўрганиб, изоҳсиз қолиб кетаётган воқеа-ҳодисалар юзасидан жаҳонга ўзларининг таҳлилий хулосаларини бера билдилар. Арабларнинг хизматлари шундаки, фалсафий тартиб-қоидага кўра, улар ўз эътиқодларини ақл-идрокка монанд мушоҳадаларга мувофиқлаштирди. Оврупони ҳам ўша таомилга ўргатдиларки, у ерда мазкур асосда фан соҳасида уйғонишга эришилди. Шу муносабат билан тўрттала буюк мусулмон номларини алоҳида ажратиб кўрсатадилар. Уларнинг ҳаммаси тафаккур тарихида муҳим ўрин эгаллаганлар:

А) Ибн Бажжоҳ – (1138 йилда вафот этган) файласуф, олим ва физик бўлган. У «Фалсафанинг мақсади инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштиришдан иборат», деган фикрда бўлиб, одамнинг ўз-ўзини такомиллаштира бориш қобилиятига ишонарди.

Б) Ибн Туфайл – (1185 йилда вафот этган) муваҳийлар, султон Абу Юсуф Яъқубнинг бош олими бўлиб хизмат қилган. У ўзининг тадрижий ривожланиш (эволюъия) назарияси билан машҳур. Ибн Туфайл инсоннинг билим чўққисини эгаллаш имкониятига амин эди.

В) Ибн Рушд – (Аверроэс, 1126-1198 йиллар) Абу Юсуф Яъқуб подшоҳлиги даврида яшаб, Севиля ва Кордованинг қозиси бўлган. У тиббий қомуси билан яхши таниш. Ибн Рушд Оврупода воқеа-ҳодисаларни шарҳлаб бериш устаси ҳисобланарди, унинг ҳур фикрлиги эса ҳар қандай ҳодисани тушунтириб беришга ёрдамлашарди. Ибн Рушд китоблари беш аср давомида ғарбда ҳам, шарқда ҳам дорилфунунларнинг ўқув қўлланмаси сифатида хизмат қилиб келди.

Г) Мусс ибн Меймун – (113-1204 йиллар) яҳудийларга мансуб бўлиб, Кордовада таваллуд топган, лекин Испаниядан Мисрга кўчиб бориб, буюк Салоҳиддин саройида олимликка эришди. У эътиқодни ақлга мослаш бобидаги интилишлари билан муваффақият қозонди. Ниҳоятда инсонпарвар мутафаккир эди.

АЛ-ИДРИСИЙ (1100-1166 йиллар). Испания мусулмонларининг рағбат кучи шу даражада катта бўлганки, ҳатто ўша даврнинг энг етакчи жуғрофи ҳам ғарблик араблардан эди. XII аср жуғрофи ва хариталар тузувчиси Ал-Идрисий 1100 йили Сеутда туғилиб, фаолияти туфайли Сиъилияга келиб қолди. Унинг энг яхши асарлари фотимийлар ўрнига келиб, сиъилия-араб маданиятини асраб қолган норман қироли Рогер II буюртмаси билан яратилган.


ИБН АРАБИЙ, ИБН ҲАЗМ. Мусулмонлар Испаниясидаги машҳур кишилар орасида улуғ мутасаввуфлардан Ибн Арабий ва Ибн Ҳазмни ҳам тилга олиб ўтиш зарур. Ибн Арабий 1165 йилда туғилиб, анча вақт Севиляда яшади. 1202 йилда Маккага ҳажга бориб, Арабистонда қолишга қарор қилди. Унга Дамашқ дорилфунунида мударрислик вазифасини таклиф қилишди, умрининг охиригача шу ерда сабоқ берди. Ибн Арабий айтишича, Аллоҳ – бу нур, дунё эса Аллоҳ таолонинг тажаллийсидир. У яна уқтирардики, инсон ўзини-ўзи такомилга етказа бориб, Вужуди Мутлаққа яқинлашуви мумкин. Ўз китобларида у фазолар оша саёҳат қилиш тўғрисида ёзган эди. Олимлар италян шоири Данте ўзининг «Илоҳий комедия»си учун мавзуни Ибн Арабийдан олган, деб тахмин қиладилар. Улуғ шахслардан яна бири буюк адиб Ҳазм 100 га яқин китоб ёзган. Шунингдек, уни тарихчи, шоир, мантиқчи, жамиятшунос сифатида ҳам эътироф этишади.


ИБН ХОЛДУН (1332-1406 йиллар). Испан мусулмонлари наслидан бўлган Абдураҳмон ибн Холдун тарихий воқеаларни тасвирлаш санъатининг мусулмонлар орасидаги энг улкан намояндаси ҳисобланади. У Тунисда туғилиб, фан оламига сафдошларидан кечроқ кириб келди. 1361 йилда Ғарнота султони ҳузурида хизматда бўлди, 1382 йилда Қоҳирага кетиб, у ерда Ал-Азҳар дорилфунунида мударрислик қилди. У соҳибқирон Темур билан Дамашқ қамали пайтида учрашди. Шу шаҳар тарихи муқаддимасида ёзиб қолдирган воқеалар баёнига оид ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.


ИБН БАТУТТАҲ (1304-1377 йиллар). Ўрта асрларнинг саёҳат бобидаги энг йирик намояндаси Муҳаммад ибн Абдуллаҳ ибн Батуттаҳ исмли мағриблик мусулмон эди. У Марокашда туғилиб, ўқишини тугатиши билан саёҳатга чиқади. Бутун мусулмон дунёсини айланиб, фақат Ҳиндистонда султон Муҳаммад Туғлақ подшолигида етти йил яшаган. Ибн Батуттаҳ Хитойга саёҳат қилди ва Шарқий Ҳиндистонда бўлди. Африқода у Саҳрои Кабирни кесиб ўтиб, Тимбуктага борди. Унинг саёҳатлари ўша давр дунёси тўғрисида қимматли маълумотлар берди, улар ҳозир ҳам мароқ билан ўқилади.


СИЦИЛИЯ. Энди Ифриқияда пайдо бўлиб, Сиъилияни аълобийлардан тортиб олган ва сўнгра шарққа томон йўналиб, Мисрда қўним топгач, у ерда икки юз йил ҳукм сурган фотимийлар ҳақида бир неча сўз айтиш лозим. Аълобийлар IX аср охирида византияликларни суриб чиқариб, Палермони ўзларига пойтахт қилиб белгиладилар. Улар, шунингдек, Италиянинг жанубий томонларини босиб олганларидан кейин шу ердан Неапол ва Римга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бордилар. Ўз пайтида улар Папа Жон Ушни (882-915 йиллар) товон тўлашга мажбур қилган эдилар. Ғайратли кишилар бўлган аълобийлар оролликларни тезда араб турмуш тарзига ўргатишди. Аълобийлар устидан ғолиб чиққан фотимийлар ишларни яхшилаш бобида бирорта муҳим муаммони эътиборсиз қолдирмадилар. Араблар икки юз йил мобайнида Сиъилияни маданият ва фан марказига айлантириш учун кўп ишларни амалга оширдилар, қалбийлар қабиласи эса бундан ҳам кўпроқ фойда келтирди. Фотимийлар Мисрга кўчиб ўтарканлар, Ҳасан ибн Али ал-Қалбийни Сиъилия ҳокими қилиб тайинладилар. Қалбийлар ҳукмронлиги даврида Палермо йирик шаҳарга айланди.  Ўша пайтда уни бориб кўрган мусулмон сайёҳи Ибн Ҳавқал бу шаҳар ўзи кўрган шаҳарларнинг энг каттаси ва яхшиси эканлиги, у ерда 300 та масжид ва 300 дан кўпроқ олий билимгоҳ мавжудлиги тўғрисида ёзган. Ўн биринчи асрда Сицилияни босиб олган норманлар арабларнинг ўқимишлилигини, маҳорати ва алломалигини ҳамда муомала маданиятини шу қадар юксак қадрлардиларки, ҳатто уларнинг кўпларини ўз лавозимларида қолдирдилар. Норманлар амалда араб турмуш тарзини қабул қилдилар: арабча кийинардилар, сўзлашардилар, ўз тангаларига араб ҳарфларини зарблар эдилар ва ҳатто ҳижрий тақвимига мувофиқ саналарни нишонлаб турардилар. Олмон императори Федерике II даврида ҳам араб маданияти етакчи мавқени эгаллаб турди. Императорнинг ўзи эса Сиъилияда қолишни афзал кўрди, араб тилида сўзлашди, атрофни араблар билан қуршаб, маърифатли араб сингари яшади.

Сиъилия Италияга энг илғор мусулмон фанини ато қилди, Италия ҳамда Жанубий Оврупонинг ақл-заковат жиҳатидан уйғонишига кўмаклашдики, бу  уйғониш даври номи билан машҳурдир.


ФОТИМИЙЛАР МИСРДА. Бу воқеа фотимийлар додхоҳи Жавҳар Мисрда тулунийлар сулоласини ағдариб, ҳукмронлик қилаётган икшидийлар уруғини тахтдан туширганидан кейин юз берди. Аббосий ҳоким Аҳмад ибн Тулун мустақил ҳукмдор бўлиб олгач, Мисрни яхши маъмуриятга эга қудратли давлатга айлантирди. Кўплаб масжид ва муҳим бинолар бунёд эттирди. Бироқ  тулунийлардан кейин ҳокимиятни эгаллаган икшидийлар ҳеч бир жиҳатдан кўзга кўринарли сулола бўлолмадилар. Шундан сўнг Мисрда додхоҳ Жавҳар ҳам азим Ал-Азҳар масжидини қурдириб, уни олий мактабга айлантирди. Кейинроқ фотимийлар Шомни ҳамда Ҳижозни босиб олиб, Ўрта Шарқда қудратли давлатга эга бўлдилар. Энди ўзларини халифа ҳис қилиб, кескин шиаликни ёқладилар; суннийларга ва ҳатто бошқа шиа мазҳабларига тоқатсизлик билан муносабатда бўла бошлашди, суннийларнинг Бағдоддаги аббосий халифасидан батамом юз ўгирдилар. Бу мусулмон дунёсини учга бўлиб юборди: суннийлар Ғарби, шиалар Ўрта Шарқи ва суннийлар Шарқи. Суннийларга мансуб бўлган Ал-Мағриб ва Андалусия Ўрта Шарқдан ҳам, Шарқдан ҳам ажратиб қўйилди. Шундай қилиб, Ислом дунёсига хос бўлган тафаккурнинг ройишгина тимсоли ва бирлашув туйғуси борбод қилиниб, мусулмонлар оламини парчалаб ташлаш билан овруполик насронийларнинг салиб юришларига туртки берилди.


ФОТИМИЙЛАР ИНҚИРОЗИ. Эллигинчи халифа Низор ал-Азиз фотимийларнинг энг йирик вакили бўлиб етишди. Унинг ҳукмронлиги даврида фотимийларга қарам ерлар Бағдод халифасининг мулкидан ҳам кенгроқ эди. Ал-Азиз буюк бинокор ҳамда санъат ва ҳунармандчилик ҳомийси саналарди. У масжидлар, саройлар, кўприклар ва боғлар бунёд этди. Жуда кўнгилчан подшоҳ бўлганлигидан бирорта мусулмонни хафа қилган эмас. Фотимийлар турк қулларидан қирол тансоқчилари сифатида илгари шаклланиб қолган ҳарбий черикка эга эдилар. Ал-Азиз вафотидан кейин ўша черик кучая бошлади. Ислом бахтига қарши Ал-Азизнинг вориси Ҳаким ақлдан заиф эди. У талайгина бемаъни ишларга қўл урди, насронийларни ранжитаверди ва ўзининг шундай тоқатсизлиги билан салиб иғволари натижасида ўлдирилгач, ҳокимиятни амалда унинг лашкарлари қўлга олдилар.


САНЪАТ ВА ФАН. Халифа Ал-Азиз ўз пайтида Билимлар уйини (Дорул-Ҳикмани) қурдирган бўлса-да, фотимийлар даврида унда ҳеч қандай илмий фаолият олиб борилмади. Улар шиалар бўлганлигидан ўзларининг адабиётлари ва анъаналарига кўпроқ эътибор беришарди, ҳурфикрликка тоқатсизлик билан қарардилар. У ерда илм равнақига ҳисса қўша оладиган шоирлар, файласуфлар ва мутасаввуфлар камол топдилар, ўз даврининг бир неча буюк олимлари фаолият кўрсатдилар. Ибн ал-Ҳайсам улар орасида тилга олишга муносибларидандир. Бу физикнинг оптика соҳасидаги хизматлари катта. Фотимийлар кўплаб ажойиб иморатлар қуриб, мусулмон меъморчилиги шаън-шукуҳини дунёга ёйдилар. Уларнинг юксак қадрланадиган сопол, металл ва ёғоч буюмлари намуналарини ҳозир ҳам дунё кўргазмаларида учратиш мумкин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳуд алайҳиссаломнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади.Од қавми боида ndash давоми...

1961 10:10 / 25.05.2019
Ибнул Асир .Комил,да шундай дейди Уқба ибн Нофеъ раҳимаҳуллоҳ Африкада шаҳар қурмоқчи бўлди. Шаҳарда мусулмон аскарлари, оилалари ва моллари зарарлардан омонда давоми...

2448 11:00 / 15.07.2022
Амир Темур болалигиданоқ диний илмларни ихлос билан ўрганди, ёшликдаёқ Исломнинг бош масдари Қуръони Каримни ёд олди. У уч йил ичида Аллоҳнинг Китобини шу давоми...

3963 17:00 / 20.12.2020
Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима давоми...

5219 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

137650 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021